«Биздаги сунъий демократия шахсларни ҳам, эркин фикрни ҳам йўқотди»
- Тўлқин Эшбек ·
Хуршид Дўстмуҳаммад билан суҳбат
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
— Сизни ХХI аср ўзбек романчилигини бошлаб берган ёзувчилардан бири дейишимиз мумкин. Ҳар ҳолда «Бозор» номли асарингиз 2000 йилда ёзилган. Ушбу романда инсонлар ҳаётини бепоён бозор сифатида таърифлагансиз. Унда чуқур маъноли рамзлар-у ишоралар, тушунилиши қийин бўлган тимсоллар жуда кўп. «Бозор»ни ёзишда реалистик тасвирга кўпроқ амал қилганингизда у бундан ҳам оммабопликка эришмасмиди? Яъни, рамз ва ишоралар кўпайиб кетгани унинг янаям муваффақият қозонишини бироз тўсиб қолмаганми? Нега рамз ва тимсоллар сиз учун реалистик тасвирлардан кўра устунроқ туради?
— Асарни XXI асрнинг биринчи романи эмас, XX асрнинг охирги романи десак тўғрироқ бўларди, назаримда. Бадиий асарда рамз, тимсол ташбеҳ, метафора деган тушунчалар бор. Шулардан келиб чиқадиган бўлсак, бадиий тафаккурнинг бош шартларидан бири тимсол, рамз, ташбеҳ ва метафорадир.
Жаҳон насрини оласизми, шеъриятними, ўзимизнинг насрда бўладими ишоралар ва тимсоллар билан гапириш шаклланган. Кўз кўриб, қулоқ эшитганини ёзиш бу реализм эмас, ўша ташбеҳлар фикр, тасаввурдаги воқеликнинг инъикоси. Қолаверса, саволга жавоб тариқасида айтаманки, мен кўз кўриб, қулоқ эшитган нарсани айнан ёзишни хуш кўрмайман. Реал воқеликни кўрсам бу хаёлга ундаши керак, хаёлда ёзсам у реалликка ундаши керак. Мен ниманидир сизга оғиз тўлдириб гапириш орқали ҳам ва ёки битта ишора билан ҳам айтишим мумкин.
«Бозор» оммабоп бўлди дедингиз, у қадар оммабоп бўлгани йўқ. Бизнинг китобхонларимиз бундаги рамзларни ҳали тўлиқ тушунадиган даражада деб ўйламайман. Ундаги рамзларни нисбатан илғаб етадиган, тушунадиганлар маънавий озуқа олиши мумкин. Начора, балки асарни оммалашиши нуқтаи назаридан сиз айтган услубни қўллаш менинг қарашларимга, ақидаларимга тўғри келмайди.
— Суҳбатлардан бирида Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо», «Телба» романлари мутолааси сизни ҳақиқий маънода ақлдан оздиргани, Франц Кафканинг «Эврилиш» ҳикоясини ўқиш орқали эса ўзимизнинг адабиёт ўзгача руҳ, ўзгача қарашлар, ўзгача концепцияларга жуда-жуда муҳтож деган қатъий хулосага келганингизни айтгансиз. Бу суҳбатдан кейин ҳам анча вақт ўтди. Хўш, нима ўзгарди? Адабиётимиздаги ўзгача руҳ ва қарашлар, ўзгача концепциялар борасида кемтикликнинг ўрни тўлдими? Агар йўқ бўлса, бунинг сабаби нимада?
— Учта асарни тилга олдингиз. Мен нега буларни тилга олганман, чунки уларни ўқиганимда мутлақо бошқа оламга кириб қолганман. Бу асарлар нафақат мен, балки тенгдошларимга ҳам йирик воқелик бўлган.
Расколников, Мишкин, Грегор Замзанинг дунёсига кириш бутун тасаввурларни кенгайтириб юборди. Кишиларнинг адабиётга бўлган тасаввурларини ўзгартириб юборди. 1970-1980 йилларда адабий жамоатчилик жуда фаол эди, нимаики ёзилса ҳаммаси ўқиларди, бу ўқилганлар муҳокама бўларди, тортишиларди, мунозара қилинарди. Буларнинг ҳаммаси фойдали эди.
Албатта ўзбек адабиёти ўша йиллар даражасида қолгани йўқ, янгиликлар жуда кўп бўлди, шаклланди, ривожланди. Бунда нафақат миллий адабиёт намуналари, балки, Шарқ адабиёти, Болтиқбўйи давлатлари адабиёти, Европа, Америка, жаҳон адабиётлари симфонияси яратилди. Мана шулар таъсирида бадиий тафаккур ҳосил бўларди. Умуман, жаҳонга машҳур бирорта асар ўқилиши, муҳокама қилиниши, таржима қилиниши беиз кетмаган, бундан кейин ҳам шундай бўлади.
— Шахслар ҳақида гапирдик. Умуман, жамиятда, адабиётда алоҳида кучли шахслар, титанлар камайиб кетаётганининг сабабларини нималарда кўрасиз?
— Бошқарилаётган демократия. Бошқариладиган демократия алоҳида шахсларни ва эркин фикрни йўқотади. «Мен бошқараман, сен қўявер, ақлингни ишлатма, сенда ақл йўқ. Сенинг ақлинг етмайди, бош қотирма, мени ўз ақлим етади», деган принцип одамларнинг фикрини ўлдирди. Жамиятда фикр айтишга ҳожат йўқ. Сизнинг фикрингиз ҳеч кимга қизиқ эмас. Бу шахслашувни йўқотди.
Ўтган даврда академия ҳам йўқ бўлди-ку. Соғлом жамиятда академия ўша жамиятнинг ақли ҳисобланади. Жамиятимизнинг ақли олиб ташланди. Жамият илм билан бошқарилиши керак. Кимгадир топшириб қўйиш керак эмас, бу Президентми, алломами ёки авлиёми фарқи йўқ. У илм билан бошқарилиши керак. Ўттиз миллионли аҳоли кимнингдир мулки эмас, давлат раҳбари ҳам бир хизматчи.
Жамият машварат билан, фикрлар билан бошқарилиши керак. Адабиёт нега ривожланмаётганини сўрадингиз. Фалсафа, илм бўлмаса қандай ривожлансин? Йўқотилди-ку бу институтларнинг ҳаммаси.
Хуршид Дўстмуҳаммад суҳбат давомида шунингдек, ҳозирги газеталар ва мажбурий обуна, мустақиллик йиллари ўзбек журналистикаси ва жамият ўртасида пайдо бўлган жарлик, маддоҳлик, адабиётда етишмаётган қаҳрамонлар, бўшаб қолаётган адабиёт майдони каби мавзуларда ўз фикрларини билдирди.
Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
https://kun.uz/news/2019/06/07/bizdagi-boshqariluvchi-demokratiya-shaxslarni-ham-erkin-fikrni-ham-yoqotdi-yozuvchi-xurshid-dostmuhammad-bilan-suhbat
Хуршид Дўстмуҳаммад совет замонида коммунистларни, мустақилликнинг биринчи чорагида Ислом Абдуғаниевич Каримовни кўкларга кўтаришда ҳаммани қойил қолдирган. Ўз даврида унинг ҳамма гаплари рост эди, ҳақиқатга мос эди, мақтовларининг вазини тош босарди. Бугунги гаплари ҳам тош босаяпти. Омон бўлсалар яна 20 йилдан кейинги гаплари ҳам мутлақо бошқача тош босадиган бўлади. Унинг шогирди Дониш (Т.Эшбеков) домланинг ҳам ҳар бир гапи шунақа «тош босадиган». Улардан тарбия олаётган талабалар қанақа одам бўлишаркан?
Мустақилликнинг биринчи 25 йиллигида қанча ютуқларга эришган бўлсак, бунда Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ҳам ўзига яраша катта ҳиссаси бор, қанча хатолик ўтган бўлса, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ҳам шунча ҳиссаси бор. У ҳам айнан ўша йилларда депутат, Миллий тикланиш партияси лидери, етакчи журналист, олим, бош муҳаррир, адиб сифатида жамиятнинг пешқадамларидан бири эди. Бугунги айрим хатоликларда ҳам Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ҳиссаси кам бўлмаяпти.