Биз билган ва чала билган тарих

Ҳар бир ўтган кунимиз — тарихга айланаверади. Раъно Абдуллаева ҳақида

бизнинг тенгқурлар жуда салбий фикрда юрардик. Қуйидаги суҳбатни ўқиб ва тинглаб, билганимиздан билмаганимиз кўпроқ эканигини теран ҳис этдик. Илоҳим, бундоқ қаро кунлар бошқа такрорланмасин, дейди Дониш домла чуқур тин олиб.

“ГУРУНГ”: 40 йил сукут сақлаган Раъно Абдуллаева (Суҳбат тўлиқ эълон қилинмоқда) (+видео)

“ГУРУНГ”: 40 йил сукут сақлаган Раъно Абдуллаева (Суҳбат тўлиқ эълон қилинмоқда) (+видео)

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги “Гурунг” суҳбатлар туркумини давом эттиради. Бугунги суҳбатдошимиз 1963 йилдан Ўзбекистон ЛКСМ Марказий Қўмитасининг биринчи котиби, сўнг Ўзбекистон Министрлар Совети раисининг ўринбосари, 1987 йилдан Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг мафкура масалалари бўйича котиби, 2 йил қамоқ жазосини ўтаган, алғов-далғов йилларда СССР Олий судининг қарори билан оқланган ягона ўзбек фуқароси 83 ёшли Раъно Абдуллаева…
• Шароф Рашидов қазо қилгач, нега унинг хотирасини абадийлаштириш бекор қилинди?
 
• Шароф Рашидов ўлгандан кейин қора мақсадли кишиларнинг нияти нима эди?
 
• «Менга қарши иш олиб борган айрим одамлар ҳалиям бинойи жойларда ишлаб юришибди…»
 
• “Мен ҳеч қачон, ҳеч кимдан пора олмаганман ва ҳеч кимга пора бермаганман”
 
• Ҳалима Худойбердиева нега ишдан олинган эди?
 
• Улар жиноятни ўзлари ўйлаб, ўзлари ҳукм чиқариб, ўзлари ижро этишарди.
 
• Наврўз байрамини бекор қилиш ҳақидаги гаплар нимадан келиб чиққан?
 

У “ХХ аср ва СССР номли буюк салтанатнинг инқирози”, “Одамлар денгизи ва ҳокимиятнинг қора гирдоби”, “Она ҳақида достон” номли автобиографик ҳужжатли-публицистик қисса ва эртаклар муаллифи.
– Раъно Ҳабибовна, агар янглишмасам, сўнгги 30 йил мобайнида биринчи бор ўзбек матбуоти вакили билан суҳбатлашяпсиз. Қанча вақт ўтди. Мана шу ҳозирги пайтда хаёлингиздан кечаётган фикрлар билан ўртоқлашсангиз.
Р.Абдуллаева: – Ҳозирги пайт билан биз ишлаган даврларнинг фарқи жуда катта. 74 йил совет даврида Ўзбекистонда бунақанги ўзгаришлар бўлмаган эди. Бир интервьюда айтган эдим, ўзбек халқи жуда бахтли, чунки Худо бир асрга кўзга кўринган битта ақлли, улуғ инсонни беради, шу халқни сен бошқарасан деб. Бизга эса халқингни бошқаргин деб, бир асрда 3 нафар улуғ инсонни берди. Биринчиси, менинг фикримча, бу – Файзулла Хўжаев. У ўз даврида хизмат қилган. Советлар нима қилди? Хоразм хонлиги, Бухоро амирлиги, Қўқон хонлиги, буларнинг ҳаммасини йўқ қилиб, уларнинг асосида 5-6 та республика тузди Ўрта Осиёда. Энди ўзбек халқининг бахти шу бўлди-ки, Файзулла Хўжаев ақлли, кўпни кўрган, Европада, Россияда пухта илм олган, чуқур маълумотга эга бўлган. Бутун дунёда ўша пайтда нима ҳодисалару, қандай воқеалар бўлаяпти, жаҳонда илгари қандай ўзгаришлар бўлган, ҳаммасини биларди. Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг раиси бўлган.
– Сиз узоқ йиллар мафкура билан шуғуллангансиз, маънавият билан шуғуллангансиз. Мана шунча пайтдан кейин биз ҳозир комил инсонлар орасида яшаяпмиз, деб айта оламизми?
– Комил инсон масаласини қарор билан ҳал қилиб бўлмайди. Бу жуда кўп тармоқли масала. Иқтисод билан, турмуш даражаси билан боғлиқ. Комил инсон бўлиш учун болани ёшликдан тарбия қилиш керак. Ота-онанинг намунали тарбиясини олиши керак, Давлатнинг тарбиясини олиши керак. Давлат бундай инсонни тарбиялаши учун унга кўп диққат-эътибор бериши керак. Бизнинг бахтимизга шу 3 та инсон раҳбар бўлди дедим-ку, мен шу фикримни ривожлантираман, лекин ҳозир шуни айтмоқчиманки, мана шу мафкуравий ишларни ҳам бир одам қила олмайди. Шу раҳбариятда турган ҳамма кишилар шуғулланиши керак. Бизга Худо юборган иккинчи инсон Шароф Рашидов бўладилар. Улар ишлаган даврда ёшларни юксак маънавият қонун-қоидалари асосида ҳақиқий инсон қилиб тарбиялашган, ҳақиқий ватанпарварларни тайёрлашга жуда кўп эътибор бериларди. Бу ишга партиядагилар ҳам, комсомолдагилар ҳам, давлат ташкилотидагилар ҳам жалб қилинар эди. Тошкент олий партия мактабини олтин диплом билан тугатдим. Бир куни партия ташкилотимиз секретари Мажидов “Тез тайёр бўлинг, ЦКга борамиз“, деди. Кейин айтдики, “Пойдёмте на верх“, дедилар. Мен: “На какой верх“, дедим. У киши “Шарофу Рашидовичу пойдём“, деди.
Кирсак, баланд бўйли, келишган инсон бизни қарши олди, юзидан нур ёғилиб турарди. “Келинг, қизим“, деди. Ҳужжатларимни кўриб: “Қаранг, ўрта махсус ўқув юртида “5“ баҳоларга ўқигансиз. Олий ўқув юртини ҳам “5“га битиргансиз, 2 та фарзандингиз билан ўқиган экансиз. Кейин эшитишимча, маҳаллада яшаган экансиз. Энди сиз“, деб қаради-да, “Тошкентда қоласиз“, деди.
Шундай одам айтяпти, нима дейиш мумкин? “Биз коммунистмиз, – дедим. – Нима топшириқ бўлса, бажарамиз“, дедим. Лекин, айтмади ким бўлишимни, айтгани йўқ. “Комсомолда ишлайсиз“, деди. Шу ерда мени Ўзбекистон комсомоли Марказий қўмитасининг котиби қилиб сайлаш тўғрисида таклиф киритди.
– Шароф Рашидович қазо қилгандан кейин у кишининг хотирасини абадийлаштиришни бекор қилиш тўғрисида ЦК КПССнинг қарори чиққан эди. Ўша пайтдаги сизнинг хотираларингиз, хаёлингизда кечган фикрлар ҳақида гапириб берсангиз.
Мана, ҳар куни юз минглаб кишилар метрода юради. Шароф Рашидович 
метрони қуриш учун Брежнев олдига неча бор кирган, Министрлар 
Советига қанча марта кириб чиққан. Мурунтовда олтин конни очган, 
уни яратиш учун 10 йиллаб орқасида юрган.
– Шароф Рашидович ажойиб инсон бўлган. У кишининг фақат битта мақсади бўлган, у ҳам бўлса, менинг ўзбек халқим яхши яшасин, бахтли бўлсин деган. Менинг халқим, давлатим бой бўлсин, деган. У кишининг қилган ишини ҳеч ким қилгани йўқ. Ўрта Осиёда биринчи метро бизда қурилган. Мана, ҳар куни юз минглаб кишилар метрода юради. Шароф Рашидович метрони қуриш учун Брежнев олдига неча бор кирган, Министрлар Советига қанча марта кириб чиққан. Мурунтовда олтин конни очган, уни яратиш учун 10 йиллаб орқасида юрган. Шароф Рашидович ҳар гал Москвага борганда Мурунтовдаги ишларни юритишимиз керак керак, дер эди. Олтин олишимиз керак, бой бўлишимиз керак, дер эди. Навоий шаҳри, Зарафшон шаҳри, бу – Шароф Рашидович раҳбарлигида дунёга келган шаҳарлар. Зилзила бўлганда биринчи бўлиб Москвага қўнғироқ қилган. Уйғона солиб дарров шаҳар раҳбарларини топиб, машинага чиқиб, энди кун чиқаётган пайтда хароб бўлган шаҳарни айланиб чиққан. Шуларни Шароф Рашидович кўриб, шу пайтда бизда соат 6 бўлса, Москвада соат 3 эди. Шуларга қарамай, Брежневга тўғридан-тўғри телефон қилган.
– Раъно опа, кўпчиликнинг сиздан хафа бўлган пайтлари бўлган. Ўзи нима бўлган эди? Ўша пайтда сизга таъсир, тазйиқлар бўлгандир, эҳтимол. Ҳақиқатни айтиш пайти келмадимикан?
– Ҳақиқатни айтсак, бу жуда чуқур масала, чунки Ўзбекистон, республика кадрларини, биринчи раҳбардан тортиб то район-туман раҳбарига қадар фақат Москва ҳал қилар эди. Мен ўзим хоҳлармидим, хоҳламасмидим, ЦК секретари бўлганман, мени улар қўйишган.
– Шароф Рашидовичга қайтадиган бўлсак, ўша пайтда айримлар ўзларини нотўғри тутишди. Масалан, биз Шароф аканинг гипнози остида қолган эдик, дегувчилар ҳам топилди. Айтинг-чи, ҳақиқатдан ҳам Шароф аканинг шунақа сеҳрли таъсир кучи бормиди?
– Шароф Рашидовичнинг жуда катта бир кучи бор эди. Ҳар бир инсон унга, шу кишига яқинроқ бўлай, шу киши билан суҳбат қилай, сўзини эшитай деб, биз, активистлар ҳам шунга интилардик. Гипноз сўзи, бу янги Биринчи секретаримиз Усмонхўжаевнинг гапи эди. ЦКнинг 16- пленумини нотўғри тушунишди, у ерда Шароф Рашидовнинг номига биронта ёмон гап айтилгани йўқ. Фақат камчиликлар тўғрисида гапирилди. Республикада шунақа камчиликлар бор. Шароф Рашидовичга жуда қарши чиққанлар ЦК КПССда эди.
– Лекин Ўзбекистонда ҳам унга қўшилганлар бўлди. Ҳақиқат қаерда эди?
– Ҳақиқат шуки, Шароф Рашидович ўлгандан кейин бизда у кишига бошини эгиб “ассалому алайкум“, деганларнинг қора мақсади бўлган. Шароф Рашидовичнинг ўрнини олиш тўғрисида. Уларнинг режаси ўтмади. Усмонхўжаев раҳбар бўлди.
– Наврўз байрамини Раъно опа тўхтатиб қўйган, халқ байрамини бекор қилиб, ўтказмаслик тўғрисида топшириқ берган, деган гаплар бўлган. Бу қаердан чиққан гап эди ва улар кимга керак бўлиб қолганди шу пайтда?
Бизда Наврўз деган баҳор байрами бор, лекин биз уни ўтказмаймиз. 
Ким қандай ўтказса, секингина ўзи ўтказади, бу умумий халқ байрами 
бўлмаган. Шу байрамни чиройли қилиб ўтказсак, дедим ёзувчилар олдида. 
Улар қарсаклар чалиб қабул қилишди.
– Ҳужжатлар асосида гапираман, мен республика идеология секретарларини йиғиб, обком, райкомларнинг мафкура котибларига “кўп давлатларда ажойиб баҳор байрамлари бўлади“, дедим. Бизда Наврўз деган баҳор байрами бор, лекин биз уни ўтказмаймиз. Ким қандай ўтказса, секингина ўзи ўтказади, бу умумий халқ байрами бўлмаган. Шу байрамни чиройли қилиб ўтказсак, дедим ёзувчилар олдида. Улар қарсаклар чалиб қабул қилишди. Тўғри, у пайтда фақат фикр бор эди, ҳали қарор йўқ эди. Кейин ҳужжат тайёрлай бошладик, олдинда ҳали 1 йил бор эди. Мен фақат битта масалани қўйдим. Баҳор байрамига қандай ном берамиз, дедим. Наврўз деб қолдирамизми ёки Навбаҳор деб атаймизми, дедим. Кейин мен бу масалани ЦКнинг бюросига қўйдим. Бюрода ўтиришибди, биласизми, у ерда ўтирган эркакларнинг қилган қилиғини кўриб, жаҳлим чиқиб кетади. 1-2 ой ўтгандан кейин ҳамма иш кетаяпти, районларда баҳор байрамига тайёргарлик бўлаяпти. Байрамни қандай безатиш керак, қандай концертлар бўлиб ўтиши керак каби масалаларни кўраяпмиз. 7 март куни мени бюро йиғилишига чақиришди. Энди Нишонов, Салимов бошқа ишга ўтишган. Нишонов Президиум раиси бўлган, Москвадан келган Анишчев 2-секретарь, яна ЦКнинг хўжалик секретари ўтирибди.
“Ўртоқ Раъно Ҳабибовна, ҳамма фаолларни жалб қилиб, қанақадир баҳор байрамини ўтказмоқчи бўлибсиз?“ деди Усмонхўжаев. “Мен сиз билан маслаҳатлашиб қилдим ахир шу ишни“, дедим. Ҳали қарор чиқарганимизча йўқ. Нишонов бўлса: “Это религиозный праздник, зачем Вы, Раъно Хабибовна, этот вопрос поднимаете?“ дейди. Кейин Алимов гапирди, кейин Антонов туриб: “Это вы виноваты, что 500 тысяч тонн хлопка мы недополучили. Потому что вы дали указание журналистам критиковать дефолианты, чтобы не применили на хлопководстве бутифос, который уничтожает листья хлопчатника, чтобы урожай механизмами собирать“. Муҳокама қаттиқ кетаяпти. Кейин мен Антоновга “Я согласна принести извинения перед народом, что ошибку сделала, если вы свою внучку или внука посадите на хлопковое поле и чтобы самолёт пролетел над ней и опилил это поле бутифосом“, дедим. Ҳамма жим бўлди.
– Раъно опа, икки шахс ҳақида сиздан сўрамоқчи эдим, авваламбор, Шароф Рашидовичнинг Брежнев билан муносабатлари ҳақида гапириб берсангиз.
– Жуда яхши муносабатда эди улар. Брежнев Шароф Рашидовга жуда катта ҳурмат билан қарар эди. Рашидов доимо Брежнев билан гаплашадими, союзний министрлар билан гаплашадими, уларга “брат” деб мурожаат қилар эди. Чунки мен улар гаплашганларида кабинетларида бўлган пайтларим бўлган. Иттифоқнинг барча министрлари ҳам Шароф Рашидовга чуқур ҳурмат билан мурожаат қилишар эди. Мана, Чингиз Айтматовни олинг, Гдлян, Ивановлар “ўзбек иши” деб чиққанида у жуда катта ва қаттиқ мақола ёзганди бизни ёқлаб. Ўзбек халқини ҳақорат қиляпти бу одамлар деб, бизнинг тарафимизни олган, Шароф Рашидовичнинг тарафини олиб, яхши-яхши гапларни айтганди. Шароф Рашидовичнинг ЦК КПСС ходимлари олдида обрўси жуда баланд эди.
– Энди Шароф Рашидовичнинг Андропов билан муносабатлари тўғрисида тўхталиб ўтсангиз.
– Андропов… Мана шу пайтда Шароф Рашидовичга қарши фикрлар, ишлар пайдо бўлади. “Семейственность“, ошна-оғайнигарчилик авж олган, дейишган. Ҳақиқат эса бошқача эди. Шароф Рашидовнинг ўғли КГБда ишлаган. Илҳом жуда ақлли йигит, ишбилармон, ўз ишини чуқур биладиган мутахассис, чет мамлакатлардан келиб, Ўзбекистонда яширин ишлар билан шуғулланган жосусларни тутган, ҳибсга олган. Кўп жиддий ишларни очган. Келажаги буюк бўладиган инсон эди. Ишдан асоссиз ҳайдалди. Қизлари Сайёра – Кимё институтининг директори эди. Укаси Асил ака ва бошқалар яхши хизмат қилиб юришарди. Бирортаси манманлик қилганини кўрганим йўқ. Аёллари Хурсанд Ғафуровна шунақа бир ақлли аёл эдилар. Ҳеч вақт мен шундай улуғ инсоннинг аёлиман, деганини эшитмаганмиз. Оиласига, эрига садоқатли аёл эди. У-бу йирик тадбирларга Шароф Рашидович оиласи билан келар эди. Шу пайтлари саломлашиб ўтирар эдик.
– Раъно опа, тарихимизда шундай даврлар бўлдики, биз ўзимизнинг фуқароларимизни ҳимоя қила олмай қолганмиз, уларга бошқа давлатнинг қонун-қоидалари асосида, ўзга давлат суди ва прокуратураси томонидан ҳукм чиқарилиб, қамоқ жазоси қўлланган. Шундай бир даврни бошдан кечирдик. Ўзбекистон Мустақиллиги, ўзбек халқининг келажаги ҳақида, бугунги амалга оширилаётган ишлар ҳақида нима дея оласиз?
– Шароф Рашидовичнинг 100 йиллиги бўлганида Президентимиз ўз нутқида айтдилар-ки, ҳеч ким унутилмайди, уларнинг қилган ишлари ҳам доимо ёдимизда, деди. Ҳаммасини биз унутмаймиз, эслаймиз, деди. Мен шунда ўзимча айтдим: ҳақиқатни халқ албатта билиши керак. Энди қаранг, биздан, халқдан сўрамай, индамай, ёш раҳбаримиз Файзулла Хўжаевни отиб ташладилар. Москвага чақириб, шу ерда аввал қамоққа олишди, кейин отиб юборишди, Шароф Рашидович шундай катта хизматлар қилгандан кейин, обрўйини бир пул қилиб, номини қоралади ўлганидан кейин, ҳа, тириклигида гапирмайсанми?! Мен битта таклиф киритганман, уни ҳам бутунлай бузиб, булғаб бошқача қилишди. 16-пленумда айтганман, Москвадан, ЦКдан икки-уч одам келганди, улар қатнашиб туришибди. Мана, Москвадан бизга ёрдамга одамларни юборяпсизлар, мен уларни ёмонламайман, лекин улар ҳали бизда ишламаган, кўп нарсани билишмайди, малакаси ҳам бўш, дедим. Менинг таклифим бор: бизда ҳам совет, партия ташкилотларида истеъдодли ёш йигит-қизлар бор, уларни ҳам Москвага чақириб, бошқа республикаларга юборинглар, улар ҳам ўша ерларда ишлашсин, тажриба орттирсин, улар ҳам кўрсин СССРни бутун борлиғи бўйича, дедим. Фақат ўзининг республикасидагина ишлаб юрмасин, дедим. Биз катта давлатмиз, дедим. Бошқа республикалардан бизга юборяпсизлар дедим, бизни фаолларимизни эса кўтармаяпсизлар Москвада дедим. Буларни бутунлай бошқача қилиб, русларни чақирди, деб тескарисини айтишган. Уларни ҳаммасини Худога солдим.
– Усмонхўжаев биринчи раҳбар бўлишига қарамай, сиздан ҳадиксираб турарди, олдингизда ўйлаб гапирарди. Ўша пайтда, гўё Лигачев сизга: “Раъно, ты будешь первым секретарём ЦК Компартии Узбекистана”, деган экан. Бу гаплар қанчалик ҳақиқатга тўғри келади?
Бирортасига қарши чиққаним йўқ. Йиғилишда Бюро 
аъзоларининг олдида турибман. Усмонхўжаев индамай ўтирибди. 
Антонов: “вот из-за неё мы 500 тысяч тонн хлопка не додали, 
это она виновата”, деган эди ўша бюро йиғилишида. 
– Энди, бу гапга келсак, шу пайтда гап тарқалди – Раъно Ҳабибовна Марказкомнинг 1-секретари бўлар экан, деган. Бу гап қаердан келган десак, шу пайтда бизнинг ҳам бир-икки одамларимиз Москвада ишлар эди. Шулар етказдими, бошқаларми, билмадим. Менда аниқ маълумот йўқ. Кеча-кундуз ишлаб юрибман. Лекин шу пайтда бирданига менга нисбатан муносабат ўзгаради. Усмонхўжаев томонидан, бошқалар томонидан. Наврўз байрами ҳақида гап йўқ, Бюрога у-бу ҳужжатларни киритаман, муносабат бўлса йўқ. Мен эътибор бермай ишлайвердим. Бир кун мени бюро йиғилишига чақиришди ва ишдан олишди. Антонов шу бюрода мени ишдан олганда не гапларни гапирмади денг, буларнинг ҳаммаси архивда бор. Бюро аъзоларининг бир қатор таклифларига шу пайтда мен қўшилмаганман, қарши чиққанман. Бўлмаган гапларни гапириб, “снять с работы”, деб қарор чиқаришди. Бирортасига қарши чиққаним йўқ. Йиғилишда Бюро аъзоларининг олдида турибман. Усмонхўжаев индамай ўтирибди. Антонов: “вот из-за неё мы 500 тысяч тонн хлопка не додали, это она виновата”, деган эди ўша бюро йиғилишида. Кейин шу бюрода Рафиқ Нишонович менга: – Нима қиласиз мана шу байрамни тарғиб қилиб, нима керак бизга бунақа байрам, – дейди. Темур Агзамович Совминда менинг қўл остимда ишлаган одам. Кейин лавозими кўтарилган. У айтди-ки, Раъно Ҳабибовна умуман ташкилотларда бўлмайди, ишчилар билан учрашмайди, дейди. Ахир кечагина мен областда бўлган эдим, бугун шу гапларни эшитиб турибман. Мен шунда ўзимча: “паст одамлар экан улар, нима қиламан уларга тенг келиб”, дедим ичимда. Ишдан олишди, бир оғиз гапирганим йўқ. Гап шундаки, бу ишни ЦКнинг шу пайтдаги 1-секретари уюштирган экан. Нишоновнинг Москва билан алоқаси яхши бўлган бўлса керак шу пайтда. Усмонхўжаев ўзининг ўрнидан, креслосидан қўрққан бўлса керак. Бошқалар ҳам юқорироқ лавозимга ўтишни хоҳлаган бўлсалар керак. Мени ишдан олишгач, уч ой ишсиз юрдим. Кейин: “Вы что хотите?” деб сўрашди. “Я пойду работать в институт истории”, дедим. Кейин катта илмий ходим қилиб юборишди. 3 ой ишладим октябрга қадар. Кундузи 3 киши институтда менинг кабинетимга кириб келишди. “Раъно Ҳабибовна, сиз шунча йил ишлагансиз, Республикада нима бўлаяпти яхши биласиз, маслаҳатингизга муҳтожмиз, биз СССР Бош прокуратурасиданмиз”, дейишди. “Саволинглар бўлса, беринглар”, дедим. “Мумкин бўлса, суҳбатни бизнинг кабинетимизда ўтказсак”, деди шу киши. У гуруҳ раҳбари бўлса керак. “Майли”, дедим. Машинада келишган экан. Биттаси ҳайдовчининг ёнига ўтирди. Аёл бир ёнимга ўтирди, эркак бошқа ёнимга, мен ўртада. Менинг ҳеч нарсадан хабарим йўқ, тўппа-тўғри КГБнинг биносига олиб келишди. Бинонинг иккинчи қаватини Москвадан келганлар Гдлян, Ивановлар олишган экан. Кейин билишимча, Совет Иттифоқи Бош прокурорининг биринчи муовини ҳам келган экан. Мени олиб киришди, салом-алик бўлди. Кейин Катусев, кейин билсам у киши СССР Бош прокурорининг муовини экан, менга савол бераяпти. Мен уни танимайман. Гдлянни ҳам танимайман. Биттаси: “Мен Гдлянман”, деди. Фамилия, исми-шарифини айтди. Катусевни кўрсатиб, Бош прокурорнинг биринчи муовини деди. Кейин Катусев “Вот, как Вы думаете, почему много преступлений в Узбекистане”, деб сўради. Мен билмайман дедим, лекин барча республикалар қатори бизда ҳам камчиликлар бор дедим. Йиғилишларимизда бу камчиликлар айтилади, уларга қарши курашаяпмиз, дедим. “Порахўрлик-чи?” деб сўради. “Шароф Рашидов порахўрлик ҳақида ҳам гапирган, танқид қилган. Қарорларда, докладларда бор улар, муҳокама қилинарди”, дедим. Катусевнинг бирданига ранги ўзгариб, “Вы мне давайте, сказку не рассказывайте. Сиз балки пора олгандирсиз”, деди шунда очиқчасига. “Мен Раъно Ҳабибовна Абдуллаева бўламан. Менинг номимга бундай ифлос гапларни қилманг. Менинг ўзимга яраша маълумотим, обрўйим бор”, дедим. Кабинетда бошқа ҳеч ким йўқ эди. Гдлян билан Катусев ўтирибди.
У “Бизда далиллар бор, биласизми, ҳурматли инсонлар сизга кўрсатма беришди”, дейди. Шу пайтда обкомларнинг биринчи секретарлари, ташкилотларнинг партия секретарлари қамалган эди. Москвага кимларни олиб кетганларини мен билмайман.
“Мен ҳеч қачон, ҳеч кимдан пора олмаганман ва ҳеч кимга пора бермаганман”, дедим. “Йўқ, сиз ҳаммасига жавоб берасиз” деди. Катусев. Гдлян қулоқ солиб ўтирибди. Шу пайт Катусев бизни қолдириб кетди. Гдлян кейин менга: “Нима, сен ким билан гаплашганингни билмадингми, у киши СССР Бош прокурорнинг муовини. Ундан кўра бўйнингга олсанг бўлмайдими, нималар олганингизни айтинг. Катта-катта ишларда ишлаган одамлар айтаяпти сизга пора берганини”, деди.
“Айтинг, ким улар, ким айтаяпти”, дедим. “Айтамиз вақти келганда”, деди.
“Биласизми, мен бундай ишлар билан умуман шуғулланмаганман, менинг отам КГБда ишлаган, обрўли одам бўлган. Мен отамнинг қизиман”, дедим. Унинг жаҳли чиқиб кетди, гапни эшитишни ҳам хоҳламади.
Улар шундай эди-ки, худди Ўзбекистон уларнинг колониясидек иш олиб борарди. Хоҳласа қамайди, хоҳласа озод қилади. Кейин Катусев қайтиб келди.
“Хўш, энди тушундингизми биз сизни нега чақирганимизни. Тўғрисини гапиринг, пора олганман денг”, деди ва учта қамалганларнинг фамилиясини айтди. “Сиз шуларни тасдиқлаб беринг, бўйнингизга олинг ва биз кетамиз, бўлмаса сизни қамаймиз”, деди.
“Мени осинг, отинг, аммо қилмаган ишимни қилдим, деб айтмайман”, дедим.
“Унақада қамаймиз”, деди. “Майли”, дедим мен.
Сумкамни олди, уйнинг калитларини олди. Кейин иккита одамни чақиришди. Шу ерда – Тошкентда, менинг отам ишлаган бинода, отам ўлдирилганидан эллик йилдан кейин, мени қамоққа олишди. 1937 йилда отамни, 1987 йилда мени қамашди.
КГБ камерасида ётибман. Ҳар куни сўроққа уч-тўрт марта чақиришади. Болаларим билганидан кейин қизим: “ойи, биз шок, гунг, кар ҳолатда эдик”, деди.
Уйга боришади, текширишади, ҳеч нарса тополмайди. Ўртоғим 2-3 ойлик маошини олиб қўйган экан. Шуни топишди. Қизимга “Иссиқ пальто, кийим олиб келинглар, онангизни Россияга жўнатамиз”, дебди. Кейин мени Тошкентдан Москвага олиб кетишди. Кечагина Раъно опа, Раъно опа, деб ҳурмат қилиб юрганлар энди ёлғон гапиришга тушишди.
Биттасига “сизларда уят борми”, дедим. Биронтаси уялгани йўқ.
Биттаси фақат Шароф Рашидовнинг таваллуд йиллигида бўлганим-да, ўша ерда тиз чўкиб, “Раъно Ҳабибовна, мени кечиринг”, деди. Қариб қолган. Ҳолига ачиндим. Кейин ўғли: ”Дада, кетдик”, деб олиб кетди.
– У одам қандай лавозимда ишлаган эди? 
– Автоном Республикада катта лавозимда.
– Раъно опа, яқинда уч-тўртта китобингиз Москвада чиқди, энди нималар устида ишлаяпсиз?
– Сизга айтиб ўтганимдек, тарих институтида ишлаганман. Мен у ерда ишлаганимда олдимга одамлар кела бошлади, сўнгра институтни ҳам икки-уч йилдан кейин ёпишди. Мен олдиндан ариза бериб кетдим.
– Нега ёпишади?
 
