Биз “Оммавий маданият”га қаршимиз
Бугун глобаллашув даврида яшар эканмиз, турли хил ёт ғоялар кишилик жамиятини, атрофимизни ўраб олганлигига гувоҳ бўламиз.
Шу ўринда Президентимизнинг қуйидаги фикрлари биз учун катта сабоқдир: “Биз юртимизда янги ҳаёт асосларини барпо этар эканмиз, бир масалага алоҳида эътибо беришимиз лозим. Яъни, коммунистик мафкура ва унинг ахлоқ нормаларидан воз кечилганидан сўнг жамиятда пайдо бўлган ғоявий бўшлиқдан фойдаланиб, четдан биз учун мутлақо ёт бўлган, маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатларини ўз ичига олган “оммавий маданият” ёпирилиб кириб келиши мумкинлигини унутмаслик керак”.
Дарҳақиқат, биргина глобал тармоқ бўлмиш интернетдан ҳозирги кунда деярли барча давлатлар аҳолиси фойдаланиб келмоқда. Ва ўз навбатида шуни айтиш жоизки, улар ўзларининг ғоялари, фикр-қарашлари, хилма-хил янгиликлару-ахборотларни интернет сайтларига жойлаштириб боради. Шундай экан, биз ахборот олишда эҳтиёт бўлишимиз талаб этилади.
Тўғри, бошқа халқлар маданияти, турмуш тарзи, ўтмишига доир маълумотлар доимо барчага қизиқ туюлади. Жумладан, турли халқларнинг ўзига хос ва такрорланмас маданиятини олайлик. Ҳар бир миллатнинг қадриятлари, урф-одатлари, анъаналари, миллийлиги, ранг-баранглиги, бир-бирига ўхшамаслиги билан ажралиб туриши ҳаммага маълум. Зеро, халқларнинг ўзаро маданий алоқалари ривожи ҳам бунга имкон яратади.
Бироқ, барчани ўзига жалб қилишга уринаётган “Оммавий маданият” деб аталмиш асли маданиятсизлик инсонларнинг, айниқса, баъзи ёшларнинг онгини шошириб қўяди. Беихтиёр унга боғланганларнинг ҳаётини заҳарлайди.
“Оммавий маданият” намоёндалари қора, заҳарханда, беҳаё кулгуни “исён ифодаси” деб билишади. Шу ўринда “Нимага қарши исён?” деган савол туғилади. Хўш, агар “поп-маданият” дунёга “еҳсон” этаётган “поп-арт” (“тасвирий санъат деса ҳам бўлади”), “поп” натижаларига қараб ҳукм юритилса, нима ҳодисалар бўлишини тасавваур қилинг-а?! Улар инсоният яратган барча қадриятларни исёнкорлик билан инкор этиши билан бирга юксак маданиятни, маънавиятни, ахлоқни, юксак орзу-мақсадларни менсимай қўяди. Улар учун эзгуликнинг ўзи йўқ. Бу қандай даҳшат. Эзгуликсиз, яхшиликсиз уларнинг олами қандай тус олади. Буни тасаввур қилишнинг ўзи бир аянчлидир.
Жумладан, санъат – алоҳида истеъдодлар томонидан яратиладиган маънавий бойлик, мўжиза ҳисобланади. Бу ижоднинг олий мезони ҳамдир. “Поп-маданият”да-чи? Йўқ, уларда бу каби хусусиятлар умуман учрамайди, бу “оммавий маданият” тарафдорларининг ўта даражада ғашини келтиради. Уларча, ҳамма санъаткор бўлиши мумкин. Ҳамма нарса санъат аталиши мумкин. “Поп-арт” – оммавий санъат шу хулоса манбаида вужудга келган. Аммо шуниси ҳам борки, бу каби “санъат” намуналарининг биз учун мутлақо қадри йўқ.
Мутахассислар-файласуф ва социолог олимларнинг фикрича, ҳали илм-фанда “антикултура” яъни “ғайримаданият” деган илмий тушунча шаклланмаганлиги учун “Поп (оммавий) маданият” тушунчаси, ночорликдан қўлланилмоқда. Чунки “оммавий маданият” умуман олганда, маданиятнинг бутунлай акси-маданиятсизлик, маънавият ва ахлоқ тушунчаларидан йироқ тушунчадир.
“Оммавий маданият” шу боисдан ҳам юксак истеъдод ва бир неча асрлар давомида шаклланиб келаётган ўлмас қадриятларга, маънавий-ахлоқий ғоялар байроқдори бўлган мумтоз маданиятга, санъатга, унинг бойликларига қарши курашиб, уни рад қилиши бежиз эмас. “Оммавий маданият” ҳақиқий маданиятнинг кушандаси эканлигини асло унутмаслигимиз лозим. Бироқ шуни ҳам айтиб ўтишимиз керакки, юртимизда миллий маданиятимиз ҳали барҳаёт. Миллат яшар экан, маданият ҳам у билан бирга. Аждодлардан авлодларга мерос бўлиб келаётган моддий ва маънавий маданиятимиз ҳам тараққий этаверади, асло ўз ўрнини йўқотмайди.
Гулнозахон Тўраева,
ЎзМУ Журналистика факультети талабаси
Dastavval madaniyat tushunchasiga to’xtaladigan bo’lsak, «madaniyat» so’zi «shaharlik» degan ma’noni bildiradi. Har qaysi insonda madaniyat shakllangan bo’lishi lozim. Yuqorida tengdoshimiz «ommaviy madaniyat» xususida sanab o’tgan ba’zi dalil va faktlari nihoyatda aniq va tushunarli, muhimi, fikr doirasi keng, hamma manbalar teran yoritilgan. Kelajakda ijodiy parvozlar tilab qolaman.