Алишер Навоийнинг адабиётшунослик ва тилшуносликка доир асарлари
Алишер Навоий бадиий ижод билан бирга илмий фаолиятни тенг олиб борган буюк мутафаккирдир.
Унинг адабиётшунослик, тилшунослик, тарих, дин тарихи ва назариясига доир кўплаб асарлари муҳим маълумотларни қамраб олганлиги, аниқ далилларга асосланганлиги ва объектив хулосаларга эгалиги билан бугунги кун илм-фани учун ҳам ниҳоятда қимматлидир.
Алишер Навоий адабиётшуносликка доир уч асар яратган бўлиб, унинг “Муфрадот” ёки “Рисолаи муаммо” асари ҳижрий 890, милодий 1485 йилда форс-тожик тилида яратилган[1]. Рисола муаммо жанрини ечиш қонун-қоидаларига бағишланган.
Маълумки, муаммо арабча “кўр қилинган”, “яширинган” маъноларини билдирувчи ва бир, баъзан эса икки байтдан иборат мустақил шеър туридир. Муаммода бирор исм ёки нарса-буюм номи беркитилади. Бунда араб ёзувидаги ҳарфларни турлича ўзгартириш йўли билан яширинган сўзлар топилади. Муаммо 2 хил маъно асосига қурилади: ташқи (чалғитувчи) маъно ва ички (асосий маъно).
Алишер Навоий “Рисолаи муаммо” асарида ўзидан аввал яратилган асарларнинг мураккаблиги ва улардаги камчиликлар ҳақида гапирар экан, ўз асарида иложи борича уларни бартараф қилишга интилади. Шоир рисоланинг кириш қисмида ғоят камтарлик билан уни яратишдан мақсад олимлар эътиборига ҳавола қилиш эмас, балки кенг халқ оммаси, хусусан ёш авлодга муаммо сирларини ўргатиш эканлигини таъкидлайди:
“Бу мухтасар асарнинг рисолалар қаторига кириш қобилияти ва бу каминада уни олимлар кўзларига кўрсатиш салоҳияти бўлмаса ҳам, болаларга муаммо амалларини ўрганишларини осонлаштириш учун яраши мумкин”.
Рисоланинг ёзилиш тарихи ҳақида “Хамсату-л-мутаҳаййирин” асарида ҳам маълумот берилади. Асарда айтилишича, бир куни Алишер Навоий ўзидан аввал муаммо ҳақида яратилган асарлар ва улардаги мураккабликлар ҳақида ўйлаб ўтирганида, унинг ҳузурига Абдураҳмон Жомий ташриф буюради. Навоий унга муаммога доир содда ва оддий халқ оммаси учун тушунарли бўлган асар ёзмоқчи эканлигини айтади. Шунда Жомий ўзи ҳам анчадан бери шу ҳақда ўйлаб юрганлигини таъкидлаб, қисқа муддат ичида “Рисолаи муаммои манзум” асарини яратади ва Алишер Навоийга кўрсатади. Навоий асарнинг анча мураккаб (халқ оммаси учун тушунарсиз) эканлигини кўриб, ўзи “Рисолаи муаммо” асарини яратади ва Жомийга туҳфа қилади. Жомий асарни ниҳоятда юксак баҳолаб, ўғли Зиёвуддин Юсуф учун дарслик сифатида тавсия этади.
“Муфрадот” асарида муаммонинг турли услуб ва амаллари ихчам, равон тилда баён қилинади. Муаммо амалларига келтирилган мисоллар ҳам ниҳоятда аниқ ва тушунарлидир.
Асарда АлишериНавоий муаммо амалларини 3 қисмга ажратади:
1) аъмоли таҳсилий – ҳосил қилиш амаллари;
2) аъмоли такмилий – мукаммаллаштириш амаллари;
3) аъмоли тасхилий – осонлаштириш амаллари.
Навоий аъмоли таҳсилийга таъриф берар экан, унинг интиқод (саралаш) деган турини изоҳлаб, унга кўра сўзнинг баъзи ҳарфларини олиш орқали муаммо ҳосил қилинишини айтади ва ОДАМ исмида
Дили моро чу хоҳй боз жусташ
З–оҳу дарду меҳнат чў нахусташ
(Маъноси:
Дилимизни яна ахтармоқчи бўлсанг,
Оҳ, дард, меҳнатдан биринчисини қидир)
муаммосини мисол қилиб келтиради. Бу муаммони ечиш учун оҳ, дард,меҳнат сўзларининг бош ҳарфлари олинса, ОДАМ исми келиб чиқади.
Шунингдек, МАЛИК исмида
Жониби ҳуру сўйи Кавсару Фирдавс мапўй,
Рухи он моҳу лаби лаълу сари кўяш жўй.
(Мазмуни:
Ҳур, Кавсар, Фирдавс томонига бориб юрма,
Ул моҳ(ой)нинг юзини, лаъл лабини ва кўчасининг бошини изла)
муаммоси келтирилиб, бунда моҳ, лаъл ва кўча сўзларининг боши, яъни биринчи ҳарфлари олиниши орқали МАЛИК исми келиб чиқиши таъкидланади.
Муаммони ечиш амалларининг иккинчиси аъмоли такмилий, яъни мукаммаллаштириш амаллари деб аталиб, унинг ўзи яна 3 турга бўлинади: таълиф, исқот, қалб. Таълиф (улаш)га кўра, мисрадаги баъзи сўзларнинг бир-бири билан қўшилиши натижасида яширинган исм ҳосил қилинади. Масалан:
Чун бибирад жом ба сўи даҳан,
Қатра зи лаб пок кунад моҳи ман
(Мазмуни:
Менинг ойим жом (қадаҳ)ни даҳан (оғзи) томон олиб борса,
Лабидаги қатраларни тоза қилади)
Бунда “жом” сўзи “даҳан” (оғиз) томонга, яъни “д” томонга олиб борилади ва “жомид” сўзи ҳосил бўлади, иккинчи мисрада назарда тутилган лабдаги қатра, яъни нуқта тозаланса (олиб ташланса), “Ҳомид” исми келиб чиқади.
Асарда шу тарзда 3 амал, 15 қисм ва 48 та услуб қоидалари ва улар билан боғлиқ ҳолда 121 та муаммо ва уни ечиш усуллари кўрсатиб берилади. Рисолада муаммонинг турли услуб қоидалари юқорида кўринганидек, ихчам ва тушунарли тилда баён қилиб берилганлиги учун асар ўз даври ва ундан кейин ҳам кенг шуҳрат қозонди.
Алишер Навоийнинг адабиётшунос олим сифатидаги фаолиятини кўрсатиб берувчи яна бир асар бу “Мажолису-н-нафоис” тазкирасидир[2]. Навоий тазкирани 1491-98-йиллар давомида яратади. Тазкирада ХV асрда яшаб, фаолият юритган 459 шоир ҳақида маълумот келтирилади. Алишер Навоий тазкиранинг муқаддимасида асарнинг таркибий қисми ва номланиши ҳақида шундай ёзади: “…чун бу мақсудға етилди, они секкиз қисм этилди ҳар қисми бир мажлисға мавсум бўлди ва мажмуиға “Мажолису-н-нафоис” от қўйилди”. Тазкирадаги шоирлар мажлис, яъни қисмларга қуйидагича тақсимланган: 1-мажлисда 46 та, 2-мажлисда 91 та, 3-мажлисда 175 та, 4-мажлисда 72 та, 5-мажлисда 21 та, 6-мажлисда 31 та, 7-мажлисда 22 та ва 8-мажлисда Ҳусайн Бойқаро билан боғлиқ маълумотлар келтирилган.
Тазкиранинг биринчи мажлиси “Жамоати маходим ва азизлар зикридаким, бу фақир аларнинг шариф замонининг охирида эрдим ва мулозиматлари шарафига мушарраф бўлмадим” деган ном билан тасниф этилган бўлиб, бунда ҳазрат Навоий ўз тазкирасини “табаррук қилмоқ учун” шайхлардан Хожа Қосим Анвор зикри билан бошлаганини таъкидлайди:
“Ул жумладин солики атвор ва кошифи асрор, яъни Ҳазрати Амир Қосим Анвор (қуддиса сирруҳу)дур. Ҳар неча аларнинг рутбаси шоирлиқ поясидин юқорироқдур ва валоят аҳли зумрасида васфдин тошқарироқ, аммо чун ҳақойиқ ва маориф адосида назм либоси дилпазирроқ учун илтифот қилур экандурлар, таяммун жиҳатидин бу мухтасарни аларнинг шариф исмлари била ибтидо қилилди”
Қосим Анвордан кейин унинг шогирдлари Мир Махдум ва Ҳофизи Саъд ҳақида маълумотлар берилади.
Тазкиранинг 2-мажлисида шоир болалиги ва йигитлик пайтида суҳбатларига мушарраф бўлган шоирлар ҳақида ҳикоя қилинади. Бу мажлис машҳур тарихчи, “Зафарнома” муаллифи Шарафидддин Али Яздий зикри билан бошланади. Мажлисда Алишер Навоий ўзининг тарбияси ва ижодий камолотига алоҳида таъсир кўрсатган зотлар: Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсий, Шайх Садриддин Равосий, Шайх Камол Турбатий, Дарвеш Мансур, Ҳофиз Али Жомий, Хожа Юсуф Бурҳон; ўз замонининг таниқли шоирлари: Мавлоно Лутфий, Яқиний, Атойи, Муқимий, Саккокий, шоир тоғалари Мир Саид Кобулий, Муҳаммад Али Ғарибий, фарзанд ўрнида қадрлагани шоир Мирзобек, устози ва дўсти Саййид Ҳасан Ардашер ҳақида маълумот беради. Хусусан, Алишер Навоий Мирзобек ҳақида ёзар экан, унинг жуда эрта вафот этганини, бадиият жиҳатдан етук байтлар битса-да, уларни якунига етказмаганлигини афсус билан баён этади. Хусусан, унинг
Кўзунг не бало қаро бўлубтур,
Ким жонга қаро бало бўлубтур
деб бошланувчи матлаъсини тугатиб, ўз девонига киритганлигини айтади.
Тазкиранинг 3-мажлиси ўз даври шеъриятига улкан ҳисса қўшган юксак табъли шоирлари ҳақида бўлиб, буюк шоир Абдураҳмон Жомий зикри билан очилади. Мажлисда, шунингдек, Амир Шайхим Суҳайлий, Абдуллоҳ Ҳотифий, Осафий Ҳиравий, Заве Қозиси каби “Хамса”достонларига татаббуъ битган ижодкорлар, Сайфий Бухорий каби муаммо ва аруз илмига доир рисола битган ижодкор, Камолиддин Биноий, Гадоий каби соҳиби девон шоирлар ҳақида маълумотлар келтирилади.
4-мажлисда замон фозиллари – шеърда машҳур бўлмасалар-да, аммо баъзан латиф байт айтувчи ижодкорлар ҳақида сўз боради. Алишер Навоий бу мажлисни камолоти “азҳару мин аш-шамс” (қуёшдан порлоқ) шахс – Паҳлавон Муҳаммад Гўштигир зикри билан бошлайди. Шоир унинг паҳлавонлиги у эришган камолотнинг энг қуйи даражаси бўлиб, мусиқа илмида ўз даврининг беназири эканлигини таъкидлайди. Шунингдек, назм айтишда ҳам юксак иқтидорга эгалигини айтиб, Ҳусайн Бойқаро Паҳлавон Муҳаммаднинг қуйидаги байтига минг олтин танга туҳфа қилганлигини фахр билан тилга олади:
Гуфтамаш: “Дар олами ишқи ту корам бо ғам аст”,
Гуфт хандон зери лаб: “Ғам нест, кори олам аст”.
(Мазмуни:
Унга айтдимки, сенинг ишқинг оламида ишим ғамдан иборат бўлди.
У кулгу аралаш мийиғида: “ғам эмас, оламнинг ишидир”, деди).
Ушбу мажлисда шунингдек, Хожа Камолиддин Удий, Атоуллоҳ Ҳусайний, Ҳусайн Воиз Кошифий, Мирхонд, Хондамир, Султон Али Машҳадий каби замонасининг фозиллари ҳақида сўз боради.
Тазкиранинг 5-мажлиси Хуросоннинг “табъи назми бор” мирзозодалари зикрида бўлиб, Давлатшоҳ Самарқандий таърифи билан бошланади. Алишер Навоий Давлатшоҳнинг ҳашам ва мол-дунёдан воз кечиб, фақрлик йўлини тутганлиги ҳақида маълумот берар экан, унинг “Мажмаъу-ш-шуаро” (“Тазкирату-ш-шуаро”) асарини мутолаа қилган шахс Давлатшоҳнинг истеъдоди ва камолоти қай даражада эканлигидан хабар топади деган фикрни келтиради. Мазкур мажлисда шунингдек, Мир Ҳусайн Али Жалойир, Муҳаммад Солиҳ, жияни Мир Ҳайдар Сабуҳий, акасининг набираси Мир Иброҳим каби мирзозодалар ҳақида ҳам маълумотлар келтирилади.
Тазкиранинг 6-мажлисида Хуросондан ташқаридаги, хусусан Самарқанддаги фозиллар ҳақида сўз боради. Ушбу мажлис Самарқанд ҳокими Аҳмад Ҳожибек таърифи билан очилади. Алишер Навоий унинг “Вафоий” тахаллуси билан шеърлар битишини, Ҳиротда ҳам ўн йил ҳокимлик қилганлигини, “сурати хуш ва сийрати дилкаш” шахс эканлигини таъкидлаб, жангчи сифатидаги шижоати ва ботирлигини алоҳида таҳсин қилади. Унинг ижодидан қуйидаги матлаъни келтиради:
Гирифти жони ман аз тан ба зулфи пуршикан басти,
Кушоди парда аз рухсори хешу чашми ман басти.
(Мазмуни:
Танимдан жонимни олиб, кўп занжирли сочинг билан боғладинг, юзингдан пардани очиб (у билан) кўзимни боғладинг).
Мазкур мажлисда “Улуғбек Мирзо” мадрасасининг мударриси Хожа Хурд, Низомий “Лайли ва Мажнун”ига татаббуъ битган Хожа Имод Лорий, Кирмон вилояти ҳокими Амир Маҳмуд Барлос ва бошқалар ҳақида ҳаммаълумотлар келтирилади.
7-мажлис Амир Темур ва темурий ижодкорлар зикрига бағишланган. Унда Соҳибқирондан бошлаб Султон Али Мирзогача жами 22 темурий ҳақида сўз боради. Тазкиранинг сўнгги саккизинчи мажлиси тўлалигича Ҳусайн Бойқаро – Ҳусайний ижодига бағишланган.
Алишер Навоий “Мажолису-н-нафоис”да адабиёт майдонида эндигина кўрина бошлаган шоирларни ҳам эътибордан четда қолдирмайди. Буни қуйидаги мисолларда кўриш мумкин:
“Мавлоно Сифотий эмди пайдо бўлғонлардандур, фақир ҳануз ани кўрмайдурмен, аммо шеърин эшитибмен”;
“Мавлоно Асирий ҳам эмди пайдо бўлғон хуштабъ йигитлардиндур” ва бошқалар.
“Мажолису-н-нафоис”да ўша даврда яшаган баъзи аёл шоиралар ҳақида ҳам маълумот келтирилади. Гарчи уларнинг номлари тазкирада алоҳида ижодкор сифатида келтирилмаса ҳам, улар ҳақидаги шоирнинг қайдлари адабиётшунослик учун ниҳоятда муҳимдир. Алишер Навоий тазкиранинг шоир Шайхзода Ансорийга бағишланган фаслида “андоқ зоҳир бўлурким, волидаси ҳам хуштабъдур ва Бедилий тахаллус қилур” деган маълумотни келтирса, Мавлоно Сулаймоний ҳақидаги фаслда Ҳофиз Шерозий ғазалига назира тариқасида ёзилган ва Мавлоно Сулаймонийники деб ҳисобланган шеър ҳақида “Ва машҳури мунундоқдурурким, бу абёт Мавлоно Ҳаким табибнинг хотини Меҳринингдур” деб ёзади.
“Мажолису-н-нафоис” асари кейинги асрлар тазкирачилик тараққиётига самарали таъсир кўрсатди.
Алишер Навоийнинг “Мезону-л-авзон” асари 1492-93 йилларда яратилган[3]. Навоий туркий тилдаги адабиётшунослик масалаларига бағишланган Шайх Аҳмад Тарозийнинг “Фунуну-л-балоға” асари билан таниш бўлмагани учун аруз назариясига доир қонун-қоидаларни туркий тилда илк марта баён қилаётганини алоҳида таъкидлайди, хусусан “ғараз бу мақолотдин ва мақсуд бу муқаддимотдин бу эрдиким, чун турк алфози билаким назм воқиъ бўлубдур, анга зобитае ва қонуне йўқ эркондур…” деб ёзаркан, туркий тилда аруз қонун-қоидаларига оид махсус асар йўқлигини айтиб ўтади.
Шунингдек, Алишер Навоий муқаддимада ўзидан аввал яратилган арузга доир манбалар: Халил ибн Аҳмаднинг “Китобу-л-айн”, Шамс Қайс Розийнинг “Ал-мўъжам”, Насириддин Тусийнинг “Меъёру-л-ашъор”, Абдураҳмон Жомийнинг “Рисолаи аруз” асарларига тўхталиб ўтиб, уларда мавжуд бўлмаган баъзи доира ва вазнларни ўз асарида келтириб ўтишини айтади. Яъни: “…неча қоидау доира ва вазнким, ҳеч арузда, мисли фан возии Халил ибни Аҳмад ва илм устоди Шамс Қайс кутубида ва Хожа Насир Тусийнинг “Меъёру-л-ашъор”ида, балки Ҳазрати Махдумий наввара марқадаҳу нуран “Аруз”ларида йўқ эрдиким, бу фақир бу фан усулидин истихрож қилиб эрдиким, бу китобға изофа қилдим”.
“Мезон ул авзон”да дастлаб Оллоҳга ҳамд, пайғамбарга наът айтилгач, Султон Ҳусан Бойқаронинг ушбу асарни ёзишга илҳомлантирганлиги ҳақида сўз боради. Сўнгра Навоий арузнинг “шариф” фан эканлигига тўхталар экан, “Қуръони карим”даги баъзи оятлар ва пайғамбаримиз ҳадисларидаги баъзи жумлаларнинг аруз вазнлари билан мос келиши, Амир ул-мўъминин Ҳазрат Али девонларидаги шеърларнинг кўпи аруз вазнида эканлигини таъкидлаб ўтади. Кейинги қисмда Навоий аруз вазнининг кашфиётчиси Халил ибн Аҳмад ва “аруз” истилоҳи ҳақида маълумот беради. Шундан сўнг арузнинг назарий қоидаларини баён қилишга ўтади.
Дастлаб аруздаги энг кичик бирлик – жузвлар ҳақида маълумот берилар экан, асарда улар “рукн” истилоҳи остида келтирилади. Рукнлар сони 6 та бўлиб, улар қуйидагилардир: енгил ва оғир сабаб, бириккан ва ажралган ватад ҳамда кичик ва катта фосила.
Жузвлардан сўнг асл рукнлар таърифи келади, улар “асллар” ёки “усул” номи билан берилади. Алишер Навоий асл рукнларни умумий ҳолатда 8 та деб келтиргани ҳолда улардан фақат бештасига тўхталиб ўтади ва ушбу беш асл рукн форсий, шу билан бирга туркий шеърда кўп қўлланилганлиги учун қолган 3 аслга тўхталиб ўтмаслигини таъкидлайди.
Мазкур асллар таърифидан кейин улардан ҳосил бўлувчи зиҳоф (асл рукнларни турлича ўзгартириш) ва фуруъ (тармоқ рукнлар)га тўхталиб ўтилади. Алишер Навоий зиҳофлар сонини 45 та деб келтиради[4].Кейинроқ доиралар таърифига ўтилади. Маълумки, аруздаги доира бутузилиш жиҳатидан ўхшаш бўлган баҳрлар гуруҳи бўлиб, асарда 7 та доира келтирилган: “Доираи мўъталифа” (рамал, ҳазаж ва ражаз баҳрларидан тузилган), “Доираи мухталифа” (муқтазаб, мужтасс, мунсариҳ ва музореъ баҳрларидан тузилган), “Доираи мунтазиа” (мушокил, сариъ, жадид, қариб ва хафиф баҳрларидан тузилган), “Доираи муттафиқа” (мутақориб ва мутадорик баҳрларидан тузилган) келтирилади.
5-доира бевосита Алишер Навоийнинг ўз ихтироси бўлиб, бунда Навоий 2-доирадаги 4 баҳр ва 3-доирадаги 5 баҳр — жами 9 баҳрнинг солим (яъни зиҳоф кирмаган, ўзгаришга учрамаган) рукнларини жамлаб, уларни бир доирага киритади ва бу доирани “Доираи мужтамиа” деб атайди. 6-доира “Доираи мухталита” деб аталиб, бу доирага Навоий комил ва вофир баҳрларини киритади ва мазкур баҳрларнинг матбуъ (ёқимли) баҳрлар эканлигини, лекин негадир уларда кам шеър ёзилганлиги ва доира тартиб берилмаганлигини айтади. Демак, бу доира ҳам бевосита арузшуносликка ҳазрат Навоий томонидан олиб кирилган ихтиродир. 7-доира эса уч баҳр – тавил, мадид ва басит баҳрларидан тузилган бўлиб, Навоийнинг ёзишича, бу баҳрлар араб адабиётига хос бўлиб, ажам шеъриятида қўлланилмаган ва махсус доирага киритилмаган.
“Мезону-л-авзон”да жами 19 баҳр, 160 та вазн келтирилган бўлиб, барча вазнларга мисоллар муаллифнинг ўз ижоди маҳсулидир. Фақат асарнинг халқ оғзаки ижоди билан боғлиқ жанрлар қисмида бир байт Ҳусайн Бойқародан, бир байт “Муҳаббатнома”дан келтирилганлигини кўрамиз.
Навоий вазнларга таъриф берар экан, унга кўпроқ мисолларни ўз ғазалиётидан келтиради. Хусусан, ҳазажи мусаммани солим вазнини таърифлашда
Зиҳи мулкунгнинг ўн секиз мингидин бир келиб олам,
Бу олам ичра бир уйлук қулунг Ҳавво билан одам,
Ражази мусаммани матвийи махбун вазни билан боғлиқ ўринда
Гар аламимға чора йўқ, бўлмаса бўлмасун нетай,
Ваҳ, ғамима шумора йўқ, бўлмаса бўлмасун нетай.
Мутақориби мусаммани маҳзуф вазнида
Очилди чаман, гулъузорим қани,
Сиҳи сарв бўйлуқ нигорим қани?
каби байтларни келтирадики, бу ҳолат Навоий келтирган вазнлар туркий адабиёт учун шунчаки тажриба бўлмай, балки уларда бадиият жиҳатдан юксак ғазаллар ёзиш мумкинлигини кўрсатади.
Навоий туркий тилнинг ривожига шоҳ асарлар яратиш билангина ҳисса қўшиб қолмай, унинг тараққиётини назарий жиҳатдан ҳам бойитди. Унинг бу борадаги хизматларидан бири 1499 йилда яратилган “Муҳокамат ул-луғатайн” (“Икки тил муҳокамаси”) асаридир. Мазкур асарида Навоий туркий ва форсий (сорт) тилларини бир-бирига қиёслаш асносида, туркий тилнинг бой ва кенг имкониятларга эга эканлигини исботлади. Шарқ мусулмон адабиётидаги анъанага кўра, Ҳамд ва Наът қисмларидан кейин Навоий дунё тилларидан уч тил (туркий, форсий ва ҳинд) асл ва мўътабар бўлиб, уларнинг вужудга келиши Нуҳ пайғамбарнинг ўғиллари: Ёфас (туркий), Сом (форсий) ва Ҳом (ҳинд) билан боғлиқ деб ҳисоблайди ва туркий тилни Ёфас орқали пайғамбарлик тожи билан улуғланди, деб ёзади.
Навоийнинг фикрича, араб тили бундай улуғланишга муҳтож эмас, ҳеч шубҳасиз у барча тиллардан мумтоз ва “мўъжизатироз”дир, чунки Аллоҳнинг каломи ва Расули акрам ҳадислари шу тилда яратилган.
Алишер Навоий икки тилни қиёслаш жараёнида форсий тилнинг кучли билимдони сифатида намоён бўлади, зеро объектив хулосалар чиқариш учун икки тилни ҳам мукаммал билмоқ талаб қилинади. Бу мукаммаллик Навоийнинг
— форсий тилда муодил (эквивалент)и бўлмаган 100 та феълни келтириши[5];
— турли соҳаларга доир нарса-буюм, табиий ҳодисалар ва ҳайвонларнинг форсий тилда мавжуд бўлмаган номларини бериб, уларнинг баъзилари форсий тил лексикаси таркибига ҳам кирганлиги ҳақида маълумот бериши;
— тажнис ва ийҳом санъатига асос бўладиган сўзларнинг форсий тилдагига нисбатан кўплигини мисоллар билан исботлаши;
— туюқ жанрининг фақат туркий шеъриятда қўлланишига эътибор қаратиши;
— туркий тилда форсий тилда бўлмаган баъзи грамматик шакллар (масалан, биргалик нисбатини ясовчи -иш, орттирма нисбат ясовчи -т қўшимчалари)нинг мавжудлигини мисоллар билан далиллаши;
— туркий тилнинг фонетик хусусияти қофиядош сўзлар учун форс тилига нисбатан қулайлигини асослаб бериши билан боғлиқ ҳолатларда кўринади.
Шунингдек, асарда Алишер Навоийнинг ижодий биографияси билан боғлиқ қимматли маълумотлар ҳам келтирилган. Хусусан, туркий тилда яратган асарлари рўйхати уларга асос бўлган манбалар номи билан бирга келтирилиши Навоий асарларининг туб моҳиятини англашда муҳим аҳамиятга эга. Масалан, унинг “Хамса” таркибига кирувчи достонларнинг ҳар бири учун асос бўлган манбалар қуйидаги тартибда келтирилади:
“Аввалким, «Ҳайрат ул-аброр» боғида табъим гуллар очибдур, Шайх Низомий руҳи «Махзан ул-асрор»идин бошимга дурлар сочибдур.
Яна чун «Фарҳод ва Ширин» шабистонига хаёлим юз тутубдур. Мир Хусрав дами «Ширин ва Хусрав» ўтидин чароғимни ёрутубдур.
Яна чун «Лайли ва Мажнун» водисида ишқим пўя уруб, Хожу ҳиммати «Гавҳарнома»сида нисоримга гавҳарлар еткуруптур.
Яна чун «Сабъаи Сайёра» расадин замирим боғлабдур, Ашраф «Ҳафт пайкар»ининг етти ҳурвашин пешкашимга яроғлабдур.
Яна чун «Садди Искандарий» асосин хотирим муҳандиси солибдур, Ҳазрати Махдум «Хираднома»сидин кўси ислоҳ ва имдод чолибдур”.
Алишер Навоийнинг араб тили луғатшунослигига бағишланган асари “Сабъат абҳур” деб аталиб, навоийшуносликда нисбатан кам тадқиқ қилинган асарлар сирасига киради. Асарнинг муаллифи масаласи ҳам кўп йиллар адабиётшуносликда баҳсли масала бўлиб келди. Мазкур мавзуда тадқиқот олиб борган олим Б.Ҳасанов изланишлари самараси ўлароқ мазкур асар ҳазрат Навоий қаламига мансуб деган хулосага келинди. Б.Ҳасанов ўз фикрини далиллашда асарнинг кириш ва хотима қисмида котиб Аҳмад ибн Али Дамашқий Маниний келтирган қуйидаги фикрларни асос қилиб олади: “Бу вақт ва замон ягонаси Хуросон уфқида порлаган қуёш Мир Алишер Навоий тартиби, таълифи, яхшиланиши ва таснифи устида заҳмат чеккан “Сабъат абҳур” мусаввадасидан топилган нарсаларнинг сўнггидир”.
Асарнинг “Сабъат абҳур” – “Етти денгиз” деб аталишига сабаб араб луғатшунослигига мансуб етти китобнинг мазкур асар учун манба бўлганлигидир. Улар қуйидагилардир:
1) Жавҳарийнинг “Саҳоҳ” изоҳли луғати;
2) Соғонийнинг “Такмила” луғати;
3) Замахшарийнинг “Кашшоф” (Қуръон тафсирига оид) асари;
4-5) Ибн Ҳожибнинг грамматикага оид “Муфассал” (иккита муқаддим ва шарҳлари);
6)“Ғаройибу-л-ҳадис” – ҳадис сўзларига тузилган луғатлар.
7) турли муаллифлар, девон, рисола ва бошқа асарларнинг шарҳлари. Улар шартли равишда “Завойид” номи билан аталган.
“Сабъат абҳур”нинг таркибий тузилиши асосига ўзак тизими (флексия) қўйилган. Араб тилидаги сўзлар (мисол учун катаба – мактуб – котиб – китоб – мактаб)да ўзак чиқариш қоидасига асосан сўз таркибидаги қўшимча унлилар тушириб қолдирилгандан кейин қоладиган маъно ташувчи ҳарфлар маълум бир маъноли ўзакни ташкил қилади (юқоридаги мисолда келтирилган КТБ – катаба). Луғат лексикасининг асосий қисмни уч ҳарфли ўзаклар ташкил қилади (6451 луғат мақола). Миқдор жиҳатдан иккинчи ўринни тўрт ҳарфли ўзаклар эгаллайди (2056 та). Учинчи ўринда беш ҳарфли ўзаклар туради (94 луғат мақола). Араб тилига четдан кирган кам истеъмолдаги сўзлар олти (1 луғат мақола) ва етти ҳарфли (2 луғат мақола) сўзлардир.
Алишер Навоийнинг мазкур асари араб луғатшунослиги ривожланиши сусайган даврда вужудга келганлиги билан алоҳида аҳамият касб этиб, араб лексикографияси тарихида Жавҳарийнинг “Саҳоҳ” ва Фирузободийнинг “Қомус” луғатлари билан бир қаторда туради.
Адабиётлар:
1. Навоий Алишер. Мажолис ун-нафоис.МАТ. 20 жилдлик. – Тошкент: Фан, 1997. 13-жилд.
2. Навоий Алишер. Муҳокамат ул-луғатайн. МАТ. 20 жилдлик. – Тошкент: Фан, 2000. 16-жилд. – Б.6-40
3. Навоий Алишер.Мезон ул-авзон. МАТ. 20 жилдлик. – Тошкент: Фан, 2000. 16-жилд. – Б.42-95.
4. Навоий Алишер. Муфрадот. МАТ. 20 жилдлик. – Тошкент: Фан, 2000. 20-жилд. – Б.367-418.
5. Зоҳидов Л. Алишер Навоий ижодида муаммо жанри / Масъул муҳаррир: С.Эркинов.- Т.: Фан, 1986.
6. Зоҳидов Л. Алишер Навоийнинг “Рисолаи муфрадот” асари ва унинг муаммолари: Филол. фан. кандидати илмий даражасини олиш учун ёзилган дисс. – Т., 1970.
7. Орзибеков Р. Муфрадот //Адабий мерос. – Т.,1982.- № 2.
8. Воҳидов Р. “Мажолисун-нафоис”нинг таржималари /Масъулмуҳаррир: Б.Валиҳўжаев.- Т.: Фан, 1984.
9. Ғаниева С. Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” асари ва Самарқандлик шоирлар // Ўзбек тили ва адабиёти. – Т., 1970.- № 6.
10. Ҳасанов Б. Алишер Навоийнинг “Сабъат абҳур” луғати. – Т.: Фан, 1981.
11. Ҳожиаҳмедов А. Навоий арузи нафосати. – Т.:Фан, 2006.
12. Юсупова Д. Жомий ва Навоий: арузга доир рисолаларнинг қиёсий таҳлили / Ўзбек филологиясининг долзарб муаммолари. – Т.: MUMTOZ SO’Z, 2010.
13. Ўзбек адабиёти тарихи. Беш жилдлик. 2-жилд (XV асрнинг иккинчи ярми). – Т.: Фан, 1977.
Дилнавоз Юсупова
[1] “Муфрадот” асари бўйича Л.Зоҳидов номзодлик диссертациясини ёқлаган.
[2] Мазкур асар проф. С.Ғаниева томонидан чуқур тадқиқ қилинган.
[3] “Мезонул авзон” асари бўйича С.Мирзаев, И.Султонов, А.Ҳожиаҳмедов каби олимлар илмий изланишлар олиб боришган.
[4] Зиҳофлар сони “Ал-мўъжам”да 35 та, “Фунун ул-балоға”да 35 та, “Мухтасар”да 44 та, Жомийнинг “Рисолаи арузи”да 45 та деб кўрсатилган.
[5] Асарда юзта феъл дейилгани ҳолда 99 та феъл келтирилган. Эҳтимол, котиб асарни кўчириш жараёнида бир феълни тушириб қолдирган бўлса керак.
http://e-adabiyot.uz/uzbek/mumoz/navoiy/1057-maqola.html
Сўнгги фикрлар