Баҳор узук бўлса, кўзидир Наврўз
Баҳорни Наврўзсиз, Наврўзни баҳорсиз тасаввур этиб бўлмайди.
Ҳар тунунг қадр ўлубон,
Ҳар кунинг ўлсин Наврўз!
Алишер НАВОИЙ
Фасллар келинчаги ҳисобланмиш баҳор Наврўз айёми билан нақадар гўзал ва тароватлидир. Баҳорни Наврўзсиз, Наврўзни баҳорсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шоир ёзганидек, баҳорни узукка қиёс айласак, Наврўз шаксиз унинг ёқут кўзидир! Бу кўз қорачиғида акс этган гўзалликни тараннум этиш ҳар бир қаламкашнинг асл сўзидир! Маънавий қадриятларимиздан бирига айланган Наврўз ҳақида қанча нодир китобларда дурдона сўзлар битилмаган дейсиз!
“Миллий маънавиятимизнинг азалдан қандай омил ва мезонлар негизида шаклланиб келаётгани халқимиз учун энг азиз ва энг миллий байрам – шарқона янги йил бўлмиш Наврўз айёми мисолида ёрқин намоён бўлади,– деб ёзади Юртбошимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида.– Барчамиз доимо орзиқиб кутадиган ва катта хурсандчилик, шодиёна билан ўтказадиган Наврўз байрами биз учун ҳаёт абадийлиги, табиатнинг устувор қудрати ва чексиз саховатининг, кўп минг йиллик қиёфамиз, олижаноб урф-одатларимизнинг бетакрор ифодаси бўлиб келмоқда”.
Буюк аллома Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида Эрон подшоҳи бўлган Жамшид “янги кун”ни Наврўз деб атагани ҳақида ёзиб, шундай ривоятлар келтиради: “Жамшид ўзига арава ясаб олгач, ўша куни аравага чиқиб олди, жинлар ва шайтонлар уни ҳавога кўтариб, бир кунда Дунбованддан Бобилга олиб бордилар. Одамлар бу ажойиб воқеани кўргач, ўша кунни ҳайиб қилдилар ва Жамшиднинг (аравада учишига) тақлид қилиб арғимчоқларда учдилар”.
Бу тарихий асарда яна шундай нодир фикрлар ўқиш мумкин: “Наврўз кунида бир соат (пайт) бор, шу соатда фируз (яъни, бахт) фалаки руҳларни махлуқотни яратишга ҳайдайди… У куннинг энг саодатли соатлари Қуёш соатларидир. Унинг тонгида ёруғлик имкони борича (ерга) яқинлашади, одамлар унга қараш билан ўзларини бахтли санайдилар”.
Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Умар Хайёмнинг “Наврўзнома” асарларида ҳам Наврўз тарихига оид қимматли маълумотлар билан танишиш мумкин.
Буюк бобокалонимиз Мир Алишер Навоийнинг “Садди Искандарий” достонида Наврўз байрами ҳақида шундай битиклар ўқиймиз:
Ки бу сур эрур олам афрўз ҳам,
Хусусан эрур фасли Наврўз ҳам…
Бу байрам қанчалик қадимий қадриятларимиздан бири бўлгани ҳақида таниқли журналист Шомуҳиддин Мансуров “Сиёвуш” сарлавҳали мақоласида шундай ёзади: “Ислом дини хаёлда бўлмаган, Будда ҳали “туғилмаган” даврларда Кўҳистон деб аталган ҳозирги Марказий Осиё ҳудудида мавжуд бўлган битиклар – “Бундахиши”да унинг номи Сиёвахш, “Авесто”да эса Сиёваршан шаклида келтирилади”. Муаллиф бу маълумотлар Бухоронинг Наршах қишлоғида туғилган Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Закариё ибн Хаттоб ибн Шарик ан-Наршахийнинг 943-944 йилларда араб тилида ёзилган “Бухоро тарихи” китобидан олинганини таъкидлар экан, Сиёвуш бундан тўрт минг йиллар илгари яшаб ўтганлигини, демак халқимиз Наврўзни тўрт минг йилдан буён нишонлаётганини асослайди. “Халқ Сиёвушни мангуликка, мангуликни эса Наврўзга қиёс қилади,– деб ёзади муаллиф.– Наврўз халқ севган қаҳрамонларни мангу ёдда қолдирган бўлса, ўз навбатида, халқ қаҳрамонлари Наврўзни мангуликка дахлдор байрамга айлантирдилар”.
Кези келганда таассуф билан айтиш жоизки, собиқ мустабид тузум даврида кўплаб топталган қадриятларимиз қатори Наврўз ҳам таъқиқлангани ҳали кўпчиликнинг ёдидан чиққани йўқ. Шундай оғир дамларда давлатимиз раҳбари Ислом Каримов ташаббуси ва қатъий саъй-ҳаракатлари билан 1990 йил 2 майда “Наврўз халқ байрамини ўтказиш якунлари тўғрисида“ги тарихий ҳужжат имзоланди. Унда аввало Наврўзнинг тиклангани, буни юртимизнинг бутун аҳолиси мамнуният билан маъқуллаб, кўтаринки руҳда кутиб олгани баён қилинган. Шундан буён мамлакатимизда ҳар йили 21 март – Наврўз байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Демакки, Наврўз байрами ҳам юртимизда истиқлол қуёши порлаган онлардаёқ қайтадан чирой очди. У бугун ҳаётга муҳаббат рамзи сифатида ардоқланади. Баҳор чечакларини қанотида олиб келган Ҳумо қуши мисол юрт кезганида олам ўзгача мунаввар бўлганини дилдан ҳис этмаган киши топилмаса керак.
Ўзбекистон миллий энциклопедиясида ҳам бу кун ҳақида кенг ёритилган. Яъни, Наврўз баҳорнинг тенг кунлиги – қуёшнинг ҳамал буржига киришига тўғри келади. Уни байрам қилиш дастлаб ўтроқ деҳқонларда расм бўлган, кейинчалик улар орқали ярим ўтроқ ва кўчманчи туркий халқларнинг ҳам урф-одатларига айланган. Собиқ совет тузуми Наврўзни диний маросимлар қаторида таъқиқлаган бўлса-да, у халқимиз маънавий ҳаётидан озиқланиб, бойиб, мукаммаллашиб бораверди.
Наврўз байрами бутун юртимизда кенг нишонланиши боқий анъанага айланиб қолди. Наврўз байрамига пайваста халқ маросимлари, урф-одат ва анъаналари миллий туйғуларимизни янада жўш урдиради. Наврўз байрами куни шаҳару қишлоқларимизда халқ сайилга чиқишини кузатсангиз дилингиз яйрайди. Шундоқ дориломон кунларга етказгани учун яратганга шукроналар айтасиз.
Ҳар йили Наврўз байрами олдидан теварак-атрофимизни ҳашар йўли билан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ҳам ўзига хос анъанага айланган. Бу йил ҳам ана шундай умумхалқ ҳашари ўзига хос кўтаринки руҳда ўтди. Айниқса, пойтахт шаҳримиз кўча ва хиёбонлари, майдонлари, истироҳат боғларига баҳор насими келгани аён билинди. Минглаб туп гул, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Бугун қайсики маҳалла кўчасига қадам ранжида қилманг, гулга бурканган дов-дарахтларни кўриб дилингиз яйрайди. Улар эртанги фаровонлик, файзли-баракали ҳаётдан дарак бераётганга ўхшайди. Мамлакатимизда баркамол авлод камолга етган сайин орзу дарахтлари ҳам улғайиб бораётганини ҳис этасиз. Зотан, бу қутлуғ байрам олий ўқув юртларида қанчалик шодиёналар билан нишонланишини таърифлашга тил ожиз. Гўё шу лаҳзаларда Наврўз айнан баркамол авлодни маънан камолга етказувчи байрамга айлангандек!
Тўлқин ЭШБЕК,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Mangulikni Navro’zga qiyoslanishi meni juda ham to’lqinlantiradi. Insonlar o’rtasida ahillik, mehr-oqibat, barcha samimiy, insoniy qadriyatlar ushbu bayramda ufurib turadi. Yurtimiz tabiati ham ushbu kunda yasharib, yashnab ketadi. Barchaning yuzida bahoriy kayfiyat barh urib turadi. Navro’z ayyomingiz bilan tabriklayman!!!
Biz bu yil Navro’zni Qashqadaryo vohasida nishonlayapmiz. To’g’risi anchadan buyon Navro’zni bunday nishonlanganini ko’rmagan edim. Hamma hursand, o’yin-kulgu, turli musobaqalar, kuy-qo’shiqlar avjida. Mahalla yoshu-qarisi har ishda faol. 80 yoshli momo bilan raqsga tushdik. Hali tetik momoimiz biz bilan naqt uchta qo’shiqqa bemalol, qiynalmasdan raqsga tushdilar. Bu mehmondo’st, oqko’ngil va samimiy insonlar qalbimizga muhrlandi. Ertaga poytaxtga olam-olam taassurotlar bilan qaytamiz.
Мен авваллари яъни болалигимда Наврўзни қўзигуллар очилган қирда бутун маҳалламиз билан ўйин кулгуда кутиб олганимизни эслайман. Талаба бўлганимда эса, Талабалар шаҳарчасида нишонланадиган Наврўз байрамини кўриб завқланаман ичимга сиғмай кетаман, яна бир бор жонажон университетимда Миллий Университетда ўқиётганимдан фахрланаман.
Ogahiy ham gazallari orqali «Obi hayvondek suzuk suv har taraf aylab ravon, Qildi sahroga tarovat o`zgacha paydo bohor», deb fasl tarovatini badiy tasvirlar bilan ifodalaydi. Biz ko`p bor eshitgan, ammo har safar aytilganda yuraklarni ko`tarinki zavq va hayajonga soladigan «Ilohi, har kuning navro`z bo`lsin «, degan tilaklarni izhor qiladi. To`rt ming yillik tarixga ega Navro`z har bir ijodkorga o`zgacha ilhom bag’ishlashi bejiz emas, albatta.
BAHOR TILAKLARI
Nechun ko‘klam madhi tushmas g‘azaldan,
Shoirlar bahorni kuylar azaldan?
Oshiqlar zangori kenglikka boqib,
Qo‘shiqlar aytadi bag‘rini yoqib.
Tabarruk chollarning chakkasida gul,
Momolar o‘yida bahordir nuqul.
Bir lahza yasharar qarri qo‘rg‘onlar,
Ajib dilbar bo‘lib qolar insonlar.
Ha, bahor misrasi menda ham talay,
Bu holning boisi bordir harqalay.
Azizim, g‘unchaga nazar sol bir on,
Bag‘rida hozircha turfa hol pinhon.
Ranglar yashar unda balki pushti, oq,
Ajab, tikoni ham hozircha yumshoq.
Tong chog‘i shabboda ko‘taradi bosh,
Oh, nechog‘ latifu nechog‘lik yovvosh.
Asli qahratonning nabirasi u,
Nash’u namolari hozircha ezgu.
Inson fe’li qiziq, yashagay hurkib,
Shervachchani silab, sherdan-chi, qo‘rqib.
Bahor norasida go‘dakday shirin,
Qo‘ynida ezgulik armon yashirin.
Nashtar bo‘lmasidan g‘unchaning xori
Shirin tuyuladi uning diydori.
Bo‘ronga aylanmay shabboda — go‘dak
Ozurda dillarni yayratar beshak.
Odam bolasiga doim umid yor,
Shul sabab bahorga tilagi bisyor:
Olamga qabohat zahrin sochmasa,
Mas’um yuraklarda yara ochmasa.
Qoplamasa basdur yeru samoni
Mudhish qirg‘inlarning qora to‘zoni.