Буюк юртнинг бахтиёр фарзандлари
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига бадиҳа
Бугун ҳаётимизда оддий воқеликка айланган кўп янгиликлар, сўз ва атамалар замирида қанчалик улкан маъно мужассамлигини ҳис этмоқ учун ўтмишга назар солиб турмоқ керак.
Китобларда битилган “ўтмиш” ҳақидаги гаплар эмас, балки, айнан ўз кўзимиз билан кўрган, бошимиздан ўтказган кунлар…
Ўтган асрнинг етмиш-саксонинчи йилларида мактабда, сўнг беш йил Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) Журналистика факультетида таҳсил олган авлод вакилимиз.
Ўша таълим даргоҳларида онгимизни шакллантиришга ҳаракат қилинган гапларни эслашнинг ўзи аянчли: “ўтмишда ўзбекларнинг 98 фоизи чаласавод бўлган”, “Амир Темур, Бобурлар золим…” ва ҳоказо “таълимот”лар бизни (ўша пайтдаги ёш авлодни!) тубсиз жарликларга бошлаганларини, буюк ўтмишимизни йўққа ва бу билан келажагимизни пучга чиқарганларини қаёқдан билибмиз…
Мустабид тузум ҳукмрон бўлган ўша мудҳиш йилларда Ўзбекистон ҳақида сўз кетганда уни “Буюк юрт” деб аташ у ёқда турсин, буюкликни ҳатто тасаввурингга сиғдира олмасдинг…
Ўша даврдаги пахса деворлари нураб турадиган мактабларимиз, ёзда чанг, қишда лой кўчаларда жулдур кийинган болакайларнинг ўта ғариб ҳаёти ҳақидаги ўйларимиз алоҳида мавзу. Мактабни тамомлаш арафасида туман марказидан келган комиссия бир варақдан қоғоз тутқазиб, “Ким бўлсам экан?” деган мавзуда нимадир ёздиргани, унга ўғил болалар ёппасига “тракторчи” ё “деҳқон”, қизлар “пахта теримчи бўламан” дея мажбуран ёздиргани, алал-оқибат, келажак деганда кўз ўнгимизда фақат пахтазор кўринадиган бўлиб қолгани ҳам бутунлай бошқа мавзудир…
Гап шундаки, ўша давр ёшлари учун “Буюк юрт фарзандларимиз” деган гаплар осмондаги ой каби қўл етмас орзу, бамисоли афсона эди.
Ойни ҳам кўрардик, афсоналар эшитардик, бироқ, Ўзбекистонни “Буюк юрт” деб аташ хаёлда ҳам йўқ эди…
Кимнинг хаёлида шундай фикрлар пайдо бўлиб қолса ва бу ҳақда оғиз очса, у ашаддий бузғунчи, хавфли зараркунанда ҳисобланарди… Шунга яраша шўри қуриб, адойи тамом бўларди…
1991 йил 31 август куни Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини эълон қилган мард ва жасур Биринчи Юртбошимиз Ислом Каримовнинг келажак сари дадил қадамлари “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат!” деган умидбахш даъватларига пайваста бўлди.
Очиғи, ўшанда ҳам кўплаб руҳан мажруҳ одамлар буюк келажакни тасаввур қилишлари қийин эди… Тасаввурига сиғдира олмагач, унинг йўлига ғов бўлишдан тап тортмасдилар. Қулликнинг энг катта фожиаси – бора-бора қўлидаги кишанга ҳам меҳр қўяди, деганларидек, бундай кимсалар анча пайтгача ўша мустабид тузум – СССРни қўмсаганлари ва тарих ғилдирагини ортга қайтаришга чиранганлари ҳам бор гап.
Биринчи Президентимизнинг оқилона сиёсати, қатъий саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистон мустақил тараққиёт йўлидан дадил олға бораверди. Тараққиётнинг беш тамойилга асосланган “Ўзбек модели” босқичма-босқич ўз самарасини кўрсатаверди.
