«Аччи-чу»

Шарофиддин Тўлаганов ижодий маҳорат мактабидан сабоқлар

а7

Болалигимизда тушлик учун помидор ва пиёздан туз қўшиб тайёрланадиган таом шундай аталарди. Мактабни битирдик, Тошкентга келдик. Биз «аччи-чу» дейдиган таом аслида салат экан, ҳақиқий номи «Аччиқ-чуччук» экан. Унга тошкентликлар бодиринг ҳам қўшар экан.
Кейинчалик «аччиқ-чуччук»ни тўйларда ҳам, ресторанларда ҳам, меҳмонда ҳам танаввул қилдик. Аммо битта «аччиқ-чучук» ҳамон оғзимда қолган.
Гап шундаки, қандайдир иш билан ўн йиллар аввал бир куни Тўлқин Эшбек билан учрашиб қолдим. Қўярда қўймай уйига таклиф қилиб қолди. Ноқулай бўлса-да боришга мажбур бўлдим. Уйда ҳеч ким йўқ экан. Тўлқин ака шоша-пиша тушликка уриниб кетди. Кечагидан қолган таом бор экан(менимча -мошкичири эди), шуни иситдилар, шу билан бирга салат — ўша биз билган «аччи-чу» тайёрладилар. Тушлик бўлгани учунми «аччи-чу»ни ажиб бир завқ билан танаввул қилдим. Таъми оғзимда қолди. Аммо эътибор бермадим.
Орадан ойлар, балки йиллар ўтгандир, бир куни ҳамкасбим Аҳмаджон Бузриков билан «28» автобусда ишдан қайтаётган эдик, Эски шаҳардан бир сетка помидор кўтарган Тўлқин Эшбек чиқиб қолди, «бир ўтирайлик» дея қўярда -қўймай ўзлари истиқомат қиладиган «Медгородок»ка олиб кетди. Шифокорлар шаҳарчасидаги бозор ёнида таҳминан 10 кишилик мўъжазгина ошхона бор. Шашлик буюртма қилдик. Шашлик пишгунга қадар Тўлқин ака, Эски шаҳардан сотиб олган 5 кило помидорининг нақ 2 килосидан аччиқ-чуччук тайёрлашга киришиб кетди. Шашлик бир томон, аччиқ-чуччук бир томон бўлди. Сирини сўрадим. Тўлқин ака «аччиқ-чуччук» тайёрлашдан аввал помидорнинг пўстлоғини тозалар экан. Қойил.
Мактабда Борис Полевойнинг «Чин инсон қиссаси»ни ўқиганмиз. Унда иккинчи жаҳон урушида учувчи Алексей Мересьевнинг 18 кун судралиб ўзи хизмат қилган полка етиб боргани, кейинчалик совуқ урдириб қўйган оёғидан айрилган бўлишига қарамай учувчилик қилгани ёзилади.
Бир неча йил муқаддам Тўлқин ака шифохонага тушиб қолди. Аммо Тўлқин ака тушкунлика тушмади. Фаол ижодларини давом эттираверди. Меҳнатлари самарасини ФБда, «Училдиз» сайтида кўриб турибмиз. Бу каби иш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.
Тўлқин аканинг яна бир фазилати бор. Тўлқин ака устозларига оқибатлидир. Пиримқул Қодировни ҳамон ҳурмат қиладилар.
Мен «нима учун Тўлқин ака бунчалик содда?» дея ўйлардим.
Кейин билсам 1 июнь куни таваллуд топган эканлар.
Бунда ҳам бир ҳикмат бўлса керакда.
Аммо Тўлқин ака тайёрлаган «аччи-чу»га гап йўқ.
 а5
Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ,
«Олтин қалам» мукофоти совриндори
2018 йил, май

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *