БИЗГА БАҲОНА КЕРАК…
Тўлқин Эшбекнинг “Оний ва соний” ғазалига мухтасар шарҳ
Худо ёрлақагур устозимиз Эркин Воҳидов 1960-йиллар бошида кўҳна арузга янги нафас олиб кирмоқчи бўлган пайтлари икки хил андишага дуч келганди. Биринчидан, фашизмга қарши урушгача ва урушдан кейинги қатағон йилларида асосан эски даврларни қўмсаш туҳмати билан анча ижодкорлар қатлиомга, узоқ сургунларга ҳукм қилинганди.
Урушнинг ўзи-ку анча-мунча шоирлар ва ёзувчиларни фронтнинг ўзида тутдай тўкиб ташлаганди. Унча-мунча омон қолганлари ҳам аруздан безиб қолишганди. Ҳабибий домла, Собир Абдулладан кейинги назм бўстонида янги арузнавислар кўринмаётган, домла Чархий, Восит Саъдулла, Чустий водий томонларда яшардилар, ижодни асосан ўзлари ва тор давралар учун қилиб, республика матбуотига беришга юраклари бетламасди… Ахир, тухумдан тук қидирадиган вульгар танқидчиларнинг қўлига тушиб қолса, то ёмонотлиқ бўлмагунингча қутила олмасдинг. Канадай маҳкам ёпишиб олишарди бунақа ҳушёр танқидчилар аҳли.
Эркин ака ана шундан ҳадиксираган бўлиши мумкин. Яна иккинчи бир андиша – аруз урфдан қолганди. Ҳамма бармоқ вазнига, верлибрга ўтиб кетганди.
Кўм-кўк,
кўм-кўк,
кўм-кўк.
Кўклам нафасидан
янгиланган
далалар
кўм-кўк…
Ҳамид Олимжондек шунақа “беозоргина” усулда шеър ёзиш “тинчроқ” эди гўё…
Рус пролетар шоири Владимир Маяковскийнинг “зинапоя” шеърлари шоирнинг айёрлиги маҳсули эди, деса ҳам бўлади. Ўша пайти шеърнинг ҳар бир қаторига пул тўланарди ва Маяковский битта қаторга битта сўзни қўйиб, ўнта сўз учун тенгма-тенг гонорар ишларди.
Аммо, дардни қанча яширма – иситмаси ошкоро қилур.
Байт (Фурқат):
Ишқни пинҳон тутарга бўлма шайдо, эй кўнгул,
Мушк пинҳон бўлса, бўйи ошкоро тортадур…
Эркин Воҳидов илк ғазалларини матбуотга бера бошлаганида, ҳар икки ҳадиги аста-секин исботини топа бошлади. Дастлаб, ғазални эскилик, унга жон бағишлашни кераги йўқ, ёшлар уни ўқимайди, каби иддаолар чиқа бошлаган.
Ёш ғазалнавис бу иддаоларга шундай жавоб қайтарган:
Эй мунаққид, сен ғазални кўҳна деб камситмагил,
Севги ҳам Одам Атодин қолган инсон қонида.
Эркин Воҳидов ғазалчиликка қўл уриб, нафақат ўз истеъдодининг янги қиррасини намоён қилди, шу билан бирга Ҳабибий, Собир Абдулла каби устозларга янги илҳом манбасини очиб берди. Шу билан бирга, ўзига тенгдош авлод шоирлари орасида арузнавислик ҳаракати авж олишига сабабчи ҳам бўлиб қолди. Жуманиёз Жабборов, Эркин Самандар, Жамол Камол, Ҳабиб Саъдулла каби тенгдош шоирлар ҳам кўплаб ғазаллар ижод қилиб, рақобатга киришди.
Ҳозирги кунда ҳам арузда ёзаётганлар талайгина, аммо ярқ этиб кўзга ташланган ижод намуналари эътиборга тушмаяпти.
Эркин Воҳидов ғазаллари нима учун ўша даврида оммалашиб кетди? Ёш шоир ғазал ижод қилишда иложи борича соддаликка эришишга интилди. Бармоқ вазнида битилган ўша даврдаги: “Эрталаб қуёш чиқади, кечқурун ботади”га ўхшаган содда ва жўн ҳақиқатлардан иборат шеърларга ўрганиб қолган омма мураккаб ғазални ҳазм қила олмас эди.