Дашту далалардан елдек учиб келган енгил машина азим шаҳарга киргач, бир пастда улкан иншоотлар бағрига жо бўлиб кетгани мисол ҳаёт карвонларимиз беқиёс тараққиёт ёғдулари ичра Буюк давлатнинг соҳибига айланиб қолди.
Қанча машаққатлар эвазига эришилган бу буюклик саҳнида энди ортга боқсанг, этинг увишиб кетади. Кечагина кўрган-кечирганларимиз билан бугунги воқеликларни ҳатто солиштириб бўлмайди. Бурунги ва бугунги дунёқарашлар ўртасидаги тафовутлар осмон билан ерча…
Фарзандларимиз учун бизнинг ёшликдаги ҳаётимиз том маънода: “ўтмишдан эртаклар”га ўхшайди. Уларнинг ҳаёти эса биз учун ҳақиқий афсона! Ҳа, биз ўша афсонанинг ҳақиқатга айланганини кўряпмиз!
Чорак аср илгари башорат қилинган “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат!” деган даъватлар бугун ҳаётимиз воқелигига айланиб кетди!
Бири-бирига мутлақо ўхшамаган иккита даврни ўз кўзлари билан кўрганлар бу буюкликни теранроқ фарқлаб берар экан.
Масалан, дейсизми? Марҳамат:
Социализмнинг чўққисига чиқдик, деган йилларда ҳам қишлоқдаги уйларнинг катта қисмида томлар шиферсиз эди. Ҳар йили кузда ҳашар йўли билан томсувоқ қилинар, барибир, қиши билан чакка ўтиб ётарди.
Бугун қишлоқларимизда шиферсиз том қолдими?
Янги бунёд этилаётган замонавий уйларга шаҳарликлар ҳам ҳавас билан қарашмоқда!
Мактабларимиз бинолари, деворлари авария ҳолида эди. Шунга яраша ўқувчиларнинг жулдур кийим-бошлари, оналари тикиб берган латта “папка”лар, рангги тўкилиб юрган сиёҳдонлар кўз олдимдан сира кетмайди…
Бугунги мактабларимизга бир разм солинг. Шаҳар мактабларидан асло қолишмайди! Ундаги жиҳозларни таърифлашга тил ожиз… Бир пайтлар кўзимизга “тараққиёт чўққиси” бўлиб кўринган ёзув машинкаси қанақа бўлганини (у ҳам фақат директорнинг котибасида бўлишини) бугунги ўғил-қизларга таърифлаб бериш ҳам мушкул, ҳам кулгили…
Эндиликда компьютерларсиз мактабларни тасаввур этиш қийин бўлиб қоляпти! Шундай кезда Биринчи Президентимизнинг қуйидаги сўзлари ёдга тушади: “Бизга кадрлар тайёрлашнинг махсус миллий дастури керак. Бу дастур умумтаълим мактабларида дарс бериш сифатини ҳар томонлама юксалтириш… лозим”. Чорак аср илгари айтилган бу ғоя ўз самарасини кўрсата бошлаганига ҳам анча йиллар бўлиб қолди. Шу давр мобайнида ўғил-қизларимиз таълим-тарбия олишган мактаблар ҳақида ҳарқанча фахрланиб гапирсак арзийди.
Биринчи Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва раҳнамолигида мактаб, лицей ва коллежлар, олий ўқув юртлари учун замонавий бинолар бунёд этиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва аҳолининг таълим соҳасидаги салоҳият даражасини ҳар томонлама юксалтириш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”, “Таълим тўғрисида”ги қонунлар, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури ишлаб чиқилди ва ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилгани ҳақида шунчаки сўз юритиб ёки ёзиб бўлмайди. Чунки, бу таълим муассасаларида ўғил-қизлар шунчаки кун ўтказиб юрганлари йўқ. Улар дунёдаги энг ривожланган давлатлардаги тенгқурлари билан бўйлашиб бормоқда. Ҳеч кимдан кам эмасмиз, ҳеч кимдан кам бўлмаймиз, деган даъваткорона сўзлар ёшларимизнинг ҳаётий шиорларига айланиб қолган.
1991 йил 20 ноябрда Биринчи Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган. Мазкур Қонунни Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг миллий концепцияси ҳамда айнан эртамиз эгалари манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган дастлабки ҳуқуқий ҳужжат, дейиш мумкин. Унда ёшлар бўйича давлат сиёсатининг мақсад ва тамойилларигина эмас, балки бугунги кун нуқтаи назаридан улар билан боғлиқ ўта принципиал масалалар ўз аксини топган. Иқтидорли ўғил-қизларни рағбатлантириш, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, улар учун зарур ижтимоий хизматлар тизимини яратиш, ёш оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, вояга етмаганларни ижтимоий муҳофаза қилиш ана шулар жумласидандир. Биринчи Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эртамиз эгаларининг жамиятда ўз ўрнини топишида навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Истиқлол йилларида ёшларнинг ҳар томонлама етук, баркамол вояга етиши учун мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. Хусусан, 22 та қонун, Биринчи Президентимизнинг 26 та Фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 41 қарори, 30 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Бундан ташқари, йилларга ном беришда ҳам ёшларнинг манфаатлари алоҳида эътиборга олинаётир. Хусусан, 2000 йил “Соғлом авлод йили”, 2001 йил “Оналар ва болалар йили”, 2008 йил “Ёшлар йили”, 2010 йил “Баркамол авлод йили”, 2014 йил “Соғлом бола йили”, 2016 йил “Соғлом она ва бола йили”, деб эълон қилиниб, бу борада давлат дастурлари қабул қилинган. Ўзбекистон халқининг бош мақсадига айланган ҳеч кимдан кам бўлмайдиган баркамол авлодни вояга етказиш орзусини рўёбга чиқариш мақсадида мустақилликнинг илк кунлариданоқ юртимизда таълим тизимини тубдан ислоҳ этишга устувор аҳамият қаратилди.
Дунё билан бўйлашиш аввало жаҳон тилларини пухта эгаллашдан бошланади. Шуни ҳисобга олган ҳолда Биринчи Президентимиз қарори билан 2013 йилда таълим-тарбия соҳасида хорижий тилларни янада чуқур ўргатиш тизими жорий этилди ва мамлакатимизда чет тилларни биринчи синфдан ўқитиш йўлга қўйилди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида хорижий тилларни бир хил шароитда ўқитиш, қишлоқ жойларга юқори малакали чет тили ўқитувчиларини жалб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Биринчи Президентимиз 2014 йилда Самарқандда бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқида “Мен ёшларимизга мурожаат қилар эканман, уларга доимо: “Биз буюк аждодларимиз билан фахрланишимиз, ғурурланишимиз керак”, деб айтаман. Айни вақтда “Фақат ғурурланишнинг ўзи етарли эмас, келинглар, ўзимиз ҳам, худди улар каби, мана шу бебаҳо меросга ўз ҳиссамизни қўшайлик!” деб такрорлайман”, дея таъкидлаган эди. Ана шу эзгу даъват Ўзбекистонимиздаги миллионлаб ёшларни доимо юксак марралар сари дадил қадам ташлашга ундайди.
Бу гаплар қандайдир ҳисобот эмас, балки, кўриб кўзимиз қувонган кўп воқеаларнинг пойдевори пухта ўйланганини таъкидламоқчимиз.
Биргина мисол, 2016 йил март ойида Кипр давлатининг Протарас шаҳрида ўтказилган 10-халқаро “SEEMOUS 2016” олимпиадасида 20 дан ортиқ мамлакатнинг 43 та университетидан 150 дан ортиқ энг иқтидорли талабалар иштирок этдилар. Улар орасида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Механика-математика факультети 2-курс талабалари Ҳакимбой Эгамберганов ва Шоҳруҳ Ибрагимов ҳам бор эдилар. Мусобақа шартларига кўра улар бир кун давомида 4 тадан масалани ечишлари талаб этилди. Инглиз тилидаги масалалар алгебра ва сонлар назарияси, геометрия, математик анализ ва комбинаторика каби фанлар бўйича танланди. Ҳакимбой Эгамберганов ва Шоҳруҳ Ибрагимов ўша масалаларни ечишда ўзларига хос янги усулни танладилар. Эътиборли жиҳати шундаки, уларнинг усуллари турлича бўлиб, стандартдан, яъни анъанавий ечимлардан анча фарқ қиларди! Ўзбек талабаларининг инглиз тилида ёзиб топширган бу янги усулдаги ечимларига Ҳайъат аъзолари ва бошқа экспертлар тан бердилар! Халқаро олимпиада натижаларига кўра ўзбекистонлик талабалар биттадан олтин медални қўлга киритиб, биринчи ўринни эгалладилар. Иккинчи ва учинчи ўринларга Греция ҳамда Руминия университетлари жамоалари муносиб кўрилибди.
Ҳакимбой Эгамберганов 2015 йилда Болгария давлатида бўлиб ўтган халқаро олимпиадада ҳам олтин медал соҳиби бўлган. Шоҳруҳ Ибрагимов эса 2014 йилда Болгарияда бўлиб ўтган халқаро «Balkan» математика олимпиадасида кумуш медалини қўлга киритган.
Халқаро олимпиада ғолиби деган шарафли номга мушарраф бўлган иқтидорли талабаларимиз Кипр университети (“University of Cyprus”)га имтиёзли равишда грант асосида магистратурага таклиф қилиндилар!
Навбатдаги хушхабар Москва шаҳридан келди. Бу ерда бўлиб ўтган “Очиқ интернет халқаро олимпиадаси”да ЎзМУ Кимё факультети талабалари Жалолиддин Хушвақтов кумуш ва Музаффар Махсумов бронза медалларини қўлга киритдилар! Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) республикаларининг 97 та олий таълим муассасаларидан кимё йўналиши бўйича 497 нафар талаба иштирок этган мазкур олимпиадада ёш тадқиқотчиларимиз рус тилида “Махсус ихтисослаштирилган кимё курслари” йўналиши бўйича 12 тадан масала ечишиб, шундай муваффақиятга сазовор бўлдилар.
ЎзМУ иқтидорли талабалари ҳар йили бундай халқаро олимпиада ва бошқа танловларда қўша-қўша муваффақиятларга эришаётганлари ҳақида ёритиш республикамиз оммавий ахборот воситаларининг доимий мавзуларидан бирига айланиб қолаётганини таърифлашнинг ўзи қанчалик мароқли!
Маълумотларга қараганда, охирги уч йил мобайнида республикамиз олий таълим муассасалари талабалари халқаро фан олимпиадаларида 110 та медални қўлга киритдилар. Совриндор бўлган ёшларнинг 44 нафари қизлар экани эътиборга моликдир.
Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида республикамизда Зулфия номидаги Давлат мукофоти, “Ниҳол” мукофоти, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони, Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси ҳамда Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий номидаги қатор давлат стипендияларининг таъсис этилиши “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт!” деган эзгу ғоянинг ҳаётий рўёбини таъминлади. Бугун бу шиор ёшларимизни мазкур эзгу ташаббуснинг тарафдоригина эмас, балки фаол иштирокчилари бўлишга ундаётир.
Ҳеч кимдан кам бўлмаган талабаларимиз илму маърифат бобида дунё билан бўйлашмоқда. Бугунги кунда ЎзМУ дунёдаги 30 дан ортиқ мамлакатларнинг университетлари, илмий муассасалари билан илмий ҳамкорлик алоқаларини изчил давом эттирмоқда. Улар орасида энг ривожланган давлатлардан бири – Япония билан алоқалар алоҳида эътиборга моликдир. Япониянинг Нагоя университетида сўнгги йилларда 5 маротаба ўзбек-япон талабаларининг академик форуми ўтказилиши ана шу ҳамкорликлар самарасидир. 2016 йил май ойида навбатдаги 6-академик форум on-line тизимида ташкил этилди. ЎзМУ ва Япониянинг Нагоя университетларига ўрнатилган улкан мониторлар қаршисида икки мамлакат талаба-ёшлари инглиз тилида дилдан суҳбатлашдилар.
Тошкент вақти билан соат 10.30 да бошланган Ўзбекистон-Япония 6-академик форуми бошида аввало ўзбек ва япон талабалари улкан экранлар қаршисида бир-бирларига миллий анъаналаримизга мос равишда таъзим ила саломларини йўлладилар. Икки мамлакат йигит-қизларининг бир вақтда чапак чалиб олқишларини кузатишнинг ўзи нақадар ҳаяжонли эди.
Улкан мониторда япон талабаларининг илиқ табассуми кишини мафтун этади. Худди шу лаҳзаларда улар ҳам олис Япониядан туриб ўзбекистонлик тенгдошларини кузатиб туришибди!
Форумга Миллий университет ёш тадқиқотчилари Аида Буматова ва Диана Байбулатовалар модераторлик қилдилар. Улар форумни инглиз тилида табрик сўзлари билан бошлаб бердилар. Ўзбекистон Миллий университети ва Япониянинг Нагоя университети ҳамкорлиги доирасида ташкил этилган онлайн академик форумида Тошкент шаҳридаги 11 та олий таълим муассасалари фаол талабалари иштирок этдилар.
Япон талабаларига Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан сўнг таълим соҳасида ҳам амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида маълумотлар берилди. Ўзбекистон аҳолисининг деярли 60 фоизини ёшлар ташкил этиши, мамлакатда таълим соҳасига жуда катта эътибор қаратилаётгани, 1997 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ҳамда “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” қабул қилингани ҳақида сўз юритилди.
Ўзбекистонда 76 та олий таълим муассасаси мавжуд эканлиги, уларнинг 7 таси хориж университетлари филиаллари ҳисобланиши, юртимизда таълим соҳаси ҳар томонлама ривожланиб бораётгани ҳақидаги маълумотлар форум иштирокчиларида ҳам катта қизиқиш уйғотди.
Ўз навбатида Япония томонидан ҳам бошловчи аввало самимий тилакларини изҳор этди. Нагоя университети талабалари Rui Watanabe ва Rina Muto кунчиқар мамлакатда таълим соҳасида эришилаётган ютуқлар, илмий изланишлари ҳақида сўзлаб бердилар. Улар кунчиқар мамлакатда, хусусан, Нагоя, Осиё-Тинч уммони, Рицумейкан, Тохояши технология университетлари фаолиятига оид маълумотларини тақдим қилдилар.
ЎзМУ Иқтисодиёт факультети 2-курс магистранти Азиза Ҳамроева 2018 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг 100 йиллиги кенг нишонланиши ҳақида сўз юритар экан, бу ўқув даргоҳи тарихи ва унинг нафақат мамлакатимизда, балки, Марказий Осиёда тутган ўрни ҳақида алоҳида тўхталди. Бу университетнинг қарийб бир асрлик фаолияти давомида фан, таълим ва ишлаб чиқариш соҳаларида эришган ютуқлари, шу даргоҳдан етишиб чиққан олимлар, академиклар ва уларнинг илмий мактаблари, ихтиролари тўғрисидаги маълумотлар япон талабаларида қанчалик қизиқиш уйғотгани экранда яққол акс этиб турди.
Онлайн тизими орқали бевосита мулоқот давомида Ўзбекистон Миллий университети География ва геология факультети 4-курс талабаси Азамат Толипов, Ўзбекистон Жаҳон тиллари университети талабаси Дилфуза Гузарова, Тошкент давлат архитектура ва қурилиш институти 4-курс талабаси Санжар Солиҳов, Тошкент давлат аграр университети магистри Назар Сарвар ўғли, Тошкент давлат ирригация ва мелиорация институти магистранти Мадина Алимова, Тошкент давлат техника университети талабаси Лазизжон Тошниёзов, Тошкент давлат педиатрия институти магистранти Афзалжон Бобоев, Тошкент давлат автомобил йўллари институти катта илмий ходими Жамшид Содиқов, Тошкент тиббиёт академияси магистранти Дилдора Тўхтамишова ва Тошкент кимё-технологиялари институти талабаси Фирдавс Файзуллаевларнинг таълим жараёнларига оид тақдимотлари япониялик тенгдошларида катта қизиқиш уйғотди. Ўзбек ва япон талабалари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар. Онлайн форум олис масофаларда жойлашган икки мамлакат ёшлари ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга ҳамда илму маърифат соҳасида ҳамкорлик ишларини янги босқичларга олиб чиқишга хизмат қилади.
Бундай халқаро алоқалар мамлакатимизнинг барча олий таълим муассасаларида йўлга қўйилгани аслида оддий воқеликка айланиб қолган. Инглиз тилини пухта ўрганиб, коммуникация технологиялари сирларини мукаммал ўзлаштирган йигит-қизларимиз учун энди бундай алоқалар уларни дунё саҳнига олиб чиқишга хизмат қилаверади. Энг муҳими, ёшларимиз шунга яраша билимга, интеллектуал салоҳиятга эгадирлар.
Талабаларимизнинг спорт соҳасида эришаётган ютуқлари ҳам кам эмас. Биргина ЎзМУ Иқтисодиёт факультети талабаси, каратэ бўйича қора белбоғ соҳиби Дониёрбек Абдуллаевнинг шу кунгача турли мусобақаларда қўлга киритган олтин, кумуш, бронза медаллари сони 50 тага етган! У 2013 йилда Италияда ўтказилган жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритиб, жаҳон чемпиони деган юксак номга сазовор бўлган! Ўтган йили ноябрь ойида пойтахтимиз Тошкентда ўтказилган Марказий Осиё чемпионатида навбатдаги олтин медаль соҳибига айланди.
Миллий университетда Дониёрбекнинг издошлари кам эмас. Бу даргоҳда спорт мажмуаси ўзи улкан ансаблни ташкил этади. 1 та замонавий стадион, 6 та ёпиқ зал, 8 та очиқ майдонда 21 та спорт секцияси фаолият кўрсатмоқда. Уларда 3000 нафарга яқин ёшлар спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.
Ёшларни соғлом ва интеллектуал салоҳияти юксак даражада бўлиши учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар ҳар йили ўз самарасини бераётир. Шу ўринда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган уч босқичли узлуксиз спорт тизими – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, “Универсиада” спорт мусобақаларида улар ғолиблик шоҳсупасидан муносиб ўрин эгалламоқдалар. Юртбошимизнинг “Маррани ҳамиша баланд олиб, билимга, изланиш ва ўрганишга интилиб яшанг, ҳеч қачон бўш келманг, азиз болаларим!” деган даъватидан куч олаётган ёшларимиз ушбу “кичик Олимпиада”лар туфайли спорт майдонларида ҳавас қилса арзигулик натижаларга эришишаётир.
Мамлакатимизда еттинчи бор ўтказилган “Универсиада – 2016” спорт ўйинларида Тошкент шаҳри жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Ғолиб жамоа юксак мукофот – Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Универсиада – 2016” спорт ўйинлари иштирокчиларига табригининг асл нусхаси ва Президент совғаси – “Дамас” автомобили билан тақдирландилар.
Бўйниларида шода-шода медаллар, диплом-у сертификатлар билан қайтган ғолиб жамоа аъзоларидан бири, ЎзМУ Журналистика факультети талабаси Ирода Валижонованинг дил сўзларини ҳаяжонсиз тинглай олмайсан:
– Бу спорт ўйинлари ҳаётимдаги энг ёрқин саҳифалардан бирига айланди. Гандболл ўйинида Андижон, Самарқанд вилоятлари қизлари жамоалари билан ўтказган беллашувларимиз жуда ҳаяжонли бўлди. Қўша-қўша мукофотлар орасида менинг қалбимга то абад муҳрлангани анжумандан ота-онам номига йўлланган “Ташаккурнома” бўлганини алоҳида таъкидламоқчиман. Унда битилган қуйидаги сўзлар менга қанот бахш этди, десам муболаға бўлмайди:
“Азиз фарзандингиз Фарғонада бўлиб ўтган “Универсиада – 2016” мусобақаларида фаол қатнашиб ўзининг жисмонан етуклиги, маҳоратини намойиш этиб, ёшлар камолоти, келажаги учун чексиз имкониятлар, истиқбол эшигини очаётган Юртбошимизнинг, устозларининг ишончини оқлади.
Бунинг учун Сизга фарзандингизни бахту роҳатини кўриш саодатини тилайман!
Ватанимиз истиқболи, буюк келажагига хизмат қиладиган шундай фарзандни камолга етказганингиз учун ташаккур билдираман!”
Биринчи Президентимизнинг 2008 йил 8 июлда қабул қилинган “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ шу йилларда 136 болалар мусиқа ва санъат мактаби барпо этилди, 142 таси капитал реконструкция қилинди ва таъмирланди. Бугун бу даргоҳларда саккиз минг етти юздан зиёд малакали ўқитувчи ва мураббий 57 мингга яқин ўғил-қизга миллий ва жаҳон мусиқа асбоблари, анъанавий хонандалик, тасвирий ва амалий санъат каби 14 йўналиш бўйича сабоқ бераётир.
Умид блан суқулган таёқ, бир кун берар мева-ю япроқ, деганларидек, ёш иқтидор соҳиблари Франция, Италия, Германия, Буюк Британия, Австрия, Руминия, Россия, Озарбайжон, Латвия каби дунёнинг турли мамлакатларида ўтказилаётган нуфузли халқаро кўрик-танловлар ҳамда мусиқа ва санъат фестивалларида юксак натижаларни қўлга киритаётгани ҳақида хушхабар эшитганимда ҳар гал олам жаҳон жаранглаб кетгандек туюлади.
Ҳар йили мамлакатимиз бўйлаб “Биз буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ўтказилаётган фестиваллар ёш авлод қалбида ўчмас из қолдирмоқда. Шу йил баҳор ойларида республикамизнинг барча вилоятлари, туман ва шаҳарларида бўлиб ўтган фестивалларда бир гуруҳ ёзувчи-шоирлар, олимлар, таниқли санъаткорлар иштирок этдилар. Қайсики мактаб, коллеж ё лицейга бормайлик, бўйниларига шода-шода олтин, кумуш медаллар таққан, кўплаб диплом-у сертификатлар кўтарган ўғил-қизлар пешвоз чиққанларини кўриб ҳайратга тушдик. Уларнинг аксарияти халқаро анжуманларда, турли мусобақаларда қўлга киритилган!
Ёш истеъдод соҳиблари қалбида Ватан туйғуси жўш уриб, Ўзбекистон байроғини кўтарганча “Биз буюк юрт фарзандларимиз!” дея куйлаганларида олам ёришиб кетди, десак муболаға бўлмайди.
Буюк юрт деганлари – она Ўзбекистонимиздир!
Бугунги бахтиёр ёшлар том маънода шу Буюк юрт фарзандларидир!
Улар то абад Ўзбекистон довруғини дунёга таратаверадилар.
Биринчи Президентимиз таъбири билан айтганда, озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт шу тариқа авлодлар оша мангу давом этаверади!
Ўзбекистон аталмиш жанатмакон юртимиз тарихида “Мустақиллик меъмори” сифатида миллионлаб ватандошларимиз қалбида ўчмас из қолдириб кетган Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳақида қай бир даврада сўз кетмасин, буюк сиймонинг ана шундай улуғвор ишлари фахр ила ёдга олинаверади.
Тўлқин ЭШБЕК,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти
Сўнгги фикрлар