Миллатпарвар, юртпарвар, инсонпарвар журналист қандоқ бўлиши керак, деган
саволга устоз журналист Шарофиддин Тўлагановнинг ЎзАда ёритилган мақоласидек ёза оладиган бўлмоғи лозим, деб жавоб берган бўлардим, дейди Дониш домла. Яқин йиллар мобайнида бу қадар таҳлилий, жўяли ва мушоҳадага чорлайдиган мақола ўқимаган эдик. Мана шундай долзарб мавзудаги мақолалар ҳар куни ёзилмоғи ҳаётий заруратга айланган. Бу мамлакатимизда жадал давом этаётган ислоҳотларнинг янада самарали бўлишига хизмат қилади.
Бинолар бизнинг тарихимиз, уларни асл ҳолида сақлашимиз керак. Тарихий маҳалла, мавзеларни-чи?
Азим пойтахтимиз йилдан-йилга гўзаллашиб бормоқда. Замонавий кўп қаватли биноларнинг қурилиши Тошкентнинг жаҳон мегаполислари қаторидан жой олишига хизмат қилмоқда. Буларнинг ҳаммаси қалбимизда фахр туйғуларини уйғотиши шубҳасиз. Шу билан бирга замонавий бинолар шаҳарнинг қадимий тарихи борлигини ҳам унутишимизга сабаб бўлиши керак эмас.
Яқинда йўлим тушиб Себзор маҳалласига бордим. Эски уйлар бузилмоқда экан. Шунда ҳамроҳларимдан кимдир мана шу кўчада “Шум бола” фильмидаги битта лавҳа суратга олинганлигини айтиб қолди. Демак, бу кўча эндиликда тарихга айланадиган, суратлардагина эсга олинадиган бўлибди-да, деб қўйдим.
Тошкент ҳовли уйлари меъморчилигини ўзимча учга бўламан. Биринчисига 1966 йил — зилзилагача бўлган уйлар киради. Бу каби уйлар “Эски шаҳар” бозори атрофида бўларди. Ҳозир бу услубда қурилган уйлар жуда кам қолган. Иккинчисига зилзиладан кейинги уйларни киритиш мумкин — бу уйлар оддий ва содда. Учинчисига эса мустақилликка эришганимиздан кейин қурилган Европа услубидаги данғиламма уйлар назарда тутилади. Назаримда эски шаҳардаги уйларни (тўғрироғи, архитектурасини)сақлаб қолиш керак. Хом ғиштлардан қурилган уйлар бузилиши, уларнинг ўрнида пишган ғиштдан ўша кўринишда уйлар қурилиши керак. Шу ўринда Грузиянинг Сигнаги шаҳри тажрибасидан фойдаланиш керак (бу борада қуйида сўз юритилади). Эски шаҳар қисмига пишган ғиштдан миллий анъаналаримиз акс этган турар-жой бинолари, тамаддихоналар, идоралар қуриш керак. Токи, нафақат хорижликлар, балки ўзимиз ҳам Тошкентнинг қадимийлигини ҳис қилайлик.
Масалан, яқинда Озарбайжонга борганимизда бизларни Бакудаги “Ширваншоҳ” музей-ресторанига олиб борди. Бу музей-ресторанда овқатланиш билан бирга Озарбайжон тарихи билан танишасиз, шу тарих билан яшайсиз. Мана шу каби музей-ресторанлар айнан Себзорда ташкил этилса нур устига аъло нур бўларди.
2014 йилнинг 23-27 ноябрь кунлари ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистлар қатори Грузия Республикасида бўлган эдим.
Сафар таассуротлари билан ўша вақтда ўртоқлашганман. Ҳозир бошқа масалани — грузин меъморчилиги ва ресторанларидаги миллийлик ҳақида сўз юритмоқчиман.
