Барча саъй-ҳаракатларимиз ободлик, бунёдкорлик ва халқимиз ҳаётини яхшилашга хизмат қилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 август куни

давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнат фахрийлари ҳамроҳлигида Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Барча саъй-ҳаракатларимиз ободлик, бунёдкорлик ва халқимиз ҳаётини яхшилашга хизмат қилади

Биринчи манзил Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналиши бўлди. Давлатимиз раҳбари “Бодомзор” бекатидан янги “Туркистон” бекатигача поездда бориб, амалга оширилган ишларни кўздан кечирди.

– Бу йўл ҳамма нарсани тезлаштиради. Ҳаракатни ҳам, иқтисодиётни ҳам, ҳаётни ҳам, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ушбу метро йўналишининг иккинчи босқичи қурилиши Президентнинг 2016 йил 7 ноябрдаги қарорига мувофиқ бошланган эди. Шавкат Мирзиёев бу ерга бир неча бор келиб, ишнинг бориши билан танишганди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 103,8 миллион доллар бўлиб, қарийб 3 километр метро йўли ҳамда “Юнусобод” ва “Туркистон” бекатлари барпо этилган.

Давлатимиз раҳбари мазкур бунёдкорлик ишларининг тарихини ёдга олди.

– Бу йўлни қуриш осон бўлгани йўқ, – деди Президент. – Маблағ топиб, чет элдан мутахассислар олиб келиб, лойиҳани синчиклаб кўриб чиқдик. Икки йил давомида қурилиш бўлди. Энг муҳими, бу транспорт арзон, хавфсиз, қулай.

Мутахассислар қурилиш жараёни ва сифати ҳақида маълумот берди. Йўлнинг 850 метр қисми ер ости суви кўп жойга тўғри келган. Шунинг учун илгари буни амалга ошириш имкони бўлмаган. Янги лойиҳада Германия технологияси қўлланилиб, сувли жойдан темир-бетон тюбинг қўйиш орқали ўтилган.

Яна бир аҳамиятли томони, метрополитеннинг Юнусобод йўналиши учун рентабеллиги юқори эмасди. Бугунги кунда Юнусобод туманида 340 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Метро йўли узайтирилиб, янги бекатлар қурилгани одамларга катта қулайлик яратди.

Бу транспорт тармоғи иқтисодиёт ва экология жиҳатидан улкан аҳамиятга эга. Хусусан, мазкур икки бекат орқали кунига 7,5 минг йўловчига хизмат кўрсатилади. Натижада автобуслар йўналиши оптималлашиб, автомобиллар тирбандлиги камаяди. Йилига 5,3 минг тонна зарарли газ атмосферага чиқишининг олди олинади.

Умуман айтганда, Тошкент метрополитенидан кунига 240 минг йўловчи фойдаланади. Жами 21 километрдан иборат учта янги –Юнусобод, Сергели ва Қўйлиқ йўналишлари қурилиши натижасида яна 150 мингдан зиёд киши қамраб олиниши режалаштирилган.

Шундан сўнг, Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Аҳмад Дониш кўчасида амалга оширилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларини кўрди.

Илгари бу кўча ўртасидаги майдон бетон девор билан ўралгани сабабли йўл жудаям тор эди. Юнусобод метро йўналишининг давоми қурилиши натижасида бу жой очилди. Аҳмад Дониш кўчасининг Амир Темур кўчасидан Тошкент ҳалқа автомобиль йўлигача бўлган 2,2 километр қисми 6 қаторли қилиб қайта қурилди. 4 қаторли мавжуд йўл реконструкция қилинди. Пиёдалар ва велосипед йўлакчалари, майсазорлар ташкил этилди. Энергия тежамкор ёритиш мосламалари ўрнатилди.

Яна бир муҳим жиҳати – Аҳмад Дониш кўчаси ўртасидаги яшил ҳудуд ва кўча бўйларидаги дарахтлар сақлаб қолинди. 1850 та манзарали дарахт кўчати экилди.

– Йўл қурилишига қўшимча пул бериб, замонавий техникалар олингани бугун натижасини беряпти. Бу эса одамларга манфаат, сифат келтириши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Чорраҳаларда йўл 92 метргача кенгайтирилган. Транспорт воситалари ўнг тарафга тўхтовсиз ҳаракатланиши кўзда тутилган. Бу Аҳмад Дониш, Амир Темур, Боғишамол каби кўплаб кўчалардаги тирбандликни камайтиради. Тошкент ва Қибрай туманлари аҳолисининг пойтахт марказига етиб бориш вақти 2 баробар қисқаради. Ушбу янги трассада бир кунда 60 мингтагача транспорт воситаси ҳаракатланиши мумкин.

Давлатимиз раҳбари бу ерда мутасаддиларга йўлсозлик сифати ва кўламини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

– Одамларимиз ҳам, меҳмонлар ҳам йўлга қараб давлатга баҳо беради. Йўллар яхши бўлса, халқимиз рози бўлади. Шунинг учун бундай сифатли йўлларни ҳудудларда ҳам қуриш, қишлоқ йўлларини ҳам ўзгартириш керак, – деди Президент.

Шу ерда Юнусобод тумани аҳолиси вакиллари билан самимий мулоқот бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Тошкентнинг Фарғона йўли кўчасида амалга оширилаётган таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини ҳам бориб кўрди.

Туркиянинг «Kalyon» ширкати билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган лойиҳага асосан, 8 қаторли янги автомобиль йўли қуриш, 2 қаторли мавжуд йўлни реконструкция қилиш, энергия тежамкор ёритиш мосламалари ўрнатиб, пиёдалар ва велосипед йўлакчалари, майсазорлар ташкил этиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари бир километр йўл қуришга юртимиз ва хорижда кетадиган маблағ ҳамда материаллар қатламини таҳлил қилиш асосида йўл индустриясини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Автомагистраллар билан бирга ички йўлларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Тошкент ер усти ҳалқа метро линиясининг биринчи босқичи – «Дўстлик-2 – Қўйлиқ» йўналиши қуриб битказилди. Ушбу улкан транспорт линиясини лойиҳалаштириш 2017 йилда бошланган эди. Қурилишнинг бориши давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлди. Метронинг ушбу участкасида 7 та бекат барпо этилган. Янги йўналишнинг узунлиги 11,5 километр.

Президент Шавкат Мирзиёев бу ерга ташриф буюриб, жамоатчилик билан бирга поездда юрди.

Бекатлар миллий колорит асосида, ўзига хос дизайнда қурилган. Йўловчиларга қулайлик яратувчи замонавий технологиялар, йўлкирани электрон тўлаш имконини берувчи турникетлар ҳамда эскалатор билан жиҳозланган. Иккинчи қаватдаги бекатларга имконияти чекланган йўловчилар учун махсус лифтлар ҳам ўрнатилган.

Масалан, Тузель ҳудудидаги учинчи бекат аҳоли гавжум жойда, автомобиллар чорраҳасида жойлашган. Ушбу бекатда тушиб чиқадиган йўловчилар оқими нисбатан кўпроқ бўлиши кутилмоқда. Икки қаватдан иборат бекатнинг биринчи қаватида ишчи-ходимлар учун маъмурий ҳамда тиббий хоналар ва касса қурилган. Йўловчилар кириб чиқиши, махсус турникетдан ўтиши биринчи қаватда амалга оширилади. Иккинчи қават эса перрон қисми бўлиб, унинг бир томонига йўловчиларга қулай бўлиши учун янги эскалатор, иккинчи томонига эса имконияти чекланган йўловчилар учун махсус лифт ўрнатилган. Перрон қисми замонавий ёриткичлар билан безатилган. Бекат ичида Тошкент метрополитени харитаси, перронда эса шаҳар ташқарисига чиқиш учун кўчалар номини кўрсатувчи маълумотлар белгиси қўйилган.

Перрондан поездга чиқиш қисмига кўзи ожизлар учун махсус бўрттирилган плиталар ётқизилган. Бекатнинг асосий икки томони қуёш нурини кам ўтказадиган махсус ойналар билан қопланган. Перронга кириб-чиқиш ҳудудларида кўркам ва рангли кафеллардан фойдаланилган. Бекат атрофи ва ҳудуди ободонлаштирилиб, замонавий ёритгичлар ўрнатилган, йўлакларга узоқ муддатга чидамли брусчаткалар, мармар тошлари терилган.

Учинчи бекатдан сўнг Илтифот ҳудудидаги тўртинчи ҳамда Роҳат ҳудудидаги бешинчи бекат келади. Пойтахтимизнинг шарқий дарвозасига кириш ҳудудида жойлашган ушбу кўркам бекат орқали шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонлари Тошкентнинг марказий ва чекка ҳудудларига қисқа фурсатда хавфсиз етиб бориш имконига эга бўлади.

Ушбу йўналишда поездларнинг ўртача юриш тезлиги соатига 60 километрни ташкил этади. Оралиқ масофани босиб ўтиш вақти – 19 дақиқа, бекатларда тўхташ вақти – 15 сония, ҳар бири 4 та вагондан иборат 4 та поезд қатнайди. Россия Федерациясидан метро линияларининг эстакада йўналишида ҳаракатланадиган замонавий ва юқори сифатли, йўловчилар учун барча қулайликларга эга вагонлар тайёрланиб, юртимизга келтирилди.

“Дўстлик-2 – Қўйлиқ” йўналиши фойдаланишга топширилиши ҳисобига 225 янги иш ўрни яратилди. Ушбу йўналиш кунига 46 минг йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

– Пойтахтимизда транспорт кундан-кунга кўпайиб бормоқда, бу тирбандлик ошиши билан бирга ҳавонинг ифлосланишига ҳам сабаб бўлмоқда. Ер усти метроси арзон, қулай ва хавфсиз. Энг муҳими, бу бошқа жамоат транспортларидаги юкламани ўзига олади, шаҳар марказидаги тирбандликни камайтиради, – деди Шавкат Мирзиёев.

«Қўйлиқ» бекатида кейинги босқичлар қурилиши бўйича тақдимот ўтказилди. Ер усти ҳалқа метроси лойиҳасининг умумий қиймати 422 миллион доллардан зиёд бўлиб, бешта босқичда амалга оширилиши режалаштирилган. Иккинчи босқичда Қўйлиқ бозори билан Тошкент ер ости метросининг “Олмазор” бекати боғланади. Учинчи бўлиб “Беруний”, ундан кейин “Бодомзор” бекатигача бўлган қисм қурилади. Сўнгги босқичда эса ҳалқа метро линияси яна “Дўстлик” бекатига уланади. Бу йўлларнинг жами узунлиги қарийб 55 километр, бекатлар 35 та бўлади.

Президентимиз аҳолига қулайлик яратиш мақсадида янги замонавий транспорт линиясининг қолган босқичларини ўз муддатида фойдаланишга топшириш, қурилиш сифатига эътибор бериш бўйича мутасаддиларга зарур топшириқлар берди.

Президент Яшнобод туманидаги Фарғона йўли кўчасида, Қорасув канали бўйида қурилаётган “Ассалом, соҳил!” турар жой мажмуаси билан танишди.

22 кўп қаватли уй, 58 коттеж, мўъжаз сайилгоҳлар, яшил майдончалар, антиқа дарахтлар, гуллар, бетакрор кўринишдаги таълим муассасалари, соғломлаштириш мажмуалари, амфитеатр, кафелар, бизнес марказ, умуман, аҳоли яшаши учун барча қулай объектлар… Буларнинг барчаси ҳаётга, келажакка иштиёқингизни оширади.

Мажмуани “Golden house” компанияси қурмоқда. 16 та 9 қаватли, 4 та 9-12 қаватли, 2 та 14-16 қаватли уйда 3236 хонадон бўлади. Биринчи босқичда йил охирига қадар 6 та 9 қаватли уй фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Хонадонлар майдони 35 квадрат метрдан 120 квадрат метргача. Ипотека кредити асосида ҳам сотилади. Ўртача ҳисобда, 3 хонали уй 20 йил муддатга кредитга олинса, ойлик тўлови 5 миллион сўмдан айланади, демоқда компания мутахассислари.

Уйлар билан туташ ҳудудда савдо-кўнгилочар марказ ҳам қурилади. Марказ ва уйлар ўртасидан оқиб ўтувчи Қорасув канали атрофи сайр қилиш учун мослаштирилиб, ободонлаштирилади. Кичик оролча ҳам ҳосил қилинади.

“Golden house” компанияси директори Даврон Файзиметовнинг айтишича, “Ассалом, соҳил!” уйларининг афзаллиги шундаки, улар муаллифлик технологиясига асосланган қурилиш конструкциясига эга. 9 баллдан юқори амплитудадаги сейсмик чидамлилиги текширилган. Фасаднинг 3 қопламадан ташкил топгани эса анъанавий бетон уйлардан мутлақо фарқ қилади. Видеокузатув ва ёнғин хавфсизлик тизими, ҳар бир хонадон модуль типидаги алоҳида иситиш қозони билан жиҳозланган ҳолда топширилади. Шунингдек, мижозлар буюртмасига кўра шаклан ўзгариши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, мустақилликдан кейин қарийб 25 йил мобайнида мамлакатда, хусусан, Тошкентда кўп қаватли уйлар қурилмаган, одамлар учун уй-жой ниҳоятда долзарб муаммога айланган эди. Кейинги йилларда қурилаётган уйлар ҳамюртларимизнинг кўп йиллик орзуларини рўёбга чиқармоқда. Минглаб оилалар, айниқса, уй-жойга муҳтож, кам таъминланган фуқароларимиз ўз уйига эга бўлди.

Давлатимиз раҳбари бундай уйлар қурилишини замонавий технологиялар асосида, ривожланган давлатлардаги каби андозаларда давом эттириш кераклигини таъкидлади.

– Қурилишда ҳам рақобат бўляпти. Бу сифатни таъминлаб, нарх арзонлашишига омил бўлмоқда. Уйлар, иншоотлар қуришда энг замонавий технологиялардан фойдаланиш, энг ўқимишли, уста қурувчиларни ишга олиш керак, – деди Президентимиз.

Шавкат Мирзиёев хориж тажрибаси асосида қурилган енгил конструкцияли коттежларни ҳам кўздан кечирди. Бу уйлар арзонлиги, ўн кунда битказилиши билан ажралиб туради, буюртма асосида бир неча хил шаклда қуриб берилади. Бундай коттежлар, айниқса, тоғли ва чўл ҳудудлари учун жуда мос келади.

– Охирги йилларда Тошкент ўзгарди. Пешона теримиз билан ўзгартирдик. Минг қатла шукр, қўлимиз узун, ҳамма нарсамиз етарли. Бағримиз кенг бўлиб, Худодан сўраб ҳаракат қилсак, дуо олсак кам бўлмаймиз, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев меҳнат фахрийлари билан мулоқот чоғида.

Мустақиллик байрами арафасида янги иншоотлар, йирик ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилиши эзгу анъанага айланган. Яшнобод туманидаги кўп тармоқли “Тexnopark” ишлаб чиқариш мажмуасида “Samsung” бренди остида маиший совутгичлар ишлаб чиқариш корхонасининг очилиши ҳам қутлуғ байрамимизга муносиб тўёна бўлди.

Собиқ авиасозлик заводи ўрнидаги 101 гектарлик майдонда жойлашган мазкур ишлаб чиқариш мажмуасига 2019 йил 10 августда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан асос солинган эди. Бу ерда 17 та йирик лойиҳа амалга оширилиши мақсад қилинган. Уларнинг биринчиси 2020 йил февраль ойида ишга туширилиб, электрон газ ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган эди.

Давлатимиз раҳбарига бошқа лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Бу йил мажмуада лифт ва эскалаторлар, сув насослари, кир ювиш машиналари, витрина совутгичлари ва музлатгичлар ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилади. Кейинги йилдан эса мис қувурлари, саноат сув иситиш қозонлари, ошхона техникалари, сендвич панел ва металл конструкциялар, эшик-ромлар учун фурнитура ва аксессуарлар, панелли иситиш радиаторлари, базальт тошидан изоляцион материаллар ишлаб чиқариш лойиҳалари иш бошлайди. Шунингдек, логистика маркази қурилади. Бу ердан маҳсулотларни тўғридан-тўғри хорижга экспорт қилиш мумкин бўлади. “Тexnopark” ҳудудидаги барча лойиҳалар ишга туширилиши билан 10 мингдан зиёд аҳоли доимий иш билан таъминланади.

Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни белгиланган муддатларда, сифатли ишга тушириш бўйича топшириқлар берди. Жамоатчилик фаоллари билан мулоқотда саноатни маҳаллийлаштириш масалалари ҳақида гапирди. Хусусан, 2016 йил якунида 100 минг тонна атрофида мис ишлаб чиқарилган бўлса, бу йил охирида 150 минг тоннага етказилиши таъкидланди. Келгусида 400 минг тонна режа қилинган. Маълумки, мис саноат маҳсулотлари тайёрлашда кенг қўлланилади. Уни қазиб чиқариш ҳажми кўпайиши импорт ўрнини босиб, мамлакатимиз маҳсулотларининг дунё бозорида рақобатбардошлигини оширади.

2020 йил 29 август. Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги. Бу сана Ўзбекистон саноати тарихида муҳим тарихий кун сифатида муҳрланиб қолади.

Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, “Тexnopark” мажмуасида “Samsung” бренди остида маиший совутгичлар ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятини ишга туширди. Жамоатчилик вакиллари билан ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди.

Йирик инвестициявий маиший совутгичлар ишлаб чиқариш лойиҳаси Жанубий Кореянинг “Samsung Electronics” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилган бўлиб, умумий қиймати 51,5 миллион АҚШ долларидан зиёдни ташкил этади. Ускуналарни монтаж қилиш ва лойиҳани ишга туширишга ҳам кореялик мутахассислар жалб қилинган.

Бир вақтнинг ўзида 4 турдаги совутгичларни ишлаб чиқариш имконияти мавжудлиги лойиҳанинг ўзига хос жиҳатларидан биридир. Ишлаб чиқариш жараёни 70 фоизга автоматлаштирилган, 1500 ишчи фақат техникаларни бошқариш ва бутловчи қисмларни йиғишда қатнашади. Бу эса ҳар 19 сонияда 1 та тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради. Маҳсулотлар сифат назорати лабораториясидан 7 дақиқада ўтади. Бунда “Samsung Electronics” компаниясининг инновацион технологияси ёрдамига таянилади. Синов натижалари марказлашган маълумотлар базасида сақланади.

Корхона йилига 1 миллион дона совутгич ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу нафақат юртимиз, балки МДҲ давлатлари аҳолисини ҳам замонавий, сифатли маҳсулот билан таъминлаш имконини беради.

Йиллик экспорт ҳажми 50 миллион доллардан зиёдни ташкил этади. Маиший совутгичлар замонавий дизайнга, “No frost”, масофавий “smart” бошқарув тизимига эгалиги, энергия тежамкорлиги, юқори кучланишга қарши ҳимоя тизимининг мавжудлиги билан ажралиб туради.

– Собиқ авиасозлик заводи тўхтаб, қаровсиз қолиб кетган эди. Кейинги йилларда ундан фойдаланиш бўйича кўрган чораларимиз аста-секин ўз натижасини бераяпти. Булардан мақсадимиз – одамларни ишли қилиб, ойлик бериш, рақобатбардош маҳсулот чиқариб, экспорт қилиш, – деди Шавкат Мирзиёев.

Совутгичлардан фойдаланиш йўриқнома-китобчасида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деган ёзув турли тилларда муҳрланган. Бу эса юртдошларимизда фахр ҳиссини уйғотади.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, Улуғбек АСРОРОВ, ЎзА мухбирлари

http://uza.uz/oz/politics/barcha-say-arakatlarimiz-obodlik-bunyedkorlik-va-khal-imiz-a-30-08-2020

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *