БОБУР КЎНГИЛ РАНГЛАРИ

Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигига

bobur-10

Яна саҳни чаман бўлди мунаққаш ранг гуллардин,

Магарким сунънинг наққошиға ранг имтиҳонидур.

* * *

Қайғунгни чека-чека қарибдур Бобур,

Раҳм айлаки, ўзидин борибдур Бобур,

Норанж юборди сангаким билгайсен,

Яъники, бу навъ сарғарибдур Бобур.

 

Заҳириддин Муҳамммад БОБУР

 

“…Бобур Деҳлининг тунги осмонига тикилиб, болалигида кўрган Андижоннинг юлдузли шомларига қиёслади. Андижон осмони нафармон духобадек, юлдузлар эса катта-кичик гавҳарларга ўхшарди. Деҳли осмони эсу нилу рангда, қоп-қора, юлдузлар эса кўзёшларга ўхшайди. Балки адашаётгандирман, деб ўйлади Бобур, болаликда беғам эдим, ҳозир эса ўйларимнинг ўзи қоп-қора – келажак мавҳум, ҳар ёнда душман ҳинд рожалари ўраб, фақат Афғонистон томонгина очиқ. Аммо бу дегани, вазият хавфли бўлган заҳоти орқага чекинишни англатмаслиги керак. Энди ортга йўл йўқ!”

 

Пиримқул Қодировнинг

“Юлдузли тунлар” романидан

 

Болалик ранглари зангори, пушти,

Бобурга келганда қора ранг тушти.

 

Ўн икки ёшида атодин жудо,

Ул мурғак жонга раҳм этмади худо.

 

Бул нимжон кифтига тахт ғамин уйди,

Бобур бахт рангини йўқотиб қўйди.

 

Қандай туси бўлгай аслида бахтнинг?

Қандайин фарқи бор нася ва нақднинг?

 

Давлатманд оила чароғи эрди,

Эркалик бир наъви яроғи эрди.

 

Ҳали бола эди – варракбоз жони,

Шодлик эди шундоқ жону жаҳони.

 

Атоси Умаршайх эса – каптарбоз,

Икки бола – орада йиллар бор, холос.

 

Баланд каптархона томида ота,

Яйрар каптарларни самога ота.

 

Каптарлар осмонда урганида чарх,

Ота ва болада йўқдай эди фарқ.

 

Бир пайти забтига олди зилзила,

Ота ерга учди қўрғони ила.

 

Пастда Ахси сойи оқар эди маст,

Шу кун толеъ келди Умаршайхга паст.

 

Ҳали азадорлик нелигин билмай,

Ҳали бу қайғуни назарга илмай,

 

Бобурнинг дилида илинж – шер эди,

“Отам ўлмаган, у қайтар!”– дер эди.

 

О, бола хаёли, бола хаёли,

Ҳали бирор қаро ранглардан холи!

 

Ҳали не-не кунлар олдинда юкли,

Бирин ургунг келар, бири – суюкли…

 

Ҳаётидан кетди сукунат бадар,

Катта оилага у энди падар.

 

Ёш бошига илм, нафсу тахт жанги:

Қандоғ ўзи айтинг, сукутнинг ранги?

 

Катта бир ўлканинг у энди хони,

Ҳали жуда мўртдир мурғак иймони.

 

Уни солмоқ мумкин истаган йўлга,

“Гаҳ!” дея қўндирса бўлади қўлга!

 

Аммо, нигаҳбондур Тенгри етимга!

Бундай пайт ишониб бўлурди кимга?!

 

Аввалинг хор бўлсин, охиринг – аъло,

Қўлласин ҳар қачон Тенгри Таоло!

* * *

Гоҳ забун, гоҳ устун ўтди кунлари,

Баъзан кундан ёруғ ўтди тунлари.

 

Ёшлик заҳираси – умид ва орзу,

Посангиси ўйнаб турган тарозу!

 

Ой ўнбеши қаро, ўн беши ёруғ,

Ўн бешда уйланиб, ғамлардан форуғ.

 

Дам гашти дашт бўлди рангин Наврўзи,

Арғивон бодани излайди кўзи.

 

Йигитлик авони – ишрат замони,

Ўқ отар бехато таранг камони!

 

Ичса ҳам тотлидур чойу ёвғони,

Бобоюрти – Сурхон, Ғазни, Афғони.

 

Аммо бек бўлсанг-да, ўзга бунда бош,

Мусофир бўри ҳам тортаркан ювош.

 

Аммо у – бўримас, Бобурдир номи,

Шернинг қудратига тўлиқдир коми.

 

У шердир, шунчаки занжирбанд бир шер,

Вазиятга кўра этмас – алаф ер!

 

Пастлаб бораётир қудрат-посанги:

Айтинг, қандоқ бўлур қудратнинг ранги?

* * *

Ҳинддан чопар келди: туркий элат хор,

Ҳинд шоҳи солиқлар солганмиш қатор.

 

Мусулмон солиғи, масжид солиғи,

Уларга ёқмасмиш олам Ҳолиқи.

 

Туркийча сўзлашга таъқиқ бор эмиш,

Мажбурлаб қилармиш чўчқани емиш.

 

Туркий биродарлар тубан, хор эмиш,

Довюрак дарғага улар зор эмиш.

 

Бўлса эди бирор шерюрак ҳоқон,

Уларни бошлабон кетса жанг томон!

 

“Мана менинг галим, мана шу довим!

Ҳинд сори бургайман отим жиловин!”

 

Йигирма беш ёшли Бобур қилди аҳд:

“Туронда тегмагай менга зарра тахт!

 

Бу йўлда йўқ бўлгум, ё қолгум омон,

Гўёки иккинчи Исмоил Сомон!

 

Шиддату шаҳд ила ечилгай мушкул,

Оллоҳим, ўзингга қилгум таваккул!”

* * *

Олдинда турарди Панипат жанги,

Айтинг. қандоқ бўлур таваккул ранги?!.

 

Рости, гўзал эмас – қондир қирмизи,

Ҳар битта вужудда жароҳат изи…

 

Олов туси қориш қарғишлар билан,

Қора аралашар сарғишлар билан.

 

Филлар ўкиради, бўкирар – тева,

Уруш солмоқдадир ғуж-ғужлаб мева:

 

Ўликлар, ўликлар… Ким – шаҳид, ким – хор,

Ажал фариштаси чаққон харидор.

 

Жон нархи – сувтекин, ҳар ён – қон иси,

Ақли бут кимсадан қочади эси.

 

Бобур учун йўл йўқ зарра ортига:

“Оллоҳим, бутунлик бергин ёртига!”

* * *

Деҳли ётар эди Бобур пойида:

Ғолиблик аралаш ичар чойида!

 

Солмоқ мумкин янги шоҳликка асос,

Ҳали билмас эди – йўқ бўлмас қасос!

 

Дилига қўнмасди шубҳалар чанги:

Айтинг, қандоқ бўлур қасоснинг ранги?!.

 

Яхшиликка қайтмас яхшилик доим:

“Болаларим асра, Ўзинг Худойим!”

 

Бир ўзи бўлганда нечун хавотир,

“Бир бошга – бир ўлим!”– дейди ҳар ботир.

 

Аммо, энди унинг фарзандлари бор,

Яна юртдошлари ортида қатор.

 

Яна туркий эл бор бу ерда ўтроқ,

Дини ислом ҳам куч йўқотган – мўртроқ.

 

Ҳинду динига ҳам эътибор лозим,

Хулласи шоҳмас у – элга мулозим!

* * *

Аммо, қасос оғу солди-ку пинҳон,

Асраб юрган экан қўйнида илон.

 

Жангда қурбон бўлган Иброҳим Лоди

Онаси – кексайиб қолган бир боди.

 

Раҳм қилиб, Бобур хизматига олди.

Она-чи ошига жодуни солди.

 

Бобурнинг дилида йўқ шубҳа чанги:

Айтинг, қандоқ бўлур қасоснинг ранги?!.

 

Уч кун заҳар ила олишди Бобур,

Кўринмас ёв билан солишди Бобур.

 

Атрофда аъёнлар сир чиқмасин дер:

Жондорлар шод бўлур, магар ўлса шер…

 

Пинжида қуролин сақлаганлар бор,

Қўшни ҳинд эллари шайланган қатор:

 

“Ҳинднинг ўндан бирин олди келгинди!”

Шердай Ҳиндистон ҳам вазмин силкинди:

 

“Кўрамиз, бормайди бу ҳол узоққа!

Кимки бунга келса – тушгай тузоққа!

 

Маҳмуд Ғазнавий ҳам, Амир Темур ҳам,

Битта чой ичиш-ла, топдилар барҳам!

 

Аввало иссиқдир бизнинг зўр қурол,

Тонгдан ўзинг асраб, соя жойга ол!

 

Бу ердир заҳарли илонлар кони,

Афтини кўрган он чиқадур жони!

 

Қанчалаб бедаво хасталиклар бор,

Ҳадемай ҳаммаси қирилар қатор!

 

Бобур ўлиб берса… Сафардир якун,

Ноғора чалганча ўйнаймиз, акун!”

* * *

Бобур заҳр устидан қозонди зафар,

Давоми бор чиқди, олисми сафар?!

 

Нақ уч юз йил чиқди сулола умри,

Шоирлар мадҳ этди мисоли қумри.

 

Шоир Мирзо Бедил, Зебуниссолар,

Тасаввуф илмидан илҳомин олар.

 

Ўғли Ҳумоюнда шон чиндан балқди,

Бирлашиб дўст бўлди ҳинд, туркий халқи.

 

Бобур невараси – Акбар бўйланди,

Илк бор у ҳинд маликага уйланди.

 

Шоҳ Жаҳондан мерос қолди Тож Маҳал,

Невара Зебидан бир олам ғазал.

 

Донғи чиқсин, фақат чиқмасдан чанги,

Айтинг, қандоқ бўлур салтанат ранги?!

 

Бу борада тинмас экан токи баҳс,

Нерунинг сўзлари: “Бобур – дилбар шахс!”

 

Темур бобосидан ўзди авлоди:

Битта “Бобурнома” – ўлмас ижоди!

 

Эй авлод, аждодга бўлгин муносиб,

Шербачча улғайсин шер изин босиб.

 

Турли шоқолларга эргашма, токи

Кетмагай эл аро бирликнинг чоки!

 

Бобур бобомиздан олгин нур, зиё,

Ҳақига ўқийлик туганмас дуо…

 

Тўлқин ЭШБЕК

Иштихон ижод мактаби

2023 йил 15 август

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *