Бурунги ва бугунги телевидение
Ҳаётимизни телевидениесиз тасаввур эта олмаймиз.
Бирор кун телевизор кўрмаган одам кўп воқеа-ҳодисалардан бехабар қолиши турган гап. Модомики, телевидение ҳаётимиз мазмунига айланган экан, унга мудом ўз муносабатимизни билдириш ҳам одатий ҳолга айлаган.
Севимли адибимиз Шодмон Отабекнинг “Дўрмон ҳангомалари” тўпламидан ўрин олган “Абдулла Қаҳҳор бир куни” сарлавҳали ҳангомасида шундоқ қизиқарли воқеа қаламга олинган:
ЛУНЖИМГА БОСА ҚОЛСИН
Абдулла Қаҳҳорни бир куни телевизорга таклиф қилишади. Кўрсатув бошланишидан олдин ёш муҳаррир ёзувчидан сўрайди:
– Домла, фикрларингизни қоғозга тушириб келдингизми?
– Йўқ, мен қоғозсиз ҳам гапиравераман.
– Узр, бизда тартиб шундай, фикрларингизни “юқоридагилар”га тасдиқлатиб олишимиз керак.
– Ундай бўлса, айтинг, ўша “юқоридагилар”ингиз муҳрини лунжимга босиб қўя қолишсин,– дейди адиб.
Бу ҳангомани ўқиганлар буюк адибнинг топқирлиги ва ҳозиржавоблигига қойил қолса, ўша даврда телевидениемиздаги муҳит қанчалик аянчли бўлганини фаҳмлаб олади.
Бурунги гаплар бугунга мутлақо тўғри келмайди. Ўша даврда бир-иккита канал чекланган соатлардагина кўрсатув намойиш этган бўлса, бугун йигирматача канал орқали кеча-ю кундуз узлуксиз кўрсатувлар намойиш этилмоқда. (Томошабинларга ҳам, кўрсатувга таклиф этилганларга ҳам қайси канал кимга тегишли эканининг аҳамияти йўқ…)
Қиёсий таҳлил этсак, эфир вақти чегараланган бир-иккита канални исталганча “жиловлаш”, ҳар бир кўрсатувда нима-гап сўз бўлишини олдиндан назорат қилиш мушкулмас. Бироқ, йигирматача канални унақа назорат қилишнинг имкони йўқлиги аён. Шунча канални йил-ўн икки ой, кун-у тун узлуксиз кўрсатув билан таъминлаб боришнинг ўзи бўлмайди-ку.
Демак, Абдулла Қаҳҳорлар замонида телекўрсатувлар савияси, мундарижаси қайсидир мутасаддиларга боғлиқ бўлгандир, бироқ, энди бунинг иложи йўқ! Ҳар куни телестудияларга кириб-чиқишаётган гуррос-гурос “қаҳрамонлар”, яъни, турфа кўрсатувларда иштирок этаётганлар буни жуда яхши биладилар. Негаки, улар ҳам айнан ўша кўрсатувларни тайёрлаш жараёнида иштирок этадилар.
Нокамтарлик бўлса ҳам айтай, телевидениеда фаолият кўрсатишаётган баъзи ҳамкасбларимдан кўпроқ экранда кўринаяпман. Бирор студияда бошловчи ё бошқа мутасадди Абдулла Қаҳҳорга қилинганга ўхшаш “муомала”ни кўрмаяпман. Нима ҳақида гапиришимни келишиб олишга ҳеч кимнинг вақти йўқ. Таклиф этишганидаёқ кўрсатув мавзусини айтиб қўйишади, вассалом. Бошқаларни ҳам шу тариқа таклиф этишади.
Кўриниб турибдики, энди кўрсатувлар савияси қай даражада чиқиши, қанчалик муҳим ва мазмундор бўлиши асосан ана шу четдан таклиф этилаётган кишиларга, турли соҳа вакиллари ва мутахассисларга боғлиқлиги кўриниб турибди.
“Ўзбекистон” телеканали орқали “Муносабат” кўрсатуви ҳар ҳафта уч бора бир ярим соат мобайнида жонли эфирда намойиш этилмоқда. Энг қизиғи, бошловчи Қуддус Аъзам кўрсатув бошланиши олдидан иштирок этувчиларни “тўғридан-тўғри эфирга узатилаётган кўрсатувда эҳтиёт бўлиб гапириш зарурлиги”ни огоҳлантириш, ҳушёр торттириш ўрнига ҳаммани дадил, муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида дангал ва бемалол сўзлашга даъват этади ҳамда илҳомлантиради!
Бошқа каналларда аввалдан тасвирга олинадиган кўрсатувларда ҳам эмин-эркин гапириш одатий ҳолга айланган. Телевидениемиз шу тариқа элнинг эркин минбарига айланган.
Тўлқин ЭШБЕК,
филология фанлари номзоди, доцент
Сўнгги фикрлар