БОБУР ЗИЁСИ ВА ЧИНГИЗ АЙТМАТОВ МЕРОСИ

Қардош қирғиз эли ҳақида ўйлаганда кўз ўнгимизда энг аввало буюк адиб

Чингиз Айтматов гавдаланаверади. Ўзбек китобхонлари орасида унинг бетакрор асарларини севиб мутолаа қилмаган инсон топилмаса керак. «Оқ кема», “Юзма-юз”, “Бўтакўз”, “Биринчи муаллим”, “Сомон йўли”, «Алвидо, Гулсари», «Жамила» «Момо ер», «Сарвқомат дилбарим», “Асрга татигулик кун”, “Қиёмат”, “Кассандра тамғаси” каби асарларини такрор-батакрор севиб мутолаа қилганмиз. Чингиз Айтматовнинг деярли ҳамма асарлари ўзбек тилида юз минглаб нусхаларда чоп этилган. Буюк адибнинг китоблари кириб бормаган ўзбек хонадони топилмаса керак. Эътиборли жиҳати, бу китоблар эндиликда лотин алифбосига асосланган янги ўзбек ёзувчида ҳам кўп минг нусхаларда ўз мухлисларига етиб бормоқда.

photo_2024-02-22_20-05-37
photo_2024-02-22_20-05-45

photo_2024-02-22_20-05-57

Ҳаёти давомида Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов каби адибларимиз билан яқин муносабатда бўлган Чингиз Айтматов ўзбек адабиёти, маданияти тарихини юксак баҳолаб: “Қадим-қадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг Қадим Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин” деган фикрлари барчамизга ғурур бахш этади.

Илм-маърифат, адабиёт, санъат, маданият ва маънавият азалдан турли эллар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутган. Тили ва дили, миллий қадриятлари, маънавий олами бир-бирига пайваста ўзбек ва қирғиз халқлари ҳамиша дўст-биродар бўлиб яшаганлар. Юқорида таъкидлаганимиздек, буюк адиблар Чингиз Айтматов, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов ва бошқа ўзбек ёзувчи-шоирлари билан дўстлик алоқалари бугунги авлодлар учун ҳам катта ибрат мактабидир. Айнан ўша устозларнинг ижодий мерослари эндиликда ўзбек ва қирғиз ёшларини маънан, руҳан ҳамда қалбан бирлаштирмоқда! Шу тариқа икки улуғ халқ фарзандлари қалбида меҳр ришталари тобора кучайиб бормоқда.

Қирғиз олимлари ва ижодкорларининг ютуқлари бизга, ўзбек ижод аҳли ва зиёлиларининг муваффақиятлари қардошларимизга ҳам бирдек татийди. Шул боис, Қирғизистон Республикаси Ўш мамлакат университети дунёга бўй кўрсатаётгани ўзбек зиёлилари қалбида ҳам фахр туйғусини жўш урдиради.

ЎшМУда 2023 йил 13-14 июнь кунлари «Журналист маҳорати: халқаро ва миллий тажибалар уйғунлиги» мавзуида ўқув-семинари ўтказилди. Унга таклиф этилганимдан мамнун бўлиб Ўш сари йўл олдим. “Дўстлик” чегара постида ЎшМУ қирғиз филологияси факультети декани, филология фанлари номзоди, доцент Нурмамат Турганбаев, Журналистика кафедраси мудири Сейилжан Эргешова, доцент Чинара Абдиева ва бошқа ҳамкасблар эҳтиром билан кутиб олишлари бул замин одамларига бўлган меҳримни янада жўш урдирди.

Йўл-йўлакай чор-атрофни кузатаман. Фусункор Ўш шаҳрининг ажиб манзаралари мафтун этади. Кўҳна ва навқирон Ўшга азал-азалдан не-не сиймолар ҳавас билан қараганлари, ҳатто макон қурганлари бежиз эмас экан.

ЎшМУ ректори Кудайберди Кожобеков ҳузурида бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар билан суҳбатимиз ғоят мазмунли бўлди. Камтар ва самимий инсон Кудайберди Кожобеков қанчалик етук олим ва зукко етакчи эканлиги ҳар бир сўзидан аён сезилиб турибди. У кишининг эзгу ниятларидан бири – қардош Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари, хусусан, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети билан илмий, педагогик алоқаларни янада ривожлантиришдан иборат экан. Албатта, бу эзгу йўлда анча-мунча хайрли қадамлар ташланган. ЎзМУ ва ЎшМУ ўртасида тегишли Меморандумлар имзоланган. Неча йиллардан бери икки университет ўртасида талабалар алмашинуви кенг йўлга қўйилган. Шу билан бир қаторда профессор-ўқитувчиларимиз ўртасида ҳам илмий ҳамкорликлар изчил давом этмоқда.

Нурмамат Турганбаевнинг номзодлик диссертацияси қирғиз ва ўзбек сўзларининг ўзига хос уйғунлиги мавзуида экан. Умумтуркий тилимизнинг икки ирмоғи саналмиш қирғиз ва ўзбек тиллари устида илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб борган фидойи олимга ҳавас билан қарайман.

Қирғиз ҳамкасбларимиз бизни университет фаолияти билан яқиндан таништирдилар. ЎшМУ неча ўн йиллардан бери илмий мактаблари, бугунги замонавий бинолари ва зарур жиҳозлари, илмий тадқиқотлар ўтказишга ихтисослаштирилган лабораториялари билан донг таратган. Бу олий таълим муассасасида маҳаллий кадрлар билан бир қаторда кўплаб хорижлик тадқиқотчилар ҳам илмий ишларини ёқлаганлар. ЎшМУ дунёда энг кўп халқаро алоқаларни самарали йўлга қўйган университетлардан бири сифатида донг таратган.

ЎшМУ талабаларининг одоби, маънавий олами, кийиниш маданияти, Устозларига ҳурмат-эҳтиромлари эътиборни тортади. Қайсики факультет аудиториясига боқмайлик, талаба йигит-қизлар одоб билан китоб мутолаа қилишмоқда, ахборот-ресурс марказларида эса компьютер қаршисида фаол изланиб ўтиришибди.

«Журналист маҳорати: халқаро ва миллий тажибалар уйғунлиги» мавзуида ўтказилган ўқув-семинарида менинг «Журналист ижод мактаби», «ЎзМУ ва ЎшМУ – муштарак мақсадлар йўлида», «PR ва журналистика», «Имиж яратиш маҳорати», “ЎзМУда “Чингиз Айтматов экспозицияси – маърифат маркази” мавзуларида қилган маърузаларимни эътибор билан тинглаган талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига мухтасар жавоблар олдилар. ЎшМУ талабалари, ёш тадқиқотчилари билан эркин суҳбат ва очиқ мулоқотимиз қалбимга муҳрланиб қолди. Мустақил фикрига эга талабалар Қирғизистон ва Ўзбекистон Республикалари университетларининг ўзаро ҳамкорлик алоқалари, истиқболларига катта қизиқиш ва умид билан қарашлари бежиз эмас, албатта. Улар ўтган асрларда ҳам ўзбек ва қирғиз олимлари, зиёлилари яқиндан ҳамкорлик қилганлари, бунинг натижасида кўп ютуқларга эришилганини теран англар эканлар. Айниқса, ЎзМУда бир неча ой таҳсил олган қирғиз талабаларининг қардошлик, икки мамлакат дўстлик ришталари халқларимиз манфаатларига қанчалик самарали хизмат қилиши ҳақида билдирган мулоҳазалари таҳсинга лойиқдир.

***

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Журналистлар уюшмаси ҳамкорлигида қатор тадбирлар ўтказиб турилади. 2023 йил 24-25 ноябрь кунлари ўтказилган “Миллий журналистика: анъана, назария ва амалиёт уйғунлиги” мавзуидаги навбатдаги давра суҳбатида Қирғизистондаги Ўш мамлакат университети қирғиз филологияси факультети декани Нурмамат Турғунбаев ва Журналистика кафедраси доценти Чинара Абдиевалар ҳам иштирок этдилар.

Нурмамат Турғунбаев ЎшМУ ва ЎзМУ журналист-кадрлар тайёрлашда яқиндан ҳамкорлик қилаётганини алоҳида таъкидлар экан, бугун умумий ахборот маконида қирғиз-ўзбек зиёлилари янада яқинроқ жипслашган ҳолда ҳаракат қилишимиз лозим эканлигига алоҳида эътибор қаратди. Муштарак мақсадларга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз барчамиз учун бирдек манфаатли бўлиши эътироф этилди.

Давра суҳбатида барча соҳалар қатори журналистика ривожи ҳам бевосита кадрлар салоҳиятига боғлиқлиги, тезкорлик билан ривожланаётган ҳозирги даврда ҳар томонлама профессионал журналист кадрларга эҳтиёж мавжудлиги қайд этилди. Шунингдек, журналистика ўқитилаётган олий ўқув юртларида илмий салоҳият кўрсаткичлари юқорилаб бораётгани эътироф этилди.

***

ЎзМУ Журналистика факультетига хорижлик профессор-ўқитувчиларни таклиф этиб туриш анъанага айланган. Навбатдаги шундай машғулотда Ўш мамлакат университети қирғиз филологияси факультети декани Нурмамат Турғунбаев ва Журналистика кафедраси доценти Чинара Абдиевалар талабаларимизга сабоқ бердилар.

– Ўзбекистонда Чингиз Айтматов қанчалик эъзозланса, Қирғизистонда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратлари шу қадар улуғланади,– деди Нурмамат Турғунбаев.– Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида муносиб ўрин эгаллаган Бобур бобомиз адиб, шоир, олим бўлиш билан бирга йирик давлат арбоби ва саркарда сифатида ҳам донг таратган. «Бобурнома» асарини биз қандоқ иштиёқ билан мутолаа қилган бўлсак, бугунги талаба-ёшларимиз ҳам катта қизиқиш билан ўқимоқдалар. Бу оламшумул асарда ўша давр ҳаёти мукаммал баён қилинган. Унда Андижон билан бир қаторда Самарқанд, Бухоро, Қарши, Шаҳрисабз, Ўш, Урганч, Ўратепа, Термиз ва бошқа шаҳарлар ҳақида ниҳоятда нодир маълумотлар келтирилган. Мазкур асарнинг яна бир қимматли жиҳати: Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Беҳзод, Мирзо Улуғбек ва бошқа алломалар ҳақида муаллифнинг фикрлари баён этилган.

ЎшМУ талабалари ёзувчи Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар», «Авлодлар довони», Хайриддин Султоннинг “Бобурийнома” китобларини ҳам севиб мутолаа қилишмоқда,– дея давом этди Нурмамат Турганбаев.– Азал-азалдан ўзбек ва қирғиз халқлари тарихий илдизи, тили, дили, дини ва миллий қадриятлари бир эл сифатида энг яқин қардош ҳисобланади. Адабий, илмий алоқалар икки халқ зиёлилари томонидан ҳамиша бирдек эъзозланиб келмоқда. Шундай меҳр ришталари ҳосиласи сифатида ЎзМУда “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” экспозицияси ташкил этилгани таҳсинга лойиқдир.

Айни пайтда Ўшда Бобур мирзо яшаб ижод қилган уй ҳам барчанинг эътиборида. Ўшлик зиёлилар уни рамзий маънода “Иккинчи каъбатиллоҳ” дея улуғлашлари бежиз эмас…

Чинара Абдиеванинг бугунги Қирғизистон оммавий ахборот воситалари фаолиятига оид маърузаси ҳам талабаларда катта қизиқиш уйғотди.

– Сўнггги йилларда “Талабалар алмашинуви” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, ҳар йили ЎшМУ талабалари ЎзМУда бир неча ойдан таҳсил олиб келаётгани ана шу дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади,– деди у.– Мазкур лойиҳа доирасида ЎшМУнинг иқтидорли талабалари Gadaeva Aizirek ва Sagynbek Kyzy Sezim 2022 йил март-апрель ойларида ЎзМУ Журналистика факультетида таҳсил олиб, билим ва малакаларини оширдилар. Бу анъана изчил давом эттирилади.

ЎшМУ Қирғиз филологияси жана журналистика факультети талабалари улуғ ўзбек адиби Пиримқул Қодировнинг «Уч илдиз», «Юлдузли тунлар», «Авлодлар довони» китобларини ЎзМУ Журналистика факультети талабалари буюк қирғиз адиби Чингиз Айтматов асарларини иштиёқ билан мутолаа қилишларини кузатган киши уларга бир оила фарзандларидек меҳр билан боқадилар. Ҳаётларида яқин дўст, қадрдон бўлишган икки буюк адиб – Пиримқул Қодиров ва Чингиз Айтматовнинг ижодий мерослари эндиликда ўзбек ва қирғиз ёшларини маънан, қалбан бирлаштирмоқда! Икки улуғ эл фарзандлари қалбида меҳр ришталарини кучайтирмоқда.

Биз қирғиз талабаларига келгусида “Ўзбек публицисти Аҳмаджон Мелибоев ижодида Чингиз Айтматов образининг ўзига хос жиҳатлари” ҳамда “Ўзбек адиблари Пиримқул Қодиров ва Хайриддин Султон ижодида қирғиз-ўзбек ришталари акс этиши” мавзуларида Битирув-малакавий ишлари ёзишни таклиф этдик. Бу мавзулар қайсики талабани қизиқтирса, уларга ҳар томонлама кўмак бериш ЎзМУ ва ЎшМУ профессор-ўқитувчиларидан улкан масъулият талаб этади, албатта. Энг муҳими, шу тариқа илмий ва ижодий ҳамкорлик ришталари мустаҳкамланиб бораверади.

***

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида турли йўналишларда алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётгани барча профессор-ўқитувчиларга ғурур бахш этади. Нурмамат Турганбаев айтишларича, Ўш шаҳрида икки мамлакат олий ўқув юртлари ректорларининг «Олий таълим тизимида интеграция, ҳамкорлик ва инновация» мавзусида ўтган 1-халқаро форуми барча зиёлиларда катта қизиқиш уйғотган. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари ҳамда сиёсий иродаси, улар ўртасидаги вужудга келган яқин дўстона муносабатлар натижасида икки мамлакат ўртасидаги тарихий алоқалар изчил ривожланиб бораётганлиги, ушбу омил ўзаро муносабатларни барча йўналишларда, шу жумладан таълим ва илм-фан соҳаларида, янада фаоллаштириш учун мустаҳкам асос бўлаётганлиги барча зиёлиларга хушнудлик бахш этади. Ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш учун ҳар икки томонда интилиш ҳамда кенг имкониятлар мавжудлигини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак.

Ўш давлат университети билан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳам ўз самарасини кўрсатади, албатта. Ўзбекистон томони кўмагида Ўш давлат университети қошида «Ўзбек тили ва адабиёти маркази» ташкил этилиши икки халқ маънавий дунёсини янада бойитишга хизмат қилади.

***

ЎзМУда ташкил этилган “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” доимий экспозицияси ўзбек ва қирғиз зиёлилари ҳамда талаба-ёшлари учун ўзига хос маърифат масканига айланган. Бу экспозиция улуғ адиб ҳаёти ва ижодини ўрганиш бўйича ўзига хос илмий тадқиқот маркази вазифасини ҳам бажармоқда. Зеро, адибнинг ўзбек, рус, қирғиз, қозоқ, қорақалпок, татар ва бошқа тилларда чоп этилган асарлари, публицистик мақолалари, суҳбатлари, ноёб фотосуратлар, кино ва саҳна асарлари жамланган.

Экспозиция раҳбари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ЎзМУ доценти, Чингиз Айтматов номидаги халқаро академия аъзоси Аҳмаджон Мелибоев ташаббуси билан бу масканда қатор тадбирлар, илмий-маърифий анжуманлар ўтказилмоқда. Жумладан, Қирғиз Республикаси Миллий Фанлар академияси қошидаги Чингиз Айтматов номли Тил ва адабиёт институти ҳамда “Жаҳон адабиёти” журнали таҳририяти билан ҳамкорликда ташкил этилган “Чингиз Айтматов ва ўзбек-қирғиз адабий алоқалари” мавзусидаги илмий-амалий конференция талаба-ёшларимиз учун катта сабоқ бўлди.

Айтиш ўринлики, Мир Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари Чингиз Айтматов ҳам қалам билан дунёни забт этган буюк адибдир. Унинг ижодий мероси ўзбек ва қирғиз халқлари учун бирдек қадрлидир.

***

Ўш мамлакат университетига ташриф буюрган чоғим қирғиз ҳамкасблар билан дилдан суҳбатлашаман. Мазкур университет халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Семитай Амиралиевнинг Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, ҳамкорлик ва яхши қўшничилик муносабатлари изчил ривожланаётгани, икки мамлакат ўртасида турли даражалардаги алоқалар, хусусан, таълим ва фан соҳаларидаги ҳамкорлик ҳам жадал ривож топаётгани ҳақидаги фикрлари икки қардош халқ зиёлилари учун бирдек қадрлидир.

***

ЎшМУда белгиланган ўқув-семинар ва бошқа тадбирлар поёнига етгач, Нурмамат Турганбаев саёҳатга таклиф этди. Бир гуруҳ ҳамкасблар ва талаба-ёшлар билан улкан тоғ тепасида қад ростлаб турган мўъжазгина уй сари йўл олдик. Бу хонадонда буюк бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур маълум бир даврларда яшаган экан!

Юксак тоғ тепасига олиб борувчи зиналардан бир-бир қадам ташлаганча юқорига ўрлар эканман, Бобур бобомизнинг руҳлари шодон кезаётганини бир дам ҳис этдим.

Йўл-йўлакай Нурмамат Турганбаев домламиз ҳамроҳларимизга қарата қизиқ гап айтди:

– Мен бир нарсани англаб турибман; Тўлқин оғамиз бу манзаралардан илҳомланиб бирорта ғазал ёзиб юборса ажабмас!

Шеърият шайдолари бўлган талабалар ва ҳамкасбларимиз шуни кутиб тургандек чапак чалиб юборишди.

Ё раббий, тушимми ё ўнгим? Улуғ аждодимиз қадамлари теккан йўлакда ажиб манзаралар ичра ўзимни Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобомиз ёнида тургандек ҳис эта бошладим. Шу лаҳзаларда қандайдир шеърий сатрлар қуюлиб кела бошлади. «Оний ва соний» деган сарлавҳа унга мос тушгандек туюлди. Мирзо Бобурга назира йўлинда битилган қуйидаги сатрларга Сиз ҳам ошно бўлинг:

 

Магарким умри инсоннинг жаҳон боғида онийдур,

Биринчи галда инсофдур, неки қолгани сонийдур.

 

“Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам”

Бурун ўзини тонийдур, кейин ўзгани тонийдур.

 

Агар кимда ақл қисқа эса ўз айбини кўрмас,

Ўзидан ўпка қилмасдан, бурун бошқани ёнийдур.

 

Шукур аҳлига ёндошдим қаноат расмини ёдлаб,

Неки юз берса манглайга ёзилган кунга қонийдур.

 

Ажаб боқий экан ҳақ йўлида чеккан зиён, заҳмат,

Бу кун ташвиши деб қўлга киритган фойда фонийдур.

 

Қадамда омаду шўриш кутиб турган фалакдир бу,

Дегин асли азал шундай – бу дунё имтиҳонийдур.

 

Мусофирлик кўрилмасдан мусулмонликка етмас кўп,

Азим Тошканда жой топган бу Тўлқин Иштихонийдур.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон

Миллий университети доценти,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *