Аё тарлон!
Атоқли адиб Тоғай Мурод хотирасига
Аё Тарлон, сен оғам, сен инимдирсан,
Бу ёлғончи дунёсида чинимдирсан!
Терингга хол бўлиб юлдуз – чаман тошган,
Сен шамолсан, ҳуштагимдан девор ошган!
Сенга қамчи уриш увол, аё Тарлон,
Белингда ғоз ўтирганлар бўлар арлон!
Нечов-нечов солимга йўл очган қушим,
Мен ўзимни билмаганда бўлган ҳушим.
Яккаш тилдан қўймаганман: “Бос!”, “Урҳо”ни,
Сенда деви бордир юзлаб аждарҳони!
Кўпкарини сувдай қилиб ичган мулла,
Сен биттайдинг, ўнларча бор Зиёдулла!
Адиб топган Отабекка Кумушини,
Тоғай Мурод менга тутган юмушини.
Ўзи четдан кузатгандир нафас ютиб,
Бизлар қолдик, ўзи эса кетди ўтиб…
Адабиёт майдонида чопажакмиз,
Янги-янги мухлисларни топажакмиз!
Аё Тарлон, сен оғам, сен инимдирсан,
Бу ёлғончи дунёсида чинимдирсан!
Тўлқин ЭШБЕК,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Сўнгги фикрлар