Компания сайтида жойлаштирилган хабарда, жумладан, шундай дейилади:
«Сўнгги вақтда мамлакатимиз аҳолисининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал почтаси орқали, шунингдек компаниямиз, Республикамизнинг раҳбар, назорат ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари номига келиб тушган мурожаатларида автобензин таъминотида бўлаётган узилишлар, шу жумладан, баъзи автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида автобензиннинг устама нарх билан сотилаётганлиги, автобензин олиш учун узундан-узоқ навбатда туришга тўғри келаётганлиги, Тошкент шаҳридаги аксарият АЁҚШларда Аи-80 русумли автобензиннинг 2 075 сўм, вилоятларда эса асосан тижорат нархида, яъни 3 000 сўмдан сотилаётганлиги, автобензиннинг айрим нопок кимсалар томонидан Тошкент шаҳридаги АЁҚШлардан турли йўллар билан олиб бориб, бошқа вилоятлар аҳолисига 3 000 сўмдан 5 000 сўмгача бўлган чайқов нархида сотилаётганлиги ҳақидаги ўринли эътирозларини инобатга олиб ҳамда бундан буён мазкур қонунга ҳилоф ҳолатларга узил-кесил барҳам бериш мақсадида 2016 йил 23 октябрдан барча турдаги автобензин чакана нархлари Республика бўйича бир хил этиб белгиланди».
23 октябрь, якшанбадан эътиборан Аи-80 русумли автобензин 1 литри 2 800 сўм, Аи-91, Аи-92 ва Аи-93 русумли автобензинлар 1 литри 3 000 сўм, Аи-95 русумли автобензиннинг 1 литри эса 3 300 сўм этиб белгиланди.
http://kun.uz сайтида қайд этилишича, «Ўзбекнефтгаз» мутасаддилари фуқаролардан автобензин нархига устама қўйиб сотилаётганлиги ёхуд бошқа нохуш ҳолатлар ҳақида «Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компанияси, «Ўздавнефтгазинспекция»нинг вилоят бошқармалари, жойлардаги тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва нефть базаларнинг ишонч телефонларига хабар қилишни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, автобензин нархлари охирги марта 2016 йилнинг 1 январида оширилган эди. Ўшанда автомобиль ёқилғиси учун олинадиган солиқ миқдори 290 сўмдан 335 сўмга кўтарилгани сабабли, бензин нархи ҳам 45 сўмга қимматлаганди. Яъни Аи-80 бензинининг бир литри нархи 2075 сўм (аввалги нархи 2030 сўм), Аи-91’ники эса 2280 сўм (аввалги нархи 2235 сўм) қилиб белгиланганди. Шунингдек, суюлтирилган газ истеъмоли учун солиқ миқдори 30 сўмга, сиқилган газ учун 35 сўмга ошганди.
Сўнгги фикрлар