“Бинафша” номли қисса ва ҳикоялар тўплами чоп этилди
Энг зукко, истеъдодли талаба ҳар жума куни соат 17.00 да Тошкент шаҳридаги “Kitob olami” маънавий-маърифий савдо мажмуасида ўтказилган китоб тақдимотига бориб туради, дейди Дониш домла.
Бинафша баҳорда очилади. Унинг гуллари кишига кўтаринки кайфият, журъат, жўшқинлик бахш этиб, ақлни чархлаш ва теран мулоҳаза қилишга ёрдам беради. Шунингдек, ундан табобатда кенг фойдаланилади.
Инсонга кўтаринкилик ва журъат бағишлаб, улкан мақсадларга ундайдиган бу гул номи севимли ёзувчимиз Абдусаид Кўчимов қаламига мансуб “Бинафша” ҳикоясидаги аёл исмида қўлланилишида ҳам ўзига хос рамзийлик бор. Негаки, асарда ҳаётдаги аччиқ синовлар уни бироз йўлдан адаштирса-да, бинафша гулидек ўзининг нимага қодирлигини намоён этган, турмуш синовларида тобланган, ақл-заковати билан назарга тушган Бинафша образи талқин этилган.
Ҳикоядаги ҳаётий воқелик ва инсон тақдирининг бадиий ифодаси, тил жозибаси ва орзу-истаклар рўёби китобхонни эзгуликка, янги мақсадларга ундайди, кўнглимиз мулкини бойитади…
Яқинда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан таниқли адиб ва шоир Абдусаид Кўчимовнинг “Бинафша” номли қисса ва ҳикоялар тўплами чоп этилди.
Тошкент шаҳридаги “Kitob olami” маънавий-маърифий савдо мажмуасида ўтказилган тадбир мазкур китоб тақдимотига бағишланди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши ижроси доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда адабиётшунос олимлар, ёзувчи ва шоирлар, ёш ижодкорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Филология фанлари доктори, профессор Насимхон Раҳмонов, адабиётшунос олим Раҳимбой Жуманиёзов, шоир Муҳаммад Исмоил ва бошқалар Абдусаид Кўчимовнинг шеърий ва насрий асарларида она замин мавзуси, унинг табиати, юртимиз жамоли ва ўзгаришлар, одамлар ҳаёти, уларнинг истак-хоҳишлари ўзига хос ифодаси билан ўқувчилар қалбидан мустаҳкам ўрин эгаллагани ҳамда унинг ижоди ёшларнинг маънавий оламини бойитиш, адабиётга қизиқишини уйғотиш ва уларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
“Бинафша” китоби – ёзувчининг янги ижод маҳсули. Ўзига хос услуб ва ёндашув меваси бўлган бу тўпламга киритилган “Бинафша”, “Тўй”, “Телефон жим эди”, “Ишқибоз”, “Оқ илон”, “Биз” каби ҳикояларида Ватан ва оилага муҳаббат, ёрга садоқат, меҳр-оқибат, қадр-қиммат, дўстлик ва аҳилликка алоҳида урғу берилган. “Пешона” қиссасида эса миллий адабиётимизда деярли тилга олинмаган мавзу – қариялар уйидаги маҳзун ҳаёт, у ерда яшаётган кексалар ҳаёти, уларнинг аччиқ кечмиши ва армонлари таъсирли очиб берилган.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида“ги қарори бу борадаги ишларни янада такомиллаштиришда муҳим босқични бошлаб берди, – дейди филология фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев. – Бугунги китоб тақдимотининг мазмун-моҳияти ана шундай эзгу амалларга қаратилгани билан катта аҳамиятга эга. Абдусаид Кўчимов кенг қиррали ижодкор. У ёзган эсселар, шеърлар ва асарлар аллақачон ўз ўқувчисини топган. Муаллифнинг “Бинафша” китоби ҳам одамзоднинг ички дунёси, руҳий оламига хос бўлган рангин ҳис-туйғуларнинг бадиий бўёқлари билан ўқувчини беэътибор қолдирмайди. Айниқса, асарлардаги турфа қаҳрамонлар талқини, инсон ботинидаги туғёнли кечинмалар, улуғ фазилатларнинг равон ва халқчил ифодаси ёзувчининг теран нигоҳи ва дил-қалб призмаси, маҳорати ва тажрибаси улканлигини яққол кўрсатади. Шу маънода ишонч билан айтиш мумкинки, мазкур асарни китобхонлар катта қизиқиш ва таассуротлар билан ўқиб чиқади.
Сўнгги фикрлар