Жуда ақлли ғазаллар шеърхонни бездиради. Мирзо Бедилни, Алишер Навоийни шу сабабли хос инсонларгина ўқийди. Уларнинг ғазаллари кенг халқ оммасига тушунарли эмасди…
Эркин Воҳидов яна бир савобли ишга қўл уриб, Навоий ғазалларига шарҳлар ёза бошлади, бу шарҳлари билан радио ҳамда телевидениеда чиқишлар уюштирди. Буларнинг бари аруз рекламаси, тарғиботи учун хизмат қилди.
Эркин Воҳидов яна форсий ғазал дурдоналарини таржима қилишни бошлаб, бу ишда ҳам фаол қатнашди. Айни ўша йиллари Шарқ классикаси сериясида Рудакий, Фирдавсий, Ибн Сино, Умар Ҳайём, Саъдий, Жомий, Ҳофиз, Зебуниссо, Деҳлавий ижодини зудлик билан таржима қилиш ва оммавий тиражларда нашр этиш ҳаракати бошланди. Пўлатхон Қаюмий, Ғафур Ғулом, Шоислом Шомуҳамедов, Алибек Рустамов, Чустий, Хуршид, Жуманиёз Жабборов, Жамол Камол, Олимжон Бўриев каби аруз билимдонлари бу ишларга жалб қилинди. Ўзбек шеърияти тарихида ўша 1970-80 йилларидаги йигирма йилчалик катта кўламдаги таржимачилик даври то ҳанузагача ҳам такрорланганича йўқ.
Мана шуларга кўра ҳам Эркин Воҳидовнинг ғазалчиликка қўшган ҳиссаси аҳамияти оша боради. Эркин Воҳидов мумтоз ғазалларни шарҳлашга қўл ургани билан, ўзининг ғазаллари шарҳига на ўзи, на бошқалар эътибор қаратган. Чунки, бу ғазаллар шарҳи ўзи билан эди. Шоирнинг ғазаллари тоза аруз эмас, бармоқ вазни унсурлари мавжуд, деган танбеҳларда жон бўлиб, буни шоирнинг ўзи ҳам улар “шаклан аруздир, мазмунан бармоқроқ” дея тан олганди.
Халқимизда “Аталага тишим тушди” деган коса таги нимкоса нақл бор. Пишиб турган иш битта баҳонаи сабаб билан амалга ошиб кетади. Неча устихон кемириб, таги адо бўлган тиш атала ичганда тушиб қолган экан.
Камина мумтоз ғазал мулкидан икки-учтасига шарҳ ёзганман, холос. Шунда ҳам уларнинг структураси-тузилишига эмас, маъно-моҳиятига кўпроқ эътибор қаратганман. Ғазал жанри усталари ҳақида ҳам кўплаб фикрларим бор, аммо уларни бир мақолага жамлаш керакми, ёки ўрни келиб қолганида ўша аснога мосини эслаб ўтсамми деган иккиланишларга асир эдим. Ниҳоят, бунга Тўлқин Эшбек уч-тўрт ғазал намуналарини кўриб беришимни илтимос қилганидан кейингина мақбул бир андозани топгандай бўлдим. Тўлқин билан ғазал санъати ҳақида бундан ўттиз йиллар авваллари унча-мунча гаплашганмиз. Бунга Шерали Жўраевнинг “Наврўзи ажам” қўшиғи сабаб бўлганди. Бу қўшиқ Мирзо Бобурнинг “Баҳор айёмидур…” дея бошланадиган ғазали сабаб яралган. Тўлқин ўша қўшиқни ҳали ғазал билан таниш бўлмасидан бурун яхши кўриб қолиб, кейин Бобур ғазалларини топиб ўқий бошлаганди. Ўша ғазал мақтаъси, яъни якуний байти шундай:
Не ерда бўлсанг, эй гул, андадур чун жони Бобурнинг,
Ғарибингга тараҳҳум айлагилким, анда жонидур.
Ҳали бу ғазал матнини топмасидан бурун мана шу “анда жонидур” сўзини “Андижонийдур” дея эштиб, Бобурнинг яна бир таҳаллуси “Андижоний” экан, деган эди. Ва бир куни ўзим ҳам ғазал ёзсам, тахаллусимни Иштихоний қўйсам бўлар экан, дегани эсимда.
Тўлқин табиатан қувноқ йигит бўлганидан ғазал ёзишни юмор йўлида бошлаганди. Ўша пайтлари Анвар Обиджон “Уста Гулматий ғазаллари”- дея пешма-пеш “Муштум” журналида эълон қилдираётган ҳажвий шеърлари таъсирига тушмасликнинг иложиси ҳам йўқ эди. Жуда кўпчилик ана шундай ҳажвий ғазаллар ижод қилган. Самарқандлик шоир, раҳматли Сирожиддин Хумийнинг ҳажвий ғазаллари замонавий иллатларни сатира қилишига кўра Анвар аканинг Гулматий ғазалларидан фарқланиб турарди. Тўлқин Эшбек ҳам ҳажвий ғазаллар ёзган, айримлари “Муштум”да эълон қилинган ҳам. Шу билан бу ёғи, 1991-йилдан бошлаб мамлкат бозор иқтисодиётига ўтиб кетиб, бадиий ижод турмуш муаммоларига ўрин бўшатганча, бешинчи, ўнинчи ўринларга сурилиб қолди.
Бадиий ижод кўнгли хотиржамликни талаб қиладиган жараён. Тўлқинда кейинги ўн йилда, айниқса олтмиш ёш арафасида бирдан ижодий фаолликка юз буришини кўнгли хотиржамилик ёшига етганидан деб биламан. Болалари уйли-жойли бўлди, иш фаолияти ҳам бир қадар изга тушди. Инсонлар учун, айниқса ижодкорларга қирқ ёш довонидан ўтиб олиши ғоят оғир кечади.
Устоз Абдулла Ориповнинг сатрларини эсланг:
Қирқ йил ҳам келдию, қўлимдан тутди,
Борман на эртакда, на афсонада.
Умримнинг тенг ярми йўлларда ўтди,
Ярми эса ўтди шифохонада…
Ана шу қирқ ёш синовидан ўтган кишилар учун олтмиш ёш сари юксалиш бошқача завқ бера бошлайди. Умр ғаниматлиги, тезроқ яхши бир ишларни амалга оширишга мотивация пайдо бўлади. Тўлқиннинг ўзи ҳам беш йиллар муқаддам ҳавфли оперцияни бошидан ўтказганида, яшаб кетсам, ёзиш армон бўлиб қолган китобларимга қаттиқ киришаман, дея такрор-такрор худога илтижолар қилгани менга аён. Академик адиб Ойбек домланинг: “Тўйиб шеър ёзарман бир кун соғайсам” – дея ёзгани бежиз эмас. Дард чекиш ҳам одамни имтиҳонга соладиган жаараён. Аллоҳ суйганларига дард беради – дард баҳона сал ўзингга қарагин, жониингни ўткинчи дунё ташвишларига хомталош қилмагин, деганидир аслида.
Кўплаб мумтоз адибларнинг ижоди олтмиш ёшидан кейин бошқача кўлам, салмоқ касб этганини кўрамиз. Мавлоно Румийнинг шоирлиги қирқ ёшида, ўзидан ўн беш ёшлар катта дўсти ва устози Шамс Табрезийни йўқотиб қўйганидан кейин чинакамига бошланган ва бирор йигирма йил ичида жаҳон адабиёти дурдоналари қаторидан жой олган олти жилдлик “Маънавий маснавийлар” асарини, икки арузий девонини, битасини эса фақат Шамс тахаллуси билан “Девони кабир”ни ёзишга улгурган.:
Эй азиз дўст, кўзларим гирён, мени тарк айлама!
Кетма, ой, мендан йироқ, осмон, мени тарк айлама!
Ер, менинг пойимда тур, даврон, мени тарк айлама,
Ўзга оламга юриб, карвон, мени тарк айлама.
Жисм аро жонсен ҳамиша, жон мени тарк айлама…
Юз йил умр кўрган мавлоно Лутфий энг чиройли лирик ғазалларини саксон ёшида ёзган экан.
Бу билан нима демоқчиман? Ҳозирда, уюшмамиз таркибига кўплаб нуроний аъзолар қабул қилинмоқда ва бу табиий ҳам. Нуроний ёшдаги ижод аҳлида ҳар қалай анчайин пишиқ ижод намуналари ҳосил бўлади. Уларнинг ижоддан чекинишга бошқа жойлари қолмаган ҳам. Ёшлигида кўплар бадиий ижод этагини тутгани ҳолида, уч-тўрт йилдан кейин турмушнинг, тирикчиликнинг бошқа тангкўчаларига кириб кетишга мажбур бўлишганини кўп кузатдик ва бу табиий жараёндир.
Шундан келиб чиқиб, Тўлқин Эшбекнинг қўлимга тушган ва ижтимоий тармоқларга жойланган ғазалларини кўздан кечирар экан, бу жаҳд, бу азм астаҳи дилдан эканига амин бўлдим ва кўнглимда бир таманно пайдо бўлди: мана шу ғазалларга шарҳ ёзиш асносида, ўзимнинг мумтоз санъатга бўлган фикрларимни ҳам ўртлоқлашишим ҳам му мумкин-ку!
Байт:
Бизга на-да бир саройу, базми шоҳона керак,
Кўз керак дийдорталабу битта баҳона керак.
Бу ташаббусни эса унинг “Оний ва соний” дея номлаган ғазалидан бошлаш яхшироқ деган фикрга келдим. Қолганини вақт оқимига кўра амалга ошираверамиз. Аслида, ғазалларга ном қўйилмайди, матлаъсига кўра эслашади. Аммо, ўзаро мулоқотларда эслашга осон бўлиши учун улардаги энг эътиборли мавзуси, сўзига кўра аташ амалиётда кўп учрайди. Саъдийнинг “Эй сорбон, оҳиста рон, ормижонам меравад” матлаъи билан бошланадиган ғазалини амалда “Эй сорбон!“- дея тилга олиниши табиий, албатта.
Тўлқин Эшбекнинг “Бобурга назира йўлинда” дея ёзган ғазалининг матлаъи будур:
Байт:
Магарким умри инсоннинг жаҳон боғида онийдур,
Биринчи галда инсофдур, неки қолгани сонийдур.
* Бу ердаги “соний” сўзи “кейинги, иккинчи ўринда” маъносини беради. Инсон умри жаҳон боғида оний бўлгани билан, биринчи ўринда инсоф туриши керак, дейилмоқда. Ўзи озгина умрни фақат инсофга ажратиб қўйсак, бошқа нарсаларни кўришга қачон улгурамиз? Инсофни эплаштирган одам қолганини ҳам кўради. Эплаштиролмаганлар эса, ундан-да кўп ва баттар нарсаларни кўришга улгуради-ки, уларнинг жами номи “кўргулик”дир. Кўргуликлар ошуфтаси бўлсанг, инсофни бир четга йиғиб қўявер.
Байт:
“Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам”
Бурун ўзини тонийдур, кейин ўзгани тонийдур.
* Тўлқин ғазалда шева унсурларини ҳам омухта қилиб юбориши ундаги юмор туйғуси кучли эканидан. Ҳазрат Навоийнинг иқрорига улаб юборилган “Бурун ўзини тонийдур” дейиши, менимча самарқандча шева бўлса керак. Одам аввал ўзини танимасдан туриб, ўзгаларни таний, била олмайди. Одамиларни ўзига нисбатан келиб чиққан ҳолида баҳолаши шундан. Ўзи очиққўл бўлса-ю, дўст тутинмоқчи бўлгани мумсик, зиқна бўлса ҳам дўстлик унчалар ўхшамайди. Аммо, турмуш шароитини тушунган ҳолда, бунга тоқат қилиши, вақти-вақти билан дўстлик йўлига хайр-эҳсон қилиб юбориши ҳам мумкин. Хайр-садақа балони қайтарибгина қолмай, дўстликни ҳам мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин.
Байт:
Агар кимда ақл қисқа эса ўз айбини кўрмас,
Ўзидан ўпка қилмасдан, бурун бошқани ёнийдур.
* “Бошингга гар бало келса, бировданмас, ўзингдандир”- қўшиғини эшитмаган одам бўлмаса керак. Адабиётда, ҳадисларда киши аввало ўз айбини кўра олиши панд-насиҳатдек одамизод қўлоғига қуйилиб келинса ҳам, хом сут эмган бандалар биринчи ўринда айбни бошқалардан – шайтондан, тақдирдан, шарт-шароитлардан, жамиятдан, ҳукуматдан ахтараверади. Сен жаҳонга томошабин бўлиб келмагансан-ку, шарт-шароитларингни расолаб, қўлингга тағин поп-корн бериб қўйишса…
Байт:
Шукур аҳлига ёндошдим қаноат расмини ёдлаб,
Неки юз берса манглайга ёзилган кунга қонийдур.
*Сабр-қаноат аҳли манглайга ёзилган кунидан қониқиш ҳосил қилмасдан нафси амморанинг йўлига юрар экан, жонига жабр қилаверади.
Байт:
Ажаб боқий экан ҳақ йўлида чеккан зиён, заҳмат,
Бу кун ташвиши деб қўлга киритган фойда фонийдур
* Ҳақ таоло йўлига кирганлар бу фоний дунёда фақат фойда топавермайди. Агар шундай бўлганида, бу йўлда юрадиганлар кўчага сиғмай кетган бўларди. Бу йўлда жуда кўплаб машаққатлар мавжуд бўлиб, улар банда эътиқодини синовдан ўтказади. Даҳри дуннинг ташвишлари ҳар бир банданинг имтиҳонидир. Оний фойда дея, киши охирати неъматларини бой бериб қўйиши ҳеч гапмас. Гётенинг “Фауст” драматик достонида доктор Фаустга шайтон-Мефистофель яхши, тўкис хаёт кечириш, чиройли севгилисига етишиш каби мақсадлар эвазига унинг қалбини мавоза – айирбош қилишни таклиф қилади. Фауст шу тариқа шайтонга кўнгилни сотганини билмай қолади.
Байт:
Қадамда омаду шўриш кутиб турган фалакдир бу,
Дегин асли азал шундай — бу дунё имтиҳонийдур.
* Бу байт аввалгисининг узвий давоми бўлиб, ойнинг ўн беши ёруғ бўлса, ўн беши қороғу бўлади, каби мақолнинг муқобили. Шу сабабли ҳам бу дунёни қисқача тарзда азалдан имтиҳон, синов дунёси деб қўя қолгин.
Байт:
Мусофирлик кўрилмасдан мусулмонликка етмас кўп,
Азим Тошканда жой топган бу Тўлқин Иштихонийдур.
* Бу ерда мусофирлик деганида нафақат туғилган юртидан ҳорижда яшаш, шунингдек оромдан, барқарорликдан, жўнликдан, осудаликдан, билимсизликдан, тобеликдан хижратда яшаш ҳам кўзда тутилмоқда. Яхши ҳаёт, бемалолхўжалик ҳам ботқоққа ўхшаб, одамни ўзига тортаверади. Иссиқ ўрнимни совутиб, қариндошларим даврасини тарк этиб нима қиламан, шу яшашим яхши, дея бир жойда кўлмаклаб қолиш кўплаб тамаддунларни ҳалокатга олиб борган. Тараққиёт тинимсиз изланишлар, ихтироларни талаб қилади. Пайғамбаримиз (сав) дин душманлари жуда кучли бўлган Маккадан ансорлар юрти – Мадинага хижрат қилгани сабабли мусулмончилик янада кенг қулоч отди. Кўҳна Рим ҳашаматли турмуш тарзига берилиб кетгани туфайли, тўқликка шўҳлик юз берди, халқ орасида Худога хуш келмайдиган енгилтаклик, зиногарлик иллати авж олиб, огоҳликни унутишди ва кўчманчи, маданиятдан йироқ, саводсиз ва маъжусий хуннларнинг ҳужумига дош бера олмай кунфаякун бўлди. Деярли барча тамаддунлар энг гуллаб-яшнаган даврида ҳалокатга учрагани тарихда бот-бот такрорлангани сўзимиз исботидир.
Тўлқин Эшбекнинг ғазал андозаси бўйича ўртача етти байтли ғазали баҳонасида анча гапларни айтиб олдик ва келажакда яна айтгумиз. Қўлимда шоирнинг яна беш-олти ғазаллари бор ва улар ҳақидаги боқий суҳбатимиз дар оянда, яъни олдинда.
Оллоёр Бегалиев-Ҳўжандий,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Сўнгги фикрлар