Бекатдаги қайрағоч

Журналистика факультетида таҳсил олиб таниқли публицист, шоир ва адиб

бўлиб етишган ижодкорлар Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг фахрига айланади. Бугун юзлаб, минглаб атоқли олимлар, академиклар, профессорлар, шоир-у адиблар, машҳур журналистлар, давлат ва жамоат арбоблари билан Миллий университетимиз жамоаси ҳақли равишда фахрланади, талабаларни ана шу Устозлар изидан боришга ундайди. Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида Журфакнинг сиртқи бўлимида таҳсил олган шоир Бахтиёр Раббимқул (Бобонов) бахтини, ҳаётдаги ўрнини шу даргоҳда топган. У ҳамкурси, севимли адибамиз Ойниса Пардаева (Бобонова) билан бахтли оила қурган.Элпарвар адиба Ойниса Бобонова айни пайтда Олимазор туманидаги Шифокорлар шаҳарчаси Жийдали маҳалласи раиси сифатида кўплаб хайрли ишларга бош-қош бўлмоқда.

Қуйида севимли шоиримизнинг туркум шеърларидан эътиборингизга ҳавола этамиз.

БахтиБобон

БЕКАТДАГИ ҚАЙРАҒОЧ

                      Тўлқин Эшбекка

Бир замонлар йироқ-йироққа

Жим кузатиб қолган қайрағоч,

Келар бўлсак она қишлоққа,

Яшнаб қарши олган қайрағоч!

Мен умримнинг етук фаслида

Бекатда талх хаёллар сурдим,

Довулларга қасдма-қасдига

Бош эгмасдан ўлганинг кўрдим!

Биз – шуҳратга мойил болалар

Чирт узилиб учган япроқдек,

Шаҳарлару тоғлар оралаб

Шамолларнинг измида оқдик.

Гоҳ ҳирс қўйдик молу дунёга

Унутиб, жон бебақолигин;

Ким ўйлабди, тоза тиллолар

Нафс отлиғ кир ҳисга ёрлигин!

Гоҳ минганда амал отига

Ночор дўстни унутиб қўйдик,

Тирмашиб, шон отлиғ шотига

Такаббурлик  туйғусин туйдик!

Қистаб , темир уловимизни

Чанг-тўзонлар қолдирдик ортда;

Сен шунда  ҳам авзойинг бузмай

Қўл силкитиб қолардинг ортдан…

Бир замонлар  йироқ-йироққа

Жим кузатиб қолган қайрағоч,

Келар бўлсак она қишлоққа,

Яшнаб қарши олган қайрағоч!

Ўшал масъуд дамлардагидек

Тушимга кир куз саҳарлари;

Зор бекатга қайта бериб зеб

Куйласин, ям-яшил баргларинг!

2007

 ***

   БАҲОР

 Дил  ҳаприқар…  Яшил баҳорни бошлаб

Яна қайтиб келди  қалдирғочларим!..

Тик тоғлар этаги, воҳаю даштда

Майсалар ниш урар майин соч каби;

Ҳаракатга ташна асаларилар

Ўрик гулларида ўйнайди  ғужғон…

Тотли уйқуларнинг ўтиб баҳридан,

Чақмоқни соғинган элдошим, уйғон!

Париваш боғларга тўлқинланиб боқ,

Кузат,уруғ кутган ер уйғонишин;

Юрагингда қолмас қилчалик ғубор

Кўрсанг қизғалдоқнинг чўғдай ёнишин!

Қара!, Лола сайли, дея ошиқиб

Автолар карвони оқар тоғ сари:

Ёрига гул ваъда этган ошиқни

Чўчитолмас селу қор кўчкилари!

Хонадонинг бўлса офтобга беткай,

Деразангни чертса  ғуж-ғуж настарин,  —

Осуда баҳорнинг қадрига етмай,

Ёт элга ошиқма илинж ахтариб!

Элдошим!Мўъжиза юз бериб агар

Шу асно тирилиб келса Қодирий,-

Яратган бўларди зангор бир асар

Дунё адибларин доғда қолдириб!

Минг бор шукур айлаб, ол хотирингга

Эрк, деб ёнган Чўлпон отлиғ ботирни;

Ўйла!  Шу мўл нурнинг бир қатимига

Қорларда зор ўтган Усмон Носирни!..

Боз эсламасликка нечоғ уринмай

Ўтмишга етаклар хаёл безабон:

Баҳор юз очсаю йилойкунингда*,

Гуллар баҳридилинг  очмаса – ёмон:

Баҳор татирмиди, ул вақтлардаги

Ювиқсиз шўролар озори билан,

Баҳор татирмиди, сумалакларинг

Аағдариб ташланса қозони билан!..

О! Бу айтганларим қора булутдай,

Элдошим, дилингга солмасин соя;

Ул жароҳатларни минбаъд унутмай –

Ҳуррият қадрига етолсак,шояд!

Қара! Ўн тўрт кунлик ойдай барқ уриб

Макҳлиқолар кўркин айламиш кўз-кўз;

Тингла,шохлардаги қушлар чуғурин,

Мавж урган чечаклар дарёсида суз!

Бўл! Эй, бўш ҳовлида ўй сурган жиян! –

Уйида ўлтирган одам қолмади;

Тор тирқишдан ёрни кўраман, дея

Даштдаги улоқдан қуруқ  қолмагин!..

…Сиғдириб бўларми бир шеър вазнига

Варрак ипин тутган бола қувончин?!

Элдошим! Завқ олиб баҳор базмидан,

Ана шу болакай янглиғ қувонгин!

2009

___________________________________

*Йилойкун  — календарь, тақвим

 Бахтиёр РАББИМҚУЛ

Вам может также понравиться...

1 комментарий

  1. Бизга ҳам сизларни йўлингиздан юриш насиб этсин.
    Шеърингиз жуда яхши чиқибди. Ижодий парвозлар тилаб қоламан

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *