Бокс ва «гонорор» (Ҳажвия)

Журналда номим «йилт» этиб кўриниши ҳамоно хотиним қалам ҳақини (у «гонорор» дейди) суриштиришга тушди:

АдашгКиз

– Шунга қанча гонорор беришади?

Мен тахминимни айтдим:

– Уч минг сўмча.

Хоним ўша заҳотиёқ ҳисоб-китобга киришди:

– Ярим кило лахм гўшт!..

– Балки сал камроқ берар,– дедим уни бироз ҳовуридан тушуришга тиришиб.– Солиқ-молиққа, бу ёғи пенсиямга бирор фоиз ушласа…

Заифам заифлигини кўрсатиб жиғи-бийрон бўлди:

– Ий-й, ман қўлийизга тегадиганини сўравотман…

Чайналиб қолдим. Барибир жўялироқ жавоб қайтариш шарт:

– Балки, камроқдир…

Берганнинг бетига қарама, деган мақолни эслади, шекилли, бекам беўхшов тиржайди. Кейин ўсмоқчилаб сўради:

– Манга қаранг, биратўла миллион сўм топишнинг иложи йўқмикин? Ҳамма қарзлардан биратўла қутулиб, рўзғорнинг каму кўстини ҳам бутлаб олардик!

– Тома-тома кўл бўлур, деган гапни эшитгансан,– дейман уни инсофга чақираётгандек.– Ҳар куни минг сўмлик мақола ёзсам, роппа-роса минг кунда миллион сўм, деган гап! Кейин пулдан хирмон ясайвер!

Бу гапга жавобан хоним бурунчасини жийириб қўйди. Сўнг, телевизорнинг мурватини буради. Ана холос, бокс бўйича жаҳон чемпионлиги бошланибди-ку! Эр-хотин экранга михландик.

Ҳаётни ўз қаричи билан ўлчашга ўрганган хонимнинг саволи худди томдан тараша тушгандек бўлди:

– Шунча муштлашганига яраша уларгаям пул тўлашадими?

Тилимни тишлаб ўтирганимда шунча ғалва қаёқда эди. Бир пайтлар қулоғимга чалинган гап лоп этиб оғзимдан чиқиб кетса денг:

– Ғолибга нақд уч милён, ютқазганга бир милён беришади…

– Кўкиданми?

Шу он ўлжасига ташланишга шай турган мушукдек кўзлари ёниб турган хонимнинг ичини қиздиргим келди:

– Ҳозир Европада кўкини тан олишмайди. Еврода тўлашса керак!..

Бунча пулни қўлига ушлаш у ёқда турсин, ҳатто кўзи билан кўрмаган хотиним ғалати ҳиққиллади. Шу тобда қандайдир режа туза бошлагани кўкимтир кўзларидан кўриниб турарди.

Бир тўхтамга келди, шекилли, тамшаниб қўйганча ясама тиржайди:

– Бир нарсани тушунмадим,– деди гапни узоқроқдан бошлаб.– Ютқазганга нага бир милён беришади?

– Кимсан – жаҳон чемпиони билан рингга тушгани учун бўлса керак,– дедим билағонлик қилиб.

– Манга қаранг,– деди хотиним мақсадга кўчиб.– Сиз ҳам би-ир рингга тушмайсизми? Мана, чемпион ўзимизники бўлди! Муштингиз табаррук, деб ўйнашга кўндирасиз. Иннайкейин, урганингиз ун оши, укажон, деб қўйсангиз, ҳолингизни тушунар! Жа-а накаут қилиб ташлама, деб қўясиз-да, ҳи-ҳи. Ярим соат нари-бери муштлашган киши бўласиз. Қўрқманг, ўлиб қолмайсиз! Кейин бир милённи ўзимизнинг сўмда беришса ҳам майли!

Қассобга ёғ қайғуси, қабилида гапирилган бу гапдан сапчиб тушдим. Шу тобда чемпионнинг залворли қўлқопи варанг этиб қулоғим остига тушгандек чайқалиб кетдим. Барибир, менга жон, хонимга эса пул қайғуси эди…

Ҳушинг жойидами, дегандек кўзига қарасам, бекам жиддий гапиряпти…

– Умримда бировга қўл кўтарганимни кўрганмисан?– Ётиғи билан тушунтирдим унга.– Эр бўлиб ҳатто сени чертмаганман, туврими? Боксчининг қўлқопини кийишниям билмайман-у…

– Ўзим ўргатаман,– деди шартта гапимни бўлиб заифам.– Бунинг ҳеч қийин жойи йўқ…

У шаштидан тушадиганга ўхшамасди. Бидир-бидир қилганча болаларнинг ётоқхонасига кириб кетди-да ўғлимиз мактабидан олиб келган икки жуфт чарм қўлқопни кўтариб чиқса, денг.

– …мана, қўлийизга тақинг,– деди гапини давом эттириб.– Мана бундоқ-де!..

Хотиннинг қистови билан иш қилишга ўрганса ёмон бўлар экан. Чарм қўлқоплар қўлимга қандоқ тақилиб қолганини сезмай қолсам, денг.

Заифам мен ўйлаганчалик заиф эмаскан. Чарм қўлқоп кийса худди баҳайбат боксчига ўхшаб қоларкан. Шу ҳолатида унинг ўша кингконгдек рақибни ҳам қулатадигандек важоҳатини бир кўрсангиз. Шунча пайтдан бери шу «даҳшатли хотин»га қандоқ эрлик қилиб келаётганимга ўзимча ич-ичимдан қойил қолдим…

– Бўлди, аяжониси,– дедим кўнгилсиз ҳодисанинг олдини олиш илинжида.– Муштлашмай қўя қолейлу…

– Бу машқ, билдийизми! Машқ қанчалик машаққатли бўлса, жангда шунчалик осон бўлади! Тўғри, сиз чемпиондан енгиласиз, аммо лекин, жа-а машқ учун осиб қўйиладиган қопга ўхшаб ҳам турмаслигингиз керак-де! У икки-уч урганда жилла қуриса бир тушуриб қоларсиз!

Ҳамма қўлидан келадиган ишни қилса-да. Айтайлик, менинг қуролим – қалам! Қаламим билан девни ҳам «накаут» қиламан! Ўтган йили «халқаро миқёсда»ги бир иғвогарнинг онасини Учқўрғонда кўрсатганимда ҳамкасблар қойил қолишган!

Қалам билан филни йиқитишга қодир одам афсуски ҳозир шу баҳайбат қўлқоп билан пашшани ҳам уролмаслигим аниқ. Хоним бўлса ҳоли-жонимга қўймай мени гиламга чиқарди.

Эр-хотин «боксчи»лар рингга чиққандек уйнинг ўртасида бақамти турибмиз. (Яхшиямки, болалар ухлаб қолишган!) Фақат, судья етишмайди… Ичимда, охири бахайр бўлсин, деб яратганга илтижо қиламан.

Ҳозир хонимга, бўлди сен ғалаба қилдинг, демоқ учун оғиз жуфтлаган эдим ҳамки, илгарироқ ўзи «мана бундоқ урасиз!» дея қулочкашлаб тушуриб қолса, денг…

Кўзимдан нақ олов чиқиб кетди. Қолганини эслай олмайман. Ҳушимга келганимда ўзимни чойшаблари оппоқ шифохонада кўрдим. Бошимда кўзлари қизарган хоним ўтирибди!

– Ўзийизга келдийизми, дадажониси,– деди у синиққина товушда.– Салгина қўлим тегиб кетганига шунчами? Ваҳимакаш дўхтирлар «сатрисена» дейишадими-ей. Бошийиз чайқалганмиш.

– Минг чайқалмасин, бошгинам омон қолибди-ку,– дедим бошқа жўялироқ гап топа олмай.– Сен айтгандай, бир милённи қўлга киритиш учун бундан баттароғига ҳам тайёрман энди…

Ожизам сакраб кетди:

– Пуллари бошшидан қолсин,– деди тишлашиб.– Бизга ҳар куни минг сўмлик гонорорга лойиқ мақола-пақола ёзсайиз ҳам етади! Кам-кам хўр – ҳамиша хўр, деганлари тилло гап экан, туврими? Энди элликта мақолайиззи гонорори билан отдек бўлиб кетаркансиз!

– Тушунмадим?– Инграб қўйдим беихтиёр.

Хотиним, мунча ғалчага ўхшамасангиз, дегандек ғалати қараб қўйди-да, шифокор ёзиб берган дорилар рўйхатини кўрсатди:

– Отдек бўп кетишийизга бор-йўғи эллинг минг сўмлик дори керак экан…

Бошимга зарба еган чоғда қандоқ ҳушимни йўқотган бўлсам, ҳозир ҳам худди шундай кўз олдим қоронғилашиб кетди…

IMG_6195

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

 2000 йил сентябрь

Вам может также понравиться...

Ответов: 2

  1. Айни таниш манзара. Жуда кўнгилга яқин, гарчи ҳажвия бўлса-да, ўта ҳаётийлиги билан таъсирли бўлибди. Энди домла, ижод аҳлига бериладиган қалам ҳақи анча-а-а кўтарилиб кетгани ҳақида ҳам бир ҳажвия қилсангиз яна бир зўр иш бўларди-да (бу таклифимизни ҳазил тариқасида қабул қилсангиз ҳам майли)

  2. Ажойиб! Мазза қилиб кулдим! Барака топинг, Устоз!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *