Бошловчилик санъати

ЎзМУ Журналистика факультетида Устоз Муслимбек Йўлдошевнинг

«Маҳорат мактаби»дан сабоқ олаётган талабаларимиз Ўзбекисторн телевидениеси ва бошқа турли телестудияларда муносиб ўрниларини топиб кетаётганлари билан фахрланамиз, дейди Дониш домла фахр билан.

Возможно, это изображение (Muslimbek Yuldashev и стоит)

Ҳурматли дўстларим. Бошловчилик — мен умр бўйи қилган ҳунарим. Салкам эллик йилдан бери шу санъат йўлидаман. Бировлар энди биз бир умр ардоқлаган, йўқдан бор қилиб, касбдан санъатгача юксалтирган бу ишимизни қўл учида, пала-партиш, кўз-кўз учун қилаётгани жуда ачинарли ва оғриқли ҳолат. Кўп мақолаларим ва суҳбатларда бу мавзуда ўз фикрларимни билдирган бўлсамда, бугун яна шу гапни давом эттирмоқчиман. Газетага берувдим, обдан қайчилашибди. Шунинг учун уни тўлалигича эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман. Марҳамат, фикр-мулоҳазаларингиз мен учун жуда қадрли.
Бугунги кун бошловчиси қандай бўлиши керак?
Кейинги пайтларда оммавий тадбирларга бошловчи топиш бир мунча муаммо бўлиб қолмоқда. Гўёки телеканалларда бошловчилар сероб, театр труппаларида чиройли, келишган актёрлар кўп. Уларнинг орасида шу ишга иштиёқмандлари ҳам етарлича. Аммо керак пайтда уларни саҳнада кўролмаймиз. Чунки ким эпласа бошловчи бўла олади, деган гаплар бугунги кунга тўғри келмай қолди.
Теле ёки радио эфирда, саҳнада кўрсатув ё тадбир олиб бораётган бошловчининг олтита унлини тўғри ё нотўғри талаффуз этаётгани томошабинларни камдан-кам қизиқтиради ё безовта қилади. Аммо унинг оғзидан чиқаётган сўзларда маъно борми-йўқлигини, кўтарилган мавзу ё муаммони биладими-билмайдими, кузатиб, эшитиб ўтиради. Бошловчининг қай даражада шу ишга лойиқ ёки нолойиқлигини, умуман шу бошловчи бирор фикр ва салоҳиятга эга-эгамаслигини битта кўрганидаёқ билиб бўлади. Ўзини, вақтини қадрлайдиган томошабин ё эшитувчи бўлса, кейинги сафар ўша бошловчи кўриниши билан ё хурсанд бўлиб уни кўриш ва эшитишда давом этади, ёки ўша заҳоти бошқа каналга ўтиб кета қолади…
Агар бошловчи сўзи бирон иш, маросим, тантана, тадбирни бошлайдиган шахс деган маънода бўлса, демак ўша шахс ўша ерда, ўша жойда бош бўлиши керак. Бош бўладиган одам эса, биламизки, ёши катта, ҳаётий тажрибалари кўп, пасту баландни билган одамлардан тайинланади. Аммо бунчалик кўп нарсаларни билган одамлар, бизга ўхшаб кексайиб, саҳналарга ярашмайдиган бўлиб қолганлари учун бу “бош”лар ёшлардан танланади. Аёнки, бош бўлишни истаганлар Ўз бошларини тўлдириш, уни энг керакли билимлар, маълумотлар, рақамлар, шахслар тақдири ва юрт тарихи ҳақидаги энг қизиқарли маълумотлар билан мужассам қилишлари керак. Аксинча бўлса бош не керак?
Тош керакли бўлса йўқ оғирлиги,
Тошча қадри бўлмаса бош не керак?
Мавлоно Чустий билиб айтганлар. Бош бу мия. Мия эса бутун борлигимизни, вужудимизни бошқаради. Энг буюк одам ҳам миянинг нари борса ўн беш фойизини ишлата олар экан. Фан шундай дейди. “Мия максимал даражадаги тезликда ишлайди ва оғир иш қилиш унинг учун жуда зарур. Акс ҳолда инсон мияси фалажликка юз тутади. Шунинг учун уни бўш қўйиш керак эмас” дейди россиялик таниқли психолингвист олима биология ва филология фанлари доктори Т.В. Черниговская. Демак миям шишиб кетди, деб баҳона қилишга ўрин йўқ. Китоб ўқиш керак, газета-журнал мутолаа қилиш керак, луғат варақлаб туришни одат қилиш керак.
Телевидениеда эфирда кўриниб ўзини кўз-кўз қилишга ишқибоз бошловчилар кўпайди. Аксарияти ёшлар, ўрта ёшлилар. Асли институтларда ҳам яхши ўқимаган, тил ва адабиёт фанларини базўр ўқиб имтиҳон олган, ва, табиийки, газета-журнал ёки нашриётларда ишлай олмайдиган саводсизроқлари телевидениега, радиога ишга кириб олса керак. Чунки бу ерда ёзиш шарт эмас, экранда чиройли кўринолса, тили бидирлаб турса “номери ўтаверади” да! Шунақа ўйлашади кўпчилиги. Аслида ҳам бир таҳлил қилиб, яхшилаб ўрганиб чиқилса, бошловчиларнинг кўплари журналистика, филология, театр санъати мутахассислигига алоқаси йўқлар. Алоқаси борлари ҳам имконият ва иқтидорлари ҳамин қадар. Тил ишқилиб бир нарсаларни гапириб туради. Бироқ нима айтаётганини, оғзидан чиққан сўз асли нима маънода эканини билмайди. Бу қуруқ гаплар эмас, қуйироқда бу гапларимни мисоллар билан келтираман.
Кўп ўқиш, билимларга эга бўлиш, ўз мухлислари кўнглини топиш учун кўпчиликка қизиқ бўладиган ва одамлар жон қулоғи билан эшитадиган сўзларни топиб гапириши керак бўлади. Буларни эса биз китоблардан оламиз. Ўша бошловчиларга бир маслаҳатим кўп китоб ўқисин. Яна бир тавсиям қандай китобларни ўқиш кераклигини билиб ўқисин. Ўқиш экан деб, ҳар нарсани ҳам ўқийвермайди доно одам.
Абдулла Қодирийни албатта ўқиш шарт. Чўлпондан ўзи биргина роман қолган. Уни ҳам ўқиб чиқиш зарур. Ойбек! Бу инсоннинг даҳосини баҳолаб бўлмайди. “Болалик” қиссасини, “Навоий” романини ўқишга мажбурсиз. Чулпону Ойбекнинг шеърияти ҳам бор. Нафис мисралар. Буларни билмай туриб ҳам бошловчининг ижоди комил бўлмайди. Абдулла Каҳҳор, Асқад Мухтор ижоди адабиётимизда катта салоҳиятга эга. Одил Ёқубов. Бу адиб ҳам ўз даврининг тенгсиз романнависи эди. Дилбар қиссаларини, “Диёнат” ва “Улуғбек хазинаси” романларини ўқиб чиқишлари шарт. Мирмуҳсин — “Меъмор” ва “Умид”. Ҳар икки асар ҳам ўша йилларнинг бугунги тилда айтганда “бестселлери” бўлган десам лоф урмаган бўламан. Пиримқул Қодиров. Заҳириддин Муҳаммад Бобурни халқ орасида яна қайта севимли қилган ёзувчи. “Юлдузли тунлар” ва “Авлодлар довони”ни ўқимаслик миллат тарихига хиёнат. Ўткир Ҳошимовнику гапирмаса ҳам бўлади. “Баҳор қайтмайди” қиссасини миллионлаб ўқувчилар ташналик билан қайта-қайта ўқишган. Агар сўзлар қоришмасидан ҳайкал ясаш мумкин бўлса, демак Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” асари бунга далил бўлади. Она тимсолига қўйилган ҳайкал китоб. Ўлмас Умарбеков, Ўктам Усмонов, Шукур Ҳолмирзаев. Мажбурмиз, буларни танишга, билишга ва китобларини пухта ўрганишга.
Шоирларимизни ҳам жуда яхши билишимиз керак. Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Миртемир, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Омон Матжон…
Муҳаммад Юсуф ижоди Ўзбекистон учун, унинг шону шарафи учун, адабиёти учун, маданияти учун улкан аҳамият касб этади. Уларни яхши билиш керак бўлади.
Яна шу адибларимиз орасида прозада ҳам, поэзияда ҳам, драматургияда ҳам муваффақиятли ижод қилганлари борки, ўша асарларидан ҳам бохабар бўлишимиз фойдадан ҳоли бўлмайди.
Хуллас, ўқиш — мутолаа билан дўст тутиниш керак. Билишга, ўқиб завқ олишга ўрганиш керак. Маълумот олишнинг ҳеч бир тури қоғоз ва бўёқдан иборат китобга етолмайди. Электрон китоблар, саҳналаштирилган асарлар, телевидение ёки радиода бериладиган мутолаалар ўз қўлимизга олиб ўқиган китобнинг ўрнини босолмайди, ўша завқни бермайди. Таъсир кучи ҳам ҳамин қадар бўлади. Телевидение ва радио мутолаалар уй бекалари, қариялар, узоқ ётиб қолган беморлар ва шу каби имконияти чекланганлар учун мўлжалланган. Ҳақиқий асарни эса бошқа ишларга чалғимаган ҳолда китоб варақларини шитирилатиб очиб, кўз билан ўқиб, юрак билан ҳис қилиб, мутолаа қилмоқ керак.
Китоб ўқилганда маълумот олиш ва қаҳрамонлар тақдирига шерик, ҳамдард бўлиш билан бирга кўзларимиз сўзларнинг имлосига, тузилишига ҳам ўрганади. Кўз хотирамиз ҳам ишлай бошлайди. Ва баъзи бир чаласаводлар талаффуз қилганидай эмас, ёзувчи ёзганидай тўғри ўқий бошлаймиз. Китобларда камдан-кам ҳолларда сўзлар нотўғри ёзилади. Ўқийвергандан сўнг кўзнинг ўзи ўрганиб, мияга сигнал бориб, тилга тўғри талаффуз қилишга буйруқ беради. Ўшанда “талат” эмас, талъат, “суврат” эмас сурат, “сурат” эмас суръат эканини ажрата бошлаймиз. “Далли” билан “дали”нинг, арғувон билан армуғоннинг бошқа — бошқа нарса эканини англаймиз. Агар мана шу икки сўзни ажратиб, англаб олсак, арғумоқ деган учинчи сўз ҳам бор эканини тушуниб етамиз. Мухлислардан узр сураган ҳолда саводсиз бошловчиларга эслатма: армуғон — совға, ҳадя; арғувон — манзарали дарахт; арғумоқ — тулпор, учқур от. “Арғувон остингдадур…” деганини эшитиб қоласиз баъзи бошловчининг…
Ёки яна бир қўпол мисол. Бошловчилар тўтиқуш янглиғ эшитганларини қайтараверадилар. Агар улар қуш эмас, одамликларини ҳис қилиб китоб ҳам варақласалар, луғат титсалар эди, ўз кўзлари билан кўрган ва мияда сақлаб қолган сўзларни бирини биридан ажратиб гапирар эдилар. Бир бошловчи “Бу одамнинг етти мучаси соғ” дейди. Яна биттаси “Тўрт мучали соппа-соғ одам” деб талаффуз қилади. Учинчиси бўлса “Тўрт мужжаси” бутун йигит” деб гапиради. Аҳир бу сўзлар ҳаммаси ҳар хил, орасида бу ерда қўлланилиши мумкин бўлмаганлари ҳам борку! Масалан, Муча — бу инсон тана аъзоси — қўл, оёқ, кўз ва қулоқ (тўрт муча, тўрт жуфт аъзо). Мучал — қадимдаги йил саноғи. Мужжа эса асли мижжа дегани. Яъни, киприк. “Туни билан мижжа қоқмади” деган гапдаги сингари ерларда ишлатилади … Бошловчилик нонини еяётганлар буларни аниқ фарқлаши, билиб гапириши керак.
Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов бошловчиларимиз “Лутфан” сўзини нотўғри ва ноўрин ишлатишади, домла Омонулла Мадаев “Вой, бу саводсиз бошловчиларингиз нимага “бежизга” деб гапиришади? “га” қўшимчасига нима бор? Оддий қилиб бежиз деб қўяқолишса бўлмайдими?” деб куюниб менга ё телефон қилишар, ё кўришганда зорланишар эди. Ишончим комилки, бошловчиларни кўриб, эшитиб турган кўпчилик тилимиз фидойилари шулар аҳволига тушадилар.
Миллий театрда ҳам актёр, ҳам бир пайтда директор бўлиб фаолият юритган буюк ижодкор, Ўзбекистон халқ артисти Амин Турдиев репетиция чоғларида актёрлар сўзларни нотўғри талаффуз қилишса “Вой-дод, булар мени албатта ўлдиришади! Чиғатой қабристонидан олдинроқ бориб ўзимга жой гаплашиб келмасам бўлмайдиганга ўхшайди!” деб фиғон қилар эканлар…
Кўплаб “Мен журналистман, бошловчиман” деганлар телевидение ёки радиоларда мана шунақа аҳволда сўзларнинг фарқига бормай бидирлаб “фаолият” кўрсатиб юришибди. На ўз устларида ишламайдилар, ва на бирор устозга ихлос қўймайдилар. Мактаб ва институтларни тамомлаб кетганимиздан кейин бизга доимий ва беминнат устоз эса, ана ўша китоблар бўлади.
Бошловчиликни кўплар жуда осон фахмлайди шекилли. Шоир бўлолмайди, хонанда бўлолмайди, булар учун алоҳида иқтидор ва имконият талаб этилади-да! Яна бошқа касбга ҳам лаёқати йўқ бўлганлар негадир “Энди бошловчи бўла қоламан” деб қарор қилади шекилли. Шундай бўлмаганда эди, бу соҳада адашганлар, бошқаларнинг ғашига тегиб “ижод” қилиб юришмаган бўларди. Бошловчилик, агар таъбир жоиз бўлса, танланганларнинг танлангани бўлади. Институтнинг актёрлик гуруҳига танлаб олинганлар орасидан ё битта ёки икки нафаргина бошловчи чиқиши мумкин.
Бошловчи ниҳоятда диапазони кенг, билимли, дунёқараши бой, кўп нарсаларниибилишга интилувчи, сиёсий-ижтимоий воқеа-ходисотлардан хабардор, дунё адабиёти ва санъати даҳоларини таиган, билган бўлиши керак. Ўзи қизиқадими, йўқми, операдан, балетдан, оркестру циркдан, космонавтикаю астрономия янгиликларидан ҳеч бўлмаганда етарли даражада хабрдор бўлиши керак. Ўз қобиғида, биргина Ўзбекистон ҳудуди даражасида қолиб кетмаслиги керак. Демак, жаҳон адабиётини ўқиши лозим, дунё тасвирий санъати, халқлар тарихи ҳақидаги катта-кичик адабиётларни ўқиши зарур. Шундагина у тезроқ камолга эришади. Чунки китоблар энг беминнат устозлардир.
Бошловчи ҳам ҳар турли бўладида. Экран қаршисида туриб ё ўтириб кўрсатув олиб борадиган бошловчи. Радио микрофон олдида эшиттириш олиб борадиган бошловчи. Ва саҳнадаги тадбирларни олиб борадиган бошловчи. Буларнинг ҳаммаси ялписига “бошловчи” деб номлангани билан, бирининг ишини иккинчиси қилолмаслиги мумкин. Айниқса, саҳна бошловчиси дегани жуда ҳам серқирра, ёрғити баланд бўлиши керак. Чунки бошловчи бу – кези келганда мамлакатнинг, миллатнинг юзи ҳисобланади. Катта-катта йиғилишларда тадбир олиб борадиган бошловчилар ўша тадбир даражасини белгилайди. Зўр бошловчи бўлса тадбир зўр, мундайроқ бошловчи бўлса тадбир ҳам мундайроқ ўтган ҳисобланади.
Мен бу ерда бирон-бир бошловчи шахсига тегмаган ҳолда сўз айтдим деб ўйлайман. Мабодо “гап эгасини топган” бўлсаю, кимдир ичида “шу айтилган гаплар менга ҳам тегишли, шуларни тез тўғрилаб олмасам бўлмас экан” деб ҳаракатга тушса, демак мен бекорга куюнмабман, ушбу маърузани бекорга тайёрламабман.
Муслимбек Йўлдошев,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими,
ЎзДСМИ “Саҳна нутқи” кафедраси катта ўқитувчиси, олий тоифали сухандон.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *