Байроғим ҳилпираса, жўш урар қалбим!
Жаҳон аҳлининг нигоҳи Токиога қаратилган маҳалда паҳлавон
ўғлонимиз Улуғбек Рашитов халқаро олимпиада чемпиони бўлиб, Ўзбекистон байроғини баланд тутиб ҳилпиратганида миллионлаб қалблар жўш уриб кетганига аминман.
– Шуни фахр билан айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 ноябрдаги «Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети таркибида “Таэквондо ва спорт фаолияти” факультетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан ташкил этилган мазкур факультетимиз қисқа фурсатларда ўз самарасини кўрсатмоқда,– дейди ЎзМУ Ўқув ишлари бўйича проректори Шуҳрат Тошматов.– Зеро, қарорда қайд этилганидек, жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратиш, спорт мусобақалари орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, мардлик ва ватанпарварлик, Ватанга садоқат туйғуларини камол топтириш, шунингдек, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ишларини тизимли ташкиллаштириш ҳамда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Юртимиз вакиллари Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари ҳамда турли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришиб келмоқдалар. Жумладан, республикамизда таэквондо WTF спорт тури жадал равишда ривожланиб бормоқда. Бунинг ёрқин мисоли сифатида мазкур факультет талабаси Улуғбек Рашитовнинг Японияда ўтаётган Олимпия ўйинларида эришган ғалабаси мисолида кўриш мумкин. Бу олтин медаль она Ватанимиз – Ўзбекистон давлат мустақилигининг 30 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.
Умид билан суқулган таёқ, бир кун берар мева-ю япроқ, деганларидек, ЎзМУда уч йил илгари ташкил этилган “Таэквондо ва спорт фаолияти” факультети қисқа муддатларда ажойиб самарасини кўрсатмоқда. Шу кунга қадар шу янги факультетда таҳсил олаётган ўнлаб ёш спортчилар Ўзбекистон, Марказий Осиё чемпиони сифатида довруқ тараётгани барчамизга ғурур бахш этарди.
Бу гал Токиода Ўзбекистон байроғи баланд кўтарилиб, Ватанимиз мадҳияси янграганида юртимизда ҳам миллионлаб спорт ишқибозлари қўлларини кўксига қўйиб турганларини тасаввур этишнинг ўзи мароқли!
Шарҳловчилар фикрича, Ўзбекистон Миллий университети Таэквондо ва спорт фаолияти факультети талабаси Улуғбек Рашитов ўзбек таэквондочилари орасида Олимпиадада биринчи марта олтин медаль олди!
Шу лаҳзада қалбимизда жўш урган туйғулар шеърий сатрларга уланиб кетди:
«Семурғ» киносида девни маҳв этган,
Бунёдга ўхшайсан, паҳлавон дўстим!
Сенинг ғалабангни кўрганда мен ҳам,
Тўнимга сиғмадим, бир қадар ўсдим!
Ишқибозлар сенга қойил қолганда,
Зарби зўр деб роса қилишар ҳавас.
Таэквондочиман, деган бирор зот
Энди Улуғбекка келолмайди бас!
Ҳар зарбингдан чиқар гўё ўт-чақмоқ,
Рақибинг бошидан сачраб кетар тер.
Дунёнинг нуфузли майдонларида,
Ўзбек ўғлонини атайдилар Шер!
Алпомиш авлоди, Темур авлоди,
Бу кун ҳайрат ичра боқар жаҳоним!
Ғолиблар юртининг асл фарзанди,
Сени дуо қилар Ўзбекистоним!
Мен оддий қаламкаш,
Қуролим – қалам,
Бизнинг соҳада ҳам кам эмас жанглар.
Ахборот хуружи қилар панадан,
Қайси ичиқора, асаби танглар.
Ғирромлик қилмасдан чиқгил майдонга,
Кўриб қўй, ёнимда полвон дўстим бор!
Муштлашсанг – билагим,
Ёзсанг – қаламим,
Сени ишғол этар, омад бизга ёр!
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Журналистика факультети доценти,
халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати
Сўнгги фикрлар