Бош прокуратурада олий таълим тизимидаги коррупциявий ҳолатлар танқид қилинди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Коррупцияга қарши курашиш

бўйича Республика Идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Бош прокуратурада олий таълим тизимидаги коррупциявий ҳолатлар танқид қилинди

Бош прокурор Н.Йўлдошев бошқарган видеоселекторда олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашиш аҳволи ва қонунийликни таъминлашга доир масалалар муҳокама қилинди.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда сўнгги икки йилда тизимдаги 326 нафар ходим таълим жараёни билан боғлиқ жиноятлари учун жавобгарликка тортилганлиги, уларнинг 220 нафари коллеж ва лицейларга, 106 нафари олий ўқув юртларига тўғри келиши танқид остига олинди.
photo_2020-01-18_19-04-49.jpg
Институт ва университетларнинг жиноят содир этган ходимларидан
3 нафарини ректорлар, 5 нафарини проректорлар, 15 нафарини декан ва декан ўринбосарлари, 62 нафарини ўқитувчилар ташкил этади.
Коллеж ва лицейларда эса, 34 нафар директор, 31 нафар директор ўринбосари, 94 нафар ўқитувчи жиноятга қўл урган.

Н. АБДУРАИМОВА, ЎзА

http://uza.uz/oz/society/bosh-prokuraturada-oliy-talim-tizimidagi-korruptsiyaviy-olat-18-01-2020

***

Бош прокурор олий таълим соҳасида коррупция тарқалган йўналишларни санаб ўтди

ЖАМИЯТ 18.01.2020, 18:40
 282

Бош прокурор олий таълим соҳасида коррупция тарқалган йўналишларни санаб ўтди

Бугун, 18 январь куни Бош прокуратурада Бош прокурор Н.Йўлдошев раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика  Идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт ШАМСУТДИНОВ «darakchi.uz»га хабар қилди.

Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашиш аҳволи ва қонунийликни таъминлашга доир масалалар муҳокама қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.Абдувоҳидов, Президент маслаҳатчисининг ўринбосари У.Исмаилов,  Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов қатнашди.

Шунингдек, йиғилишда комиссия аъзолари, Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси вакиллари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муасссаси бўлган вазирлик ва идоралар раҳбарлари, олий ўқув юртлари ректорлари, Бош прокуратура масъул ходимлари иштирок этишди.

Жойлардан вилоят ҳокимларининг соҳага масъул ўринбосарлари, прокурорлар, олий ўқув юртлари проректорлари, декан ва кафедра мудирлари ва тегишли идоралар вакиллари қатнашишди.

Комиссия йиғилишида Бош прокурор Н.Йўлдошев кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилди.

Маълумки, Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан олий таълим соҳасини ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратилмоқда.

Сўнгги уч йилда бу масала давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор   йўналиши даражасига кўтарилиб, олий таълим соҳасига оид 200 дан  ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Қисқа даврда юртимизда 6 та олий таълим муассасаси, 17 та филиаллар, 14 та хорижий олий ўқув юртлари янгидан ташкил этилди. Юздан ортиқ бакалавриат ҳамда 94 та магистратура йўналишлари бўйича   кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

2019 — 2020 ўқув йилидан бошлаб, 59 та олий ўқув юртида сиртқи,  10 тасида кечки таълим жорий қилинди.

Бундай чора  —  тадбирлар натижасида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси уч йил олдинги 9 фоиздан 20 фоизга кўпайди.

Соҳага бюджетдан ажратилаётган маблағлар ҳажми ҳам йилдан-йилга ортмоқда. Агар соҳага 2018 йилда 879 млрд. сўм ажратилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 1 трлн. 288 млрд. сўмни, жорий йилда 1 трлн. 888 млрд. сўмни ташкил этган.

Соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимояси ва уларни ҳар томонлама қўллаб — қувватлаш масалалари ҳам шахсан Давлатимиз раҳбари назоратида эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Биргина профессор — ўқитувчиларнинг маоши 2018 йилда ўртача  25 фоизга оширилган бўлса, 2019 йил 1 январдан яна 20   фоизга, 1 июлдан   эса 25 фоизга оширилди.

Бош прокурор Н.Йўлдошев маърузасида, маърифатпарвар адиб Абдулла Авлонийнинг “тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган сўзларидан иқтибос келтириб, бу пурмаъно сўзлар орадан юз йил ўтса-да, долзарблигини йўқотмаганлигини таъкидлади.

Зеро, ҳар қандай миллат ва мамлакат тараққиёти ҳамда фаровонлиги ёш авлоднинг таълим —  тарбияси  билан чамбарчас боғлиқдир.

Лекин, олий таълим соҳасида кузатилаётган айрим камчилик  ва нуқсонлар, тизимда коррупция ҳолатлари, баъзи “зиёли”ларимиз содир этаётган қинғир ишлар соҳадаги ислоҳотларга соя солмоқда.

Шу сабабли олий таълим соҳасида коррупцияга қарши кураш бўйича амалий ишлар оқсаётганлиги, тизимдаги айрим раҳбарлар бу иллатдан қутула олмаётганлиги йиғилишда танқидий муҳокама этилди.

Бош прокурор ўз маърузасида, олий таълим соҳасида коррупция тарқалган йўналишларни санаб ўтди.

Жумладан, коррупция ҳолатлари, асосан, талабалик сафига қабул қилиш, ўқиш жараёнида топшириладиган турли синовлар, талабаларнинг битирув малакавий иши ёки магистрлик диссертациясини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш, магистратурага қабул, шунингдек, талабаларнинг ўқиш жойини кўчириш, ўқиш йўналишини ўзгартириш ҳамда ўқишга қайта тиклашда коррупция ҳолатлари кузатилаётганлиги кўрсатилди.

Йиғилишда сўнгги икки йилда тизимдаги 326 нафар ходим таълим жараёни билан боғлиқ жиноятлари учун жавобгарликка тортилганлиги, уларнинг 220 нафари коллеж ва лицейларга, 106 нафари олий ўқув   юртларига тўғри келиши танқид остига олинди.

Институт ва университетларнинг жиноят содир этган ходимларидан  3 нафарини ректорлар, 5 нафарини проректорлар, 15 нафарини декан ва декан ўринбосарлари, 62 нафарини ўқитувчилар ташкил этади.

Коллеж ва лицейларда эса, 34 нафар директор, 31 нафар директор ўринбосари, 94 нафар ўқитувчи жиноятга қўл урган.

Соҳада коррупциянинг олдини олиш ва унга чек қўйиш борасидаги чоралар етарли самара бермаётганлигини кенг жамоатчилик фикри тасдиқламоқда.

2018 йилда «Ижтимоий фикр» жамоатчилик Маркази ўтказган сўровда иштирок этганларнинг 29 фоизи олий таълим тизимида коррупция кенг тарқалган деган фикрни билдирган бўлса, 2019 йилда бу салбий   кўрсаткич 35 фоизни ташкил этган.

Ўтган йилнинг август ойида Интернет орқали ўтказилган сўровда   Юридик, Иқтисодиёт, Миллий, Ахборот технологиялари университетлари ҳамда Тиббиёт академияси коррупция энг кўп тарқалган олий ўқув юртлари  сифатида кўрсатилган.

Комиссия раиси талабалик сафига қабул қилиш жараёнларини такомиллаштириш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Жумладан, ўқишга киритиш важи билан 115 нафар, жумладан,  58 нафар олий ва 57 нафар ўрта махсус таълим ходимлари жиноий жавобгарликка тортилган.

Масалан, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ўқитувчиси К. фуқаро Д.ни институтнинг бухгалтерия факультети сиртқи йўналишига ўқишга киритиш учун 10 минг АҚШ доллари олганда ушланган.

Қарши   давлат   университетининг проректори Н. махсус сиртқи  бўлимга кириш имтиҳонларидан ўта олмаган О.ни ўқишга киришида ёрдам бериш важи билан 3 минг АҚШ доллари олгани учун жиноий жавобгарликка   тортилган.

Ижодий имтиҳон жараёнлари холис ва адолат билан ўтказилмаётганлиги танқид остига олинди.

Хусусан, Фарғона давлат университети ўқитувчиси С., қабул комиссия аъзоси эканлигидан фойдаланиб, фуқаро А.ни ижодий имтиҳондан юқори балл олишида ёрдам бериш эвазига 6  минг АҚШ доллари  олганда ушланган.

Сўнгги икки йилда 21 нафар талабанинг бундай жиноятларга аралашиб жавобгарликка тортилганлиги тизимдаги коррупция оқибати сифатида кескин танқидга олинди.

Бош прокурор маърузасида, мутасаддиларга олий ўқув юртларининг таълим тилидаги замонавий дарслик ва ўқув адабиётлари билан таъминлаш зарурлигини кўрсатди.

Таҳлиллар, олий таълим муассасаларида ўқув режаларидаги фанларнинг 24 фоизи бўйича дарслик ва ўқув қўлланмалар мавжуд эмаслигини кўрсатмоқда.

Масалан, Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиалида 1.552 нафар талаба таҳсил олса-да, бор – йўғи 15 номдаги 45   дона дарслик мавжуд.

Айрим олий ўқув юртларида дарслик ва ўқув қўлланмалари маънан эскириб, ҳозирги замонавий талабларга жавоб бермайди.

Масалан, тўқимачилик соҳасидаги олий ўқув юртларидаги 429 та дарслик ва қўлланманинг ҳар тўртинчиси 10 йилдан 30 йилгача, ҳар учинчиси 30 йилдан 50 йилгача бўлган вақт оралиғида нашр этилган.

Олий таълим муассасаларида ахборот ресурс марказлари, айниқса, кутубхоналардан фойдаланишда йўл қўйилаётган камчиликлар ҳам рўй-рост кўрсатилиб, ахборот — коммуникация технологияларини таълим   жараёнларига кенг жорий этиш зарурлиги таъкидланди.

Магистратура йўналишида йўл қўйилган айрим суиистеъмолчилик ҳолатлари кескин танқид қилинди.

Нукус давлат педагогика институти собиқ ректори ва проректори магистратура босқичига синовдан ўтган 55 нафар талабгорнинг имтиҳон                натижаларини сохталаштирган. Мазкур ҳолат бўйича айбдор шахсларнинг жиноий жавобгарлик  масаласи ҳал қилинган.

Талабалар ўқиш жойини кўчириш, ўқиш йўналишини ўзгартириш ҳамда ўқишга қайта тиклашда коррупцияга дуч келаётганлиги, бунга  олий ўқув юрти ва вазирлик айрим мутсасаддилари бош қўшганлиги кескин танқид остига олинди.

Муқаддам олий таълим соҳасида ишлаб, таълим билан боғлиқ порахўрлик ва фирибгарлик жиноятлари учун 4 маротаба судланган  У. Олий таълим вазирлигида масъул лавозимда ишлаб, таълим билан боғлиқ қатор жиноятларга қўл урган.

Жумладан, У. Россия ва Украина тиббиёт олийгоҳларида таълим олаётган икки нафар талабанинг ўқишини Тошкентдаги олийгоҳларга кўчириш учун 4 минг АҚШ доллари олганлиги фош этилган. Бундан ташқари, терговда, У. яна 6 та ҳолатда ўқишга киритиш, талабаларнинг ўқишини тиклаш ва кўчириш масаласини ҳал қилишга ваъда бериб, 14 минг АҚШ долларини пора тариқасида олганлиги аниқланган.

Йиғилишда комиссия раиси, коррупция ҳолатларига таълим жараёнларнинг очиқ ва шаффоф ташкил этилмаганлиги сабаб бўлганлигини кўрсатиб, бундан соҳадаги ҳар бир раҳбар ходим ўзига   тегишли хулоса чиқариши лозимлигини таъкидлади.

Олий таълим муассасалари илмий — тадқиқот фаолиятидаги камчилик ва нуқсонлар ҳам йиғилиш аъзолари томонидан муҳокама этилиб, илмий даража бериш тартиб — таомилларидаги мураккабликлар, ўринсиз талаб ва коррупциявий омиллар таълим сифатига таъсир кўрсатаётганлиги қайд этилди.

Бюджет маблағларини сарфлаш жараёнидаги талон-торожликлар соҳадаги асосий коррупциявий омиллардан бири бўлиб қолаётганлиги, ўтган йилда Давлат молиявий назорати департаменти томонидан текширилган 1.107 та вазирлик муассасаларининг 1.035 таси ёки 93 фоизида 16,7 млрд. сўмлик молиявий қонунбузарликларга йўл қўйилганлиги кўрсатиб ўтилди.

Олий таълим соҳасида йўл қўйилган коррупция ҳолатларининг  асосий сабабларидан бири — ижро интизоми, юридик хизмат фаолияти етарли йўлга қўйилмагани, деб кўрсатди комиссия раиси.

Маъруза якунида Бош прокурор Н.Йўлдошев, олий таълим масаласига эътиборсиз қаралган вазиятларда юзага келадиган мудҳиш оқибатлар   ҳақида сўз юритиб, Жанубий Африка Республикаси Стелленбосс университети пештоқига ёзиб қўйилган қуйидаги иборани иқтибос сифатида келтирди.

“Ҳар қандай миллатни йўқ қилиш учун атом бомбаси ёки узоқ масофали ракета шарт эмас.  Бунинг учун таълим сифатини тушириб, имтиҳонларга алдов аралаштиришнинг ўзи кифоядир.

Бу тарзда таълим олган шифокорлар қўлидан беморлар ўлим топади, қурувчилар қурган уй ва бинолар вайрон бўлади, иқтисодчи ва ҳисобчилар қўлида молиявий ресурслар совурилади, адолат ҳам  шундай ҳуқуқшунос ва судьялар қўлида завол топади.

Таълимнинг инқирози – бу миллат инқирозидир”.

Комиссия йиғилиши қизғин муҳокамалар билан кечди. Сўзга чиққан Президентнинг маслаҳатчиси А.Абдувахитов, Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов, Судьялар Олий Кенгаши раиси У.Мингбоев, Қонунчилик палатаси депутатлари Д.Арипов, Ш.Бафаев, Сенат аъзолари Б.Матмуратов, З.Низомходжаев, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази директори Р.Камилов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусанов, Адлия вазири ўринбосари Х.Мелиев, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Ш.Қудратходжаев, Республика Олий таълим Кенгаши раиси Ў.Умурзаковлар олий таълим соҳасида коррупцияни олдини олиш бўйича вазифалар борасида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Кун тартибидаги масала юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Маджидов, вазир ўринбосари У.Бегимқулов, вазирлик бош бошқарма бошлиғи А.Холиқов, Фарғона давлат университети ректори Р.Максудов, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти ректори  А.Рискулов, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти  ректори вазифасини бажарувчи Б.Онорбоев, Юридик университет ректори Р.Ҳакимов, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори К.Шарипов, Фармацевтика институти ректори И.Алимджанов, Стоматология институти проректори А.Хайдаровларнинг тушунтириш  ва изоҳлари эшитилди.

Йиғилиш якуни бўйича олий таълим соҳасини “коррупциясиз соҳа”га айлаштириш, қонун бузилиши ва камчиликларни бартараф этиш бўйича комплекс тадбирларни амалга оширишга қаратилган қарор қабул қилинди.

 

http://darakchi.uz/uz/83260

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *