Аёл бахти тутиб турар дунёни

Журналистика факультетида доцент Аҳмаджон Мелибоев раҳбарлигида

чоп этилаётган “Журналист” ўқув газетаси саҳифаларида ижодкор талабаларнинг энг яхши мақолалари мунтазам равишда эълон қилинади. Наврўз байрами арафасида 1-босқичда таҳсил олаётган иқтидорли талабалар факультетда меҳнат қилаётган аёлларга бир неча саволлар билан мурожаат қилишган. Қуйида устоз муаллималарнинг жавобларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

ахмад

  1. Аёллик бахти деганда нимани тушунасиз?
  2. Аёл орзуси чексиз бўлади, дейишади. Шу фикрга қўшиласизми?
  3. Шу касбни танлашда сизга нима туртки берган?
  4. Ўзингиздан ўзган шогирдингиз борми?
  5. Ўзингизга нисбатан танқидий муносабатда бўла оласизми?
  6. Жаҳл чиққанда ақл қочади, дейишади. Сизнингча ҳам шундайми?

 

Маҳлиё Мирсоатова:

1.Аёлнинг бахти унга бўлган эътибор, яқинларидан меҳр-оқибат кўришда, оналикда, деб биламан.

  1. Инсон орзусиз яшай олмайди. Орзу бўлмаса ҳаётнинг қизиғи қолмайди.
  2. Ёшлигимда ҳуқуқшунос бўлишни ният қилганман. Аммо дадам яқинлари билан маслаҳатлашиб, журналистика факультетига ҳужжат топшириш учун олиб келганлар. Дадамнинг яқин дўсти Юсуф амаки: “Қизим, сен ҳикоялар машқ қилар экансан, журналистикага кирганинг маъқул” деганлар. Аввалига бироз хафа мбўлиб юрганман, кейин эса… уларга раҳмат деганман.
  3. Кўп шогирдларим мендан ўзиб кетишди. Бундан ортиқ бахт борми?!
  4. Албатта. Ҳар бир киши шундай йўл тутиши керак.
  5. Ҳа, бу фикрга тўла қўшиламан. Баъзан одам ўзини ушлаб ҳам туриши зарур. Ортиқча жўшиб кетиш фойда келтирмайди. Аммо… ҳаётда шудай ҳолатлар ҳам бўладики, жўшиб, қайнаб кетганингни билмай ҳам қоласан. Шундай пайтда жаҳлга эмас, ақлга таянганингдан кейин, ўзингдан хурсанд ҳам бўлиб кетасан.

 Муслима Обидова ёзиб олди.

 

Муқаддас Исраэл:

1.Аёллик бахти мен учун суюкли рафиқа бўлиш, турмуш ўртоғи билан бахтли ва мазмунли ҳаёт кечириш, қўша-қариш демакдир.

2.Аёллар ҳам эркаклар сингари турфа хил бўлишади. Инсон тирик экан, бир мақсадга эришгач, яна янги мақсадларни кўзлайди. Ҳаётнинг қонуни бу: турмуш тарзи ўзгаргани сари, орзу-ҳаваслар ҳам кўпайиб боради. Бунинг ёмон жойи йўқ. Аммо… ҳаётда эркаклар реалроқ, аёллар эса романтик бўишшади. Шу сабабли аёлларнинг орзуси чексиз, улар шу фазилатлари билан ҳам сирли туюладилар.

3.Ўқитувчилик касбига қизиқишимнинг сабаби педогоглар оиласида тарбия топганман, муҳаррир, таржимон бўлиб ишлаганман. Талабаларга дарс бериш мен учун ёқимли машғулот. Аммо… таълимдаги қоғозбозлик, ортиқча ҳисоботбозлик инсонни чарчатади. Ёшлигимда Ўзбекистоннинг бирор хорижий мамлакатдаги элчиси бўлиб ишлашни орзу қилган эдим. Яна бир касб менда ҳавас уйғотган: радио ва телевидениеда дубляжда ишлаш.

  1. Шогирдларим кўп, улар билан фахрланаман.

5.Ўзимга танқидий назар билан қарай оламан. Танқид қилишса, ўша пайт жаҳл қилсам ҳам, вақт ўтгач хатоимни тушунаман. Узр сўраш мен учун осон иш.

6.Қўшиламан. Мен таниган ва билган одамлар ичида жаҳлни тўла жиловлай оладиган ягона инсон бу — раҳматли отамлар эди. Бу хислатнинг менда ҳам бўлишини жуда-жуда хоҳлайман.

 Марям Хонимова ёзиб олди.

 

Фарида Эгамбердиева:

1.Аёллик бахти унинг она эканлигида деб биламан. Шунингдек унинг суюкли ёр, меҳрибон она, яқинлари учун керакли инсон бўлганида. “Энг бахтиёр дамларимни мен уйда, оилам даврасида ўтказаман. Афсуски, кўп ҳолларда бу бахтиёрликни ўзимдан қизғонаман”, деган экан Томас Жефферсон.

2.Ҳар бир аёлнинг ўз орзуси бўлади. Яъни орзудаги аёл бўлиш. Бу орзу ёшликдан шаклланиб келади. Қиз бола чиройли келинчак бўлишни, оилапарвар турмуш ўртоқни ва бахтли, меҳрибон она бўлишни орзу қилади. Бунинг ёмон жойи йўқ.

3.Шу касбни танлашимга сабабчи инсонлар – ота-онам. Онамнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, отамнинг эса журналист эканлиги боис ёшлигимдан бу касбга ҳавас билан қараганман.

  1. Шогирдларим бор, албатта. Аммо ўзимиз ҳам, гарчи устоз мақомига етсак-да, бизга сабоқ берган устозларимиз даражасига эришмадик, деб ҳисоблайман.
  2. Ўзига нисбатан танқидий муносабатда бўлиш – яхши фазилат. Бу фазилат эгалари ҳаётда кўп нарсага эришадилар.
  3. Жаҳл келганда – ақл кетади, деб тўғри айтилган. Лекин ҳар доим ҳам эмас. Негаки, жаҳл келганда, инсон кўп ҳолларда ҳаққоний фикрлайди.

Камола Собитжонова ёзиб олди.

 

Саодат Шомақсудова:

  1. Аёллик бахти унинг оиладаги мавқеи, фарзандлари камоли билан белгиланади.
  2. Аёл орзуси чексиз. Бир орзуси ушалса, бошқаси пайдо бўлаверади. Бу — ҳаётнинг азалий қонуни. Орзулашдан тўхтаган одам яшашдан ҳам тўхтайди.
  3. Факультетимизда узоқ йиллар ишлаб, кўп шогирдлар етиштирган устоз Анвар Шомақсудов оиласига келин бўлганман. Журналистика соҳасига келишим шу улуғ инсон билан боғлиқ. Мен бундан фахрланаман.
  4. Шогирдларим кўп, уларга ҳавасим келади…
  5. Шундай қилишга ҳаракат қиламан. Менимча, натижа ёмон эмас.

6.Шундайлигини билганим учун ҳам жаҳлни ичимга ютаман. Аммо… баъзан ичинг ҳам тўлиб кетади-да…

 Шоҳиста Пиримова ёзиб олди.

 

Дилдора Ризаева:

  1. Мен учун бахт бу – оила. Кимдир мансабни бахт деб ҳисоблайди, кимдир дунё бўйлаб кезишни бахтга йўяди. Мен учун энг муҳими — оиламнинг тинчлиги.
  2. Бу ёруғ оламда орзусиз инсон бўлмаса керак. Мен ҳам ўшаларнинг бириман, орзуларим кўп, аммо ўзим учун қадрли.
  3. Ўзимга ўзим туртки берганман.
  4. Улуғбек Раҳматуллаев, Абдураҳмон Орипов каби шогирдларим билан фахрланаман.
  5. Табиатан юмшоқ кўнгилман. Жиддийроқ бўлишга ҳаракат қиламан. Ўзимга нисбатан танқидий муносабатда бўлишдек улуғ фазилат мен учун бегона эмас.
  6. Тўғри, менда ҳам шундай бўлиб туради. Аммо жаҳлим одатда кам чиқади. Самимийлигимни суиистеъмол қиладиганларга нафрат кўзи билан қарайман. Шундай кезларда, яхшиси, менга рўпара келмаганлари маъқул…

 Илҳом Худойназаров ёзиб олди.

 

Феруза Абдусагатова:

  1. Мен учун фарзандларим, турмуш ўртоғим ва онажонимнинг саломатликлари, яқинларим ва жигарларимнинг борлиги, хонадонимизнинг тинчлиги, оилам билан дастурхон атрофида доимо бирга бўлиш энг катта бахт.
  2. Аёл орзуси чиндан ҳам чексиз, лекин ҳамма оналарнинг энг буюк орзуси — фарзандларининг бахти ва камолини кўриш бўлса керак.
  3. Журналистикани шу касбга кизикишим туфайли танлаганман. Бошқа касбни танлашга тўғри келганида бошланғич синф ўқитувчиси булар эдим. Чунки жажжи, беғубор болажонлар билан ишлашни ёктираман.
  4. Бўлганда қандоқ! Уларни кўриб хурсанд бўламан. Шогирдларим устозларини унутиб қўймасалар бўлди…
  5. Жаҳл чиққанда ўтириб олиш керак деган гапни кўп бор эшитганман. Баъзан шундай қилишга ҳам тўғри келади.

 Ситора Ҳикматуллаева ёзиб олди.

 

Азиза Ҳамроқулова:

  1. Аёллик бахти турмуш ўртоғидан, фарзандларидан кўрадиган меҳрда, эътиборда деб биламан. Оиласи мустаҳка аёл, меингча, энг бахтли бўлса керак.
  2. Аёлга аслида куп нарса керак эмас. Шоира Зулфия Мўминованинг шундай сатрлари бор:

Аёлга бахт беринг, саодат беринг,

Деманг юрибди-ку, кулиб жилмайиб.

Аёл кулиб туриб, ўлиши мумкин

Дунёни олиши мумкин жилмайиб.

  1. Жамиятдаги ноҳақлик, адолатсизлик ҳақида ёзаман, гапираман деган тушунчалар билан бу касбни танлаганман. Журналист бўлмаганимда, хирург бўлардим. Бу касб эгаларига ҳурматим баланд. Улар инсонларнинг дардига малҳам бўлай деб жон куйдириб ишлайдилар. Бу касб эгаларида шернинг юраги, бургутнинг кўзи, аёлнинг калби бор.
  2. Ҳа, бу ҳаётнинг азалий конуни, шундай бўлиши керак. Шундай шогирдларимдан бирининг исмини ўғлимга қуйганман.
  3. Ҳар қандай вазиятда ҳам инсон ўзини қўлга ола билиши керак.

  Ситора Ҳикматуллаева ёзиб олди.

 

Зарифа Айтматова, талабалар турар-жойи бекаси:

1.Аёл она бўлгандагина чинакам бахт нималигини тушуниб етади.

  1. Орзуларим тугади деган аёлнинг ўзи йўқ. Орзу чегара билмайди.
  2. Бу касбга адашиб келганман десам ҳам бўлади. Агар имкон бўлганида олим бўлардим. Институтни тамомлаб илмий фаолиятни бошлаётганимда турмуш ўртоғим оламдан ўтганлар. Оила ташвиши бўйнимга тушган. Иккита қизимни вояга етказишга ўзимни бағишлаганман.
  3. Танқид кўпчиликка ёқмайди, аммо ўзи фойдали нарса.
  4. Қўшилмасликнинг иложи йўқ. Ўзимда ҳам бу ҳолатни кўп кузатганман. Чунки оилада ҳам ота, ҳам она бўлиш қаттиққўлликни талаб қилади. Жаҳлни жиловлаш эса доим ҳам осон бўлмайди.

 Нилуфар ёзиб олди.

 Интервью устоз публицист Аҳмаджон МЕЛИБОЕВнинг маҳорат мактабида нашрга тайёрланди

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *