Билим учун бирлашган ёшлар
Ҳар бир инсон ўзига яраша мақсад билан яшайди.
Камолот ёшига етаётган йигит-қизларнинг кўпчилиги касб-ҳунарларни эгалласа, иқтидор соҳиблари олий ўқув юртларида ўқишни давом эттиришга ва зиёли бўлиб етишишга интиладилар.
Илму-маърифатга интилган ёшлар эзгу мақсадлари йўлида ҳар қандай машаққатни енгишга қодир бўладилар. Энг муҳими, улар онгини унча-мунча бузғунчи заҳарлай олмайди. Зиё йўлини тутган бундай ёшларни адаштириб, чалғитиб бўлмайди. Оилада ёши улғайган фарзандлар ота-оналарининг ҳар қандай муаммоларини тўғри қабул қилганларини, уларни ҳал этишда ёнида турганларини кўп кузатганмиз. Умумий улкан оиламиз – мамлакатимиз ҳаёти ҳам шу: талабалар ёши улғайган фарзандларимиз каби суянчимиз, таянчимиз ҳисобланади. Улар зиёлилар сафига қўшилиш баробарида оиладек муқаддас Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўша бошлайдилар, турфа муаммоларни ҳал этишга камарбаста бўладилар. Маънан етук ёшлар ҳеч қачон муаммо устига муаммо пайдо қилмайди, вазиятни кўра-била туриб ишни чувалаштирмайди.
Сўнгги пайтларда баъзи ижтимоий тармоқларда “бонг” урилаётган баъзи гап-сўзларни ўқиб, таажжубланасан киши. Наҳот, таълим соҳаси муаммолари билан танишмай, мутасаддиларнинг бу борадаги фикрларини ўрганмасдан туриб ўзларича “ҳукм” чиқаришга шошма-шошарлик қилишади?. Ахир, бу бир “бонг” урган билан ҳал бўлиб кетадиган масала эмас-ку… Уни кимдир ўзича ўйлаб топмаган… Бирор мақсадга эришмоқ учун шунга яраша саъй-ҳаракат, иқтисодий пойдевор зарур. Ҳаммаси пухта ўйланган, етти ўлчаб бир кесган каби тўғри ҳисоб-китоб қилинган бўлса…
Янги ўқув йилидан жорий этилган ўзгаришлар ҳақида ОАВ орқали кенг ва етарлича маълумотлар ёритилди.
Жамоатчилик фикри – жамият кўзгуси, деган гап замирида улкан маъно мужассам. Олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тўлов-контракт ва стипендиялар борасида талабалар, ёш илмий тадқиқотчилар билан суҳбатлашган эдик. Уларнинг фикрлари теран, ҳаётга реал нигоҳ билан боқаётганлари кўриниб турибди. Марҳамат, уларнинг сўзларини ўқинг, мабодо қаноат ҳосил қилмасангиз, университетимизга келиб, ўзлари билан юзма-юз мулоқот ўтказишингиз ҳам мумкин.
Носир Шербоев,
ЎзМУ Хорижий филология факультети тадқиқотчиси:
– Шукрки, мамлакатимизда сўнгги йилларда халқимизнинг моддий манфаатдорлиги, ҳаёт фаровонлиги кун сайин ошиб бормоқда. Олий таълим муассасаларида талабалар учун яратилаётган шароитларнинг қиёси йўқ. Шунга яраша тўлов-контракт миқдорлари маълум даражада оширилганини тўғри тушунмоқ, вазиятни теран англамоқ даркор. Таассуфки, сўнгги пайтларда баъзи ижтимоий тармоқларда айнан шу масалада ортиқча шов-шувларни атай авж олдираётган, кўпчилик ёшларнинг онгини чалғитишга ҳаракат қилаётганлар ҳам учраб турибди. 2019/2020 ўқув йили учун тўлов-контракт нархлари масаласини ижобий ҳал этиш мақсадида контракт миқдорини стипендияли ёки стипендиясиз тўлаш имконияти яратилди. Бу ҳам ўзига яраша ижтимоий ҳимоя ҳисобланади.
Равшан Омонов,
Ўзбекистон Миллий университети докторанти:
– Ўтган йили ижтимоий тармоқларда контракт нархини кўтармасдан стипендияни йўқотишсин, деган “даъват”лар янграган эди. Шунга яраша биз кутган иш бўлди. Энди бунақа дейишяпти. Ҳайронман. Мисол учун контракт суммасини бўлиб-бўлиб тўлаймиз. Яна ойма-ой. Бу зўр-ку. Ота-онамизга ҳам яхши. Ойига 500-600 минг сўмдан тушади. Иккинчидан, баҳо билан табақаланиш масаласига чек қўйилди. Энди сунъий равишда балл тўплашга эмас, билим олиш ўқийдилар. Баъзи талабалар билим олиш ўрнига маиший муаммолар гирдобида чувалашиб кетди. Билим ва таълим сифати ҳақида ҳам шундай баҳслашамизми? Йўқ! Бунисининг бизга қизиғи йўқ. Бизга контракт масаласи муҳимроқ. Кейин форма, конспект ваҳоказолар. Таълим-чи? Нега Ўзбекистонни ривожлантириш учун шунақа минглаб талабалар бирлашмас эканмиз? Билим олиш йўлида албатта бирлашамиз!
Ҳусниддин Пардаев,
ЎзМУ Математика факультети талабаси:
– Ота-оналар фарзандларини стипендия учун эмас, билим олиш, етук кадр бўлиб камолга етиши учун ўқишга юборган. Стипендия – бу ижтимоий рағбат, холос. Энди шунга яраша аъло баҳоларга ўқиган, фаоллик кўрсатган талабалар қанчалик рағбатлантирилиши ҳам адолатли ҳал этилган-ку. Демак, бу мавзуда ортиқча “шов-шув”лар бизни чалғитишга уринишдан бошқа нарса эмас. Бизга яхши кўриниш учун гўё “ғамхўрлик” қиладиганлар керак эмас. Оқ билан қорани яхши билган талабалар ҳеч ким чалғита олмайди!
Рустам Жўраев,
ЎзМУ Журналистика факультети талабаси:
– Стипендиянинг бирхиллаштирилгани мақбул вариант. Грант асосида ўқийдиган талабага ҳам, тўлов-шартнома асосида ўқийдиган талабага ҳам бир хил муносабат. Бу борада хориж тажрибасига юзлансак, хусусан, Австралиядаги университетларда стипендия масаласини талабанинг ўзи ҳал қилади – истаса олади, истамаса йўқ. Контракт суммаси ҳам стипендияга бевосита боғлиқ. Тўлов-шартнома суммаси стипендиянинг бор-йўқлигига қараб қийматланади. Бизда ҳам шундай бўлаётгани жаҳон андозасига мос экан, уни муҳокама қилиб ўтиришга ҳожат йўқ. Талабалар қимматли вақтини қандайдир муҳокамага эмас, ўқишга сарфлагани маъқулдир.
Муслима Омонқулова,
ЎзМУ Журналистика факультети талабаси, Навоий номидаги давлат стипендиати:
– Таълим олишдан мақсад нима? Танлаган соҳада малакали мутахассис бўлишми? Бу каби саволларни узоқ давом эттириш мумкин. Лекин бугун атрофимиздаги ўзгаришларини кўриб, тўғри таҳлил қилишимиз керак. Биз таълим олаётган Ўзбекистон Миллий университетида 14 та факультет ва 76 та кафедралар фаолият кўрсатмоқда. Айтиш жоизки, сўнгги икки йилда 2 та янги факультет, 9 та кафедра ташкил этилган. Хорижий университетларнинг филлиаллари очилди. Университетимиз ҳузурида “Ярим ўтказгичлар физикаси ва микро электроника” ҳамда “Биофизика ва Биокимё” илмий текшириш институтлари, Нанотехнологияларни ривожлантириш илмий маркази, Москва Давлат университети билан ҳамкорликда ташкил этилган “Ломоносов-Мирзо Улуғбек” ўқув-илмий маркази ҳам фаолият юритмоқда. Улар замонавий технологиялар билан жиҳозлантирилган. Қанча хорижлик профессор-ўқитувчилар ишга таклиф этилган. Буларнинг барчаси озмунча маблағ талаб қилмаслигини яхши тушунамиз.
Халқимизда, бир бурдадан берса – тўйдиради, бир муштдан урса – ўлдиради, деган нақл бежиз айтилмаган. Кўпминг сонли талабаларимизнинг тўлов-контрактлари аслида ўзларига сарфланаётган харажатларни тўлиқ қопламайди. Асосий харажат – давлат хазинасидан бўлаётганига ҳам шукр қилишимиз лозим.
Вақт – ғанимат! Энди буёғига ғанимат дамларимизни майда-чуйда баҳс-мунозараларга, ортиқча “шов-шув”ларга сарфламасдан келажагимизни ҳал қилувчи кучлари саналмиш талаба-ёшларимизнинг етук кадр, комил инсон бўлиб камолга етказиш учун қайғурсак мақсадга мувофиқ бўларди.
Тўлқин ЭШБЕКОВ,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети доценти
Сўнгги фикрлар