Бир куни кечки нонуштамиз Тбилисидаги энг яхши дея тан олинган “Цисквили” (“Тегирмон”) ресторанида бўлди. Тамаддихонани ресторан дейишдан кўра, музей-шаҳарча деб номласак тўғрироқ бўлади. Аввалига бизни ҳақиқий сув тегирмонига таклиф қилишди. Бу ерда буғдойдан ун қилинаётганини, ундан нон ёпилаётганини бевосита кўриш имкониятига эга бўлдик. Таъбингизга қараб грузин миллий таомлари ва ичимликларидан оз-оз тотиб кўрасиз (тотиб кўриш бепул). Ана ундан кейин грузин миллий қадриятлари акс этган ресторанга киришингиз мумкин. У ерда меҳмонларни грузин халқ чолғу асбоблари ансамблининг созандалари миллий мусиқа садолари остида кутиб олади. Кура дарёси соҳилида жойлашган эртакнамо мазкур ресторанда грузинча жонли куй-қўшиқ ва рақсларга мафтун бўлган ҳолда грузинча таомларни истеъмол қиласиз. Кундузги 12.00 дан тунги 24.00 гача хўрандаларга хизмат кўрсатувчи бу ресторанда 18.00 дан 24.00 гача фақат жонли мусиқа ижро этилади.
Тоғлар бағридаги Сигнаги шаҳарчаси ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш керак. XVIII асрда подшо Ираклий II даврида барпо қилинган шаҳарнинг эски қалъасига алоҳида эътибор қаратилади. Салкам 40 гектар ҳудудни эгаллайдиган 28 та минораси бўлмиш қальа деворларининг узунлиги 2,5 километрга тенг эканини айтишди. Бир вақтлар ҳар бир миноранинг ўз номи бўлган. Шаҳар қальаси ҳақида тасаввурга эга бўлиш учун Буюк Хитой деворини эслаш кифоя. Шаҳарда XIX асрни эслатувчи турар жой бинолари сақлаб қолинган. Шаҳар ўзининг буюк тарихи билан фахрланади. Хоҳлаган минорага чиқишингиз билан Грузия табиатининг бетакрор гўзаллиги сизни ўзига мафтун қилади. Кўз ўнгингизда Алазан водийиси намоён бўлади. Кахети вилояти марказида жойлашган Сигнаги тўлалигича таъмирдан чиқарилгани кўриниб турибди.
Сайёҳларни жалб қилиш мақсадида турар-жой бинолари эскича усулда таъмирланиб, йўллар қурилди, янги меҳмонхона ва ресторанлар пайдо бўлди. Бир қатор турар-жой бинолари хусусий меҳмонхонага айлантирилди. Айни дамда Сигнаги мунтазам равишда кўргазмалар ташкил қилиниб, концерт ва байрам тадбирлари уюштириладиган шаҳарга айланди.
Кахетидаги Кварели муниципалитетини 2012 йилга қадар деярли ҳеч ким билмасди. Ҳукумат кўрган чора-тадбирлар натижасида Кварели сайёҳларнинг севимли масканига айланди. Кварели шаҳар чеккасида бир вақтлар бомба ҳужумларидан сақланадиган бошпана бор эди. Кейинчалик бошпанага эҳтиёж қолмагани сабаб, у вино сақловчи омборхонага айлантирилибди. Тоғ тепасида эса ресторан очилган. Ресторанга аввалдан берилган буюртма асосида ташриф буюриш мумкин. Бўлмаса тоғ ён бағридан ортга қайтиб кетаверасиз. Бизни илиқ қарши олди.
Телави шаҳридан 10 километр узоқликда Цинандали қишлоғи бор. Бу ерда машҳур князь Чавчавадзенинг уй-музейи бор. Уй-музей атрофи дов-дарахтлар билан қопланган. Бино 1820-йилларда барпо этилгани айтилади. Қароргоҳ XIX асрда Грузиянинг маданий маркази бўлгани қайд қилинади.
Гурджаани қишлоғидан ўтаётганимизда томоғимга бир нарса тиқилгандек бўлди. Баланд тепаликка “Солдат отаси” фильми бош қаҳрамони шарафига 15 метрлик баҳайбат ёдгорлик ўрнатилган экан. Иккинчи жаҳон уруши фожиасига бағишланган бу фильмни катта авлод вакиллари яхши эслайди. Урушга кетган ўғлини излаб йўлга чиққан ота тўрт йилдан сўнг Берлинда уни топади. Аммо оғир жароҳат олган ўғил отасининг қўлида жон беради. Фильм экранларга чиққанига 50 йилдан ошди. Фильм қаҳрамони Георгий Махарашвили шарафига она қишлоғида ёдгорлик ўрнатилган.
Актёр Серго Закариадзе сиймосидаги оддий грузин деҳқони бўлмиш Георгий Махарашвили ҳалок бўлган ўғлининг плащ ва шлемини қўлида кўтариб олганини кўриб, беихтиёр Тошкент марказидаги ўғлини кутаётган Мотамсаро онага ўрнатилган ёдгорлик ёдимга тушди. Оилаларни хонавайрон қилган урушга лаънатлар айтдим.
“Мимино” бадиий фильмидаги бир кўриниш эсингиздами? Маълумки, кино қаҳрамони Европадаги шаҳарлардан бирига бориб қолганида, она қишлоғи билан телефон орқали боғланмоқчи бўлади. Аммо қишлоқ билан боғланишнинг имкони бўлмайди. Шунда у Телави шаҳри билан улаб беришларини сўрайди. Коммутатор Телавини Тель-Авив деб эшитиб, Исроил пойтахти Тель-Авив билан улаб беради. Бу ўша вақтдаги телефон хизматининг яққол кўринишидир. Грузияга ташрифим асносида айни шу Телави шаҳрига бориш насиб қилди.
Тбилисининг тарихий марказидаги “Мимино” фильми қаҳрамонлари шарафига ўрнатилган ёдгорлик бор. Ёдгорлик муаллифи, ҳайкалтарош Зураб Церетели фильм қаҳрамонлари руҳини сақлаб қолишга ҳаракат қилгани кўриниб турибди. Аслида Москвага ўрнатилиши керак бўлган бу ёдгорлик Россия расмийларининг эътирози сабаб Тбилисидан қўним топди.
Эски Тбилисини айландик. Кейин кечки овқат учун қадимий ресторанлардан бирига кирдик. Мана шу ресторандаги ҳолат бир умр ёдимда қолса керак. Официант йигит-қизлар елиб-югуриб хизмат қилишар экан, бир зумда хизматларини тўхтатиб, хонанда ва раққосларга айланишди. Официант деб қараган қизларнинг қўшиқ куйлаши, куйлаганда ҳам грузин қўшиқларини жонли ижро этиши бизларни лол қилиб қўйди. Қизлардан кейин официант йигитларнинг грузинча рақсга тушишига тан бермасликнинг иложи йўқ. Чунки “грузин рақсларини фақат грузинлар ижро этиши мумкин” деган сўзларга ўша куни тан бердим ва грузин анъаналари мусиқа билан бевосита боғлиқлигига ишондим. Буларни кўриб, “ресторанларга фақат тамадди қилиш учун эмас, балки санъатдан баҳраманд бўлиш учун ҳам ташриф буюриш керак экан”, деган фикр ва хулосага келдим.
Энди Ўзбекистонга қайтадиган бўлсак қурилаётган уйлар миллий қадриятларимиз кўринишида бўлиши керак. Менимча, Андижон қишлоқларидаги уйлар Қашқадарёникига ўхшаши керак эмас. Хоразмнинг уйлари эса Фарғонаникига ўхшамаслиги лозим.
Худди шу каби фикрни Тошкентнинг эски шаҳар қисмига қуриладиган уйларга ҳам билдириш мумкин. Эски шаҳарга эски шаҳарни эслатувчи уйлар қурилиши керак. Токи чет элликлар (айниқса европаликлар, америкаликлар) Тошкентга келиб ўзларида қурилган осмонўпар уйларнинг нусхасини эмас, балки қадимий шарқ меъморий ёдгорликларини кўриб, баҳра олиб кетсин. Уларга осмонўпар уйларнинг қизиғи йўқ. Уларга қадимий обидалар кўпроқ қизиқроқ. Тошкент ҳам – мана шу қадимийликни эслатиб туриши керак.
Ўзбекистон тарихи давлат музейи учун янги бино қуриш керакка ўхшайди. Янги бино эски шаҳарда қурилиши мақсадга мувофиқ. Чунки, музейнинг ҳозирги биноси тарихимизга оид асл ашёлар, буюмларни сақлаш имкониятига эга эмас. Катта ёшдагилар билишади бу бино бир кишининг музейи сифатида қурилган эди. Мустақилликнинг илк йилларида тарих музейи шу бинога кўчиб ўтди. Тарих музейи учун асл экспонатлар сақланадиган замонавий бино қурилиши керак. Музейнинг янги биноси Хастимом атрофида – Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази яқинида қурилса, сайёҳларнинг севимли масканларидан бирига айланишишга шубҳа қилмаймиз.
Эски шаҳарда икки ва уч қаватли уйлар қурилиши керак. Аммо бу уйлар миллий бўлиши лозим. Бакуда ҳам эски шаҳар бор. У ердаги биноларга тегилмаган. Гувала уйлар бузилиб ўрнига пишган ғиштдан худди бузилганидек уй қуришган. Пекиндаги Гугун қасрига кирганлар билади. Атрофида 50 қаватли бинолар қад ростлаб турибди. Тошкентнинг эски шаҳаридан асар ҳам қолмаган. Табиат музейи қани? Ёнидаги туғруқхона қани? “Турон” кутубхонаси қани? “Қани?” дегувчи бинолар роса кўп.
Ҳозир Тошкентда хусусий уйлар ҳам шарқ меъморчилик усулида эмас, ғарб усулида қурилмоқда. Миллийлаштириш керак. Тарихий обидаларга қизиқаман. Бир неча йил аввал Туркиянинг Анталия шаҳрига борганимда қадимий Рим даврига оид шаҳар харобаларига олиб боришди. Ташландиқ ҳолда. “Нима учун қарамайсизлар?” деган саволимга, “харобалар асл ҳолича кўрсатилиши керак. Бу иншоотлар консервация қилинган” дейишди. Туркларнинг қадимий маданиятга, санъат асарларига бўлган эътиборига тан бердим.
Яқинда Қорақалпоғистонда 12-асрга оид мақбара бузиб ташлангани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар тарқатилди. Баҳона: “сақлаб қолишнинг имкони йўқ эди”. Сақлаб қолишнинг имкони йўқ экан консервация қилиш мумкин эдику. Бизда нима учундир консервациядан уялишади. Яхшиям Пиза бизда эмас. Аллақачон бузиб ташлашарди. Чунки сақлаб қолишнинг имкони йўқ деган баҳона тайёр.
Ўтган йили совуқ кунларнинг бирида ишдан уйга қайтар эканман, эски шаҳардаги “Кўкалдош” мадрасасининг сўл қаноти ўраб қўйилганига кўзим тушди. Навбатдаги таъмирлаш ишлари олиб борилаётган экан. Менимча, мадрасанинг сўл қаноти, ҳисоб бўйича бешинчи марта таъмирланган бўлса керак. Аслида буни исботлашнинг имкони йўқ. Чунки таъмирлаш ишлари ҳисобланмаган бўлса керак. Мен ўз фикримни “таъмирлаш” деган ибора билан таърифлаяпман. Аслида тарихий бинолар реставрация қилиниши керак. Реставрация бир-икки ҳафтада эмас, йиллар давомида олиб борилади. ”Кўкалдош” мадрасасининг сўл қаноти бундан аввал шошма-шошарлик билан таъмирланган эди. Таъмирлашни ҳақиқий усталар эмас, балки уқувсиз усталар олиб борган эди, менимча. Чунки, нақшлар бир-бирига асло тўғри келмас эди. Ишонмаганлар ҳозир ҳам бориб кўришлари керак. Ота-боболаримиз шунақанги санъат асари яратишганки, нақшлар симметрик равишда жойлаштирилар эди. Аммо таъмирловчилар шошма-шошарлик билан ишлаганлари яққол кўриниб турарди. Буни санъат кўзи билан кўрганлар яхши билади.
Ҳиссиётга берилган юқоридаги фикрларимни ёзишга ёздиму, ўйланиб қолдим, “кимгадир туҳмат қилмадим-ми” деган хаёлга бордим ва интернетга кириб “Кўкалдош” мадрасаси ҳақида “tarix.uz” сайтидаги маълумотлар билан танишдим. Таъмирловчиларнинг нияти холис бўлганига ишонч ҳосил қилдим.
“Кўкалдош” мадрасаси Тошкент шаҳридаги тарихий обидалардан бири саналади. Мадраса аслида 1551-1575 йиллар орасида қуриб ишга туширилган. Бунга далил сифатида тарихчилар 1569-1570 йилларда ёзилган вақфномани келтирадилар. Бироқ, 1866-1886 йилларда рўй берган зилзила натижасида мадраса пештоқининг юқори қисми қулаб тушади ва мадраса вайронага айланади. 1902-1903 йилларда Тошкент шаҳри аҳолисининг хайрия маблағлари ҳисобидан таъмирлаш ишлари олиб борилади. Маблағ етишмаслиги сабабли таъмирлаш ишлари тўхтаб қолиб, ёдгорлик ўзининг аввалги ҳолатига қайтарилмади. Мадраса ва унинг ёнидаги “Хўжа Аҳрор Валий” жоме масжиди 1865 йилда Тошкент забт этилишида қаттиқ шикастланди. 1886 йили муҳандислар томонидан хонақоҳлар ва жоме масжид қайта таъмирланиш натижасида ўзининг дастлабки меъморий кўринишини тамоман йўқотди. Вақт ўтиши билан ўзаро урушлар, кучли зилзилалар, биноларнинг турли мақсадларда фойдаланиши, бир неча бор қайта таъмирланиши ва қайта тикланиши мадрасанинг дастлабки ҳақиқий гўзаллиги, муҳташамлигини аста-секин йўқотиб борган.
1974 йилда қабул қилинган мадрасани қайта тиклаш тўғрисидаги лойиҳалар лоқайдлик сабабли сурункасига бажарилмай келди.
Мустақиллик даврида мадрасанинг шарқий томонидаги жоме масжид ёнидан ўтган ичимлик суви қувурининг ёрилиши натижасида мадрасани икки марта сув босиб, жанубий қисми захлаб, шўрланиб кетди. Ушбу деворлар остида пойдевор бўлмаганлиги сабабли 2002 йилда қайтадан ғиштлари алмаштирилиб, янги пойдевор қўйилди.
1996 йилгача бажарилган тиклаш ва таъмирлаш ишлари асосан, халқнинг хайр-эҳсонлари ҳисобига бажарилган. 1996 йилдан бошлаб таъмирлаш ишлари шаҳар ҳокимининг Тошкент шаҳари таъмири учун ажратган қурилиш ашёлари ҳисобидан берган ёрдами ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва мадрасага тушган хайр-эҳсонлар орқали амалга оширилган.
Реставрация масаласида фикрларимни давом эттирадиган бўлсам, “Сквер”даги юрфак номи билан машҳур, аслида ҳозирги Юридик университети биноси ҳам шошма-шошарлик билан таъмирланганига гувоҳ бўламиз. Тарихий бинога замонавий пластик ромларни ўрнатишни асло оқлаб бўлмайди. Ёки бўлмасам, Вестминстер университети ва бу ўқув даргоҳи қаршисидаги “Соғлом авлод” жамғармаси жойлашган тарихий бинолар ҳам кўнгилдагидек таъмирланган деб бўлмайди. Бу бинолар замонавийлаштирилган гўё. Ҳақиқий бино ҳақида тасаввурга эга бўлмоқчи бўлганлар “Соғлом авлод” жамғармасининг ортига ўтишлари керак бўлади. Шу ўринда мазкур бинода бир вақтлар “Ўзбекистон тарихи музейи” жойлашганини эслатиб ўтиш керак. Тилга олинган бу икки бино қурилишни иккига бўлиш мумкин. Ғиштларига эътибор қаратилса, икки қавати чор Россияси даврида қурилганига, учинчи қавати эса кейинроқ қурилганига гувоҳ бўласиз. Олд томонидан қарасангиз, бу билинмайди. Чунки, бинолар ғишт ранги билан бўялган. Гўёки шу билан хорижликларни жалб қилмоқчи бўламиз. Аммо чет элликларни алдаб бўлмайди.
Фикримча, тарихий биноларни таъмирлашни уқувсиз усталарга ишониб бўлмайди. Реставрацияда шошма-шошарлик бўлиши керак эмас.
Бундан бир неча йиллар аввал расмий матбуотда тарқалган хабар ёдингиздами? Ҳукумат Бухородаги Аркнинг қулаб тушган девор қисмларини тиклаш учун маблағ ажратгани ёритилган эди. Лекин ўшанда ҳеч ким Аркнинг ўша қулаб тушган девори бир-икки йил муқаддам таъмирдан чиқарилганига эътибор қаратмаган эди. Девор шошма-шошарлик билан таъмирлангани боис қулаб тушган эди.
Ўзбек меъморчилигида Самарқанд, Бухоро, Хоразм кўриниши бор. Самарқанд меъморчилигида бинога нақшлар берилади. Бухорода эса ғиштларнинг ўзидан санъат асари яратилган. Минораи Калон, Самонийлар мақбараси бунга мисол бўла олади. Хивада эса биноларга нақшли плиталар қоқиб чиқилган.
Биз санъат асарларини санъат асари каби таъмирлашни ўрганишимиз керак. Тарихий биноларимиз, худди Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри реставрация қилинганидек таъмирдан чиқиши керак. Менга мана шу театр биносининг реставрация қилингани ёқади. Асл ҳоли каби таъмирланган. Ҳар бир даврда қурилган бинолар ўша даврни эслатиб туриши керак. Агар “Ўзбекистон” меҳмонхонаси, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Рассомлар уюшмасининг кўргазмалар зали қора ойналар билан “безатилгани”да борми… кўп нарсани йўқотган бўлардик.
Пушкиннинг “Тикланиш” деган шеъри бор:
Ваҳший рассом мудроқ, бенам,
Гений суратини бузади.
Ва у сурат устига ўзин
Бебурд суратини чизади.
Лекин, у ёт бўёқлар бир-бир
Кўчиб тушар йил сайин, аён:
Ва гений ижоди беқусур
Аввалгидек бўлар намоён.
Ана шундай кетар эзилган-
Юрагимдан сохта тугунлар.
Ва шубҳасиз тикланур ўтган-
Илк ва тоза-мусаффо кунлар.
Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
http://uza.uz/oz/society/binolar-bizning-tarikhimiz-ularni-asl-olida-sa-lashimiz-kera-17-04-2019
Дониш Домладан кўп нарсаларни ўрганиш керак. Мақоламни босганингиз учун катта раҳмат.Аммо мақтовни сал ошириб юборибсиз. Энди шу мақтовга яраша ишлаш керак.