Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига 29 йил бўлди.
Бугун ўзбек тили кўпгина хориж давлатларида ҳам ўргатилади. У ерда ўзбек тилидан ўзимизнинг ўқитувчилар дарс беришади.
Шундай жаҳонгашта, ўзбек тилини дунёга кенг тарғиб қилаётган ўқитувчилардан бири Самарқанд давлат университети филология факультети декани, филология фанлари доктори, профессор Жўлибой Элтазаровдир. Сана муносабати билан устозни суҳбатга чорладик.
– Сиз бир неча хориж олий ўқув юртларида ўзбек тилидан сабоқ бергансиз. Бу жараён қандай кечгани ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Менга Германия, Япония, Жанубий Корея, Туркия ва Америка Қўшма Штатларида ишлаш насиб этди. Туркия ва Японияда тўрт йилдан саккиз йил фаолият кўрсатдим. Хорижда ўзбек тилини ўргатиш осон эмас. Фақат грамматикани ўргатиш билан иш битмайди. Тилни ўргатиш жараёнида бутун ўзбек маданиятини, тарихини, этнографиясини, урф-одатларини ўргатиш керак. Комплекс ёндашиш талаб этилади. Аввал сўзлашишни, ёзишни ўргатасиз, кейин ўзбек тилининг содда курсида дарслар олиб борасиз. Ҳарфни танитасиз, саломлашиш, гаплашиш… Шу тарзда соҳаларни кенгайтириб бораверасиз. Масалан, таълим, тарих, соғлиқни сақлаш, гигиена, табиат ва ҳоказо. Талабага ўзбек тилида дунёнинг лисоний манзарасини очишингиз керак. У аввал дунёни ўз она тилисининг «деразаси» орқали кўраётган бўлса, энди дунёнинг лисоний манзарасига ўзбек тили кўзи билан ҳам қарайди. Ҳар бир тил учун дунёнинг лисоний манзараси бор. Ҳар бир миллат дунёга ўз менталитети, дунёқараши, мафкураси, табиати ва жўғрофиясидан келиб чиқиб қарайди. Тил жамиятга мана шундай миллионлаб кўзга кўринмас ип билан боғланган. Сиз талабага ана шу ипларни бир-бир ечиб беришингиз керак.
Хориждаги кўплаб университетларда ўзбек тили танланма фан. Масалан, Берлин Хумболдт университетида биринчи тил туркча, иккинчи тил ўзбекча. Осака университетида ҳам шундай. Бир курс мажбурий дарс, иккинчи курсдан ихтиёрий, яъни танланма фан сифатида ўқитилади. Дарсни яхши ўта олмасангиз, мультимедиадан фойдаланмасангиз, қизиқиш уйғота олмасангиз, ҳаммаси бекор. Етти нафардан кам талаба сизни тингласа, бу дарс қониқарсиз ҳисобланади. Натижада бир семестрдан кейин паттангизни қўлингизга тутқазиб, қайтариб юборишади.
Шунинг учун чет элда ўзбек тилини ўргатадиган ўқитувчидан ниҳоятда кўп нарса талаб қилинади. Хорижда тил ўргатадиган ўқитувчи ўз она тилидан ташқари, яна бир туркий тилни яхши билиши керак. Масалан, қозоқ, уйғур ва ҳоказо. Туркча билса, нур устига нур. Буларнинг барчаси ўзбек тилини оммалаштириш учун.
– Чет давлатларда ўзбек тилини ўргатиш тизими қандай? Бу қай тарзда амалга оширилади?
– Ўзбек тили дунёда негадир кам ўрганилган тиллар жумласига киради ва шулар жумласида ўргатилади. Япониядаги Осака, Токио чет тиллар университети, Жанубий Кореядаги Конкук, Пусан, Берлиндаги Хумболдт университетларида Осиё-Африка тиллари ичида ўрганилади. Кам ўргатилган, кам тарқалган тил сифатида қаралади. Нега?
Неча минг йиллик адабий тил анъанасига, тарихга эга тилга бундай ёндашув бироз ғурурга тегади, албатта. Аммо, начора. 130 йил давом этган истибдод даврида ўзбек халқининг ташқи дунё билан алоқаси узилиб қолган, мулоқот фақат рус тилида бўлган. Совет даврида Москва, Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) олий ўқув юртларидан бошқа ерда ўзбек тили ўқитилмаган.
Истиқлол йилларида юртимизда амалга оширилган ислоҳотлар, ўзбек маданияти, тили, тарихини дунёга танитиш бўйича амалга оширилган ишлар ўз мевасини берди. Бугун Япониянинг 8 университетида, Туркиянинг 18 (илгари фақат Истанбул университетида бўлган), Американинг 8, Германиянинг, адашмасам, 4 университетида ўзбек тили ўқитилади. Булар ўзбек тилининг дунё ҳамжамиятида обрўси ошиб, дунё тилшуносларининг она тилимизга қизиқиши ортиб бораётганидан далолат. Энг кейинги очилган ўзбек тили ва адабиёти факультети Хитойдаги Миллатлар университетида. Бу ерда Тошкент давлат шарқшунослик институтидан ўқитувчилар бориб дарс беришади. Миллатлар университети ўзбек гуруҳига ҳар икки йилда бир марта 50 нафардан талаба қабул қилади.
Эски ўзбек тили ўрта асрларда бутун Шарқнинг умумий адабий тили бўлган. Алишер Навоий яратган тил Олтин Ўрда, Волга бўйи, Сибир хонлиги, Қрим хонлиги, умуман, Туркиядан Мўғулистонгача бўлган ўрта турк тили ҳисобланган. Олтин Ўрда, Сибир, Қрим хонликларининг ёрлиқларига, архивларига қарасангиз, барчаси эски ўзбек тилида. Бу тил шунақа ёйғин, ҳаммага тушунарли эди. Аммо 130 йиллик асорат бунга шу даражада катта таъсир ўтказдики, энди тилимизнинг қудратини қайтадан тиклаш керак.
– Бунинг учун нима қилиш керак, деб ўйлайсиз?
– Бунинг учун, аввало, Ўзбекистонда чет элликлар учун ўзбек тили китобининг мукаммал вариантларини яратиш лозим. Масалан, Жанубий Кореяга бориб корейс тилини ўрганаман, деган одамга 50 хил, Туркияда турк тилини ўрганиш учун юзлаб китоблар, дисклар яратилган. Афсуски, бизда хорижликлар учун яхши китоблар кам. Ўзбекча-инглизча, ўзбекча-французча, ўзбекча-немисча ва ҳоказо луғатлар 2000-3000 нусхада чоп этилган. Бу жуда кам. Ўзбек тилини ўргатиш учун шундай ишларни қилмасак, барчаси шунчаки шиорлардан иборат бўлиб қолади. Амалий ишга ўтиш вақти келди. Тилимизнинг обрўси учун доим курашишимиз лозим.
Самарқанд давлат университетида Ўзбекча ўргатиш маркази (ЎЎМАР) ташкил этмоқчимиз. Бу Туркиядаги ТЎМАР (Туркча ўргатиш маркази), Япониядаги Нихонго тил ўргатиш маркази сингари бўлади. Хорижда тил ўргатиш марказлари тижорий асосда қўйилган. Бундай марказларда ҳар бир хорижлик, масалан, ойига 100 доллардан тўлаб тил ўрганади. Марказ сертификатига эга бўлади ва кейин иш бошлайди. Бизнес қиладими, корхона очадими, талабаларга дарс берадими, аввал расмий давлат тилини ўрганади. Мана, мен 46 ёшимда Японияга бордим ва тўрт ойда 2,5 мингта иероглифни ёд олдим. 46 ёшли одамга бу жуда қийин, лекин бошқа илож йўқ эди. Бу ҳамма давлатда шундай. Тилга ҳурмат шу тарзда пайдо бўлади. Биз ҳам шундай стандартларни жорий қилишимиз керак. Чет элликлар учун малакали ўқитувчиларни, китоблар, дарслик ва луғатлар тайёрлашимиз шарт! Шу орқали ўзбек тилининг обрўсини, нуфузини оширамиз.
– Ўзбек тили нега айнан Америка Қўшма Штатлари, Германия, Япония, Жанубий Корея, Туркия, Хитой каби давлатларда ўргатилади? Бундан мақсад нима?
– Ўзбекистон билан қайси мамлакатнинг яқин сиёсий, иқтисодий дипломатик ва стратегик муносабатлари бўлса, ўша давлатларда ўрганилади. Ҳар бир ривожланган давлатнинг Марказий Осиё билан манфаати бор. Марказий Осиё – жавоҳирлар тўла сандиқ. Бунда Ўзбекистон марказий ўрин эгаллайди. Қолаверса, атрофдаги бешта мамлакатда ҳам ўзбек тили бемалол тушунилади, кенг қўлланилади. Демак, давлатлараро манфаатлар уларнинг тилларини ўрганишни ҳам тақозо этади.
– Юртимизда Давлат тилига муносабат ҳақида нималар дея оласиз?
– Ҳаммасини очиқ айтиш керак. Ниманики яширсак, у газак олади. Бир ҳақиқат бор – «Давлат тили тўғрисида»ги қонун қабул қилинганига 29 йил бўлди. Бу давр ичида биз ўз тилимизни тўлақонли давлат тилига айлантира олмадик. Ўзбек тилини хоҳлаган одам ўрганади, хоҳламаган ўрганмайди. Бундай ҳолатда биз тилимиз орбўсини кўтара олмаймиз. Тилимизга бўлган ҳурматимиз ҳаминқадар. Мана, масалан, Жанубий Корея ёки АҚШга ишга кетиш учун аввал унинг тилини, тарихини ўрганиб, имтиҳон топшириб, шу тилни билади, деган сертификатни олиб, кейингина кетамиз. Аммо нега Ўзбекистонда яшаб, Ўзбекистон фуқароси бўла туриб, ўзбек тилини билмаймиз? Ўрганишни истамаймиз? Ваҳоланки, бутун дунёда расмий давлат тили ўрганилишга мажбур! Тўғри, Конституциямиз ва «Давлат тили тўғрисида»ги қонун фуқароларнинг она тилини эркин қўллашини чекламаган. Аммо Давлат тилига бўлган ҳурмат бундай эркин ва ихтиёрий бўлмаслиги керак. Биз боқибеғамлик қилдик. Ўзбекистон ҳудуди ўзбек тилининг маконидир. Ҳеч бир ривожланган давлатда бошқа бир тил давлат тили билан баробар қўлланилмайди.
Тилнинг софлигини сақлаш учун ҳам комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши лозим. Тилни аввало, ўзимиз, ҳар бир ўзбек, Ўзбекистон фуқароси ҳурмат қилиши керак. Яқинда Вазирлар Маҳкамаси «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг Тошкент шаҳридаги ижросини назорат қилиш тўғрисида қарор чиқарди. Бу жуда яхши. Буни Самарқандда ва бошқа шаҳарларда ҳам қўллаш зарур.
– Ёшларнинг сўзлашувида ўзбек тилига русча ёки бошқа тилларни аралаштириб сўзлашига қандай қарайсиз?
– Бу жамиятимиздаги камчиликларнинг, биз катталар йўл қўйган хатоларнинг, тилга беписандлигимизнинг ёшлардаги акси. Мен уларни айблай олмайман. Бу хатоларни биз қилдик. Нега бирорта япон япон тилини, бирорта турк турк тилини бузиб гапирмайди? Бошқа давлатларда ҳам шундай. Чунки улар ўз она тилига топиниш даражасида қарайди. Биз ҳам тилга шундай муносабатда бўлишимиз керак. Бунинг учун мактабларда, олий ўқув юртларида она тилини ўқитиш ва тарғиб қилиш кучайиши, қатъийлашиши, бир сўз билан айтганда, она тилимиз кучли ҳимоя қилиниши зарур. Оммавий ахборот воситаларида ҳам тил ҳақида чиқишлар фақат “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган кун арафасида эмас, доимий бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Холиёр Сафаров
суҳбатлашди
http://uza.uz/oz/society/amerikaning-8-universitetida-zbek-tili-itiladi-germaniyada-ch-16-10-2018
Сўнгги фикрлар