Ўзбекистоннинг, ўзбек халқининг обрўсини ўйлаганида, 
минг-минглаб ноҳақ қамалиб кетганларни эслаганида янги 
раҳбарлар мана шу ноҳақ ҳукмлар асосида Гдлянга қарши, Ивановга 
қарши, Катусев ва Каракозовга қарши иш бошлаши керак эди.
– Ахир мен у ерда ишлардим-да. Аввал пропуск системаси йўқ эди, уни жорий этишди. Тепадан топшириқ келди. Шундан кейин институтда пропускли система бўлди. Қани кўрайлик-чи, ким Абдуллаевага бориб, нима дейди, деб таъқиб қилишди. Телефонимни эшитишарди. Мен Москвадан келганимдан кейин олдимга жуда кўп одамлар келишди. Уларни уйим атрофида КГБ ходимлари ушлаб, қаерга бораяпсан, нимага бораяпсан”, деб сўроққа тутишар эди. Шундай қилиб, ўз Ватанимда қувғин бўла бошладим.
Китобларим ҳақида гапирсам, мен вақтимни фақат китоб ўқиш, ёзиш билан ўтказдим. Она тўғрисида баллада ёздим, болалар тўғрисида асар ёздим, рус тилида китоблар чиқардим. Бир китобимда саҳифанинг бир томонида ўзбек тилида, иккинчи томонида матн русча бўлди. Ҳажми унча катта эмас. Москвада чиқди, кейин бу ерга олиб келдим. Ленин тўғрисида ҳам, СССР нима сабабдан тарқаб кетганини ёзганман. Кейин Москвада СССР Олий судида гапирган нутқимни “Преодоление Ада” номи билан чиқардим. Шу ерда ҳамма гап ёзилган. Бир тарихий нарсани айтиб берай. Иттифоқнинг барча – 15 та республикасидан шу ерга судга келган раҳбарларнинг биронтаси оқланмаган 74 йил давомида ёки отишга ҳукм қилинган ёки 10 йиллаб Сибирга юборишган. Фақат мен ўзбек аёлиман, ўзбек халқининг боласиман ва ёлғиз мени оқлаб чиқаришди. Бу ерда иккита сабаб бор. Бири ҳеч қандай жиноий ишнинг ўзи йўқ эди, улар эса менга “дело” очишган. Жиноятни ўзлари топишади, ўзлари ўйлаб чиқаради. Ўзлари ҳукм чиқаришади, уни ўзлари ижро этишади. Бу энг катта жиноят.
Ўзбекистоннинг, ўзбек халқининг обрўсини ўйлаганида, минг-минглаб ноҳақ қамалиб кетганларни эслаганида янги раҳбарлар мана шу ноҳақ ҳукмлар асосида Гдлянга қарши, Ивановга қарши, Катусев ва Каракозовга қарши иш бошлаши керак эди.
Нишоновга қарши ҳам, чунки Нишонов бу ишларга сиёсий раҳбарлик қилган. Қаттиқ талаб қилиши керак эди Россиядан, буларни бизларга беринглар, биз бу ерда ўзимиз иш бошлаймиз уларга қарши деб.
Қарабсизки, адолат қарор топарди, бошқа ҳеч қандай қарор, ҳукм керак эмас, чунки Олий суднинг қарори бор. Қарорда ҳамма нарса ёзилган. Бундан ташқари, Бош прокуратуранинг энг таниқли ходими Горев судда: “Раъно Ҳабибовна айбдор эмас”, деган. Менинг ишим очиқ залда 500 киши олдида кўрилган. Очиқ суд бўлди. Мен 7 соат гапирдим, уларнинг қилган ҳамма ишларини очиб ташладим. Олий судда у-бу гапингиз ўтмайди. Ҳар бир фактни асослаб бердим. Мен туҳмат қилиб айтилган гапларнинг ҳаммасини рад этиб ташладим. Катусев нима қилган? Катусев Бош прокурорнинг муовини бўла туриб, ўзи қонун-қоидани бузган, дедим.
Қамалган одамни фақат СССР Олий Совети Президиумининг қарори билан чиқариш мумкин, дедим. У киши эса ўз қўли билан қўл қўйиб қамалсин, деб ўтирибди. Ким унга шундай ҳуқуқ берган? Қонун шунақа-ки, қамоқда қолдирганда ҳам ўша олий ташкилотнинг қарори чиққан бўлиши керак эди. Охирида менинг “дело”мни беришди. Мен 1 ой мобайнида “дело”нинг ҳар бир бетини кўриб чиқиб, ким нима деган, қанақа бўлган ва ҳоказоларни ўргандим. Мен “мана “дело”да турибди, лекин биз бунақа гапларни эшитмаганмиз”, дедим. Улар атайлаб мени айблаш учун айтган, деб ёзаяпти прокурор, дедим. Сўнг Ватанга келдиму бир нарсани сездим – оқланиб чиққан бўлсам ҳам Раъно Ҳабибовнага иш берилмасди.
Сабаби, Ислом Каримов ҳукуматда ишлаганида менинг қўл остимда ишлар эди-да. Ҳеч қандай китобим чоп этилмади, газета, радио, телевидениега чиқарилмади. Жимжит. фақат 1 та интервью бўлди. Мухторов ўзининг газетасида босиб чиқарди. Оз-моз вақт ўтгандан кейин Мухторовни ишдан олишди. Ҳалима Худойбердиева кичикроқ интервьюмни берди, уни ҳам ишдан олишди. Ҳеч ким билмас эди нима учун улар ишдан олинганини, мен билардим, тушунардим. Мен тўғримда яхши интервью беришган эди улар. Мухторовни ҳам худди шундай ишдан ҳайдашди. Бир нашриётнинг раҳбари келди-да: “Раъно опа, келинг, таржима қилган шу мақолаларингизни тўғрилаб беринг, нашр этайлик Ўзбекистонда, деди. Мен индамадим, у китоб чиқмаслигини билар эдим. Аввал жуда фаол бўлди-да, кейин бирданига у ҳам йўқ бўлиб кетди. Билишимча, “Чиқариб кўр, идорангни ревизия қиламиз”, деб, уни қўрқитишган экан. Қўнғироқ ҳам қилмадим, бормадим ҳам. У ҳам келмади. 1987 йилдан бери мана, сизлар биринчи бор 2019 йилда келдингиз. Ўша учун ман ташвишланяпман, сизларга қарши ҳам яна бирон-бир иш қилиб қўйишмасин деб. Айрим менга қарши иш олиб борган одамлар ҳалиям бинойи жойларда ишлаб юришибди.
– Раъно Ҳабибовна, ҳозир Ўзбекистон Мустақиллигининг янги даври бошланди. Бугунги кунда мамлакатда олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам икки оғиз тўхталиб ўтсангиз.
 
 Камчиликларни журналистлар очиши керак. Журналистлар
 гапириши керак. Мен ҳали унақа журналистлар билан учрашганимча
 йўқ. Журналистларнинг кўпчилиги ақлли одам, уларнинг бошидан 
ҳам кўп қийинчиликлар ўтган. Фақат нима бўлар экан деб қараб 
туриш керак эмас. Уларнинг ҳам бола-чақаси бор.
– Шавкат Миромоновични биламан. Ишонаман-ки, яқин 2-3 йилда катта ўзгаришлар бўлади. Қаранг, қанақа қарорлар қабул қилинаяпти. Агар шу киши бошқа ҳеч нарса қилмай, шундай масалалардан биттасини кўтарганида ҳам тарихда қолар эди. Давлат ташкилотлари халққа хизмат қилиши керак, қонун ишимизда устувор бўлиши керак, деяпти. Фақат мана шу гапларни айтиб, бошқа ишларни қилмай, шуларнигина амалга оширганларида ҳам бу киши улуғ инсон сифатида тарихда қолади. Бизларнинг бахтимиз бор. Президент раҳбарлигида бўлаётган ишларни 100 фоиз маъқуллаймиз. Лекин Президентимизга ёрдам беришимиз керак. Мана, мухбирлар, телевидение ходимлари ва бошқалар ёрдам беришлари керак. Камчиликлар кўп, кўпроқ у киши кўрсатган йўлдан юриб, шу камчиликларимизни йўқотишга ёрдам беришимиз керак. Камчиликларни журналистлар очиши керак. Журналистлар гапириши керак. Мен ҳали унақа журналистлар билан учрашганимча йўқ. Журналистларнинг кўпчилиги ақлли одам, уларнинг бошидан ҳам кўп қийинчиликлар ўтган. Фақат нима бўлар экан деб қараб туриш керак эмас. Уларнинг ҳам бола-чақаси бор.
Қани, энди ёшлар қаттиқроқ ишласа, Ёшлар ташкилоти жон-жаҳди билан фаол қатнашса, Президентимизни кўрсатган йўл-йўриғидан юриб, ёрдам беришса… Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашимиз керак. Республикамизда бой одамлар кўпайиши керак, меҳнат қилса, нима учун бой бўлмаслиги керак, деди у киши. Ўз меҳнати орқасидан бой яшаши керак, тинчлик бўлиши керак, оиласи осойишта бўлиши керак. Илгари тескариси айтиларди, бой одам ўғрилик билан яшаяпти, ўғирлик билан бойиб кетаяпти деб. Замон ўзгарди, яхши ўзгаришлар содир бўлмоқда.
– Раъно Ҳабибовна, ўткир масалаларга чуқур ва атрофлича тўхталганингиз, дадил мулоҳазаларингиз, берган жавобларингиз учун миннатдорлик билдирамиз. Соғ бўлинг.
Суҳбатдош: Ирисмат АБДУХОЛИҚОВ, 
оператор: Ёқуб МЕЛИБОЕВ.
http://uza.uz/oz/society/gurung-40-yil-sukut-sa-lagan-rano-abdullaeva-su-bat-t-li-elo-24-06-2019

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *