Буюк келажак ғояси
Инсон орзу-идеаллар билан тирик.
Аён ҳақиқат шундан иборатки, олдига улкан мақсадларни қўймайдиган, ана шу мақсад сари муттасил интилмайдиган бўлса, одамзод ҳаёти ўз мазмунини йўқотади. Худди шунингдек, муайян жамиятни тараққиётга ундайдиган, барча жабҳаларда юксалишга рағбат уйғотадиган куч бу – ғоядир. Она Ватанимиз Ўзбекистоннинг мустақилликни қўлга киритиши, истиқлол йилларидагиривожи ана шундай ҳаётбахш ғоянинг маҳсули экани сир эмас. Бу ғоя – буюк келажак ғояси ва унинг муаллифи мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовдир.
Бутун бир миллатнинг тақдири, истиқболи билан боғлиқ улкан ғояга асос солиш осон иш эмас. Бунинг учун теран билим ва зако, катта ҳаётий ва раҳбарлик тажрибаси, узоқни кўра биладиган ақлу тафаккур, халқни ортидан эргаштира билиш салоҳияти, бемисл жасорат ва шижоат, одамзодга ва биринчи навбатда, ўз халқи ва Ватанига чексиз муҳаббат ва садоқат, булардан ташқари, яна кўп фазилатлар талаб этилади инсондан. Бундай кенг қамровли истеъдоднинг бир шахсда жам бўлиши камдан кам учрайдиган ноёб ҳодиса. Ислом Каримов шахсияти ана шу хусусиятларнинг барчасини тўлақонли мужассам этганлиги билан алоҳида ажралиб туради. Биз бу улуғ сиймога хос энг етакчи фазилатлардан айримлари ҳақида фикр юритишни ният қилдик.
1. Истиқлол ва тараққиёт йўлининг асосланиши
Ислом Каримов мамлакатимизнинг янги тарихида, биринчи навбатда, буюк давлат ғоясининг назариётчиси ва амалиётчиси сифатида қолади. Унинг дастлабки асарларидан бири “Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли” деб номлангани ва ушбу асарда бу йўлнинг назарий-методологик жиҳатдан пухта асослангани фикримиз далилидир.Мазкурасарда Биринчи Президентимиз мустақил тараққиётнинг дастлабки тажрибаларини, бу йўлда эришилган ютуқлар ва учраган муаммоларни теран таҳлил қилиб, мамлакат олдида турган долзарб вазифаларни белгилаб берди. Бунда миллий менталитетимизнинг хос хусусиятлари билан бирга дунё тажрибаси эътиборга олингани, жаҳон халқлари тараққиётида аналоги бўлмаган тараққиётнинг машҳур беш тамойили ишлаб чиқилгани, айниқса, айрича қимматга эга. Улар қуйидагилардан иборат:
- Иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги ва мафкурадан холилиги.
- Давлат бош ислоҳотчи экани.
- Қонун устуворлиги ва унинг барчага баробарлиги.
- Кучли ижтимоий сиёсат юритилиши ва аҳолининг кам таъминланган қисмини ижтимоий муҳофаза қилиш.
- Ислоҳотларни эволюцион тарзда, босқичма-босқич амалга ошириш.
Мазкур беш тамойилнинг дунё халқлари тарихий тараққиётида ўхшаши бўлмаганини, уларда Ўзбекистоннинг ва ўзбек халқининг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинганини таъкидлашимиз бежиз эмас. Ислом Каримов Россиянинг “Комсомольская правда” газетаси мухбири саволларига берган жавобида ана шу жиҳатга алоҳида урғу берган эди. Жумладан, Биринчи Президентимиз газета мухбирининг “Ўзбекистонга нисбатан Сиз “ўз йўлимиз” деган сўзни тез-тез такрорлайсиз. “Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли” китобини нашр эттирдингиз. Унинг мазмунини такрорламасдан, асосий қоидалари ҳақида қисқача гапириб бера оласизми?” – деган саволига мана бундай жавоб берган эди:
- Аввало: иқтисодиётнинг сиёсатдан устуворлиги ва бунда иқтисодиёт мафкурадан холи бўлиши керак. Иккинчиси: ҳатто энг доно ва истеъдодли академиклар ва амалиётчилардан бирор гуруҳ эмас, балки давлат бош ислоҳотчи бўлади, деб ҳисоблайман. Бир жамият кетиб, унинг ўрнида бошқа жамият қуриладиган ўтиш даврида айни давлатнинг ўзи бошқарув воситаларини асло қўлдан чиқармаслиги лозим.
