Академик Анатолий Сагдуллаев – Ўзбекистон Миллий университети фахри!
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳри, 2017 йил 29 декабрдаги
“Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармониги биноан мамлакатимиз илм-фани нуфузини янада ошириш, илмий-технологик салоҳиятини юксалтиришда академик илм-фаннинг ролини кучайтириш, Фанлар академияси аъзолари таркибини фаннинг устувор йўналишларида олиб бораётган фаол илмий-тадқиқот изланишлари натижалари билан республика ва халқаро илмий ҳамжамият томонидан эътироф этилган таниқли олимлар ҳисобига кенгайтириш, мавжуд илмий мактаблар анъаналарини давом эттириш ва янги мактаблар яратилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ҳайъати ва тегишли фан ихтисосликлари бўйича фаолият кўрсатаётган ҳақиқий аъзоларининг тавсиясига асосан бир гуруҳ олимлар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб тасдиқландилар.
Улар орасида Тарих фанлари бўйича Ўзбекистон Миллий университети профессори Сагдуллаев Анатолий Сагдуллаевич ҳам бор!
Миллий университетимиз жамоаси навбатдаги академигимизни чин қалбдан муборакбод этиб, илм-фан тараққиёти ва ёш авлодга таълим-тарбия бериш йўлидаги ишларида улкан муваффақиятлар тилаб қолади.
***
Таниқли тарихчи-археолог олим Анатолий Сагдуллаев 1973 йилда Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)ни тамомлагач, меҳнат фаолиятини шу даргоҳда кичик илмий ходимликдан бошлаган. 1998 йилгача “Этнография, қадимги дунё ва ўрта асрлар тарихи” кафедраси катта ўқитувчиси, доценти, Тарих факультети декани, “Ўрта Осиё археологияси ва этнографияси кафедраси” мудири лавозимларида ишлаган. 1998-2012 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Ўзбекистоннинг янги тарихи маркази директори вазифасида самарали фаолият кўрсатгач, яна Тарих факультетида илмий-педагоглик ишларини давом эттирмоқда.
Заҳматкаш олим 1979 йилда номзодлик, 1989 йилда археология ихтисослиги бўйича докторлик диссертацияларини муваффақиятли ёқлагач, 1992 йилда профессор унвонига эга бўлган. У 4 та ўқув қўлланма ва 1 та дарслик ва 6 та монография муаллифидир. Айни пайтда 150 дан ортиқ илмий мақолалари республикамиз ва хориж нашрларида ёритилган.
Тарих фанлари доктори, профессор Анатолий Сагдуллаев Ўрта Осиё археологияси ва давлатчилиги тарихи бўйича ўз мактабини яратган тарихчи олимдир. Ўрта Осиё археологияси фанида биринчи бўлиб милоддан аввалги VII-IV асрларга оид қадимий деҳқончилик уй-қўрғонини (Қизилча-6 уй-қўрғонини) бутунлай қазиб очган, шунингдек, Қизилтепа, Даратепа, Узунқир шаҳар ҳаробаларида кенг қўламдаги дала археологик тадқиқотларини олиб борган олим милоддан аввалги Х-VIII ва VII-VI асрларга оид Сангиртепа, Узунқир, Даратепа (Сўғд), Бўйрачи, Бандихон, Қизилтепа, Қизилча (Бақтрия) ёдгорликларида кўп йиллар мобайнида (1973-1990) дала археологик тадқиқотларини амалга ошириб, муҳим илмий материалларни илк бор тарих фанига киритган. Тадқиқотчи ўзи кашф этган бронза ва илк темир даврига оид муҳим илмий материалларни илк бор тарих фанига киритган, улар Бақтрия ва Сўғд ёдгорликларининг стратиграфияси, археологик комплексларининг туркумларга ажратиш ва хронологияси, археологик ёдгорликларнинг географияси ва картографияси, меъморчилик ва мудофаа тизими, маданий анъаналари ва инновациялар, тарихий-маданий тараққиётнинг асосий хусусиятлари ҳамда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тарихини ёритишда хизмат қилган.
Заҳматкаш тарихчи олим Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллигини асослаб бериш мақсадида Кеш-Шаҳрисабз воҳасида кенг кўламдаги археологик илмий-тадқиқот ишларининг ташкилотчиси бўлган. Унинг “Қадимги Кеш-Шаҳрисабз тарихидан лавҳалар” (1998), “Шаҳрисабз. Минг йилликлар мероси” (2002) монографиялари ЮНЕСКО ва жаҳон илмий ҳамжамияти томонидан тан олинган. Ҳамуаллифликда нашрга тайёрланган 3 жилддан иборат “Ўзбекистоннинг янги тарихи” китоби 2000 йилда чоп этилган.
Замон билан ҳамнафас олим 1996-1998 йилларда TARIX TEMPUS халқаро лойиҳасида иштирок этиб, 2002-2004 йилларда Европа комиссиясининг INTAS дастури доирасидаги PACT TIMOUR лойиҳаси бўйича Франция, Россия, Италия, Финляндия олимлари билан ҳамкорлигидаги илмий тадқиқотларда Ўзбекистон илмий гуруҳига раҳбарлик қилган. 2000-2010 йилларда Россия Федерацияси Давлат архиви билан ҳамкорликда Россия архивларидаги Ўзбекистон тарихининг ХХ аср 20-80 йилларига доир ноёб материалларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ишларида бош-қош бўлган.
Тарих факультети талабалари ва ёш тадқиқотчилари ана шундай устоздан сабоқ олаётганлари билан ҳақли равишда фахрланадилар. Устоз илмий раҳбарлигида 2 та докторлик ва 12 та номзодлик диссертациялари ёқланган. Бу илмий тадқиқотлар натижалари Ўрта Осиё археологияси ва Ўзбекистон тарихи фанида илмий янгилиги билан ажралиб туради.
“Археология” кафедраси профессори Анатолий Сагдуллаевнинг эндиликда академик сифатида қўяжак қадамлари янада қутлуғ бўлишига тилакдошмиз.
Аброр ХИДИРОВ,
Тарих факультети катта ўқитувчиси
Сўнгги фикрлар