Биолог олимнинг тафаккур бўстони
Фан боғининг боғбонлари аввало ўзларига хос ибрат мактабини яратадилар.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Биология-тупроқшунослик факультети Биофизика кафедраси профессори, биология фанлари доктори Улуғбек Мирхожаев қарийб эллик йилдан буён физик-кимёвий биология соҳасида қатор илмий кашфиётлар қилган фидойи олимлардан биридир.
Яқинда Миллий университетда шу фидойи олимнинг илмий-педагогик фаолиятига бағишланган маърифий тадбир ўтказилди. Унда университет ректори Шуҳрат Сирожиддинов Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, биология соҳасида етук мутахассислар тайёрлашда профессор Улуғбек Мирхожаевнинг самарали фаолияти ҳақида сўз юритди.
Анжуман иштирокчилари Варшава университети ҳузуридаги Ботаника институти директори Malgorzata Suska-Malawskaнинг “Мирзо Улуғбек номидаги ЎзМУ ва Варшава университетлари ўртасидаги ҳамкорлик”, Келце университети профессори, ЎзМУ Фахрий доктори Boguslaw Wilkomirskiнинг “Influence of railway transporlation on the envirronment”, Лос Анжелесдаги Калифорния университети тадқиқотчиси Искандар Якубовнинг “Роль калиевых каналов в секреции желудочной кислоты”, доцент Юля Левицкаянинг “Профессор Улуғбек Мирхожаевнинг илмий-педагогик фаолияти” мавзуидаги маърузаларини катта қизиқиш билан тингладилар.
Бугун илм бўстонида муносиб ўрнини топган Улуғбек Мирхожаевнинг ибратли ҳаёт йўлига ҳавас қилса арзийди. У 1969 йили Москва давлат университети физика факультетини тамомлагач, меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Фанлар Академияси Биокимё институтида бошлаган. 1981 йилдан ЎзМУ Биология-тупроқшунослик факультети Биофизика кафедрасида катта ўқитувчи, доцент, 1995 йилдан буён профессор лавозимида ишлаб келмоқда.
Фидойи олим қатор йиллар мобайнида илмий кенгашлар аъзоси, Давлат қўмиталари эксперти, “Journal of Swietokrzyski Mountains Region” журнали таҳририят кенгаши аъзоси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Кўчмас мулк ва чет эл инвестициялар миллий агентлиги” директори ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси “Координацион кенгашининг фонд биржалар ва қимматли қоғозлар” бўйича аъзоси, 2000-2003 йилларда ЎзМУ иқтисодиёт ва инвестициялар бўйича проректори, 2000-2015 йилларда университет “Ривожлантириш ҳамда профессор-ўқитувчилар таркиби ва талабаларни моддий рағбатлантириш жамғармаси” ташкилотчиси ва директори, Васийлик кенгаши ташкилотчиси ва координатори лавозимларида самарали фаолият кўрсатган.
Изланувчан олим мамлакатимизда биринчи бўлиб макроциклик полиэфирлар ёки краун-эфирлар ёрдамида якка ион каналларини ҳосил қилиш мумкинлигини аниқлаб, краун-эфирлар билан чақирилган ионларни трансмембранавий ташилиш механизмлари амалиётда (онкология, ипакчилик, ғўзани минерал озиқлантириш, ғўзани дефоляция қилиш соҳаларида) қўлланилишини кўрсатиб берган.
Шу йўналишда талабаларга сабоқ бераётган устознинг илмий ва педагогик фаолияти 2 та монография, 200 га яқин илмий ишларда, 7 та услубий, 2 та ўқув қўлланмаларда ўз аксини топган. Унинг кўплаб илмий мақолалари халқаро журналларда чоп этилган.
Устоз илмий раҳбарлигида 1 та фан доктори ва 4 та фан номзоди етишиб чиққан. Камтарин инсон, жонкуяр мураббий, фидойи олим етмишинчи баҳорида ҳам илм бўстонини тафаккур гуллари билан бойитиб, шогирдларига ибрат кўрсатмоқда.
Эркин Усмонов,
ЎзМУ газетаси мухбири
Сўнгги фикрлар