Янги уй қурмай туриб, эскисини бузма, дейишади бизда. Ҳар қандай ҳолда ҳам биз ўзимизни боқиб, тўйдириб келган нарсаларни вайрон қилишга берилиб кетишга ҳаққимиз йўқ. Биз бирданига эски қонунларни тан олмай қўйдик, янгилари эса ҳали йўқ. Пайдо бўлганлари ҳам мутлақо амал қилмаяпти. Мана энди мен ўз дастуримнинг учинчи бандига яқинлашдим. Бу банд – қонун, аниқроғи, қонунга итоаткорликдир. Қонун ҳамма нарсадан устун туриши керак. Бизни узоқ вақт давомида қонунлар бор-у, лекин уларга риоя қилиш шарт эмас, деган руҳда тарбиялаб келишди. Бизда қонунни ҳурмат қилишдек оддий туйғунинг ўзи йўқ. Шундай экан, биз янги жамиятга қандай ўтмоқчимиз? Зўравонлик, жиноятчилик пўртанасини қандай қилиб бостиришга умид қиламиз? Инсоннинг ҳуқуқларини ва унинг қадр-қимматини қандай ҳимоя қиламиз? Хусусий мулкни қонун ҳимоя қилмаса, фермерларнинг уйларига ўт қўйиш бошланади. Демократик давлат доимий миллатлараро ва ижтимоий можаролар майдонига айланиб кетади. Хуллас, мен учун энг муҳими – қонунийликни ҳурмат қилишдир.
Тўртинчиси: кучли ижтимоий сиёсат. Ўзбекистонда бир киши ўзининг иш ҳақи билан олти-етти кишилик оиласини боқади. Россияда бундай эмас. Айтмоқчи, ўтган йили Россия аҳолиси 70 минг кишига камайди. Бизда эса 550 минг киши кўпайди. Шундай экан, айтинг-чи, Болтиқбўйида, Украинада ва Ўрта Осиёда бир хил ижтимоий сиёсат ўтказса бўладими?
Менинг назаримда, ҳар бир минтақанинг жамики хусусиятларини, нуфусини, аниқ шароити ва воқеликларини ҳисобга олмай туриб, бозор муносабатларига ўтишнинг бирор модели тўғрисида гапириб бўлмайди…
Ниҳоят, бешинчи қоида. Бозорга босқичма-босқич ўтиш лозимлигига ишончим комил. Сохта, инқилобий сакрашларсиз, мақсад сари қадам-бақадам ҳаракат қилиш керак. Мен тараққиётнинг эволюцион йўли тарафдориман” (Каримов И. Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура. Асарлар. 1-жилд. — Т.: “Ўзбекистон”, 1966, 141-142-бетлар).
Бизнингча, тараққиётнинг Биринчи Президентимиз ишлаб чиққан беш назарий-методологик тамойилини бундан ҳам содда ва таъсирчан ифодалаш имконсиз. Ҳаётнинг йигирма олти йилдан зиёдроқ вақт давомидаги бешафқат синовлари ва истиқлол йилларида Ўзбекистон эришган юксак марралартанланган йўлнинг нечоғлик тўғри бўлганиникўрсатди.
Табиийки, ҳаёт бир жойда тўхтаб қолмайди. Амалга оширилган ислоҳотлар қанчалик ҳаётий бўлмасин, уларнинг самараси нечоғлиқ юқори натижаларга эришиш имконини бермасин, мудом олға интилишталаб этилади. Қолаверса, орадан анча йиллар ўтган, бажарилган кенг миқёсдаги ишларни сарҳисоб қилиш, истиқболнинг янги режаларини ишлаб чиқиш зарур эди. Шу маънода, Ислом Каримов асос солган ислоҳотлар назарияси ҳам замон талаблари асосида такомиллаштирилиши, ривожлантирилиши ҳаётий эҳтиёж ҳисобланарди. “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” ана шу эҳтиёж тақозоси ўлароқ ишлаб чиқилди. Маълумки, бу концепция олти устувор йўналишни қамраб олган эди:
- Давлат ҳокимияти ва бошқарувни демократлаштириш.
- Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш.
- Ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш.
- Ўзбекистонда сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантириш.
- Фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш.
- Демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш.
Ушбу концепциянинг ҳар олти йўналиши бўйича кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилди. Жумладан, бошқарув соҳасида улкан ислоҳотлар қилинди. Ҳокимиятнинг уч тармоғи – қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятининг ҳар бири мустақил фаолият юритишини таъминлаш йўлида жиддий қадамлар қўйилди. Президент ваколатларининг бир қисми Олий Мажлисга ва Вазирлар Маҳкамасига ўтказилди. Бошқарув жараёнида маҳаллий ҳокимиятларнинг ўрни мустаҳкамланди.Демократияни янада ривожлантириш талабидан келиб чиқиб, Асосий қонун – Конституцияга бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Суд-ҳуқуқ тизими ислоҳ этилиши натижасида судларнинг жазоловчи органдан фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи органга айланиши учун мустаҳкам замин яратилди. Фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш борасида сезиларли ютуқларга эришилди. Сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлашга катта эътибор берилди. Бу борадаги қонунчилик такомиллаштирилди. Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини янги сифат босқичига кўтариш юзасидан аниқ амалий чоралар кўрилди. Маҳаллаларнинг ваколати кенгайди, аҳоли ўртасидаги нуфузи ошди. Демократия ва эркинликнинг моддий-иқтисодий негизини мустаҳкамлаш омили бўлган бозор ислоҳотлари ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш билан боғлиқ аҳамиятли ўзгаришлар амалга оширилди. Бозор иқтисодиётига ўтиш ва иқтисодий мустақилликни тўлиқ таъминлаш йўлида эътиборга молик натижаларга эришилди.
Бироқ ҳаёт ҳақиқати шундан иборатки, ҳар қандай асосли назарий қоидалар, тараққиёт концепциялари ҳам замон талабларидан келиб чиқиб муттасил такомиллаштирилиб бориши, давр тақозосини ҳисобга олиб, мунтазам ривожлантирилиши зарур. Акс ҳолда тараққиёт ўз йўлини таназзулга бўшатиб бериши, миллатнинг қаноти қайрилиб қолиши мумкин. Шу маънода, замон бугун олдимизга қўяётган талаблардан келиб чиқиб, Ислом Каримовнинг муносиб издоши, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистон танлаган йўлнинг айни кездаги муваффақиятини таъминлаётганини алоҳида таъкидлашга бурчлимиз. Маълумки, Ҳаракатлар стратегияси қуйидаги беш устувор йўналишни ўз ичига олади:
- Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш.
- Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш.
- Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш.
- Ижтимоий соҳани ривожлантириш.
- Хавфсизлик,диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат.
Ўзбекистоннинг ўзига хос тараққиёт моделига асос бўлган машҳур беш тамойилни пойдеворга қиёсласак, айни кезда барча жабҳалардаги оламшумул ислоҳотлар ютуғини таъминлаётган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясиниВатанимиз нурли истиқболининг ана шу пойдевор устига қурилаётган муаззам иншоотига қиёслаш мумкин. Ҳаракатлар стратегияси, шунга кўра, Ўзбекистоннинг янги даврдаги тараққиётини таъминловчи бемисл назарий-методологик асос бўлиши баробарида ислоҳотларнинг беназир дастуруламали ҳамдир. Бу эса, ўз навбатида, ҳар бир ватандошимиз онги ва руҳида янги аср иккинчи чорагида Ўзбекистон ҳаётнинг барча жабҳаларида дунёнинг тараққий этган давлатлари сафидан мустаҳкам ўрин олишига ишонч ҳиссини уйғотади.
2. Салоҳиятли кадрлар – буюк келажакни таъминловчи асос
Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ Ўзбекистонда юқори малакали кадрлар тайёрлаш, бунинг учун таълим соҳасини ривожлантириш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов 1997 йил 29 августида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси IX сессиясида сўзлаган “Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори” мавзусидаги маърузасида “…бугунги кунда олдимизга қўйган буюк мақсадларимизга, эзгу ниятларимизга эришишимиз, жамиятимизнинг янгиланиши, ҳаётимизнинг тараққиёти ва истиқболи, амалга оширилаётган ислоҳотларимиз, режаларимизнинг самараси, тақдири – буларнинг барчаси, авваламбор, замон талабларига жавоб берадиган юқори малакали, онгли мутахассис кадрлар тайёрлаш муаммоси билан чамбарчас боғлиқ” эканини алоҳида таъкидлаган эди.
Мустақиллик йилларида миллий кадрлар тайёрлаш тизими тубдан ўзгарди. Миллий тажрибадан ва жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари ютуқларидан самарали фойланилаётгани бу борадаги муваффақиятлар гаровидир. “Таълим тўғрисида”ги қонун ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” бу фаолиятнинг ҳуқуқий асоси сифатида хизмат қилмоқда.
Биринчи Президентимиз юқорида зикр этилган маърузасида алоҳида таъкидлаганидек, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, шубҳасиз, жаҳондаги иқтисодиёти ва саноати ривожланган давлатлар қаторига кириб боришимизнинг зарур шарти ва мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилади. Таъбир жоиз бўлса, у бир қудратли локомотив янглиғ иқтисодий ва технология муаммоларини ҳал этиш, юксак малакали кадрлар тайёрлаш, янги ишчи ўринлар яратиш, бир сўз билан айтганда, барча корхоналарни ривожланиш ва тараққиёт сари бошлашга қодирдир”.
“Таълим тўғрисида”ги қонунда таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари тасдиқланди. Унда таълим-тарбиянинг инсонпарвар, демократик характерда эканлиги; таълимнинг узлуксизлиги ва изчиллиги; умумий ўрта, шунингдек, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълимининг мажбурийлиги; ўрта махсус ва касб-ҳунар таълимининг йўналишини: академик лицейда ёки касб-ҳунар коллежида ўқишни танлашнинг ихтиёрийлиги; таълим тизимининг дунёвий характерда эканлиги; давлат таълим стандартлари доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлиги; таълим дастурларини танлашга ягона ва табақалаштирилган ёндашув; билимли бўлишни ва истеъдодни рағбатлантириш; таълим тизимида давлат ва жамоат бошқарувини уйғунлаштириш сингари принциплар белгиланди.
И.А.Каримов алоҳида таъкидлаганидек: “Давлат ва жамият кадрлар тайёрлаш тизимини узлуксиз ривожлантириш ва такомиллаштириш кафили бўлиши зарур. Улар юқори малакали, рақобатга қодир мутахассислар тайёрлаш бўйича таълим муассасаларининг фаолиятини уйғунлаштириши лозим”.(Каримов И. Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси IX сессиясида 1997 йил 29 августида сўзланган нутқ. / Баркамол авлод орзуси. Т.: “Шарқ”, 1999, 23-бет).
Кадрлар бошқаруви стратегиясининг асоси бошқарувда шундай тизим яратишни кўзда тутадики, унда муайян соҳа, ҳатто мамлакат ва жамият тараққиёти алоҳида шахс иродасига, раҳбар фаолиятига бевосита боғлиқ бўлмасин, тизимнинг ўзи ишласин. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти И.А.Каримов муаммонинг ана шу жиҳатига алоҳида урғу бериб, бундай деган эди: “Уларда (Ғарбда) бирон-бир раҳбарга боғлиқ бўлмаган ҳолда ишлайдиган тизим барпо этилган. Мен худди шундай тизим бизда ҳам ишга тушадиган кунни орзиқиб кутаман. Масалан, ҳукумат ўзгаради, иқтисодиёт эса ўз йўлида ишлайверади, ҳеч қандай муаммо туғилмайди. Биз ҳам ана шундай мустақил, барқарор ва ишчан тизим барпо этиш учун ҳаракат қиляпмиз. Лекин йилдан-йилга иқрор бўляпманки, биз вужудга келтираётган тизим ҳали ишга тушиб кета олмаяпти”(Каримов И.А. Бунёдкорлик йўлидан. Асарлар, 4-жилд. -Тошкент, “Ўзбекистон”, 1996, 244-бет).
Бу фикр Биринчи Президент зиммасида нечоғлик катта масъулият бўлганини, мустақиллик давридаги оламшумул ислоҳотларни амалга ошириш осон кечмаганини кўрсатади. Шунга қарамай, жамиятимизнинг истиқлол йилларида юксалган маънавияти, интеллектуал салоҳияти ва айниқса, кадрлар бошқаруви стратегиясининг тўғри белгиланиб, муваффақиятли амалга оширилаётгани замонавий тараққиётга ҳаётбахш куч бағишлагани ютуқларимизнинг асосий омили бўлганини эътироф этиш керак.
Юксак малакали, ватанпарвар кадрларни етиштириш масаласи бугунги кунда ҳам долзарб эканини таъкидлаш керак. Ислом Каримов бошлаган оламшумул ислоҳотларни янги замон шароитида муваффақият билан давом эттираётган, янгидан янги ғояларни ҳаётга татбиқ этиш борасида алоҳида шижоат кўрсатаётган Президент Шавкат Мирзиёев ҳам бу муаммо ечимига алоҳида диққат қаратаётгани сабаби шунда.
3. Тараққиётнинг “Ўзбек модели” асоси – юксак маънавият
Биринчи Президент Ислом Каримов жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилган тараққиётнинг “Ўзбек модели”га асос солди ва бу модел, биринчи навбатда, юксак маънавиятга асосланади. Ислом Каримов Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини белгилар экан, мамлакатимизни янгилаш ва ривожлантиришнинг ўз йўли тўртта асосий негизга асосланишини алоҳида таъкидлаган эди:
- умуминсоний қадриятларга содиқлик;
- халқимизнинг маънавий меросини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;
- инсоннинг ўз имкониятларини эркин намоён қилиши;
- ватанпарварлик (Каримов И.А. Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли. Т.: “Ўзбекистон”, 1992, 75-бет).
Шундан ҳам маълум бўладики, ватанпарварлик юксак маънавиятнинг асоси сифатида мамлакат тараққиётида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Фуқаролари қалбида ана шу туйғу мустаҳкам бўлмаган давлат тараққиётга эришиши маҳол. Шунинг учун ҳам, инсон маънавиятини белгиловчи мезонлар ичида ватанпарварлик – энг муҳими, энг асосийси, дейиш мумкин. Кадрлар танлашда ҳам ана шу мезонга таяниш зарурлиги И.А.Каримовнинг “Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура” асарида қуйидагича таъкидланган эди: “Ягона ва кўпмиллатли хонадонимиз – жонажон Ўзбекистонимиз олдида барчамизнинг фарзандлик бурчимиз борлиги маълум. Муқаддас ўзбек диёрида яшовчи ҳар бир киши ўзининг ана шу бурчини қалб қўри, ақл-идроки ва истеъдоди билан адо этиши ҳам қарз, ҳам фарздир. Кадрлар танлашда – ватанпарварлик, халқпарварлик туйғуси бугун жуда катта аҳамиятга эгадир”.
Ҳақиқатан, инсоният тарихига назар солинадиган бўлса, қайси бир мамлакат, қай бир жамият тараққиётда улкан натижаларга эришган бўлса, бу ютуқлар, биринчи навбатда, ўша мамлакат фуқароларининг, ўша жамият аъзоларининг юксак маънавияти самараси бўлган. Бу жиҳат “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида ҳар томонлама пухта асослаб берилган. Ислом Каримов томонидан “Маънавият” тушунчасига берилган таъриф ҳам бу фикрни тасдиқлайди: “Маънавият – инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча қарашларининг мезонидир”.Дарҳақиқат, мустақилликни мустаҳкамлаш, Ватанимиз ва халқимиз олдида турган улкан вазифаларни муносиб даражада адо этмоқ учун қалбан ва руҳан пок, метин иродали, иймон-эътиқоди бутун, виждони уйғоқ шахслар – юксак маънавият эгалари зарур ва бу масала ҳар доим долзарб бўлиб қолади.
Асарда таълим ва тарбия, моддий ва маънавий ҳаёт уйғунлиги масалаларига алоҳида диққат қаратилган. Биринчи Президентимизнинг қуйидаги эътирофи бу тамойилнинг моҳиятини тўлақонли ифодалайди: “Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди – бу шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафаси.Бу ҳақда фикр юритганда, мен Абдулла Авлонийнинг «Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир» деган чуқур маъноли сўзларини эслайман. Буюк маърифатпарвар бобомизнинг бу сўзлари асримиз бошида миллатимиз учун қанчалар муҳим ва долзарб бўлган бўлса, ҳозирги вақтда ҳам биз учун шунчалик, балки ундан ҳам кўра муҳим ва долзарб аҳамият касб этади”(Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. Т.: “Маънавият”, 2008, 39-бет).
Соғлом авлод ҳақида сўз юритар экан, давлатимиз раҳбари айнан таълим ва тарбия уйғунлигида камолга етаётган ёш авлодни назарда тутади. Таълим ва тарбия уйғунлиги деганда ёшларимизнинг замонавий академик билимларни пухта эгаллаши баробарида миллий қадриятларимизга мутлақо тўғри келмайдиган, навқирон авлодни маънавий комилликка эмас, аксинча ахлоқий тубанликка етаклайдиган «оммавий маданият» таъсиридан ҳимоялана олишқобилияти назарда тутилади. Телевидение, интернет ва оммавий ахборот воситаларининг бошқа турлари орқали ахлоқий бузуқлик тарғиб қилинаётган, дунёнинг ривожланган мамлакатлари демократия ниқоби остида бир жинсли никоҳдек тубан бир юмушга қонун йўли билан рухсат бериб турган бир замонда таълим ва тарбия уйғунлигига эҳтиёж, табиийки, ҳар қачонгидан ҳам ортади. Бойлик, моддий манфаат илинжида зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарғиб қилиш орқали маънавият илдизларига болта уришга интилаётганларга қарши пухта иммунитет ҳосил қилиш учун ҳам таълим ва тарбия уйғунлиги зарур.
Бугунги кунда наркомания, наркотрафик, диний экстремизм ва халқаро терроризм хавфи тобора кучайиб, бу ҳаракатларнинг ҳомийлари интернет орқали ёшлар онгини заҳарлашга, уларни зомбига айлантиришга, ўзларининг жиноий мақсадлари ва ёвуз ниятларини амалга оширишда ёш авлод салоҳиятидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Таълим ва тарбиянинг уйғун олиб борилмаслиги жуда катта салбий оқибатларга олиб келиши, онгида озгина бўшлиқ пайдо бўлган ёшлар шуури ёт ғоялар билан тўлдирилишига сабаб бўлиши мумкинлиги сир эмас. Аслида, бу муаммо муайян бир мамлакат ёки халққагина тегишли бўлмай, умумжаҳон аҳамиятига моликдир.
Таъкидлаш керакки, бугун фақат ва фақат таълимга зўр бераётган, тарбия масаласига унчалик зарур бўлмаган жараён сифатида керакли эътибор қаратмаётган Ғарб давлатлари кунлардан бир куни таълимнинг ўзбек модели нечоғлик тўғри танланганига, таълим ва тарбия уйғунлигисиз чинакам тараққиётга эришиш имконсиз эканига албатта иқрор бўлади.
Ушбу тамойил моддий ва маънавий ҳаёт уйғунлигини ҳам ўз ичига олади. И.А.Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида бу масалага алоҳида тўхталар экан, мана бундай фикрларни айтган эди: “…инсонга хос орзу-интилишларни рўёбга чиқариш, унинг онгли ҳаёт кечириши учун зарур бўлган моддий ва маънавий оламни бамисоли парвоз қилаётган қушнинг икки қанотига қиёсласак, ўйлайманки, ўринли бўлади.Қачонки ана шу икки муҳим омил ўзаро уйғунлашса, том маънодаги қўш қанотга айланса, шундагина инсон, давлат ва жамият ҳаётида ўсиш-ўзгариш, юксалиш жараёнлари содир бўлади”.
Биринчи Президентимизнинг бу фикрлари асар ёзилган йиллари қанчалик аҳамиятли бўлган бўлса, бугунги кунда ҳам шунчалик қимматлидир. Зеро, инсоннинг инсонлиги маънавий даражасига кўра белгиланади. Жамият тараққиётини белгиловчи асосий мезон ҳам, шубҳасиз, юксак маънавиятдир.
Хулоса ўрнида
Ислом Каримовдай буюк келажак назариётчиси ва амалиётчисининг Ватанимиз ва халқимиз ҳаётида алоҳида ўрин тутган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий фаолиятини бир мақола доирасида тўлиқ қамраб олиш, табиийки, имконсиздир. Халқимизнинг жондан азиз мустақиллигини не-не таҳликали вазиятлардан омон олиб чиқа билган, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида чин маънода фидойилик ва жасорат намунасини кўрсатган, давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсатида ҳар доим узоқни кўра билган, она-Ўзбекистонимизнинг умумжаҳон миқёсида улкан обрў-эътибор қозонишида беқиёс хизмат қилган бу буюк сиймонинг юрт тинчлиги, Ватан равнақи, эл фаровонлиги йўлидаги фаолияти бир неча ўн жилдли асарларга мавзу бера оладиаслида. Биз бу улуғ давлат арбоби фаолиятининг энг муҳим қирраларидан баъзиларигагина тўхталиб ўтдик, холос. Бу борадаги изланишларимиз давом этишидан умидимиз бор. Зеро, Биринчи Президентимиз ҳаётининг ҳар бир саҳифаси ибратларга тўлиқ. Бу буюк шахс биографиясини ўрганган бугунги ёшларимиз ва келажак авлодлар фидойилик ва элпарварликнинг беназир сабоғини оладилар. Улар қалбида шижоат ўти алангаланади, она Ватанимиз ва халқимизга бўлган муҳаббат туйғуси кучаяди. Ислом Каримов ана шу жиҳатдан ҳам мангуликка дахлдор сиймолардандир.
Абдуғани Сулаймон
Сўнгги фикрлар