БОБУР МУНОЖОТИ

Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигига

bobur-10

“Ўн икки ёшдан кейин рамазон ҳайитини бир ерда икки бор қарши олмоқ Бобурга насиб этмади – умри мудом от устида, жангу жадалларда, сиёсат гирдобларида ўтди”.

Хайриддин Султоннинг

“Бобурийнома” асаридан

 

***

 Толеъ йўқе жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишники айладим хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб Ҳинд сори юзландим,

Ёраб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди?…

 

Заҳириддин Муҳаммад БОБУР

 

Толеъ йўқе, бошимға бўлди балолиғлар,

Танамгинмас дилимга тошти яролиғлар.

 

Бир ён Қисмат қавоғидан урса қор ила дўл,

Кўнглима ҳеч раҳм этмади қоши қаролиғлар.

 

Ахсисойда отам ила чўкди болалигим,

Шу-шу унутдим не ўзи дили оролиғлар.

 

Тағойилар панд берганда етимлик ҳолима,

Отамдан сўнг тутдим яна мотамсаролиғлар.

 

Темур бобомнинг бешинчи авлоди бўлсам-да,

Шоҳбаччага тақдир раво кўрди гадолиғлар.

 

Тенгримга боз шукр айладим, саёқни доим ҳам

Таёқ ила сийлмайин, берди фароғлиғлар.

 

Ўз юртимда умид топмай заррача, Ҳинд сори

От бошини бурдим, қилиб юзи қаролиғлар.

 

Икки ёндан қанча мўмин-кофир қони оқди,

Бир-бирини кўролмасди қаро қароғлиғлар.

 

Узоқ умр — узоқ гуноҳ дермишлару аммо,

Оз яшаб кўп хато қилдим, қилманг худолиғлар.

 

Бир бошимга юз бор ўлиш насиб этди, ё Раб,

Воқеъликда бир борадур жондин жудолиғлар.

 

Бир қўлимда ҳанжару бир қўлга тутиб қалам,

Қолдирмадим қайда, қачон қилдим хатолиғлар.

 

Ҳар товбамга Роббим бирни ҳазор қилган киби,

Ширин-ширин фарзандларни қилди атолиғлар.

 

Бу дунёнинг молига дил боғламанг-ким зинҳор,

Ким кўрубди шод бўлганин молу матолиғлар.

 

Мен ўттиз қилойин дердим, худо қилар тўққиз,

Бир чатоғлиқ орқасидан чиқар чатоғлиғлар.

 

Амунинг бўйига бир бор бормоқ орзум бўлди,

Аролиқда Ҳиндукушдек ястанган тоғлиғлар.

 

Ҳар ишнинг ўз муддати бор экан-да, эй рафиқ,

Бир муддат – азо, бир муддат – кайфи тароқлиғлар.

 

Туриб-туриб, шунга ҳайрон бўлмишманки, менга

Насиб этмиш, водариғо-ким, дили доғлиқлар.

 

Армон бўлди Андижоннинг юлдузли осмони,

Юлдуз санаш иши бўлгай дили фироғлиғлар.

 

Тўқ одамнинг қанчалар ҳам иши бор оч билан,

Чироқсиз ҳолин на билсун уйи чироғлилар?!.

 

Тенгрига таваккул ила кўп ишга эришдум,

Уйидан чиқмай ўтирсин “аммо, бироқ”лиғлар.

 

Ҳар ким ўзи учун экан олий бир оқловчи,

Тенгрининг олдида ҳамма бирдай сўроқлиғлар.

 

Бу дунёни қилич ила обод қилмоқ хаёл,

Обод этар уни фақат кетмон, ўроқлиғлар.

 

Ризойи Ҳақ дея суввор ҳар битта раҳбар-ким

Элу юрт хизматида тун-кун бели боғлиғлар.

 

Қиёматга тамал қўйгай ирқу дин ёвлиги,

Фақат меҳр ила яқин бўлгай йироқлиғлар.

 

Дини ислом қувватига қилдек қўшинг ҳисса,

Мулки араб, Шом ила Рум, Турон, ироқлиғлар.

 

Ҳар касб ривожини берсун Ул Тенгри Таоло,

Ўз кунига омон бўлсун нари-бероқлиғлар.

 

Тўлқин ЭШБЕК

 Иштихон ижод мактаби

2023 йил 14 август

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *