Бобур шахсиятининг жозибаси

Таниқли адиб Хайриддин Султоннинг “Бобурийнома” маърифий романи

1997 йили биринчи марта чоп этилгандаёқ адабий жамоатчилик, кенг китобхонлар оммасининг тилига тушган, катта қизиқиш билан ўқилган ва қизғин фикр-мулоҳазалар уйғотган эди. Аслида, Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахси, ҳаёти, адабий мероси ёзувчи ижодий фаолиятининг бош мавзуси, десак янглишмаймиз.

Асар муаллифи 1992 йили бобурийлар изларини излаб Эрон, Туркия, Сурия, Иордания, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Покистон, Афғонистон мамлакатлари бўйлаб ташкил этилган илмий экспедиция таркибида иштирок этди. Сафар таассуротлари, хотира ва ҳаяжонлари, улар давомида аждодларимизнинг бемисл маданий мероси, уларнинг зафар-фожиалари, кечмиш-изтироблари, келгуси ­наслларга қолдирган умр сабоқлари, ­муқаддас зиёратгоҳлар ҳақида тўпланган кўплаб муҳим маълумотлар “Бобурийнома” маърифий романининг яратилишида асос бўлгани шубҳасиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан бой тарихий меросимиз, улуғ аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятини теран ўрганишга эътибор ва қизиқиш кучайиб бораётган шу кунларда ушбу асарнинг орадан йигирма икки йил ўтиб “Маънавият” нашриёти томонидан иккинчи нашри амалга оширилгани алоҳида эътиборга лойиқдир.

* * *

bobur

Тарих ҳақиқатини авлодлар онгига сингдиришнинг энг таъсирчан усули уни бадиий асарлар тилига кўчирмоқдир. Зеро, чинакам бадиият намунаси ўтмиш воқелигини ўқувчининг наинки онгига олиб киради, балки бир вақтнинг ўзида қалбининг туб-тубига жойлайди. Дунёда бизнинг халқимиз даражасида муаззам тарихга, жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккирларга бой миллатлар кўп эмас. Бинобарин, шонли тарихимизни, беназир аждодларимизнинг ибратга лойиқ ҳаёт йўлини бадиий асарлар орқали авлодлар маънавий мулкига айлантириш ёзувчи ва шоирларимиз олдида турган долзарб вазифалардандир. Таниқли адиб Хайриддин Султоннинг “Бобурийнома” асари ана шу мақсадга хизмат қилиши жиҳатидан муҳим аҳамиятга эга.

Заҳириддин Бобур сиймосига болаликдан меҳр қўйган, “Толе йўқки…” рубоийсини мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ қалбию шуурига жойлаган, маш­ҳур “Бобурнома”ни қайта-қайта мутолаа этишни одатга айлантириб, бундан кўнгли чексиз лаззат туйган адиб мазкур асаригача ҳам бадиий насрда бу улуғ шахс ҳаётини ёритиш юзасидан бой ижодий тажриба тўплагани маълум. “Ой ботган паллада”, “Паноҳ” ҳикоялари, “Тавба”, “Бобурнинг тушлари” бадиалари ва ниҳоят, “Саодат соҳили” қиссаси “Бобурийнома” маърифий романи яратилишида адабий-эстетик замин вазифасини ўтаган.

Роман композицияси ўзига хос. Асарда мозий ва замонамиз воқеалари алмашиниб келади. Роман воқеаларининг бу тарздаги ички қурилиши ўқувчининг эътиборини бир маромда ушлаб туради. Натижада китобхон мутолаа жараёнида толиқмайди, аксинча, қизиқиши тобора ортиб боради. Бу – асарнинг биринчи ва муҳим фазилати. Иккинчиси – асар сюжетида буюк Соҳибқирон Амир Темур, Умаршайх Мирзо, Бобуршоҳ, унинг аъёнлари, фарзандлари Ҳумоюн, Комрон, Аскарий мирзолар, Гулбаданбегим, салтанатининг давомчилари бўлган неваралари, улуғ замондоши Ҳофиз Кўйкий ва бошқа тарихий сиймолар қатори замондошларимиз – биринчи Президентимиз Ислом Каримов, асримизнинг машҳур адибу шоирлари Асқад Мухтор, Пиримқул Қодиров, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, талабчан, моҳир муҳаррирлар Ваҳоб Рўзиматов, Маҳмуд Саъдий, Бобурнинг Ҳиндистондаги ҳозирги авлодларидан Зиёуддин Тусий, халқаро Бобур экспедицияси раҳбари Зокиржон Машрабов, экспедиция аъзолари ҳамда сафар давомида мулоқот қилишга тўғри келган турли мамлакат ва миллат вакиллари образлари иштирок этади. Энг фаол образлардан бири – муаллиф образи. Муҳими, ҳар бир образ, ҳар бир бадиий детал ягона мақсадга – Бобурнинг шахс, шоир, шоҳ ва мутафаккир сифатидаги сиймосини инкишоф этишга хизмат қилади. Бу услуб асар воқеаларини, гарчи турли замон ва маконларда кечган бўлса-да, яхлит бир тизимга бирлаштириб туради.

Асарда “Бобурномага” мос ифода услуби танланган. Воқеалар саналарининг аниқ қўйилиши, адиб кундаликларидаги қайдлар билан “Бобурнома” услубида ўзаро мутаносиблик кузатилиши, бугунги замон кишилари образига берилган тавсифнинг улар характерини яққол очиши, табиат ва жамият ҳодисалари ўртасидаги тасвирнинг мувофиқлиги, ифоданинг санъаткорона экани бунинг исботидир. Жумладан, асарда Бобуршоҳга оид “Ой ботган паллада” ҳикоясининг чоп этилиши воқеаси билан боғлиқ ҳолда машҳур адиб Асқад Мухторга мана бундай таъриф берилади: “…Ёшлик чоғидан етимлик билан ўсган, шу боис инсон қадрини ҳамма нарсадан юксак тутар эди. Хоксор ва мағрур эди, бир-бирига зид бу икки хислат унинг табиатида ажиб бир тарзда уйғунлик топган эди. Асли фарғоналик эди. Бу гўзал инсоннинг шарофати туфайли “Гулистон” журнали мустабид бир тузумдаги эркин фикр оролчасига ўхшар эди. Бунда мусаҳҳиҳдан тортиб бош муҳарриргача фикр ва инсоний муносабат бобида тенг, демократия деган нарса айни шу масканда мужассам эди”.

Шуни таъкидлаш керакки, “Бобурнома”га хос бундай услуб асарнинг анъана доирасида қолганини англатмайди. Муаллифнинг ижод концепциясига, шунингдек, мозий ҳамда замон воқелигига ёндашув мезонларига кўра уни ижодий анъананинг янгиланиши сифатида баҳолаш мумкин.

Фарзанд кутаётган Умаршайх Мирзо ва Қутлуғ Нигорхоним руҳияти, овда жайронни таъқиб этган Умаршайх Мирзонинг тасодиф туфайли йўлбарс боласининг туғилиш жараёнига гувоҳ бўлиши, овдан қайтар экан, ўғилли бўлгани ҳақидаги хушхабарни эшитиши, гўдакка Заҳириддин Муҳаммад дея исм қўйилганини билгач, бобоси Тошкент ҳокими Юнусхоннинг: “Қутлуғ бўлсин, улуғларнинг исми. Насиб этса, иншооллоҳ, йўлбарсдай баҳодир бўлғусидир. Инчунин, “Бобур”, яъни “йўлбарс” деб чақирсак ҳам бўлар экан”, деган сўзи Умаршайх мирзога чақмоқдай таъсир қилиши ва овда кўз ўнгида йўлбарс туғилгани воқеасини айтиб бериши… Асар ана шу ҳодисанинг бадиий тасвиридан бошланади. Бу ор­қали қисматнинг ўзи номига муносиб тарзда Бобурга йўлбарсдай мард ва шижоатли бўлишни раво кўргани талқин этилади. Асар ибтидосиданоқ ўқувчининг қизиқиши ортади, у роман cюжетининг ичига кирганини сезмай ҳам қолади.

Тақдир Бобур зиммасига юклаган масъулиятни адиб қуйидагича образли тасвирлайди: “Унинг подшоҳлик қисмати гўёки темурийлар салтанатининг ойи ботиб, Мовароуннаҳр осмонида янги, порлоқ юлдуз пайдо бўлганини эслатарди. Чунки у тарих осмонида ой ботган паллада намоён бўлган эди”. Бобур ва унинг авлодлари ҳозирги Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон ва Бангладеш мамлакатларининг аксар ҳудудларини ўз ичига олган улкан салтанатга асос солиб, темурийлар ҳукмронлиги тарихини уч ярим асрдан кўпроқ муддатга узайтирди.

Бобур ва бобурийларнинг Ҳиндистондаги бунёдкорлик фаолияти “Бобурийнома”да зўр муҳаббат билан тасвирланган. Бу жиҳатдан “Бобурийнома” ва “Бобурнома”да кучли мутаносиблик кузатилади. “Бобурнома”да ўқиймиз: “…Нечукким, “Зафарнома”да Темурбекнинг “Масжиди сангин” иморатини қилурда Мулла Шараф мундоқ муболаға била битибдурким, Озарбойжон ва Форс ва Ҳиндустон ва ўзга мамолик сангтарошларидин ҳар кунда икки юз киши масжидда иш қилурлар эди. Бир Аграда ушбу Агранинг сангтарошларидин менинг иморатларимда ҳар кунда олти юз сексон киши иш қилурлар эди. Яна Аграда ва Секрийда ва Байанада ва Дўлпурда ва Гвалийарда ва Кўйилда минг тўрт юз тўқсон бир сангтарош ҳар кунда менинг иморатимда иш қилурлар эди”.

Бобуршоҳнинг мазкур сўзлари унинг бунёдкорлик борасида улуғ бобоси Амир Темур Соҳибқирондан ўрнак олганини кўрсатади. Наинки ўрнак олган, Соҳибқирон қурдирган “Масжиди сангин”да 200 киши ишлаган бўлса, Бобур бунёд эттирган иморатларда 1491 сангтарош хизмат қилган. Шу боис Бобур ва бобурийлар томонидан барпо этилган Деҳлидаги Ҳумоюн мақбараси, Қизил қалъа ансамбли, Жоме масжиди, Аградаги қалъа, Тожмаҳал, Фатҳпур Шекрий шаҳри, Секандарадаги Акбаршоҳ мақбараси, Лоҳурдаги қалъа ва бош­қа иншоотлар ҳанузгача Ҳиндистон кўркига кўрк қўшиб келмоқда.

Бу муборак сулоланинг бунёдкорлик борасидаги ибрати “Бобурийнома”да қуйидагича тасвирланган: “…бобурийзодалар бу қадимий шаҳарни (Деҳлини – мақола муаллифлари) ўз давлатларининг пойтахти этиб белгилаганлар. Деҳлининг шон-шавкати, шараф-шукуҳи бевосита шу мумтоз сулола билан чамбарчас боғлиқ. Ва бу боғлиқлик шаҳарнинг ҳар қарич майдонида, ҳар бир ёдгорлигида яққол сезилиб туради”. Шу боис ҳам Жавоҳарлаъл Неру: “Бобур Ҳиндистонга келиши туфайли буюк ўзгаришлар содир бўлди, санъатда, ҳаётда, меъморчиликда ва маданиятнинг бошқа соҳаларида янгича тараққиёт юз берди”, дея эътироф этган эди.

Асарда руҳий таҳлил ва мантиқий тафаккур уйғунлиги бадииятнинг юқори бўлишини таъминлаган. Адиб “Бобурнома” саҳифаларида ҳақиқат Бобур ҳаётининг бош мезони, асл моҳияти сифатида кўриниши, у ўзгаларнинг фаолияти, хатти-ҳаракатларини қандоқ талаблар асосида баҳоласа, бу талабларни, энг аввало, ўзига қўйиб кўриши, яъни пичоқни олдин “ўзига уриши”ни алоҳида таъкидлайди. Бобуршоҳнинг тавбаси тасвири бу фикрни тасдиқлайди. Ваҳоланки, Хайриддин Султон таъкидича: “Бобур Мирзонинг шароб базмига юз бурган кезлари унинг фаолиятсизликдан зериккан чоғларидагина рўй беради. Жангу жадаллар билан, тинимсиз ҳарбу зарблар ёхуд улкан, машаққатли ижодий меҳнат билан банд бўлган пайтларида, яъни бу дунёнинг якранг, файзсиз ва беқут манзараларидан руҳи ўзга бир сирли оламга кўчган вақтларда бода истаги буткул унутилади, нафақат истак, бу тушунчанинг ўзи Бобур ҳаётидан бадарға қилинади гўё”. Ҳақпараст Бобур Ҳиндистон фатҳи арафасида тавбаи насух мақомига муяссар бўлади – чоғирдан бутунлай воз кечади. Май ичиладиган олтин, кумуш идишларни синдириб, ҳақдорларга ва дарвешларга улашади. Бободўст келтирган чоғирларни туз солиб сирка қилишни амр этади. Муаллиф ТАВБАни Бобуршоҳнинг Ҳиндистонни забт этиб, оламшумул зафар қучишидан ҳам улуғроқ ғалаба сифатида талқин этади. Қанчалик ҳадик билан варақламасин, “Бобурнома”нинг кейинги бирорта ҳам саҳифасидан Бобурнинг самимий эътирофини бузадиган ҳолни учратмайди. Ҳар қандай ҳолатда, ўз айбу нуқсонлари хусусида ҳам фақат ва фақат рост сўзни ёзган, ҳақиқатнинг кўзига тик қарай олган Бобур руҳияти “Бобурийнома”да мукаммал тасвирланган. Тавба тасвири муаллиф ва ҳамсафарларининг муборак ҳаж ибодати арафасидаги кечинмалари билан уйғун келиши эса асарда мозий ва ҳозирги замон воқелиги талқинидаги мутаносиблик нечоғлик эканига яна бир далилдир.

“Бобурийнома” – кўп йиллик ижодий изланиш, катта меҳнат ва заҳмат натижаси ўлароқ яратилган бадиий-маърифий асар. Бобуршоҳни йўқлаб беш аср муқаддам Ҳиндистонга борган Ҳофиз Кўйкий ҳақида энциклопедиядан маълумот олган адиб бу икки буюк сиймо учрашуви, мулоқотларини бадиий асарга айлантириш учун тинимсиз изланади. Манбалардан қимматли тарихий маълумотларни йиғади, ўз ижодхонасида қайта ишлаб, тарих воқелигини бадиий ҳақиқат даражасига кўтаради. Мана бу иқтибосда умрининг сўнгги дамларида Бобуршоҳнинг Ҳофиз Кўйкий билан мулоқоти таъсирчан ифода этилган:

“Бобур китоб қатидан букланган юпқа қоғоз олиб, тиззасига қўйди, бемажол лабларига нимпушти қизиллик югургандек бўлди:

Ё қаҳру ғазаб бирла мени туфроқ қил,

Ё баҳри иноятингда мустағрақ қил.

Ё Раб, сенгадур юзим, қаро хоҳ оқ қил….

Бобурни тағин қуруқ, қаттиқ йўтал тутди, нафаси бўғилиб, сўнгги мисрани куч билан шивирлади:

Ҳар нав Сенинг ризонг эрур, андоқ қил…

Рубоийнинг ажиб оҳангига сеҳрлангандек, ҳамма бир лаҳза тек қолди. Ниҳоят, бирин-кетин аъёнларнинг олқишлари эшитила бошлади:

– Хўп айтибдурсиз, олампаноҳ, бисёр гўзал!

– Ҳақ сўз, ғоят хуштакаллум байтлар…

– Ошиқона гўзал лутф бўлибдур,олампаноҳ…

Бобур Мирзо оҳиста бош чайқади, ҳазин жилмайгандек бўлди. Синиққан чеҳрасида бир лаҳза аламнок таассуф ифодаси кўринди… Бу дардли мисраларнинг “ошиқона гўзал лутф” эмас, балки суронли умри сўнгги манзил сари бораётган улкан музтариб қалбнинг келгуси насллар олдида бераётган изтиробли ҳисоби, даврон ҳукми қаршисидаги маъюс ўтинчи, Оллоҳ ҳузуридаги тазарруси эканини ёлғиз Ҳофиз Кўйкийгина ўз савқи табиийси билан англади.

Бобур буни сезди, миннатдор кўзлари олимга жавдираб боқди…”.

Аёнки, “Бобурийнома” –  буюк шоҳ, беназир шахс ва қисмати мураккаб мутафаккир образи тўлақонли тасвирланган асар. Тўғри, бунгача ҳам Заҳириддин Бобур ва унинг авлодлари ҳаётига доир “Юлдузли тунлар”, “Авлодлар довони” сингари романлар яратилган ва улар тарихий воқеликни бадиий ҳақиқатга айлантира олган юксак савияли асарлар сифатида эътироф қозонган эди. Бироқ замоннинг, тараққиётнинг шиддати билан ҳамқадам юриш осон бўлмаётган бугунги кунда Бобурдай буюк шахс сиймоси тасвирланган янгидан янги нас­рий, шеърий асарларга эҳтиёж ҳар қачонгидан кучайиб бораётгани ҳам рост. Ана шундай маънавий эҳтиёж маҳсули бўлган “Бобурийнома” асарининг қайта нашр этилиши, шубҳасиз, адабий ҳаётимиздаги эътиборга молик ҳодиса сифатида баҳоланишга лойиқдир.

Шуҳрат Сирожиддинов,

Нурбой Жабборов

ЎзАС, 2019 йил, 7 сон

http://uzas.uz/articles/2862/

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *