Байрам шодиёнаси
Азиз оналар, опа-сингиллар, олима ва мураббий ҳамкасабалар қувончи-ю шодлигини
кўришнинг ўзи инсонга бир олам қувонч бахш этади. 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети факультетлари, Талабалар турар-жойларида маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар ўтказилмоқда.
Байрам муносабати билан университетимизда кўп йиллардан буён самарали фаолият кўрсатиб келаётган олималар, тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар, оддий ходималардан тортиб ишчи-хизматчиларгача байрам дастурхонига таклиф этилди.
– Жамоамизга ҳамиша файз киритиб фаолият кўрсатишаётган муҳтарама онахону опа-сингилларимиз, азиз ҳамкасабаларимизни шу қутлуғ байрам билан чин қалбимдан муборакбод этаман,– деди ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов.– Барчамиз учун азиз ва мўътабар бўлган аёл зоти ҳақида сўз юритар эканмиз, авваламбор, бизни дунёга келтирган, оқ сути билан бир қаторда чексиз меҳрини бериб вояга етказган Она сиймоси олдида бош эгиб таъзим қиламиз. Азиз аёллар ва дилбар қизларимизни эъзозлаш, эҳтиром кўрсатишдан бахтиёрмиз. Шуни фахр билан айтишимиз мумкинки, мамлакатимиз олималари орасида университетимиз академиклари ва профессорлари салмоқли ўрин эгаллайдилар. Улар сафига яна ўнлаб ёш тадқиқотчи қизларимиз қўшилаётгани умид уйғотади. Илоҳим, ҳамиша соғ-омон бўлингизлар.
Байрам муносабати билан университетимизнинг барча ходималарига пул мукофоти берилди.
Файзли дастурхонга дилрабо куй-қўшиқлар янада файз киритди. Яхши дам – меҳнатга ҳамдам, деганларидек, байрам шодиёнаси барчага олам-олам завқ бағишлади.
ЎзМУ Ахборот хизмати
Сўнгги фикрлар