Бугунги Ўзбекистон — илғор таклифлар, инновациялар ва замонавий ёндашувлар мамлакати

Устоз шоир ва публицист Ўткир Раҳматнинг мазкур мақоласини теран нигоҳ билан

мутолаа қилган бўлғуси журналистлар замонавий мавзуларни қандай ёритиш маҳоратини ўрганадилар, дейди Дониш домла.


Фото: «Халқ сўзи»

2018 йил билан хайрлашдик. Ундан бизга ажойиб хотиралар, унутилмас воқеалар эсдалик бўлиб қолди. Янги йил — ҳамиша умидбахш, янги орзу-умидлар, хуш ниятлар инъом этади. Руҳимизга ҳаловат, интилишларимизга ғайрат-шижоат бағишлайди. Январь ҳижрий-шамсий тақвимга кўра, жадий ойи. Айни пайтда эса далв ойи давом этмоқда. Ота-боболаримиз “Далв кирди — давр кирди” деб бежиз айтишмаган. Чунки бу ой қиш билан кўкламни боғлайди. Демакки, қуёшли кунларимиз янада узаяди. Бу, миришкорларимиз таъбири билан айтганда, қут-барака нишонасидир.

Илгари оммавий ахборот воситаларида мамлакатимизни учқур локомотивга ўхшатишни яхши кўришарди. Энди бўлса, янгиланган Ўзбекистонни кўпроқ замонавий автомобилга қиёслашмоқда. У оғир ва улкан эмас, балки енгил, ­ихчам ҳамда ҳаракатчан замонавий автомобиль. Шовқинсиз, аммо қудратли — ақл-заковат билан қуролланган, пухта ўйланган шакл ва тузилишга эга, ­ташқи қиёфаси ҳам ўзига тортади. Бу машина тез ўт олади, мотори ҳаракатга келтирилган ва йўналиши белгиланган. Мухтасар айтганда, мегаавтонинг ­учқур ҳаракатида муайян чизиқлар кўзга яққол ташланмоқда. Келинг, уларни илғашга астойдил уриниб кўрамиз.

Ўн беш йилдан кейин…

Айтинг-чи, муваффақиятли корхонанинг инқирозга юз тутган корхонадан фарқи нимада? Бошқарув соҳасининг билимдонлари бунда иккита ҳал қилувчи омил борлигини илгари сурадилар. У ҳам бўлса режалаштириш маҳорати ва белгиланган вазифани вақтида амалга ошириш. Кўринадики, воқеаларнинг келгуси ривожини башорат қила олиш, бу — изчил иш юритиб, натижадорликка эришиш қобилиятидан дарак беради. Ахир иш берувчи янги ходимни корхонасига қабул қилаётиб, унга: “Беш йил, ўн йилдан кейин ўзингизни ким сифатида тасаввур қиласиз?” деган саволни бежиз бермайди-да. Жавобга қараб, хулоса қилинади.

Бинобарин, мамлакатимиз учун энг сезиларли янгиликлардан бири ўзгаришларга мослашувчан, дастурий ва мақсадли режалаштириш жараёни бўлди. Бунинг асоси қаерда, деб қизиқ­япсизми, марҳамат: “Шавкат Мирзиёев­нинг сайловолди дастури — 2021 йилгача мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси”га эътибор қаратинг. Дастлабки “Йўл харитаси” одамларнинг орзу-умидларини акс эттирса, иккинчиси давлат ва халқ бирлигининг инъикоси сифатида ўз ифодасини топди.

Шундай экан, давоми ҳам жуда ­изчил ва мантиқий бўлиши тайин. Чунки ­Ўзбекистонни 2035 йилгача узоқ муддатли ривожлантириш Стратегияси Концепциясининг лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Уни ишлаб чиқишда анча кенг доирадаги муаллифлар иштирок этишади, яъни дунёнинг турли бурчакларидаги олимлар ва экспертларнинг қарашлари, таклифлари, фикр-мулоҳазалари ҳисобга олинади.

Ўзбекистон — 2035 дастурини рўёбга чиқаришга киришгунимизга қадар унинг учун пойдевор тайёр бўлади. Бу вазифани бажаришда айнан бугунги кунда амалга оширилаётган ҳамда иқтисодиётнинг очиқлиги, инвестициялар кафолатлангани ва сиёсий тизим шаффофлигини таъминлашга қаратилган ­ислоҳотлар муҳим ўрин тутади.

Олтиндан ҳам қиммат

Ҳозирги замонда нимани энг ­қимматбаҳо капитал, деб аташ мумкин? Нима олтин ёки олмосдан ҳам, ноёб қазилма бойликлардан ҳам қиммат? Ғоялар. Илғор ғоялар. Ҳар қандай жараённинг ўзаги бўлмиш ғоя — бугун энг бебаҳо ва энг катта талабга эга товар. Кўп ҳақ тўланадиган, инсониятни тараққиёт сари етакловчи креатив, новаторлик ғоялари тараққиётнинг энг муҳим етакловчи кучига айланди.

Қимматбаҳо товар бор экан, демак, уни айирбошлаш учун имконият ҳам етарли даражада мавжуд. Маълум бир ғояларни кучайтириш ва тарқатиш, бошқаларини эса қабул қилиб, амалиётга жорий этиш жараёни тарихда ҳамиша давом этган. Ғоялар технологияларни ­яратишга асос бўлган, улар муайян ҳудудда пайдо бўлиб, кейин бошқа ҳудудларга тарқалган. Тошга сайқал бериб, гўзал буюм тайёрлаш, металл эритиш, турли рамзлар ва алифбо яратиш, тақвим тузиш, ҳарбий ёки сиёсий назария, қисқаси, санайверсак адоғи йўқ бундай ихтиролар инсон тафаккурининг ҳосиласи сифатида юзага келиб, кейинчалик ҳаётий воқеликка айланган. Бундай кўп босқичли айирбошлаш жараёнини ғоялар ташуви, ғоялар ҳаракати, деб аташ мумкин. Бу жараённинг аҳамияти шунчалик улканки, уни муқояса қилиш мушкул.

Энди замонавий Ўзбекистон ғоялар ўчоғи ёки ғоялар ташуви учун қулай марказга айланиш сари қадам қўяётгани ҳақида бир қадар сўз юритайлик.

Бу ўринда давлатимиз раҳбари ­Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Ҳиндистон ва Германияда ўтказган олий даражадаги учрашувларини эслаш кифоя. Улар юқорида келтирилган мушоҳадаларимиз хусусида тўлиқ тасаввур беради.

Масалан, Ҳиндистонда бизни нима қизиқтиради? Санаймиз: бир — технопарклар ташкил этиш ва ривожлантириш тажрибаси, икки — электрон ҳукумат соҳасида ҳамкорлик, уч — тинч космосни тадқиқ қилиш, тўрт — етакчи олий таълим муассасаларининг филиалларини очиш, беш — энг илғор ишлаб чиқариш корхоналари жойлашадиган қўшма инвестицион зоналарни қуриш. Ҳинд томони ҳам зиён кўрмайди, балки аксинча: “The Economic Times” номли йирик иқтисодий газетанинг шарҳловчилари фикрига кўра, Ҳиндистон учун Ўзбекистон Марказий Осиё сари дарвоза бўлиб ­хизмат қилади. Демак, ҳиндлар бизга ишониб, инвестиция киритар экан, мамлакатимиз орқали бутун бир минтақанинг катта бозорига чиқишни кўзлаяпти.

Европада иқтисодий ва технологик жиҳатдан байроқдор ҳисобланувчи Германияга қилинган ташриф ҳам шундай муҳим натижаларга олиб келди. ­Президентимиз учрашган компаниялар мутасаддиларини санаб ўтишнинг ўзиёқ бу ҳақда тасаввур уйғотади. Ахир “Сименс”, “ТиссенКрупп”, “Фольксваген”, “Кнауф”, “Клаас”, “МАН” деган брендлар нафақат “кўҳна қитъа”да, балки жаҳон бозорида етакчи экани барчага маълум-ку. Шубҳасиз, уларнинг муваффақияти илғор фан ва индустрияга асосланади. Бундай технологик хазина биз учун жуда фойдали. Худди Германия учун Ўзбекистоннинг замонавий таҳдидларга қарши кураш бўйича тажрибаси ва Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасидаги ҳамкорлиги манфаатли бўлгани каби.

Хорижий ОАВ вакилларининг эътиборини тортган яна бир жиҳат бор. Давлатимиз раҳбари Берлинда бўлиб турганида ўша ердаги ёш ўзбекистонликлар, яъни талаба ва олимлар катта хурсандчилик билан кутиб олишди. Учрашувда Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, ривожланган давлатлар барча соҳаларга илмий ёндашиб, натижага эришган. Биз ҳам жуда катта изланишдамиз. Бутун ҳаракатларимиз дунё билан тенг халқимизга муносиб ҳаёт ­яратишга қаратилган. Ислоҳотларни сиз каби илғор ёшлар билан бирга амалга оширамиз. Ҳамма ўрганган ­билим, ноу-хауларингизни Ўзбекистоннинг ҳар бир соҳаси интиқлик ­билан кутяпти. Қанча кўп билимли бўлсак, шунча қудратли бўламиз.

Ғарбда изчиллик, Шарқда омилкорлик

Илмий фикр ҳамда технологиялар алмашинувида давлатимиз ёшларга алоҳида умид боғлаётгани бежиз эмас. Ғоялар ташуви жараёни ўз тарихий илдизига, моҳиятига эга.

Бир неча юз йиллар муқаддам ­Германиянинг фахри — Гёте ўз асарларида Самарқанд ва Бухорони тилга олиб, Шарққа мафтун бўлганини эслайди. Адабиётшуносларнинг ёзишича, у ­Қуръоннинг мазмуни, равонлиги ва ­жарангидан ҳайратда қолган, ўз ­ижодида бир неча марта исломга ­мурожаат қилган. Демак, бундан деярли уч аср аввал ҳам машҳур файласуф ҳамда шоир Ғарб ва Шарқ тамаддунини бирлаштириш ғоясини илгари ­сурганини пайқаш ­мумкин.

Ўшандан буён кўп сувлар оқиб ўтди, Германия тарихида оқ ва қора саҳифалар битилди. Аммо Германиянинг “кўҳна қитъа”да йирик марказлардан бири бўлиш имконияти, шунингдек, фақат бирлашиб кўп нарсани қўлга киритиш ҳамда оламни англашга эришиш ҳақидаги изчил ва илғор фикр халқ ­орасида сақланиб келди. XXI асрда ­Европада Гётенинг Ватани етакчи ­сифатида ўринга эга бўлиб борди ҳамда ўша мақсадлар ўзининг ҳаётий ифодасини топди.

Мазкур жараёнда яна бир таниқли арбоб Уинстон Черчилль 1946 йили ўзининг “Европа фожиаси” деган нутқида европаликларни миллий низоларни тўхтатишга, унинг ўрнига жаҳон урушидан кейин тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилишга чорлади. Салкам уч йил ўтиб, Европа Кенгаши тузилди. Унинг фаолияти иқтисодиёт, ижтимоий ривожланиш, маданият, қонунчилик, фан ва техника соҳаларида ҳамкорлик қилишга қаратилди. Кейинчалик Европа ­Иттифоқи доирасида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш натижалари эса ­бугун барчага маълум.

Ҳеч шубҳа йўқки, мамлакатимиз етакчиси томонидан илгари сурилиб, Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топган “Марказий Осиё — Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши” деган ғоя минтақамиз тақдирида шунга ўхшаш аҳамият касб этади. Бу ғоянинг рўёбга чиқиш суръатини кузатар эканмиз, бир неча ўн йиллар ­кутишга ҳожат йўқ эканига яна бир бор амин бўламиз.

Деярли бир йил муқаддам ўзаро ишончга асосланган мулоқот учун шароит яратилди. Яъни ўтган баҳорда минтақа мамлакатлари етакчиларининг биринчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Қозоғистон Президенти Нурсултон ­Назарбоевнинг айтишича, Шавкат ­Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилган Марказий Осиё давлат ­раҳбарларининг илк маслаҳат учрашуви минтақа мамлакатларининг барча ­соҳадаги ҳамкорлигида муҳим ўрин ­тутади.

Бизнинг жонажон минтақамиз нафақат жуғрофий ва геосиёсий, балки маданий тараққиёт жиҳатидан ҳам ҳамиша ягона макон бўлиб келган. Буни қарангки, кейинги йилларда мазкур воқелик унутилгандек эди. Ўзбекистон раҳбарининг ғояси ушбу муҳим ҳақиқатни жунбишга келтирди. Бу ғоя кимдир, албатта, “бош ролни ўйнайдиган” қандайдир сунъий бирлашмани тузишни кўзда тутмайди, фақат муносабатларни ойдинлаштиради: минтақамиз улкан салоҳиятга эга эканми, биз ундан халқларимиз манфаатлари йўлида фойдаланишимиз лозимлигини англатади. ­Экспертлар баҳолашича, Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги ҳамкорликни кенгайтирадиган бўлса, яқин 10 йил ичида минтақа ялпи ички маҳсулоти камида икки баравар ортади. Бундай ўсиш суръати эса ҳатто Европада ҳам кузатилмаган.

Инсонийлик мезони

Минтақа ичидаги алоқаларнинг ­фаоллашуви яна қандай наф келтиради? Кўп миллионли савдо ва транзит операцияларидан тушадиган фойда бир ­тарафу, оддий ва самимий инсонийлик мезонлари бир тараф.

Биргина мисол. Тожикистон ­Президенти 2018 йил якунларини сарҳисоб қилар экан, Ўзбекистон билан Стратегик шериклик ва муносабатларни ривожлантириш ҳақидаги шартнома имзоланганини тарихий воқеа, деб атади. Ва рақамларни ҳам келтирди, яъни қисқа вақт ичида ҳар икки томондан 2,5 миллиондан зиёд фуқаролар борди-келдиси қайд этилган.

Экспертлар яна бошқа воқеага ҳам эътибор қаратдилар. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хабар берганидек, Душанбеда ҳар икки мамлакатнинг ўзбек — тожик чегарасини демаркация қилиш бўйича делегациялари навбатдаги учрашувни якунладилар. Натижада меъёрий-техник ҳужжатлар лойиҳаси тайёрландики, улар асосида энди томонлар ­Давлат чегараси чизиғини аниқлаштириш бўйича ­демаркация ишларини бажариш учун ­музокарага киришадилар.

— Айни вақтда кузатаётганимиз иқтисодий жиҳатдан ўта ижобий воқеа, негаки, чегарани демаркация ва делимитация қилишга бўлган ҳаракат чегараолди ҳудудида ҳамкорликни кучайтириш учун имкониятни кенгайтиради, — дейди МДҲ мамлакатлари институтининг Марказий Осиё бўлими раҳбари ­Андрей Грозин “Sputnik” ахборот агентлигига берган интервьюсида. — Шавкат ­Мирзиёевнинг ­Душанбега ташрифидан сўнг иқтисодий алоқаларни яхшилаш борасида ўсиш кузатилди. Ваҳолонки, икки йил олдин ҳамкорлик умуман йўқ эди, деса ҳам бўлади. Тожик — ўзбек ташқи савдо айланмаси, бор-йўғи, бир неча миллион долларни ташкил этган. Шу рақамларнинг ўзиёқ ҳамкорлик ўшанда амалда музлатилганидан дарак беради.

А. Грозиннинг фикрича, бундан икки йил илгари шундай қисқа муддатда мамлакатлар ўртасида илиқлик пайдо бўлиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эди. Россия стратегик тадқиқотлар институти ­эксперти Дмитрий Попов ҳам ўз ҳамкасби билан бир хил фикрда. Яъни у Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекис­тон барча қўшни республикалар билан ­келишмовчиликларни тартибга солишдек аниқ вазифани ўз олдига қўйди ва изчил бажариб ­келмоқда, деб ҳисоблайди.

Кустанайдан Термизгача, Туркманбоши­дан Иркиштомгача ягона тинч-тотув макон яратиш ғояси барча мамлакатларнинг манфаатига мос. ­Шавкат ­Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг сентя­брида БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан туриб илгари сурилган, Марказий Осиёда барқарорлик ва тараққиёт учун ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳақидаги ғоя бутун сайёрамиз бўйлаб қанот ёзди ва ўтган йили ёзда Нью-Йоркка келиб акс садо берди. Бу акс садо қабул қилинган резолюциядир.

Тўғри, ҳар қайси мамлакатлар ўртасидаги ўзаро муносабатларда қандайдир муаммолар ечилмай қолиши мумкин ва буни экспертлар ҳам инкор қилишмайди. Лекин бугун Ўзбекистонда янгича фикр ва ташаббус бор, улар ҳатто энг ўткир ихтилофни ҳам ҳал этишга қодир.

Шубҳа йўқки, Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро миқёсдаги ғоялар алмашинуви жараёни давом этади. Яқинда хабар берилганидек, Президентимиз бир йилга мўлжалланган ўнлаб хорижий ташрифларини режалаштирган. Улар орасидан Бельгия, Швейцария, Канада, ­Япония, Болгария ва Беларусь ўрин ­олган. Демак, янги технологиялар, ­фойдали фикрлар, бунёдкорлик ғоялари бундан кейин ҳам айирбошланаверади.

Муҳими, замонавий Ўзбекистон дунёга юз очди. Шунчаки ўзини кўз-кўз қилмасдан, аниқ-пухта ҳамкорлик ва шериклик таклифлари, дўстона муносабатларни юксак даражага кўтарган ташаббуслари, ўзаро муносабатлари билан фаол инвестициявий майдонда биргаликда самарали ҳаракатланишга чақирмоқда.

Зеро, меҳмондўст, олижаноб, меҳнаткаш ўзбек халқи, унинг креатив ­давлат раҳбари, оқил, ишбилармон ­тадбиркорлари ютуқ ҳамда муваффақиятларнинг мустаҳкам қўрғонлари, ­ десак, асло муболаға эмас.

Ўткир РАҲМАТ

http://xs.uz/uzkr/post/bugungi-ozbekiston-ilgor-takliflar-innovatsiyalar-va-zamonavij-yondashuvlar-mamlakati

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *