БОБУРНИНГ ГАВҲАРЛАРИ
Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигига
“…Шоҳ Бобурнинг ўн икки минг аскар билан Иброҳим Лўдийнинг юз минг кишилик лашкари устидан порлоқ ғалаба қозониши ёки азиз фарзанди Ҳумоюнга ўз жонини садқа қилишини эслайлик. Буларнинг барчаси бу мумтоз шахс умрининг илми ғайб ҳикматлари билангина шарҳланиши мумкин бўлган сирли саҳифаларидир.
…Хазинасини безаган, оламнинг икки ярим кунлик харжига арзийдиган Кўҳинур каби олмос-гавҳарлардан кўра она юртининг бир ҳовуч тупроғини баланд қўяр эди. Оламда ватан соғинчи ва ҳасратини Бобурдек ёниб, қайғу-надоматга тўлиб куйлаган бошқа бирон шоир бормикан!”
Хайриддин Султоннинг “Бобурийнома” асаридан
“Бу жаҳонга ким келибди, бўлмасин бахтиқаро,
Жон берарда гавҳари – иймонидан айрилмасун”.
Мавлоно ХАЗИНИЙ
“Тож эрур бошдаги фикрга қафас!”
Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” асаридан
1.
Сўз қадрини баланд тутинг,
Лафз қадрини қилманг хор.
Ўзгаданмас, ўздан кутинг,
Сўзда шаън бор, сўздир – ор!
Барча неъмат уволидан
Оғирдир сўз исрофи.
Минг майда гапни ҳикматга
Алишмас сўз саррофи.
Ҳар нарсани гап демасдан,
Оқил кўнгилга олмас.
Кескирлигу, қимматликда
Сўздир бамисли олмос.
Олмос ҳақда гап кетганда
Қўш нақлни эсладим.
Уни сизга етказай деб
Қаламимни тезладим.
2.
Олмос юрти қадим Ҳинддир,
Гавҳарларнинг диёри.
Жилвасидан кетар кўпнинг
Қўлидан ихтиёри.
Султон Маҳмуд Ҳинд юртини
Ўз забтига олганди.
Бундай ҳунарпеша халқдан
Ақллар лол қолганди.
Ҳамма ёқда бутлар эмиш,
Кўзларидир – ёқут, лаъл.
Кўпчиликнинг нафси қўзиб,
Динига тушди қамал.
Аммо, Маҳмуд бўш келмасдан,
Буту, санамни ёқди.
Рангинкамон гавҳарларга
На бурулди, на боқди.
Берунийга бул маъданлар
Илми учун бўлди боб.
“Ҳиндистон”у, “Сайдана” деб
Ёзиб қолдирди китоб.
Аммо, аъёнларнинг фикри
Дур, гавҳарга бўлди банд.
Қўйиб берса шоҳ амридан
Тошни қўйишар баланд.
Шу ҳолда ҳам ўзларини
Шоҳга содиқ билишар.
Ҳар сўзига “Хўп!” деганча
Тинмай таъзим қилишар.
Улар ичра бир қул – Аёз
Султонга маъқул эрди.
Рашки келган шум аъёнлар
Уни “Такаббур!” дерди.
Бир кун султон аъёнларин,
Қилди бир-бир имтиҳон:
Бундай “хўп-хўп”чилар ақли
Кимда пишиқ, кимда – хом?!
Ҳар бирига бир гавҳарни
Кўрсатиб, нархин сўрди.
“Бебаҳо!” деб ҳар биттаси
Ё чин айтди, лоф урди.
Сўнг қўлига бериб болға,
Деди: “Ташла синдириб!”
“Қилолмайман!” – дерди улар,
Кўзини нафс тиндириб.
“Кечинг бир қошиқ қонимдан,
Даргоҳингиз улуғ, кенг,
Ахир, шоҳим, бунинг нархи
Бир йиллик хирожга тенг!”
Ўттиз аъён шу тахлитда
Қолдилар сақлаб жонни.
Охирда шоҳ Аёз билан
Бошлади имтиҳонни.
Аёз эса ўйланмасдан
Гавҳарни қилди майда.
Аҳли аъён деди ичда:
“Бундайин ахмоқ қайда!”
Султон эса ғазаб билан
Аёзга берди дашном:
“Эй, қулвачча, қиличим нақд
Энди қонингга ташна!
Неча дунёларга тенгдир,
Бу гавҳарнинг баҳоси.
Не сабабдан сенга келиб,
Етишди интиҳоси?!”
Аёз бошин эгиб деди:
“Узримни этинг қабул,
Менга мингта бундай тошдан
Битта амрингиз маъқул!”
Султон чалиб бунга қарсак,
Қулга таҳсин ўқиди.
Кўпни кўрган оқсоч тарих
Бундан ибрат тўқиди.
(Султон асли соф гавҳарни
Жўн шишага алишган.
Аёз-ла бу томошани
Атайиндан келишган).
Аллоҳ амри қулга сабоқ,
Шоҳнинг амри вожибдур.
Ким Ҳақ сўзин аъло билса,
Ўшал Ҳаққа ҳожибдур.
Таҳрирланмас раҳбар сўзи,
Тарозига солинмас.
Бу борада “агар-магар”
Инобатга олинмас…
3.
Одамларнинг бор аълоси,
Ғофилу огоҳи бор.
Олмосларнинг ичида ҳам
Тенгсизи бор, шоҳи бор.
Ўшал олмосларнинг шоҳи
Ҳиндистондан топилган.
Эришай деб унга кўплар
Жонини нисор қилган.
Қўҳинурдир унинг номи,
Маъносидир “Нур тоғи”!
Нақ каптарнинг тухумича
Келар, айтсам у ёғи!
Тиниқлиқда сувдай шаффоф…
Таърифлар ўз йўлига.
Ўзгартириб қанча шоҳни,
Тушди Бобур қўлига.
Ҳар галгидек жойидир бош,
Қадалди у саллага.
Кўпни кўрган Бобур умри
Етди оғир паллага.
Ўзига гар тегса таёқ,
Жойин силаб кетгайдир.
Боласи гар жабр кўрса
Ота зоти нетгайдир?
Нақл бордир:
“Ота-бола
Солинибди даррага.
Ота лабин тишлаганча
Етишибди маррага.
Навбат ўғилга келганда,
Ота нолиш бошлабди.
Шунча зарбдан йиғламаган,
Додлаб йиғлай бошлабди.
“Сен қандайин бир бандасан,
Ё шунчаки нодонсан!
Ўз галингда чурқ этмадинг,
Энди нечун нолонсан?”
“Аввалига калтак келиб
Теккан эди этимга.
Йиғлаш қандай ҳам муносиб
Бўлсин мендай етимга!
Эт кўкарса – бир кун кетар,
Бошда бори кўрилди.
Бу зарбалар боламгамас,
Юрагимга урилди…”
Бу дунёдир тарозили,
Қоронғу ой ўн беши.
Бир кун Бобурнинг бошига
Тушди жигарлик иши.
Тўнғич ўғли Ҳумоюннинг
Қочди тамоман тоби.
Ойнинг бели букчайгандай,
Қорайгандай офтоби.
Бобур сиғмай вужудига,
Шердай бориб-келарди.
Ҳар нафасда боласига
Ҳақдан шифо тиларди.
Иситмада Ҳумоюннинг
Жони келар бўғзига.
Не табиблар дориларин
Томизарди оғзига.
“Чилёсин” ҳам бермайин наф,
Аҳли илм турар лол.
Издиҳомда сўз бошлади
Шайх ул-ислом бўлмиш чол:
“Хаста жонин сотиб олмоқ
Керакмикин Қадардан?”
“Нени берай, айтинг майли?”
Садо чиқди падардан.
“Тожингизнинг кўрки бўлган
Кўҳинурни айланг бахш!
Бойлик эмиш қўлнинг кири,
Фарзанддир умрга нақш!”
Шоҳ фикрин банд этди оний
Фурсатда чол каломи:
Демишлар бир туз ичган жойга
Лозим қирқ кун саломи…
Кўнгил – душман, деганидай,
Ўтди дилдан минг фараз:
Бу маслаҳат замирида,
Балким пинҳон бир ғараз?!
Тақдир ичар сувга оғу,
Гоҳи эса қанд солур,
Бир кун бориб бу калима,
Сиёсатга банд солур?
Наҳот оддий тошга тенгдир
Инсоннинг азиз жони?
Бу олмосдан азиз минг бор
Туққан юрт Андижони!
“Мен боламга тошдан қиммат
Ўз жоним бахш этардим.
Қабул қилса эди Роббим,
Кўп беармон кетардим”.
Гарчи бундай таваккалга
Қарши чиқди аъёнлар.
Ота вужудига ўтди
Вақти билан зиёнлар.
Иситмаси тушиб бирдан,
Ўғилдан дард ариди.
Ота эса бир ҳафтада
Нақ етмиш ёш қариди.
Асли Бобур бир умрида
Яшаганди қўшини,
Ўтдан олиб сувга солган
Оташкада тўшини.
Юз бор кесиб ўтилгандир
Ҳаёт-мамот чизиғи,
Бу дунёнинг унга энди
Қолмагандек қизиғи.
Кутмас бўлди тонгни интиқ,
На ажални пойлади:
Ўзга юртга ноёб гавҳар –
Шеъриятин жойлади.
Оз умрида кўпни кўрди,
Вақтни ўтказмай зое,
Кўҳна тарих кўкрагига
Тақиб қўйди – “Вақоеъ”!
Кўриб қанча мағлубият,
Ҳам ёвларнинг қасосин,
Ҳинд юртида қўйди янги
Салтанатнинг асосин.
Бу салтанат битта бўлса,
Минглабдир “Кўҳинури”.
Тожмаҳалда порлаб турар
Мангуликнинг зуҳури.
Дам бир ҳудуд бой берилган,
Ўнтаси қўшилган гоҳ.
Икки халқ дўстлик гавҳарин
Тарошлаган Акбаршоҳ.
Бир авлоди Зебуннисо,
Шоири оташзабон,
Шеърларин эл тилдан қўймас
Ошса ҳамки не замон.
Узилмас бир шода эрур
Шоҳ Бобур ва авлоди,
Ўзбегимнинг тарихида
Ноёб гавҳардир ёди!
Тўлқин ЭШБЕК
Сўнгги фикрлар