Бугун халқаро она тили куни

21 февраль – Халқаро она тили куни


Тил нафақат муомала воситаси, балки халқнинг тарихи, маданияти, турмуш тарзи, урф-одатини акс эттирувчи кўзгудир.

Дунёдаги барча халқлар ўзининг миллий расмий тилига эга деб айтолмаймиз. Чунки бу халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда ҳар икки ҳафтада битта тил йўқолиб бормоқда. Тилшунос олимларнинг фикрича, яна 25 йилдан сўнг ҳозир муомалада бўлган тилларнинг ҳар ўнтасидан биттаси сақланиб қолар экан.

ЮНЕСКО вакилларининг сўзларига кўра, қачонлардир одамлар сўзлашадиган тиллар сони 8 мингтагача етган бўлса, ҳозирги кунда сайёрамизда 6 мингдан зиёд тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида. Бу асосан цивилизация туфайли маданиятидан айрилаётган кам сонли миллатлар тилларидир. Бу тилларда сўзловчи аҳолининг айримлари ёзувга эга бўлса, айримлари бундан ҳам бебаҳра.

Масалан, Африка тилларида сўзлашувчи аҳолининг 80 фоизи ҳамон ўз ёзувига эга эмас. Минглаб тиллардан таълим тизимида фойдаланишнинг имкони йўқ. Интернетдан фойдалана олмайдиган тиллар ҳақида-ку айтмаса ҳам бўлади. Чунки янги технологиялар ривожланиши туфайли айрим халқлар ўз тилларидан кўра замонавий тиллардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

Бугун интернетнинг 81 фоизи инглиз тилида. Тўғри, авваллари ҳам тиллар пайдо бўлган, муомалада бўлиб, қанчадир вақтдан сўнг йўқ бўлиб кетган. Лекин ҳозиргидек вазият тарихда кузатилмаган. Йўқолиб кетиш арафасидаги тилларни сақлаб қолиш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг асосий мақсади ҳам маданиятлар ва тиллар хилма-хиллигини таъминлашдан иборатдир. Чунки айнан тил туфайли миллат ва элатларнинг маданияти, урф-одатлари сақланиб қолади.

Тиллар сақланиб қолиши учун уларни қўллаб-қувватлаш зарур. Айнан тил туфайли инсоният бирор миллатга мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва ҳурмат қилиш тинчликнинг кафолатидир. Шу сабабли ҳар бир халқ ўз тилини сақлаб қолишга интилади.

Бугунги кунда дунёдаги мавжуд тилларнинг тенг ярми саккиз мамлакат – Мексика, Индонезия, Камерун, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой, АҚШ ва Россияга тўғри келади. Энг кўп тилли мамлакат сифатида Ҳиндистон тан олинади. Бу мамлакатда аҳоли 845 тил ва лаҳжада сўзлашади.

Сайёрамизда энг кўп аҳоли сўзлашадиган тил сифатида хитой, инглиз ва испан тиллари тан олинган. Биринчи ўнликка ҳинди, бенгал, араб, португал, немис, рус ва япон тиллари киритилган. Жаҳон тилларининг атиги 4 фоизи Европа қитъасига тўғри келса-да, энг кўп сўзлашувчи тилларнинг тенг ярми “кўҳна қитъа”да экани маълум бўлди. 341 миллион киши инглиз тилини она тили деб билади, бироқ яна 350 миллион киши бу тилни иккинчи она тили сифатида кўришини маълум қилган.

Таҳлилчилар хитой ва инглиз тиллари фойдаланиш бўйича ўз мавқеини ошириб бораётганини айтади. Кузатувчиларнинг фикрича, фойдаланувчилар сони бўйича айни дамда инглиз тили етакчилик қилаётган бўлса, XXI аср ўрталарига бориб, хитой тили асосий тил бўлиб олиши мумкин.

Мавжуд тиллардан 90 фоизининг ҳар биридан 100 минг аҳоли фойдаланади. Мана шунинг ўзиёқ бу тилларнинг келажаги йўқлигидан далолат беради. Масалан, 357 тилда атиги 50 киши сўзлашар, 46 тилдан эса атиги биттадан одам фойдаланар экан. Уларнинг вафотидан сўнг бу тиллар йўқолади. Олимларнинг фикрича, тил яшаб қолиши учун унда камида бир миллон киши сўзлашиши керак. Бироқ бундай тиллар дунёда атиги 250 та.

ЮНЕСКО нашр қиладиган “Йўқолиб кетиш хавфи арафасидаги жаҳон тиллари атласи”да Европадаги 50, Тинч океани минтақасидаги 200 тил «хавф остида» экани таъкидланади. Африкадаги 1 минг 400 тилдан 600 таси келажакда, 250 таси яқин орада бутунлай йўқолиши ҳақида бонг урилмоқда.

Европаликлар Америка ҳудудига қадам қўйганида бу минтақада минглаб тиллар мавжуд эди. Айни дамда Шимолий Америка ҳиндуларнинг 150 тилигина сақланиб қолган. Лейпциг университети ходими Бальтазар Бикелянинг маълум қилишича, Кавказда атиги 3-4 киши сўзлашувчи тиллар бор.

Айрим таҳлилчилар тилларнинг йўқолишига глобаллашувдан ташқари, баъзи давлатлар олиб бораётган сиёсат ҳам сабаб эканини қайд этишди. Бу вазият асосан Африка мамлакатларида учрамоқда.

Олимларнинг фикрича, инсоният тарихи давомида 9 мингдан ортиқ тил йўқ бўлиб кетган. Нафақат босиб олинган ҳудудлардаги халқларнинг тиллари, балки фотиҳларнинг тиллари ҳам йўқолиб кетгани тарихдан маълум. Бу борада қадимги юнон, оромий, лотин, санскрит, ведий, ассурий, қадимги форс тилларини мисол келтириш мумкин.

ЮНЕСКО мутахассислари ўлиб ва йўқолиб бораётган тилларни қутқариш мумкинлигини айтишади. Мисол тариқасида ўтган асрнинг 80 -йилларида Япониянинг Хоккайдо оролидаги атиги 8 киши сўзлашган айн тилини келтириш мумкин. Бугунги кунда тикланган бу тилда бир неча минг киши гаплашмоқда. Икки минг йил давомида ўлик тил ҳисобланиб келган иврит тили ҳам қайта истеъмолга киритилди. Ҳозир иврит тилида 9 миллион киши сўзлашади.

Қадимда халқлар ўз турар жойларидан мажбуран кўчирилгани боис, ўзга тилларни ўзлаштиришга мажбур бўлган. Эндиликда кичик бир халқ ёшларининг келажаги порлоқ сифатида қараладиган иккинчи халқ тилидан фойдаланишга уринаётгани боис тиллар йўқолмоқда.

Она тилини муқаддас билиб яшаган халқ тараққий этади, ундан мосуво бўлган миллат ўз тарихи ва келажагидан узилиб, таназзулга юз тутади.

Қачонки, болалар ўз она тилида ўқишни тўхтатар экан, ўша тилнинг йўқолиш хавфи пайдо бўлади. Тилларнинг яшаши миллатнинг маданияти, урф-одати, расм-русумлари сақланиб қолишини англатади.

Тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир. Шу сабабли ҳам тилнинг сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, урф-одат, анъаналарини сақлайди. Шундай экан, она тилимиз – ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишни истасак, ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашишимиз керак. Зеро, хорижий тилни билиш инсоннинг маданиятидан, зиёлилигидан дарак беради. Она тилини билиш эса ҳар бир фуқаро олдидаги муқаддас бурчдир.

Шарофиддин Тўлаганов,
сиёсий шарҳловчи.
ЎзА

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *