Биринчи ва иккинчи ренессанс – буюк даҳолар даври

Давлатимиз раҳбари Ўқитувчилар ва мураббийлар куни муносабати билан

сўзлаган нутқида устозларимизни байрам билан самимий табриклаб, “Дарҳақиқат, миллионлаб фарзандларимиз қалбига илм-фан зиёсини сингдириб, уларни эл-юртга муносиб инсонлар этиб тарбиялаётган заҳматкаш ва олижаноб устозларимизга ҳар қанча таҳсинлар айтсак, арзийди” деб эътироф этди ва кейинги йилларда юртимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, янги Ўзбекистонни яратиш мақсадида барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилаётганига тўхталиб, “Биз кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик. Бу ҳақда гапирар эканмиз, аввало, учинчи Ренессанснинг мазмун-моҳиятини ҳар биримиз, бутун жамиятимиз чуқур англаб олиши керак” деб таъкидлаб ўтдилар.

Шу борада мен бир олим сифатида, биринчи ва иккинчи Уйғониш даврининг тарихий шарт-шароити ва уни юзага келтирган факторларга тўхталмоқчиман.

Ренессанс нима, у қандай тарихий шароитларда юзага чиқди ва бутун инсониятга нималарни туҳфа қилди?

Барча шарқ ва ғарб олимларининг эътироф қилишларича, Европада 15-17 асрлар орасида юзага келган Биринчи Ренессанс юртимизда ундан бир неча юз йил аввал, яъни  IX-XI асрларда рўй берган. Ушбу улкан юксалишнинг содир бўлишининг ўз тарихий сабаблари бор, албатта. Чунки, мазкур даврда давлат тараққиёти учун жуда муҳим бўлган янги ислоҳотлар ва қонунлар жорий қилинди, ер-сув, қўшничилик муносабатларидан солиқларгача туб янгиланишлар содир бўлди. Давлат юритишдаги ва сиёсатдаги янгиликлар илм-фан кишиларини эзгу ғоялар теварагида бирлаштирди, турли-туман фанларга, айниқса математика, астрономия, кимё, тиббиёт, ҳуқуқ, геодезияга қизиқиш кучайди ва дунё тузилиши ҳақидаги замонавий назарияларга айнан ўша даврда асос солинди. Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад ал-Фарғоний Абу Наср Форобий, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Кошғарий, Маҳмуд Замахшарий, имом Бухорий, имом Термизий, имом Мотурудий, Абул Муин Насафий каби буюк аждодларимиз серқирра истеъдод соҳиблари бўлишлари билан бир қаторда, ўз фанлари бўйича бутун оламга устозлик мақомига эришдилар. Мазкур давр дунё тараққиётининг юксалиш тамойилларини белгилаб берди, десак муболаға бўлмайди. Бунинг ёрқин исботи – Хоразмда барпо этилган Маъмун академиясидир. Даҳо мутафаккирларни ўз бағрига тўплаган бу олий даргоҳ нафақат ўз минтақаси, балки бутун дунё учун акселератор вазифасини ўтагани ҳақиқат.

Сферик тригонометрия, ўнли рақамларнинг тизимли қўлланиши, тригонометрияда “функция” тушунчасининг пайдо бўлиши, жўғрофий координатларининг аниқ ифодаланиши, Ер сайёрасининг сферик глобуси, қаттиқ ва суюқ моддаларнинг солиштирма оғирлиги, минераллар таснифи, қуруқлик таркибий жисмларининг ҳаракати ва қатламлар ҳосил бўлиши, денгиз ва материкларнинг жойлашуви, тиббий ва фармацевтик билимларнинг бир тизимга солиниши, ташхислаш ва даволашнинг янги усуллари, маъданлар трансмутацияси имконларининг таҳлили – булар юртимизда IX-XI асрларда яшаб ижод қилган буюк аждодларимизнинг табиий ва аниқ фанларда амалга оширган инновацион ғояларининг баъзилари, холос. Ўрни келганида шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, илм-фан осмонида юлдуздай ярақлаб турган бу алломалар атрофида ва улардан кейин яна юзлаб сафдошлари, шогирдлари, давомчилари юртимиз илм-фани меваларини жаҳоннинг илғор оммасига етказиб беришда катта хизматлар кўрсатишди ва мамлакат шон-шуҳратини, тафаккур қудратини узоқ ўлкаларга қадар ёйишди.

Иккинчи Ренессанс нафақат минтақамизда, балки жуда катта жўғрофий ҳудудларда сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширган улуғ бобомиз, соҳибқирон Амир Темур номи билан чамбарчас боғлиқ. У зот туфайли қудратли марказий бошқарувга асосланган давлат ва янги маданий-илмий юксалиш учун қулай вазият юзага келди. Амир Темур ўз бепоён салтанатининг катта шаҳарларига турли ҳудудлардаги истеъдодли олимлар, шоирлар, ҳунармандлар, меъморларни жамлади ва илми-фан тараққиёти учун керакли барча шарт-шароитларни яратиб берди. Бундай оқилона сиёсат мамлакатнинг илмий ва маданий қудратини кучайтирди.

Иккинчи ренессанс даври “Ислом маданиятининг олтин асри” деб аталиши билан бирга, фазо илми ва математика фанларининг ривожланиши билан юртимизда иккинчи Уйғониш, яъни иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берди. Бу даврда Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари беназир олимлар, Лутфий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби мумтоз шоир ва мутафаккирлар майдонга чиқди. Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод сингари мусаввирлар, кўплаб хаттот ва созандалар, мусиқашунос ва меъморларнинг шуҳрати дунёга ёйилди. Биринчи Ренессанс даврида бўлгани каби, бу даврда ҳам илм ўрганишни истовчилар бутун дунёдан оқиб кела бошладилар.

Давлатимиз раҳбари нутқидаги “Биз Учинчи Ренессанс масаласини стратегик вазифа сифатида олдимизга қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтармоқдамиз” деган сўзлари юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли туб ислоҳотлардан кўзланган улуғ мақсадларни ифода этади. “Биз мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, деб биламиз. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, деб ҳисоблаймиз. Мен ишонаман – ҳурматли ота-оналар бу ташаббусни албатта қўллаб-қувватлаб, янги Ренессанснинг бешинчи ҳалқаси, бешинчи устуни бўладилар. Ва бу маънавий-маърифий ҳаётимиздаги энг мустаҳкам устун бўлади, десам, ўйлайманки, сизлар тўла қўллаб-қувватлайсизлар” деган эътирофи эса, “давлат-таълим-ўқувчи ва ота-она” ҳалқаларини қатъий бир тизимга мустаҳкамлади ва улуғ мақсадга эришишнинг ишончли йўлини кўрсатиб берди.

Шонли тарихимиздаги ҳар иккала Уйғониш даврида ҳам энг муҳим жиҳат – давлатнинг, давлат раҳбарининг юксак эътибори бўлиб келган. Маъмун академиясининг барпо этилишида хоразмшоҳ Маъмунийлар сулоласининг, Иккинчи Уйғониш даврининг юзага келишида эса буюк бобомиз Амир Темурнинг ва темурий авлодларнинг ҳиссаси беқиёсдир. Ҳар икки сулола ҳукмдорлари  ўз даврининг ёрқин истеъдодларини, олимларини давлат қаноти остига тўплаган ва ғамхўрлик қилиб ,керакли шарт шароитларни яратиб бергани учун тарихан қисқа давр ичида она юртимиз дунё илм-фанига пойдевор бўлгулик буюк кашфиётларни яратдилар.

Президентимиз тилга олган Учинчи Ренессанс ғояси  ҳам давлатнинг, ҳам ёшларнинг, ҳам ота-оналар ва устозларнинг орзу истакларини бирлаштиради. Муҳими, тарих кайтариғи аждодлар тажрибаси сифатида, бу давлат раҳбарининг иродаси ва ташаббуси – унинг илм-фанга булган ишончи ва завқи ўлароқ «унинг ҳаётий армонлари» бўлиб қатъий даъват сифатида янгради. Ҳар қандай ота-она ўз фарзандининг истеъдоди барқ уришини, эл-юртга хизмат қиладиган етук инсон бўлиб улғайишини хоҳлайди. Айни шу ерда давлат-ёшлар ва ота-оналар истакларининг жисплашганини кўрамиз. Бу — тарих, бугун ва келажакни бирлаштирувчи ҳаётбахш ғоя бўлгани учун ҳам давлат раҳбари Учинчи Ренессанс масаласини миллий ғоя сифатида кўтардилар.

Тарихий адабиётлардан биламизки, мактаб ва таълим даргоҳларига ота-оналар фарзандларини олиб борар эканлар, “Эти сизники, суяги бизники” деган иборани қўллашган. Шу буюк юртнинг бир фарзанди, генетик олими сифатида шуни айтган бўлардимки, ушбу ибора замирида яна бир жиҳат бор. Маълумки, суяк – вужуднинг асоси, таянчи, барча ҳаётий жараёнларнинг негизи, барча жараёнларнинг қалъаси десак ҳам бўлади. Фарзандини устозга топшираётган ота-онанинг содда, халқона қилиб айтган ушбу сўзлари замирида генетика фани “Боламнинг асосий таянч қалъасини мустаҳкамлаб беринг” деган маънони кўради.

Шу ўринда  юртимизнинг илм-фан ва инновацион фаолият тизими Учинчи Ренессансга тайёрми, деган табиий савол туғилади. Бу борада қуйидаги қатор омилларни келтириш мумкин.

Аввало, илм-фанни ривожлантириш, инновацияларни иқтисодимиз ва ижтимоий ҳаётга жорий этиш учун норматив-ҳуқуқий база яратилди. Юртимиз тарихида илк бор “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида ҳамда «Инновацион фаолият тўғрисида»ги Қонунлар Президентимиз томонидан имзоланди. Мазкур соҳаларни тартибга солувчи қонун ости ҳужжатлари тайёрланди. Бундан ташқари, давлатимиз томонидан олимларнинг мавқеи, обрўйи оширилди, академик легитимлиги оширилди. Уларга қулай шарт-шароитлар яратиб берилди.

Шунингдек илмий-инновацион фаолиятнинг инфратузилмасини мустаҳкамлаш чоралари кўрилди. Президентимиз Қарори билан махсус дастур қабул қилинди. Бу дастур доирасида 40 дан ошиқ илмий ташкилотларга илмий асбоб-ускуналарни харид қилиш учун 32 миллион АҚШ доллари, уларнинг бино ва иншоотларини капитал таъмирлаш учун 119 млрд. сўм миқдорида маблағлар йўналтирилиб, бунда барча асбоб-ускуналар паркини янгилаш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Илмий фаолият билан шуғулланувчи илмий даражаси бор кадрларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш, нуфузли илмий йўналишлар бўйича илмий мактаблар яратишга қаратилган комплекс чоралар кўрилди. 2018 йилдан буён ойлик ва мутахассисларнинг ойлик иш ҳақлари ўртача 2,5 баравар ошди. Бундан ташқари, илмий фаолиятга молиявий харажатлар эса 3,5 бараварга ўсди. Ҳар бир олимга ўзининг йўналиши бўйича илмий фаолиятида натижа кўрсатса, ушбу натижаларни мукофотлаш билан боғлиқ тизим яратилди. Фан номзодларига ойлик иш ҳақига 30 фоизгача, фан докторларига 60 фоизгача миқдорида устамалар белгиланди. Бу олимларимизнинг янгиликлар яратиш, илмий натижаларини тегишли соҳаларга жорий этиш, амалиётга татбиқ қилиш кўламини оширишларига рағбат берди.

Мустақиллик даврида олимларимизда ўз ишланмаларини иқтисодиёт тармоқларига татбиқ этиш, тижоратлаштириш муаммо бўлиб қолганди. Ҳозир ана шу муаммо ечилиб, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича амалий механизмлар жорий этилди. 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги Илмий-техник ишланмаларни тижоратлаштириш Президент жамғармаси ташкил этилди. Ҳар бир олимга ё илмий жамоага ўз ишланмалари доирасида тижорат билан шуғулланиш, даромад олишга қаратилган платформа яратилди. Олимлар ўзи яратган ишланмаси доирасида алоҳида тижорат компанияси ташкил этиши, лицензион ёки бошқа тижорат шартномаси билан  ишлаб чиқаришни ташкил этиши мумкин. Бунда тижоратлаштиришдан тушган маблағларнинг 40 фоизи муаллифга, 30 фоизи илмий жамоага тақсимлаш назарда тутилган.

Илм-фан ва инновацион фаолият соҳасида халқаро ҳамкорлик ва халқаро ҳамкорлик доирасида ривожланган давлатларнинг нуфузли олимлари билан ҳамкорликда мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг шароитлар, мукофотлаш, қўллаб-қувватлаш тизими яратилди. Мана ҳозир Германия, Россия, Беларус, Туркия давлатлари билан 9,5 миллиардлик 21 та қўшма лойиҳалар бажарилиши назарда тутилган бўлса, келгуси йили халқаро қўшма лойиҳаларнинг географиясини кенгайтиришни режалаштирганмиз. 2021 йилда юқоридаги давлатлар билан бир қаторда яна Хитой, Ҳиндистон олимлари билан ҳам қўшма лойиҳаларга танловлар эълон қилинади. Бу нафақат Ўзбекистондаги иқтисодий ва ижтимоий соҳадаги муаммоларнинг ечимини топишга, балки глобал миқёсдаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган илмий-инновацион тадқиқотларни амалга оширишга хизмат қилади.

Эндиги олдимизда турган вазифа 2030 йилгача бўлган даврда илм-фан соҳасини ривожлантиришнинг асосий ташкилий-иқтисодий, инфратузилмавий, инстутуционал чора-тадбирларни амалга оширишдир.

Бунинг учун илм-фан соҳаси ва илмий-тадқиқот ишларини 2020-2022 йилларда молиялаштириш ҳажмини кенгайтириш ва диверсификациялашнинг мақсадли параметрларига эришиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси тасдиқланмоқда. Самарали институционал муҳит ва замонавий инфратузилмани яратиш, илмий ишланмаларни иқтисодиёт тармоқлари талабларига мослаштириш, тижоратлаштириш кўламини кенгайтириш, илм-фан ва илмий фаолиятни ривожлантиришда тизимли ёндашув татбиқ этиш чоралари кўрилади.

Мана шу чора-тадбирлар доирасида Фанлар академияси тизимида жамоавий фойдаланиладиган 7 та замонавий лабораториялар мажмуалари босқичма-босқич ташкил этилади ҳамда GLP ва GMP жаҳон стандартларига мос ускуналар билан жиҳозланади. Бу ҳозирда мавжуд аянчли илмий лаборатория базасини тубдан янгиланишига олиб келади. Ахир бугунда жами асбоб ускуналарнинг 55 фоизидан 28 йилдан бери фойдаланиб келинмоқда. Бунинг устига мана шу илмий ускуналарнинг 90 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келади.

Илм-фан учун хусусий сектор томонидан ажратилган маблағлар улуши 30 % га етказилади. Ҳозирда Ўзбекистонда тадқиқотчиларнинг ўртача ёши 57 ёшни ташкил этмоқда. 2030 йилга келиб, бу кўрсаткич 39 ёшга бўлиши керак. Ёшларнинг илм-фанга кириб келиши истиқболли янги йўналишлар – биотехнологиялар, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, нанотехнологиялар, водород энергетикаси, геномика, космология, криминалистика бўйича илмий-тадқиқот ишларини жадаллашишига хизмат қилади.

Ўз навбатида илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси механизми тўлиқ жорий этиш, грант асосида молиялаштириш механизми такомиллаштириш бўйича ҳам қатор ишларни амалга оширмоқдамиз. Илм-фанни молиялаштиришда хусусий сектор улуши амалдаги 8 фоиздан 2025 йилда 20 фоизга, 2030 йилгача эса 30 фоизга етказилиши кутилмоқда. Энг муҳим жиҳатлардан бу – 2025 йилга қадар илм-фанга ажратилган маблағлар ЯИМга нисбатан улуши 6 бараварга, 2030 йилгача эса 10 бараварга оширилишига эришишдир. Негаки илм-фанни молиялаштириш ҳажми Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0.2% ни ташкил қилиб, йиллар давомида ўзгармай қоляпти. Ушбу кўрсаткич жаҳон бўйича ўртача 1,7 фоизни ташкил этади, масалан Хитойда 2008 йилда 1,4 фоиздан 2,14 фоизгача, Корея Республикасида 3,1 фоиздан 4,5 фоизгача ошган.

2020–2021 йилларда 43 та янги ишланмаларни, 2021–2022 йилларда юқори самарадор 38 та илмий ишланмаларни тижоратлаштириш асосида илмий ҳажмдор маҳсулотлар ҳажми ва инновацион маҳсулотлар турлари кенгайтирилади. Ҳудудий иқтисодиёт тармоқларидаги муаммоларнинг илмий ечимини таъминлашга йўналтирилган 2021 йилда 14 та лойиҳани, 2022 йилдан бошлаб ҳар йили илмий лойиҳалар сонини 50 фоизга ошириб боришни назарда тутувчи илмий фаолиятга оид ҳудудий дастурлар амалга оширилади. Шу жумладан, ҳудуддаги муаммолар ечимига қаратилган маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш тизимли равишда йўлга қўйилади.

Мана шу мақсадлар ва белгиланган вазифалар юртимизда Учинчи Ренессанс даврининг бошланишига замин яратиши кутилмоқда. . Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда янги Ўзбекистон янгидан-янги юксак марраларга эришишига, инсоният бахт-саодати, фаровонлиги ва равнақи учун ўрнак бўлишига шубҳа йўқ.

 

Иброҳим Абдураҳмонов,

Инновацион ривожланиш вазири, академик

https://mininnovation.uz/uz/news/2465

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *