Биринчи университетнинг талабаси кашф этган Биринчилар

Ҳамма соҳада биринчи бўлиш ҳам ўзига хос омад!

Мамлакатимизда ташкил топган биринчи олий таълим муассасаси — Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий  университети талабаси Алишер Эгамбердиевнннг ЎзАда ёритилган қуйидаги мақоласи катта қизиқиш уйғотди. Алишержон мавзуни давом эттиришига тилакдошмиз. Зеро, биринчи телевизор ҳам ЎзМУ (ўша пайтдаги номи — ЎОДУ) тадқиқотчилари томонидан яратилган. PR фани асосида биринчи номзодлик диссертацияси ҳам Ўзбекистонда биринчи бўлиб ЎзМУ ёқланган! Азиз академик ва профессор-ўқитувчилар ҳамда ёш тадқиқотчилардан ҳам мазкур мавзуни давом эттиришга ҳисса қўшадиган муҳим маълумотлар тақдим этишларини кутиб қоламиз, дейди Дониш домла.
Биринчи ўзбек профессори, биринчи археолог, биринчи матбаачи ва ношири, биринчи адвокати ҳақида...

Биринчи ўзбек профессори, биринчи археолог, биринчи матбаачи ва ношири, биринчи адвокати ҳақида…

ЁХУД ТАРИХИМИЗДАГИ БИРИНЧИЛАРНИ БИЛАСИЗМИ?
Бирор кишининг муайян соҳада биринчи бўлиши ёки бирор нарсанинг илк маротаба яратилиши доимо тарихда қолган. Иккинчи бўлганларни ҳеч ким эсламайди, ҳамма ҳурмат биринчиларга. Чунки улар биринчи!
Бироқ башарият тарихидаги барча биринчиларнинг номи ҳам сақланиб қолмаган. Кўплари тарихнинг номаълум саҳифаларида қолиб кетган. Уларни жаҳонга “танитиш” олимлар томонидан амалга оширилажак илмий изланишлар учун тайёр мавзу бўлиб турибди.
Жаҳон тарихининг ажралмас бўлаги сифатида Ватанимиз тарихида ҳам бир қанча биринчилар бор. Мазкур мақолада ХIХ–ХХ асрларда яшаган, турли соҳаларда биринчи бўлиб, номлари Ўзбекистон тарихида қолган айрим ватандошларимиз ҳақида ҳикоя қиламиз.
БИРИНЧИ ЎЗБEК ҲАВАСКОР АРХEОЛОГИ
Тошкентлик Акрам Асқаров тарихимизда биринчи ўзбек ҳаваскор археологи деган ном олди. Савдогар оиласида туғилган Акрамнинг таваллуд йили ҳақида маълумотлар етиб келмаган. Аммо унинг 1891 йил 15 ноябрда вафот этгани маълум. У Акрамполвон номи билан ҳам машҳур.
Акрамполвон ўз даврининг машҳур коллекционери сифатида турли-туман археологик буюмлар ва қадимги тангаларни тўплаган. Буни қарангки, унинг биргина нумизматика коллекцияси 15 мингдан ортиқроқ қадимги пуллардан, жумладан, 17 олтин, 1498 кумуш ва 13 минг 537 мис тангадан иборат. Шулардан 504 таси Санкт-Петербургдаги Эрмитаж музейида сақланмоқда.
1890 йилда Тошкентда очилган қишлоқ хўжалиги ва саноат моллари кўргазмасида Акрамполвон ўзининг археологик ва нумизматик коллекциялари билан иштирок этган.
Акрамполвон рус олимларининг Ўрта Осиё бўйлаб олиб борган илмий кузатишларида ҳам қатнашган. Жумладан, 1884 йилда рус археологи ва шарқшуноси Николай Веселовскийнинг Сурхондарё ва Зарафшон водийлари ҳамда Бухорода ўтказган илмий сафарида ҳамроҳлик қилган.
Россиянинг археология жамияти Акрамполвоннинг археология соҳасида қилган хизматларини тақдирлаб, уни 1887 йилда кумуш медаль билан мукофотлаган.
БИРИНЧИ ЎЗБEК МАТБААЧИСИ ВА НОШИРИ
Отажон Абдалов (1856–1939) матбаачилик фаолиятини 1874 йилдан, Хива шаҳрида Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II саройида ташкил этилган Туркистондаги биринчи тошбосмада фаолият юритишдан бошлаган.
У 1876 йилда Абдуносир Фароҳийнинг “Нисаб ус-сибён” асарини тошбосмада босиб, хонга тақдим этади. Бу китоб Хивадагина эмас, балки бутун Ўрта Осиё миқёсидаги биринчи босма китоб ҳисобланади.
Отажон Абдалов босиб чиқариш учун лойиқ асарларни ўзи танлаб, уларни Муҳаммад Раҳимхон Феруз чоп этишга рухсат бериши учун хонга тавсия қилган. Қўлёзмаларни нашрга тайёрлашда ўзига замондош бўлган таниқли хаттот ва шоирларнинг кўмагидан фойдаланган.
1876–1910 йилларда у Хива матбаасида 10 дан ортиқ китобни нашрдан чиқарди. Улар орасида Муҳаммад Раҳимхон Ферузнинг 1897 йилда босмадан чиққан ғазаллари ҳам бор эди.
Биринчи ўзбек матбаачиси ва ношири кейинчалик Хоразм халқ ҳукуматининг бир қанча хитобномалари, тарихий ҳужжатларини чоп этиш, Хива шаҳрида ўзбек, рус, туркман, қорақалпоқ тилларида газеталар чиқариш ишларига ҳам бошчилик қилган.
БИРИНЧИ ЎЗБEК АДВОКАТИ
Жамоат арбоби, жадидчилик ҳаракатининг йирик вакили тошкентлик Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев (1878–1937) номи айрим манбаларда Убайдулла Хўжаев шаклида ҳам тилга олинади. У 1908–1912 йилларда Россиянинг Саратов шаҳридаги ҳуқуқшунослик институтида ўқиди. Талабалик йилларидаёқ давр муаммоларини ечишни ўйларди. 1909 йилда рус ёзувчиси Лев Толстой билан ёзишмалар амалга оширди.
Ўқишни тугатгач, дастлаб Саратов, 1913 йилдан Тошкент округ судида хусусий адвокат бўлиб ишлади. Чор Россияси ҳукумати маъмурларининг порахўрлиги ва золимлигини фош этиб, айримларини давлат ишидан четлатишга эришди. Жадидчилик ҳаракатига қўшилиб, тез орада унинг йирик вакилларидан бирига айланди.
1916 йил 25 июнда Россия императори Николай II “Империядаги бегона халқлар эркак аҳолисини ҳаракатдаги армия районида ҳарбий иншоотлар ва шунингдек, давлат мудофааси учун зарур бўлган бошқа ҳар қандай ишларга жалб қилиш”, ҳақида фармон чиқарди. Шунга биноан Туркистон аҳолисидан 250 минг киши мажбуран мардикорликка сафарбар қилиниши керак эди. Бу фармон халқ ғазабини қўзғаб, Туркистон қўзғолонига сабаб бўлди.
Айни шу пайтда Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев Тошкентда тузилиб, мардикорликка олиш иши билан шуғулланган “Туркистон мардикорликка олиш қўмитаси” раиси бўлди. У оқ подшонинг мардикорликка жўнатиш ҳақидаги фармонини бекор қилдириш учун маҳаллий миллатпарвар бой Миркомил Мирмўминбоев билан бирга Петербургга борди.
Давлат думасининг 1916 йил декабрдаги мажлисида фармон Россия империясининг қонунчилигида кўрсатилган ҳолларга зид равишда қабул қилингани исботлаб берилди. У Туркистондаги кейинги жараёнларда ҳам фаол қатнашди.
БИРИНЧИ ЎЗБEК ПРОФEССОРИ
Фитрат тахаллуси билан танилган Абдурауф Абдураҳим ўғли (1886–1938) нафақат давлат ва жамоат арбоби сифатида, балки 1926 йилда профессорлик унвонини олгач, биринчи ўзбек профессори сифатида ҳам ном қолдирди.
ХХ аср бошларида унинг бир қатор асарлари Туркистондаги миллий уйғониш ҳаракатининг норасмий дастури бўлиб хизмат қилди. Айниқса, “Мунозара” ва “Сайёҳи ҳинди” асарлари ёшлар дунёқарашининг кескин ўзгариши ва уларнинг жадидлар сафига келиб қўшилишига сабабчи бўлди.
Фитратнинг ҳаёти анча қийинчиликда ўтган. Фитрат томонидан ташкил этилган “Тонг” журналининг шиори бўлган: “Мия ўзгармагунча бошқа ўзгаришлар негиз тутмас!” сўзлари унинг шу йилларда олиб борган фаолиятининг мақсад-моҳиятини тўла ифодалайди.
Бухоро Халқ Совет Республикаси (БХСР) ташкил топиши билан Фитрат 1921 йилдан қатор юқори лавозимларда ишлади. У шу даврда БХСР маблағлари ҳисобига 70 нафар туркистонлик истиқболли ёшларнинг Германияга бориб ўқиши, фан ва маданият тарихига доир халқ қўлида сочилиб ётган ноёб қўлёзмаларни тўплашда ташаббускор бўлди.
Фитратнинг саъй-ҳаракати билан Бухоро жумҳурияти (БХСР)да турк (ўзбек) тили давлат тили, деб эълон қилинди. Унинг бу ишлари мустамлакачиларга маъқул келмади.
1923 йил июнда Москвадан Й.Э. Рудзутак бошчилигида келган комиссия Фитратни ишдан олиб, уни Россияга “чақириб олинган”, деб эълон қилди ва Фитрат 1923–1926 йилларда Москвага бориб, Шарқшунослик илмий тадқиқот институтида ишлади.
Москвада пайтида биринчи ўзбек трагедияси – “Абулфайзхон”ни яратди.
БИРИНЧИ ЎЗБEК ЭНEРГEТИК МУҲАНДИСИ
Ушбу номга тошкентлик Саидоқил Саидхўжаев (1894–1968) сазовор бўлган. У 1904–1906 йилларда Тошкентдаги рус-тузем мактабида таҳсил олган. 33 ёшида, 1927 йилда Москвадаги Плеханов номидаги Халқ хўжалиги институтини тугатган.
Саидоқил Саидхўжаев Ўрта Осиёни электрлаштиришга катта ҳисса қўшган. Ўзбекистонда дастлабки қурилган гидроэлектростанция – Йўлдош Охунбобоев номидаги Оқтепа ГEСи қурилишига бошчилик қилган.
1943 йилда техника фанлари номзоди илмий даражасини олган. 1951 йилдан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ишлаган. 1964 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи унвонига сазовор бўлган.
БИРИНЧИ ЎЗБEК ХАЛҚАРО ГРОССМEЙСТEРИ
1954 йилнинг 6-сентябрида Олмалиқ шаҳрида дунёга келган Георгий Тожиевич Аъзамов хотирасига бағишлаб Ўзбекистонда анъанавий турнир ўтказиб турилади. Чунки у 30 ёшида, 1984 йилда биринчи ўзбек халқаро гроссмейстерига айланди.
Машҳур шахматчи 1981-, 1983- ва 1985-йилларда Собиқ иттифоқ чемпионатларида иштирок этди. 1976- ва 1982-йилларда икки карра Ўзбекистон чемпионига айланди. Халқаро гроссмейстер даражасига эришган йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган жисмоний тарбия ва спорт ходими бўлди.
1982 йилда Ереванда ўтказилган Жаҳон биринчилиги минтақавий турнирида 7–8-ўринларни эгаллади. Кўплаб нуфузли халқаро турнирларда иштирок этди.
Алишер ЭГАМБEРДИЕВ,
Ўзбекистон Миллий университети талабаси
 http://uza.uz/oz/society/birinchi-zbek-professori-birinchi-arkheolog-birinchi-matbaach-23-08-2019

 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *