БОҚИЙ РИШТАЛАР

Чиғатой қабристонида кечган ўйлар…

Одил Ёқуб ва Пиримқул Қодир (1970)

“Чиғатой кўчасин сўл томонида –

Ўтсангиз муқаддас хилхона тараф…”

Абдулла Орипов, “Отелло”, 1965.

 

Чиғатой таърифин эшитмаган ким?

Кўҳна Шош марказин донгдор мозори.

Бунда эшитилиб туради ҳатто

Сурон солаётган Чорсу бозори.

 

Рақобат қилади иккиси зимдан:

Ўтказишга мойил жезини зарга.

Бу дунё азалдан бўлиб келгандай

Лайлакнинг ортидан югурган қарға.

 

Бир пайтлар қишлоқда туғилган шоир

Шараф-ла кўмилсам Парижда деркан.

Тиригингда яшаш мушкулдан мушкул,

Ҳатто ўлигингга бу мулкда ер кам…

 

Тошкент тупроғининг мисқоли – олтин,

У бир қалъа – забти кўпларга армон.

Унинг висолига югурганларнинг

Саноғи йўқ…

Мен ҳам қаторда борман.

 

Тошкентга илк бора келган онимда

Бул машҳур мозорни зиёрат қилдим.

Ўтган устозларнинг қабри олдида

Бошим эгмоқликни имтиҳон билдим.

 

Ғафур Ғулом бунда, бунда Шайхзода,

Ойбек домла ила Абдулла Қаҳҳор.

Мукаррама опа жонозасида

Янграб турган эмиш ҳазин “Тановор”…

 

“Охиратинг ўйла!” – мозор ўгити,

Этакни йиғиб ол эсинг борида.

Ибрат бор мозорлар узра тўкилган

Қуёш нурларида, ёмғир-қорида.

 

Тунги шабнамларнинг залвориданми

Қизғалдоқлар алвон косаси хамдир.

…Ҳаётда ёнма-ён юрган дўстларнинг

Мозори ҳам қўшни бўлмоғи камдир.

 

Пиримқул Қодир ва Одил Ёқубни

Сўнгги маконлари шундоқ ёнма-ён.

Уларнинг туғини кўтарди баланд,

Муносиб издошлар ижодида шон.

 

Мозий сирларига қўрқмай қўл урган

Иккисига бирдай оламан гуллар.

“Қизғалдоқ баргидай учар дилдан ғам”1,

Қоқигулнинг оппоқ парлари туллар…

 

Орадан ўтмасдан озгина фурсат

Яна икки карвон юрди шу томон.

Эркин Воҳид ила Абдулла Ориф,

Шунда жой олишди, қаранг, ёнма-ён…

 

Қонуният бордек кўҳна очунда,

Улуғ карвонларнинг борар ери бир.

Кўза деганлари синмайди кунда,

Худо тақдир қилар, бандаси – тадбир.

 

Тириклик измингда токи, топ имкон,

Устозларим қабри қилгайдир огоҳ:

“Ҳар бир ўтган онинг олий имтиҳон,

Яхшиларга бўлгин муносиб ҳамроҳ!”

 2-720x340

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

Маънавият фидойиси

2024 йил 

__________________

1 Абдулла Орипов сатри, “Баҳор” шеъридан, 1967

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *