Байрам базми. Дилдаги гаплар

Байрамларни ҳаммамиз интиқлик билан кутамиз. Айниқса, янги йилнинг файзи ўзгача.

Йил адоғида сарҳисоб қилиш ўзига хос таомилга айланган. Йил бошида тузилган режалар, орзу-ниятлар қанчалик амалга ошганини кўришнинг ҳам гашти бор-да.

2017 йил ижод ва илм аҳли, санъат ва маданият ходимлари учун тарихий воқеаларга бой бўлди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 3 август куни ана шу ноёб истеъдод соҳиблари билан ўтказган учрашуви, унда дилдан айтилган сўзлар қалбларга муҳрланди. Мамлакатимизда адабиёт, маданият ва санъатни, китобхонликни ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Бу борада зиммага юклатилган вазифалар барчани илҳомлантирди.

Меҳнатга яраша рағбат, деганларидек, ижод ва илм аҳли, санъат ва маданият ходимларига кўп имкониятлар яратилмоқда, имтиёзлар берилмоқда.

Янги йил арафасида Тошкентдаги муҳташам “Наврўз” ресторанида бир гуруҳ ижод ва илм фидойилари, санъат ва маданият намоёндалари учун байрам базми ташкил этилди.

Тадбирни Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ ёзувчиси Муҳаммад Али табрик сўзи билан очиб, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган улуғвор ишлар ижод ва илм аҳли, санъат ва маданият ходимларига илҳом, куч-ғайрат бахш этаётганини алоҳида таъкидладилар.

яй1

Байрам базмига Шерали Жўраев ва ўғли Зоҳиршоҳ, Насиб Абдуллаева, Ғиёс Бойтоев, Равшан Комилов, Зулайҳо Бойхонова, Замира Суюнова, Малика Эгамбердиева, Ботир Қодиров каби севимли санъаткорларимиз файз киритдилар.

Базмдан сўнг тадбир иштирокчиларига қимматбаҳо совғалар ҳадя этилди.

Базм деганлари – еб-ичиб, мазза қилиб томоша кўриб кетавериш эмас. Одам ҳар бир қадамида юз бераётган воқеа-ҳодисаларга теран назар билан қараши лозим. Ўтган бир йил мобайнида пойтахт шаҳримизда амалга оширилган ҳамда изчил давом этаётган улкан бунёдкорлик ишлари ҳақида ўйлаганда “мен қандай ҳисса қўшаяпман?” деб бир бора ўзимизга савол беришга одатланишимиз керак. Кеча бирор жўяли ишга қўл ура олмаган бўлсангиз, эртага ҳам қараб турманг, томошабин бўлманг! Касбу корингизга яраша бирор хайрли ишга қўл уринг, дея барчани даъват қилгим келади.

Хўш, ўзинг нима қилдинг, деб савол беришингиз мумкин.

Саволингизга қуйидаги иккита “Ташаккурнома”ни тақдим этаман.

таш2 таш1

Олмазор туман ҳокими ЎзМУнинг фидойи маънавият тарғиботчилари Аброр Хидиров, Лаълихон Муҳаммаджонова, Дилфуза Ҳабибуллаевага ҳам ана шундай “Ташаккурнома” юборган. Ҳар қалай, янги йил олдидан бундай эътибор маънавият тарғиботчиларини янада илҳомлантиради.

Буларни мақтаниш учун кўз-кўз қилмадим. Қолаверса, уларни юборганлар ҳам унча-мунчага бировни мақтайдиганлардан эмаслигини яхши биласиз!

Ёшинг бир жойга боравергач, мақташ ҳам, мақтаниш ҳам бачканадек туюлиб қолар экан. Бирор манфаат йўлида кимнидир мақтамайман, кимдир мени мақтаса, ҳушёр қарайдиган бўлиб қолдим… Ёшга яраша ақл салоҳияти ҳам улғаяётгани шу бўлса керак…

яй3

Жонажон Миллий университетимизда ҳам янги йил байрам базмлари жуда файзли ўтади. Маънавий-маърифий ишлар борасида туғма истеъдод соҳиби Қодиржон Абдураҳимовга ва унинг “командаси”га айланган ака-ука Жамшид ва Жалолиддин Юсубовларга қойил қоламан. Ҳар йили театрлаштирилган байрам дастурини шу қадар қизиқарли тайёрлайдики, базмимизда иштирок этган баъзи санъаткорлар ҳам унга тан бериб кетадилар.

Айни пайтда Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор вазифасини бажараётган оқибатли дўстимиз, фалсафа доктори  Қодиржон Абдураҳимов ЎзМУда фаолият кўрсатиб кетишган ҳамкасбларни ҳам ёддан чиқармайди. Бу гал азиз меҳмонлар қаторида университетимизнинг собиқ ректори Ғофиржон Муҳамедов, маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор бўлиб ишлаган Ботир Зокиров, Баҳодир Ҳусановлар ўтирганини кўриб қувондик.

Бундай пайтда ўша раҳбарлар фаолият кўрсатган даврларда юз берган ажиб воқеаларни хотирлашнинг ўзи мароқли.

Шу лаҳзада кўнгилдан кечган баъзи ўйлар, мушоҳадаларни қоғозга кўчиргим келди.

яй2

Профессор Ғофиржон Муҳамедов ректорлик даврида қанчалик ташкилотчи эканини намойиш этган. У 2006 йилда каминани жамоатчилик асосида ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари этиб тайинлаб, университет Кенгашига аъзо қилгани ва самарали ишлагани билан қалбимизда муҳрланган. Мана, 12 йилдирки, шу масъулиятли вазифани қўлдан келганча адо этиб келаяпман. Бу даргоҳда Журналистика факультетининг бўлажак матбуот котиблари учун «Ёш матбуот котиблари клуби»ни ҳам ташкил этдик. Унда маҳорат сирларини ўрганган ёш мутахассисларимиз кўплаб вазирлик, ташкилот ва муассасаларнинг Ахборот хизматларида самарали хизмат қилишмоқда!

Бугун ЎзМУ маънавий-маърифий ишлар бўйича собиқ проректори Ботир Зокиров ҳақида сўз кетса, “Талабалар баҳори” деб номланган ажойиб тадбир ҳамманинг ёдига тушади. Бу маънавий-маърифий тадбирда ўнлаб истеъдодли талабалар кашф этилган эди. Китобга ошно, санъат сеҳрини қалбдан ҳис этувчи ёшлар саҳналарда ўзлигини намоён қилишгани эсдан чиқмайди. Ҳакамликка таклиф этилган таниқли санъаткорлар ЎзМУ талабаларининг истеъдодига юксак баҳо бериб кетган эдилар. Энг муҳими, минглаб талабаларимизнинг қалблари маънавият ёғдуларидан мунаввар бўлган эди.

Том маънода инсонпарвар, маънавият ва маърифат фидойиси сифатида қалбимиздан жой олган профессор Ботир Зокиров даврида “Ўзбекистон Миллий университети” газетаси фаолияти росмана йўлга қўйилиб, бу нашр ҳақиқий университет «кўзгу»сига айланиб қолди.

Муомала маданиятини Ботир Зокировдан ўрганиш керак, дегим келади. Ҳар бир ходимнинг қалбига йўл топиб, кейин у билан қандай ишлаш кераклигини жуда яхши биладиган проректор сифатида таассурот қолдирган бу самимий, оқкўнгил инсон барчамизда жуда яхши таассурот қолдириб кетган. Энди байрамларларда бир дастурхон атрофида шакаргуфторлик қилиш бизга ҳам завқ бағишлайди.

к2

Маънавий-маърифий ишлар бўйича собиқ проректорлар ҳақида сўз кетса, албатта сиёсий фанлар доктори Қаҳрамон Қуронбоев эҳтиром ила тилга олинади. Ташкилотчилик бобида туғма истеъдод соҳиби бўлган бу устоз ўз фаолияти давомида “Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор қандай бўлиши керак?” деган саволга мухтасар жавоб бериб кетган, десам муболаға бўлмайди. Ўша кезларда ЎзМУда факультетлар сони 12 та эди. Мен Қаҳрамон Қуронбоев фаолияти ҳақида “Ўн учинчи факультет” сарлаҳали мақола ёзишни режалаштириб қўйгандим. Қисқача мазмуни: ҳар куни талабалар билан лиммо-лим бўладиган ЎзМУ Маданият саройи гўё “Ўн учинчи факультет”га ўхшайди. Факультетларда талаба-ёшлар таълим олса, бу масканда ҳақиқий тарбия олишмоқда, дунёқараши муносиб шаклланмоқда, маънавий олами юксалмоқда. Ташабабускор проректор саъй-ҳаракатлари билан ўтказилган ўша маънавий-маърифий тадбирлар талаба-ёшлар учун катта сабоқ бўлгани ҳақида таҳлилий мақола ёзишни дилимга тугиб қўйганман.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети жамоаси ўқув йили давомида зиммасига юклатилган қатор вазифаларни бекаму-кўст адо этишга интилади. Ўқув, илмий, маънавий-маърифий, халқаро алоқалар йўналишида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан пайдар-пай топшириқлар, буйруқлар келиб туради. Булардан ташқари республикамиз миқёсида ўтказиладиган кўплаб илмий анжуманларда, маънавий-маърифий тадбирларда ЎзМУ профессор-ўқитувчилари иштирок этишади. Ҳар бир топшириқ ва буйруқнинг замирида катта меҳнат ётади. Профессор-ўқитувчиларимиз йил мобайнида ана шу шарафли вазифаларни қойилмақом қилиб бажараётганларини эътироф этиб, турли идоралардан, ҳокимликлардан “Ташаккуронома”лар келаётганини яна бир бор таъкидлаш ўринлидир.

2017 йилда ЎзМУда маънавий-маърифий ишлар анча салмоқли бўлганини, бу борада проректор Давлатбой Жумабоев ташаббускорлик ва шижоат билан фаолият кўрсатганини ортиқча изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак.

б1

Айни пайтда физика-математика фанлари доктори Давлатбой Жумабоев ЎзМУ ўқув ишлари бўйича биринчи проректори лавозимига ўтказилди.

Университетимизда ўқув ишлари – энг оғир участка эканлигини ҳаммамиз биламиз. Сиртқи таълим билан қўшиб ҳисоблаганда 11 та факультетнинг давлат таълим стандартлари (ДТС), ўқув дастурлари ва унга мос бўлиши талаб этиладиган ишчи дастурларини тўғри тақсимлаш, дарслар жараёни мукаммал бўлишига эришиш ва уни назорат қилиб бориш ишлари ғоят улкан масъулият талаб қилади. Очиғи, сўнгги йилларда бу йўналишда анча-мунча чигал муаммолар пайдо бўлган эди. Битар ишнинг бошига – ботир келар қошига, деганларидек, катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган Давлатбой Жумабоевнинг ўқув ишлари бўйича биринчи проректори лавозимига ўтказилгани бутун жамоада умид уйғотди.

Давлатбой Жумабоев – шу жамоада улғайган, камол топган, узоқ йиллар ректор ёрдамчиси, Математика факультети декани, маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор лавозимларида бошқарув тизими сир-асрорларини теран ўрганган, кенг феълли, оқкўнгил, самимий инсон. Баъзи чигал масалалар пайдо бўлиб қолса, уни оқиллик билан ижобий ҳал этишини кўп кузатганман. Худо хоҳласа, университетимиз жамоаси ўқув ишларидан рози бўлиб фаолият кўрсатишига ишонамиз.

б5

Ўқув ишлари ҳақида сўз кетганда ЎзМУ Ўқув-услубий бошқармаси бошлиғи Илҳом Ҳайдаров ва ўринбосари Дамир Толиповнинг залворли меҳнатлари ҳам таҳсинга лойиқ эканлигини таъкидламоқчиман.

Университетимизда илмий ишлар ҳам анча жонланган. Проректор Олимжон Холмуҳамедов ва ушбу йўналиш бўлим бошлиғи Учқун Одамбоевнинг бу борада ташаббус кўратиб ишлаётганларини эътироф этиш даркор.

б8

Профессор Олимжон Холмуҳамедов камтарлиги, ташаббускорлиги ва қатъиятлилиги билан илм аҳлига ибрат кўрсатмоқда. У яқинда АҚШда бир ойча хизматсафарда бўлиб, халқаро алоқалар доирасида қатор лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этиб қайтдилар. (Бу ҳақда устоз билан суҳбат қилишни режалаштириб қўйганмиз).

ЎзМУ фаолиятида ривожланган давлатлар таълим муассасалари билан илмий ҳамкорликлар, яъни, халқаро алоқалар алоҳида ўрин тутади. Бу йўналишни ҳам янада такомиллаштириш мақсадида 2017 йилда Халқаро алоқалар бўйича проректор лавозими жорий этилди. Бу лавозимга тайинланган Расул Раҳмонов шу йўналишда анча йиллардан буён самарали фаолият кўрсатиб келаётганини яхши биламиз. ЎзМУнинг 30 дан ортиқ давлатлар олий таълим ва илмий муассасалари билан ҳамкорликларини изчил давом эттириш, бу борада белгиланган режаларни тўла-тўкис амалга ошириб бориш ғоят улкан масъулият талаб қилади. Кунда-кунора университетимизга чет эллик олимлар, профессор-ўқитувчилар ташриф буюрмоқдалар. Ўз навбатида ЎзМУ академиклари, тадқиқотчилари ва талабалари хорижда ўтказилаётган илмий анжуманларда фаол иштирок этишмоқда.

б1

Миллий университетимиз шуҳратини дунё қадар кўтаришга хизмат қиладиган ана шу масъулиятли вазифани муваффақиятли адо этишда Расул Раҳмоновга омадлар тилаб қоламиз.

Қатор йиллардан буён ЎзМУ қошида 3 та академик лицей фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўтган йили университетимизга яна 2 та коллеж ва 10 та умумтаълим мактаблари бириктирилди. Улар фаолиятини такомиллиштириб боришда ЎзМУ Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари билан ишлаш бўйича проректори Исмоил Фозилжонов ва ушбу йўналиш бўлим бошлиғи Иброҳим Эшмоновларнинг саъй-ҳаракатлари эътиборга моликдир.

б3

б6

Миллий университетимиз фаолиятига теран назар ташлаганда доимо бир гуруҳ фидойи ҳамкасбларим кўз ўнгимда намоён бўлади. Аввало, ҳар ишда фаол, етакчилик вазифасини бажарадиган профессор-ўқитувчилар Раҳбар Муртазаева, Шавкат Отажонов, Ҳожиакбар Тўйчиев, Туйғун Бобоев, Тўхтасин Абдураҳмонов, Фазлиддин Ҳикматов, Неъмат Норқулов, Сотимжон Холбоев, Касаба уюшма қўмитаси раиси Нўъмонжон Мамадалиев, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Лазиза Ғофурова, Ҳуқушунос-маслаҳатчи Гули Яҳёева, Намунавий деканат мажмуаси директори Маҳмуд Тўхтаев, Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров, Хотин-

лол

қизлар қўмитаси раиси Лаълихон Муҳаммаджонова, Ички назорат ва мониторинг бўлими бошлиғи Азиз Қозоқов, Ёшлар Иттифоқи кенгаши раиси Шукурилло Анваров, Маркетинг хизмати бўлими бошлиғи Аҳрор Ҳамроев, Ахборот технологиялари маркази бошлиғи Руҳилло Тожиев, Ахборот ресурс маркази директори Ирина Кислицина, Режа-молия бўлими бошлиғи Эргаш Тангиров, Тиббий тайёрлов бўлими бошлиғи Раъно Рустамова, кўп йиллар Илмий Кенгашимиз котиби лавозимида самарали фаолият кўрсатган Мавлуда Султонова, талабалар билан ишлаш сектори мудири Гулчеҳра Бекиматова, факультетлараро Жисмоний тарбия кафедраси мудири Тимур Набиев, Ҳарбий тайёргарлик кафедраси бошлиғи Шавкат Ўринов ва муовини Абдуқодир Ҳайдаров, университет нашриёт бўлими мудири Каримжон Рихсиев… Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Улар ҳар куни шу жонажон университетим учун қандай яхши иш қилишим зарур, деб келадилар! Ва, албатта, эзгулик йўлида кўп ишларни қойил қилиб кетадилар!

б9

Касбим тақозосига кўра, борини борича, йўғини ҳолича айтишга одатланганман. Оқни – оқ, қорани – қора, дейиш журналистлик бурчим! Билдираётган самимий фикрларим, таклифларим ҳар бир мутасадди ва ходимга фақат наф келтиришини, фаолияти янада самарали бўлишига хизмат қилишини яхши билганим учун ушбу мушоҳадаларимни ёзаяпман.

Сўнгги беш йил орасида университетда уч бора ректор алмашиб, тинчимиз йўқола бошлаган эди. Меҳнат жамоаси – оиладек муқаддас, деб биламан. Раҳбар – ота-онадек ҳар бир ходими учун масъул шахс ҳисобланади.

Ректорлик ўзи бағоят оғир, залворли ва улкан масъулият талаб этадиган лавозим. Буни биргина юқори ташкилотлардан пайдар-пай келаётган топшириқ ва буйруқларга (уларнинг ижросига қисқагина муддат қўйилишига) назар солган киши тезда фаҳмлаб олади. Ҳар куни кадрлар бўлими, девонхона ва бошқа масъул ходимлар томонидан ректорга олиб кирилаётган қучоқ-қучоқ ҳужжатлар, аризалар ва бошқа қоғозларни кўриб юрагинг увишиб кетади. Ҳар бир қоғоз ортида камида бир ходим ёки талабанинг тақдири туради. Уларнинг ҳаммасини синчковлик билан кўриб чиқишга озмунча матонат керакми? Ректорнинг “Виртуал қабулхона”си ҳам ҳар куни бир талай ишни зиммага юклаб қўяди.

Университетда кунда-кунора ўтказиладиган илмий анжуманлар, хориждан ташриф буюрган олимлар билан суҳбатлар, маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этиш ва уларни кириш сўзи билан бошлаб бериш ҳам ректорнинг зиммасида. Булардан ташқари республика аҳамиятига эга анжуманлар, мажлис ва бошқа тадбирларда ҳам мунтазам қатнашиш талаб этилади.

Молия-хўжалик ишларининг ўзи бир дунё. Уларни назорат қилиб бориш учун ректордан озмунча масъулият талаб этиладими?

Катта даргоҳнинг иш ҳажми ҳам катта бўлгач, уни назорат қиладиганлар ҳам шунга яраша бўлар экан. Текширувчиларга ҳам тўзим берсин, йил-ўн икки ой биз билан ҳамнафасдирлар! Улар ҳар гал салом-аликни ректордан бошлаб, охирида яна етакчимизга хулосаларини тақдим қилиб кетадилар.

Яна бир ўта нозик гап бор; ўн мингга яқин талаба, тадқиқотчи, профессор-ўқитувчидан тортиб оддий ишчи-хизматчиларгача уззу кун тинч, эсон-омон юриш-туришларини оила бошлиғидек кузатиб боришнинг ўзи бўлмайди. Худо сақласин, бирортаси мушкул аҳволга тушиб қолса, жамоадан кимдир билиб-билмай хатоликка йўл қўйса, арзимаган муҳаббат можораси ортидан ошиқ талаба жонига қасд қилса ё хатарли йўлга кириб қолса, биринчи “зарба” раҳбарга келади…

Хуллас, ректорлик фаолияти учун 24 соат камлик қилишини тўғри тушунмоқ керак!

Шукрки, 2016 йилда профессор Авазжон Мараҳимов ректорлик лавозимига тайинланганида ҳаммамиз енгил тортдик.

б

Авазжон Мараҳимов билан ўн йил аввал ўтказилган “Универсиада – 2007” анжуманида яқиндан танишгандик. Ахборот-коммункация технологиялари бўйича етук мутахассис бўлган Устоздан анча-мунча сабоқ олгандик. Анча йиллар олий ва ўрта-махсус таълим вазири ўринбосари, халқ таълими вазири лавозимларида катта тажриба орттирган устоз энди ректор сифатида Миллий университетимизни ҳар томонлама равнақ топтиришига, илму-маърифат майдонида юксак даражага олиб чиқишига умид қилдик.

ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари сифатида Миллий университетимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида ёритиб борар эканман, янги ректор Авазжон Мараҳимовнинг фаолиятида ярқ этиб кўзга ташланган, энг муҳими, ўз самарасини кўрсатаётган айрим жиҳатларини санаб ўтмоқчиман:

  1. Янги ректор ишни университет академиклари билан мулоқотдан бошлади ва келгусида амалга оширилиши зарур бўлган ғоят муҳим режаларни бамаслаҳат ишлаб чиқди.
  2. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан университетимизга жалб этилган йигирмадан ортиқ академикларга энг муҳим вазифаларни юклади.
  3. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан берилаётган кўплаб топшириқлар, буйруқларни ўз вақтида сифатли бажарилишини таъминланишининг механизми тўғри йўлга қўйилди. Ҳар бир топшириқ ва ижроси локал тармоқда ўз аксини опиб туради.
  4. ЎзМУнинг ҳақиқий илм-фан фидойилари билан бамаслаҳат иш қилишни йўлга қўйди. Илм билан шуғулланаётган иқтидор соҳибларини ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Жамоада соғлом муҳит ўрнатиш учун эрта-ю кеч зийраклик билан иш юритмоқда. Илм йўлига тўғаноқ бўладиган айрим иллатларга чек қўйилди. (Шу кунга қадар ҳеч ким ғийбатдан ноҳақлик қурбонига айланмади).
  5. Ривожланган давлатларнинг олий таълим муассасалари билан халқаро илмий алоқаларни ривожлантирмоқда. Бунинг натижасида кўплаб хорижлик профессор-ўқитувчилар ЎзМУда, университетимиз академиклари, профессорлари хориж таълим муассасаларида дарс бериши изчил ривожланмоқда. ЎзМУда қатор Халқаро илмий анжуманлар ўтказилмоқда. Хорижда бўлиб ўтаётган ана шундай анжмуманларда академикларимиз, профессорлар-ўқитувчиларимиз фаол иштирок этмоқдалар.
  6. Иқтидорли талабалар билан ишлаш ректорнинг асосий ишларидан бирига айланган. Унинг ташаббуси билан бу йил ўқишга қабул қилинган талабалардан 300 га яқини алоҳида-алоҳида академик, профессор ва доцентларга бириктириб қўйилди. Бундан мақсад: ана шу иқтидор соҳибларини келгусида илмий ишларга жалб этиш ва рағбатлантиришдир.
  7. Чет элдан келиб ЎзМУда таҳсил олаётган талабалар ректорнинг доимий эътиборида. Улар билан бир неча марта очиқ мулоқот ўтказилди.
  8. Ректорнинг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан инновацион ғоялар, кашфиётлар ва тадқиқотлар, айниқса, ёш олимлар фаолияти учун университетда кенг имкониятлар яратилди.
  9. Талабалар турар-жойида зарур шарт-шароитларни яратиш бобида ректор ташаббуси ва ғамхўрлиги ҳар қадамда сезилиб турибди.
  10. Ҳар бир талабанинг соғлом ўсиб-униши, дунёқараши муносиб шаклланиши учун маънавий-маърифий тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. Бу борада ректор университет Маънавият ва маърифат маркази, Мураббийлар кенгаши, Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш юзасидан қатор режаларини амалга оширмоқда. ЎзМУ фаолияти ОАВда кенг ёритилишида шахсан ўзлари ҳам ташаббус кўрсатмоқда, вақти-вақти билан “Муносабат” ва бошқа кўрсатувларда, матбуот анжуманлари, давра суҳбатларида илғор фикрлари билан иштирок этмоқда.
  11. Университет моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда. Режа асосида қатор ўқув бинолари, иншоотлар таъмирланмоқда.

Санайверсак, ректоримиз саъй-ҳаракатлари билан эришилган ютуқларимиз анчагина. ЎзМУда амалга оширилаётган ишлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда.

Бундай муваффақиятларга эришишда Авазжон Мараҳимовнинг аввало ҳар бир ходим қалбига йўл топиши, хуш муомаласи, оқкўнгиллиги, самимийлиги ва албатта, ташаббускорлиги муҳим ўрин тутаётганини алоҳида таъкидламоқчиман.

Бу гапларим мақтов эмас, билъакс, сабоқдир. Азиз ректоримиз бутун жамоага мақбул бўлаётган ана шу фазилатларини давом эттирсинлар, дея тилак айтгимиз келди.

Яна бир мушоҳада: ана шу эзгу йўлларда бутун жамоа раҳбаримиз атрофида қатъий бирлашсак, ректорнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватласак, ўзимиз ҳам ташаббус кўрсатиб ишласак, янада улканроқ чўққиларга, улкан зафарларга эришамиз!

б2

б4

Илм-фан ва миллат фидойиси сифатида эътибор қозонган академиклар – Маҳмуд Салоҳиддинов, Азимбой Саъдуллаев, Шавкат Аюпов, Шавкат Алимов, Бакирдин Зарипов, таниқли адиб Аҳмаджон Мелибоев каби устозлар байрам базмимизга файз киритиб ўтирдилар.

б7

Ўзбекистон Миллий университети Кенгашида (2017 йил ноябрь ойида) Фанлар Академияси аъзолигига номзодлар кўрсатилган эди. Улардан таниқли тарихчи олим Анатолий Сагдуллаев академик унвонига сазовор бўлгани илмий жамоатчилигимизни қувонтирди. Қарийб чорак аср Математика факультетида фаолият кўрсатган таниқли олим Абдулла Аъзамовнинг номи ҳам шу Кенгашда қўллаб-қувватланди. Бу заҳматкаш математик олим ҳам бугун академик сифатида даврамиз кўркига кўрк қўшди!

Гул унган жойдан мудом гуллар унгани мисол кўплаб академиклар етишиб чиққан жонажон ЎзМУда ҳали юзлаб алломалар камол топишига умид қилсак бўлади.

Байрам базмида кўнгилдан кечган гапларнинг адоғи йўқдек.

Ўнлаб, юзлаб фидойи ҳамкасбларим ҳақида тўлқинланиб ёзгим келади ва келгусида албатта бу эзгу ният йўлида қалам тебратишдан тўхтамайман.

Янги 2018 йилда барча эзгу ниятларимиз ижобат бўлишини тилаб қоламан.

  Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Вам может также понравиться...

1 комментарий

  1. Abdulla A. Azamov:

    Суратлардан бирида чапда: атоқли журналист Аҳмаджон Мелибоев, ўртада: биология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон қишлоқ хўжалик фанлари академиясининг академиги, бир неча хорижий академияларнинг аъзоси Бакирдин Зарипов, ўнгда Ўзбекистон фанининг ифтихорларидан бири академик Шавкат Алимов.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *