Аёллар миллатнинг виждони, номуси, шон-у шарафи
Аёл тимсолида меҳру муҳаббат, садоқат ва вафо рамзи мужассам.
Биз ҳар гал оламнинг поклиги, инсон камолоти, умрнинг зийнати ҳақида гап кетганда, шубҳасиз мўътабар оналаримизни, гўзал опа-сингилларимизни кўз олдимизга келтирамиз. Боиси, улар қалбларимизда меҳр-у муҳаббат тимсоли бўлиб муҳрланган.
Аёл гўзал бўлса — олам гўзал, аёл бахтли бўлса — оила, бутун жамият бахтли бўлади деган қараш онгу шууримизга чуқур кириб бораётгани ва бизнинг ҳаётий фалсафамизга айланаётганини ҳар томонлама англаб етаяпмиз. Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир аёл, чин маънода, бахтли.
Ўзбек аёли мукаммал инсон, латиф ва назокатли, меҳрибон ва оқкўнгил, У муштипар она, меҳрибон рафиқа, фидойи ҳамкасб, етук олима, малакали ходима…бу рўйхатни истаганча давом эттириш мумкин. Аёлнинг таърифи олам-олам сўзларни бағрига сиғдира олади.
Таърифлар ичида таъкидланган фидойи ҳамкасб, етук олима, малакали ходималарнинг кўнглини кўтариш уларга меҳр улашиш мақсадида 8-март – “Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика ва Ижтимоий фанлар факультетлари томонидан “Нафосат ва гўзаллик – сендадир аёл” деб номланган маънавий-маърифий байрам кечаси ташкил этилди.
Эл суйган санъаткорлар, шоир-у ҳофизлар томонидан аёлларни мадҳ этувчи жонли куй ва қўшиқлар, иқтидорли талабалар томонидан тайёрланган шеър ва қўшиқлар гулдастаси анжуманга ўзгача руҳ ва байрамона кайфият улашди.
Жонли ижро ва мусиқалар оҳангида тадбирда сўз олган Ижтимоий фанлар факультети декани, педагогика фанлари номзоди Комилжон Инаков байрам билан хотин-қизлар ва талаба-ёшларни табриклар экан:
— Азиз ва мунис устозлар ва дилбар опа-сингиллар соҳамизнинг барча мухтарама аёллари ҳамда гўзал қизлари! Барчангизга нафис баҳор, муҳаббат, гўзаллик, латофат ва меҳр рамзи бўлган 8-март Халқаро хотин-қизлар байрами муборак бўлсин! Одатда аёлни баҳорга, баҳорни эса аёлга қиёслашади. Зотан ўлкамиз узра муаттар сепини ёя бошлаган баҳорнинг илк кунлари айнан хотин-қизлар байрами билан бошланиши ҳам рамзий маъно касб этади. Аёли бор оила қут-баракали, файзли ва тароватли бўлади. Юртимиз ҳам, жамиятимиз ҳам аёл билан гўзалдир. Ўзбекистонимиз турмуш тарзининг осудалиги, бахт-саодатли ва тотувлиги, олиб борилаётган ҳар бир бунёдкорлик, яратувчанлик ишларида аёлларимизнинг ақл-заковати, ўткир зеҳни мужассам”- дея таъкидлади.
Азиз ва мухтарам опа-сингиллар! Сиз ҳамиша эл-юрт ардоғидасиз. Сизнинг саломатлигингиз, бахтингиз, шаън ва ҳуқуқингиз биз учун кўз қорачиғидек азиздир. Аёллик бахти, бекалик тахти, оналик мартабаси Сизларга ҳамиша ҳамроҳ бўлсин!
Равшанжон ОМОНОВ,
ЎзМУ Журналистика факультети
Ёшлар билан ишлаш бўйича
декан ўринбосари
Сўнгги фикрлар