Буюк юртнинг залворли одимлари

ЎзМУ профессор-ўқитувчилари айни кунларда маънавий-маърифий тарғибот ишларида фаол иштирок этмоқдалар

до2до6 до1до3 до4 до5

“Ватанпарвар” ташкилоти Сергели ўқув спорт техника клубида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган “Буюк юртнинг залворли одимлари” мавзуида маънавий-маърифий суҳбат ўтказилди.

Тадбир аввалида мазкур жамоа масъул ходимлари Ойбек Матқурбонов, Зиёдилла Зиёвуддинов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорининг тарихий аҳамияти ва бу ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритдилар. Улар халқимиз Ватанимизнинг кўп асрлик шонли тарихида мутлақо янги давлат, янги жамият барпо этиш йўлини очиб берган буюк тарихий воқеа – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш ҳар биримиз учун катта шараф эканлиги ҳамда байрам олдидан маънавий-маърифий суҳбатлар ўтказиш муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидладилар.

Айтиш жоизки, мамлакатимиз, халқимиз бу буюк бахтга осонликча эришгани йўқ. Зотан, ўтмишини унутган халқнинг келажаги бўлмайди, деган пурмаъно гап замирида оламча маъно мужассам. Демак, бугунги дориломон кунлар ҳақида сўз юритганда аввало кечаги ўтмишимизни бир бора эслаб қўйишимиз ҳам мақсадга мувофиқдир. Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобида айнан ўша долғали дамлар ҳақида муфассал, кенг қамровли ёритилгандир. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров давлатимиз раҳбарининг мазкур китобдан ўрин олган нутқлари, маърузалари, суҳбатлари ва қатор тарихий ҳужжатлар мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича сўз юритди.

– Китобда асосий мақсад – совет давлати ҳали ўзининг ҳукмронлик кучини йўқотмаган, унинг репрессив сиёсати давом этаётган, “пахта иши” деган туҳмат билан қанча-қанча одамлар ноҳақ қамалган, тазйиқ ва таъқибларга учраган, халқ ўртасида тушкунлик, эртанги кунга ишончсизлик кайфияти, қўрқув ва ваҳима кенг тарқалган бир пайтда Ўзбекистон раҳбари сифатида иш бошлаган Ислом Каримовнинг мустақилликка эришиш масаласини кун тартибига қатъий қилиб қўйганини аниқ тарихий ҳужжатлар орқали кўрсатиш, бу йўлда қандай улкан ишлар амалга оширилгани ҳақида ўқувчиларга маълумот етказишдан иборат,– деди маърузачи.– Маълумки, Ислом Каримов республикамиз раҳбари сифатида иш бошлаган пайтда (1989 йил 23 июнь) ўлкамизда узоқ йиллар давомида ҳукм сурган коммунистик мафкура ва фақат хом ашё етказиб беришга асосланган бир ёқлама иқтисодий сиёсат ҳар бир соҳада ўзининг ҳалокатли салбий таъсирини кенг миқёсда кўрсата бошлаган эди. 25 июнь куни эса Ислом Каримов жанжал-тўполонлар алангаси ичида қолиб кетган Фарғонага йўл олади. Ловиллаб ёнаётган уйлар, таҳлика ва саросимага тушган шаҳар ва қишлоқлар, қаҳр-ғазабга тўлган одамларнинг ичига дадил кириб боради. Улар билан чин дилдан, ҳеч нарсани яширмасдан очиқ гаплашади. Бу инсонларнинг шу вақтга қадар ҳеч ким эшитмаган оҳу нолаларини тинглаб, ўзининг юракдан чиққан самимий ва ҳаққоний сўзлари билан бамисоли уларнинг қалбидаги жароҳатларга малҳам қўйгандек бўлади, кўнгилларда сўнган умид учқунларини уйғотади. Тартиб-интизомни тиклаш, қон тўкилишининг олдини олиш бўйича бутун масъулиятни ўз зиммасига олиб, аниқ чора-тадбирлар кўради. Ўзидан илгари республика раҳбари бўлиб ишлаган, сиёсий калтабинлиги ва журъатсизлиги билан эл-юрт ўртасида обрўсини йўқотган И.Усмонхўжаев ва Р.Нишонов каби ўтмишдошларидан фарқли равишда, Ислом Каримов Ўзбекистон етакчиси сифатида узоқ вақтлар давомида ечилмасдан, газак олдирилган камчилик ва нуқсонлар, ўткир ижтимоий муаммоларнинг илдизини очиб ташлайди, мавжуд аянчли аҳволни тузатиш бўйича Марказ раҳбарияти олдига қатъий талабларни принципиал тарзда қайта-қайта қўйишдан чўчимайди. Ушбу китобдан ўрин олган кўплаб чиқишларда буни яққол кўриш мумкин. Бугунги кунда “тараққиётнинг ўзбек модели” деб ном олган ривожланиш йўлимизнинг асосий принциплари, умуммиллий шиорга айланиб кетган “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат”, “Мустақиллик – бу аввало ҳуқуқдир”, “Янги уй қурмасдан туриб, эскисини бузманг”, “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун”, “Ўзбек халқи ҳеч қачон ҳеч кимга қарам бўлмайди”, “Биздан озод ва обод Ватан қолсин” каби машҳур иборалар сокин кабинетларда эмас, аксинча, ана шундай шиддатли курашлар, тинимсиз баҳс ва мунозаралар, аччиқ ҳаётий тажрибаларда туғилганини англашда ушбу китоб ғоят муҳим манба вазифасини бажаради.

1989 йил 17 августда Ислом Каримов бошчилигида республика ҳукуматининг Тошкентда бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида аҳолига томорқа ва шахсий участкалар ажратиш масаласи муҳокама қилинади ва «Қишлоқда яшовчи ҳар бир оилани томорқа билан таъминлаш, уларга якка тартибда уй-жой қуриш учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш ҳақида» қарор қабул қилинади. Ушбу тарихий ҳужжатда қишлоқда яшовчи хар бир кишига ўртача 25 сотихдан ер ажратиб бериш ва томорқа майдонларини қарийб 4,5 баробар кўпайтириш кўзда тутилган эди. Бу борадаги амалий ишлар натижасида 1989-1990 йилларда бир ярим миллиондан кўпрок оилага қўшимча ер ажратилди. 700 минг оилага янги томорқа ерлари берилди. Бугун тўла ишонч билан айтиш мумкинки, бу мураккаб масалага ана шундай оқилона ёндашув туфайли Ўзбекистон бўйича минг-минглаб одамлар уй-жойли, ишли бўлди, бозорларда маҳсулот кўпайиб, нарх-наво арзонлатттди, энг муҳими, ижтимоий кескинликнинг олдини олишга эришилди. Маълумки, ўша пайтда Ўзбекистонимиз СССР деб аталган дунёдаги энг қудратли империяга қарам республика эди. Уни на Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, на бошка халқаро ташкилотлар, на жаҳон ҳамжамияти танир, тан олар эди. Яъни, мустакиллик йўлидаги харакатларимизда бизни кўллаб-кувватлайдиган, биз таянадиган бирон-бир ташки омил, нажоткор куч йўқ эди. Шундай бир шароитда юқорида тилга олинган адоқсиз муаммоларни ҳал қилиш учун республика раҳбари кимга, нимага ишониб ҳаракат қилди, деган савол туғилиши табиий, албатта. Бу саволларнинг жавобини биз “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобига кирган, муаллифнинг қалб нидоси каби янграган оташин нутқлардан топамиз. Унинг “фақат ўз кучимиз, ўз салоҳиятимизга таяниб иш кўришимиз керак”, “ўзимиз ҳаракат қилмасак, четдан келиб биров бизга ёрдам бермайди” деган, деярли ҳар бир оммавий чиқишининг маъно-мазмунига сингиб кетган даъваткор сўзларини ўқир эканмиз, Яратган қайси элни тўғри йўлга бошламоқчи бўлса, аввало, унга донишманд, мард ва азму шижоатли инсонни йўлбошчи қилиб қўяди, деган ҳикматнинг нақадар тўғри эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз. 1990 йил 24 март куни ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг биринчи сессиясида иттифокдош республикалар орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда республика Президенти лавозими жорий этилди. Бу ўринда шуни айтиш жоизки, бундан бир неча кун олдин, яъни 14 март куни СССР халқ депутатларининг навбатдан ташқари учинчи съездида СССР Президенти лавозимини таъсис этиш тўғрисидаги қонун қабул қилиниб, М. Горбачев бу вазифага сайланган эди.

Бепоён Иттифоқ ҳудудида иккинчи бир Президентнинг пайдо бўлишини Марказ ва унинг раҳбарияти қандай қаҳр-ғазаб ва ичиқоралик билан қабул қилганини тасаввур қилиш қийин эмас, албатта. Бинобарин, ўлкамизда Президентлик институтининг жорий этилиши Юртбошимиз томонидан Ўзбекистоннинг давлат суверенитети ва мустақиллигига эришиш йўлида қўйилган нафақат тарихий қадам, балки чинакам сиёсий ва маънавий жасорат намунаси бўлганини изоҳлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Юртбошимиз 1990 йил 4 августда — республикамизда илм-фан ва таълим соҳасининг моддий-техник базаси, кадрлар таркиби ачинарли аҳволга тушиб қолган, бу соҳалар “қолдиқ” принципи асосида молиялаштирилаётган, жумладан, 1700 та мактаб биноси авария ҳолатида бўлган бир вазиятда, узоқ ва давомли мақсадларни кўзлаб катта ишонч билан фикр билдиради. Ана шу эзгу ғоя биринчи бор кун тартибига қўйилганига, мана, бугун 21 йил тўлди. Ўтган давр мобайнида Президент Ислом Каримовнинг бевосита ташаббуси ва раҳбарлигида ишлаб чиқилиб, 1997 йили қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва унинг узвий, мантиқий давоми бўлган, 2004 йили қабул қилинган Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастурини амалга ошириш натижасида 1600 га яқин академик лицей ва касб-ҳунар коллежи, қарийб 10 мингта умумтаълим мактабининг, 200 га яқин болалар мусиқа ва санъат мактабининг янгитдан барпо этилгани ва реконструкция қилингани, 1200 тадан зиёд болалар спорт иншооти қуриб фойдаланишга топширилгани ва замонавий асосда жиҳозлангани, ҳеч шубҳасиз, юқорида тилга олинган сўз ва иш бирлигининг амаддаги ёрқин намоёнидир, десак, асло муболаға бўлмайди.

ЎзМУ ахборот хизмати раҳбари, доцент, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Олтин қалам” мукофоти совриндори Тўлқин Эшбек мазкур китобдан ўрин олган мавзулар ҳаётда қанчалик реал воқеликка айланганини қуйидагича изоҳлаб берди:

– Шўро мафкураси чуқур илдиз отган ўша сиёсий муҳитда Юртбошимизнинг ҳар бир сўзида, ҳар бир чиқишида ўз халқининг тарихи ва маданиятига, ўз она заминига, миллий қадриятларига улкан мухаббат туйғуси ёрқин сезилиб туради. Бу ҳақда гапирганда, қуйидаги биргина мисол билан кифояланиш мумкин. Ушбу китобдаги тарихий материалларнинг каттагина қисми бевосита миллий тикланиш, миллий ўзликни англаш, маънавият масалаларига бағишланган. Халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданий мероси, урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, мустабид тузум даврида тақиқлаб қўйилган Наврўз байрами, Рамазон ва Қурбон ҳайитларини нишонлаш, динга ҳурмат билан муносабатда бўлишни қарор топтириш, Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа азиз-авлиёларимиз, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Бобур сингари улуғ аждодларимиз хотирасига нисбатан тарихий адолатни тиклаш ҳақидаги фикр-мулоҳазалар, қарор ва фармонлар шулар жумласидандир. Ҳар хил бузғунчи кучлар, диний ва дунёвий ниқобдаги радикал оқимлар бош кўтарган ўша нотинч даврда Ислом Каримовнинг чуқур изтироб билан ўртаниб, халққа қилган мурожаати бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

«Азиз дўстлар!

Нима керак бўлса, айтинг, ҳаммасини қилиб берамиз. Лекин, азиз оналар, опа-сингиллар, отахонлар, дўстлар, укажонлар, мен Президент бўлсам ҳам сиздан тиз чўкиб сўрайман, илтимос қиламан: шу масалада ёрдам қилинг!

Ахир, Қуръони карим ҳам дўстликка, биродарликка чақиради, низо чиқаришни қоралайди.

Жанжал чиққан юртнинг худоси ҳам ундан юз ўгирар экан. Шу сабаб барака ҳам, ризқ-рўз ҳам насия бўлиб қоларкан.

Бу йўлда – тинчлик, тотувлик йўлида бизни Оллоҳ таолонинг ўзи қўлласин, мададкор бўлсин!”

Ўша таҳликали йилларда рўй берган Фарғона, Гулистон, Бўка, Ўш, Наманган воқеаларига, тарихда “ГКЧП” деб ном олган, СССР давлатининг сўнгги кунларида бир гуруҳ империяпараст кучлар томонидан амалга оширилган сиёсий фитнага нисбатан Ислом Каримовнинг қатъий позицияси ифодаси бўлган чиқишлари китобда кенг ўрин олган.

1991 йилнинг 18 августида ўзини Давлат фавқулодда ҳолат қўмитаси — ГКЧП деб атаган бир гуруҳ сиёсий авантюристлар давлат тўнтаришини содир этишга уриниши муносабати билан Ислом Каримов раҳбарлигида Ўзбекистон ўзининг қатъий позициясида тургани мамлакатимиз ва халқимизнинг мустақилликка эришишида қандай ҳал қилувчи ўрин тутгани мазкур китобдан ўрин олган хужжатларда аниқ намоён бўлади. Айни шу пайтда, яъни, 1991 йилнинг 17-19 август кунлари Ўзбекистон ССР Президенти Ислом Каримов Ҳиндистонга расмий ташриф билан борган эди. Айтиш керакки, бу ташриф Ўзбекистон Президентининг хорижга қилган биринчи мустақил — тарихий ташрифи эди. Фавқулодда давлат қўмитасининг мурожаати Юртбошимиз Ҳиндистонда бўлган бир пайтда — 19 август куни эълон қилинди. Афсуски, Ўзбекистон рахбарининг сафарда эканидан фойдаданиб, ГКЧПнинг ноқонуний карорларини қўллаб-қувватлайдиган рахбарлар юртимизда ҳам топилди. Тарих буни яхши эслайди. 1991 йил 19 август куни Ўзбекистон ССР вице-президенти Ш.Мирсаидов ва Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасининг иккинчи котиби А. Ефимовнинг имзоси билан Ўзбекистон ССРнинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон АССРга, Ўзбекистон ССР ҳудудида СССРда Фавқулодда ҳолат давлат қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида кўрсатма юборилади. Президент Ислом Каримов ГКЧП эълон қилинганини Аграда эшитиб, 19 август куни зудлик билан Тошкентга қайтади. Тошкент аэропортида Юртбошимизни расмий кишилардан ташқари, Туркистон ҳарбий округи бош қўмондони ҳамда Марказдан келган 3 нафар генерал кутиб олади. Бу ўша пайтдаги мавжуд расмий протокол қоидаларига мутлақо зид бўлиб, тагдор сиёсий маънога эга эди. Ислом Каримов аэропортдан тўғри хукумат биносига келиб, кечқурун ҳукумат аъзолари билан учрашди ҳамда Ўзбекистон ССР худудида ГКЧПнинг қонунга зид қарорларини бекор килиш ҳақида кўрсатма берди. Шу тариқа, ГКЧП гумашталари Ўзбекистон ҳукумати номидан қабул қилган барча ҳужжатларни бекор қилди. 1991 йил 20 август куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши раёсати, Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри раҳбарлари иштирокида қўшма мажлис ўтказилди. Мажлисда сўзга чиққан Президент Ислом Каримов СССРда юзага келган вазиятга, Фавқулодда ҳолат давлат қўмитаси ва унинг раҳбарлари қабул қилган қарорларга Ўзбекистон раҳбариятининг муносабатини аниқ-равшан баён этди. Ўша куниёқ Ўзбекистон ССР Президентининг республика аҳолисига мурожаати эълон қилинди. Унда, жумладан, шундай сўзлар алоҳида таъкидланади: “Ҳар биримиз оғир ва вазмин бўлишимиз керак. Бошимизга тушган бу синовлар, ноаниқ давр ва шароитдан авваламбор ақл ва идрокимизни бир жойга йиғиштириб, инсоф ва виждонни йўқотмасдан, саросимага тушмасдан чиқишимиз керак…

Ўзбекистон жумҳурияти, унинг раҳбарияти қайта қуриш даврида ҳам ҳеч қачон бировнинг гапига кириб иш тутган эмас. Марказдан, бошқа баъзи бир жумҳуриятлардан қандай қарорлар чиқмасин, ваъдалар берилмасин, ҳар қандай чақириқлар, даъватлар, йўл-йўриқ кўрсатишга ҳаракатлар бўлмасин, биз ўзимиз танлаган йўлимиздан ва белгилаб олган мақсадимиздан қайтганимиз йўқ”.

Ниҳоят, орзиқиб кутилган кутлуғ сана — 1991 йилнинг 31 август куни етиб келди. Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг олтинчи сессиясида Ислом Каримов тантанали равишда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини эълон қилди. У ўзининг том маънодаги тарихий нутқида қуйидаги фикрларни алоҳида таъкидлади:

“Мамлакат катта фалокат ёқасига, жар ёқасига келиб қолганини кўриб турибмиз. Халқ ўзининг эртанги кунига ишончини кундан-кунга йўқотяпти. Одамлар ўзларининг, оиласининг, бола-чақасининг тинчлигига кафолат истайди. Тўкис, хотиржам ҳаёт талаб қиляпти. Бу истаклар, бу талаблар сафсатабозлик ва ваъдабозлик остида кўмилиб кетяпти.

Бизнинг халқимиз сабр-бардош, яхшилик, осойишталик, бошқа халқларга нисбатан хайрихоҳлик руҳида тарбияланган. Бу халқ бугун биздан ҳимоя талаб қиляпти, тинч-тотув ҳаёт, оғир меҳнатига яраша турмуш шароитларини талаб қиляпти. Бу — ҳаққоний талабдир.

Ўзбекистон раҳбарияти ҳеч қачон, қандай иттифоқ бўлмасин, ким билан иттифоқ бўлмасин, қандай шароит бўлмасин, иккинчи даражали ролга рози бўлмайди, бунга йўл ҳам қўймайди”. Энг муҳими, Президент Ислом Каримов ўз нутқида “Мустақил Ўзбекистон давлатининг сиёсати инсонийлик ва эзгулик тамойилларига асосланади» деган дастурий ғояни бутун дунёга баён қилди ва мана, йигирма йилдирки, давлатимиз ана шу сиёсий принципга оғишмасдан, қатъий амал қилиб келмоқда. 31 август куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида”ги қонун, 5 сентябрда имзоланган Тошкент шаҳридаги В.И. Ленин номидаги майдонни Мустақиллик майдони деб қайта номлаш тўғрисидаги, 6 сентябрь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлигини тузиш тўғрисида”ги Президент фармонлари ва бошқа сиёсий ҳужжатлар моҳиятини барчамиз билишимиз лозим.

Ўша суронли даврни ўз кўзлари билан кўрган, кўплаб воқеа-ҳодисаларга гувоҳ бўлишган ЎзМУ мураббийлари Аброр Хидиров ва Тўлқин Эшбек мазкур китобда баён этилган воқеликлар ҳаётда қанчалик ўз ифодасини топганини аниқ мисоллар билан изоҳлаб бердилар.

Тингловчилар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.

Ижодий суҳбат тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

 Гавҳар МАМАТОВА,

“Ватанпарвар” ташкилоти Сергели ўқув спорт техника клуби Маънавият, ташкилий оммавий ишлар ва ҳарбий ватанпарварлик тарғиботи бўйича бошлиқ ўринбосари

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *