Вазирларни биласизми?
- Тўлқин Эшбек ·
Журналистлар, айниқса, Ахборот хизмати ходимлари Вазирлар ва бошқа раҳбарлар
ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишлари лозим, дейди Дониш домла талабаларига «Ахборот хизматлари» дарси амалиёти сифатида қуйидаги маълумотномани ўқишни тавсия этиб.
Сўнгги 2 йил ичида кимлар вазир бўлди?
Ўзбекистон Республикасида бугунги кунда жами 21та вазирлик мавжуд. Охирги 2 йил ичида вазирликлар сони 6тага кўпайди, жумладан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги шулар сирасидан.
Халқ таълими вазири — 2018 йил июндан буён Шерзод Шерматов
2013 йил февралидан 2018 йил 20 июнига қадар Халқ таълими вазири бўлган Улуғбек Иноятов Самарқанддаги тадбирда иштирок этаётган вақтида ишдан бўшатилди ва унинг ўрнига Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шерзод Шерматов янги вазир этибтайинланди. Ушбу тайинлов йилнинг энг ёрқин лавозимий ўзгаришларидан бири бўлди. Давлат раҳбарининг таърифига кўра, Иноятов «эски одам». Шунингдек, у президент билан 1,5 йил ишлаб, бирорта таклиф бермагани танқид қилинган.
«Тизимда коррупция, мактабларда коррупция бўлиб кетган. Тошкент шаҳридаги аҳволга маймунлар йиғлайди», — деб Халқ таълимининг ўша пайтдаги аҳволини изоҳлаганМирзиёев.
Шундан кейин Улуғбек Иноятов Наманган давлат университети ректори бўлгани маълум бўлди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири — 2018 йил августдан буён Шуҳрат Содиқов
2016 йил ноябридан 2017 йил февралигача Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаган, айни пайтда Халқ таълими вазири бўлган Шерзод Шерматов 2017 йилнинг 2 февралида МТРКга янги раис бўлиб ўтган Хуршид Мирзоҳидовнинг ўрнига вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди. Орадан бир йил ўтиб, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига Азим Аҳмедхўжаев раҳбар этиб тайинланди.
Ахмедхўжаев шу кунгача Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси эди. У ўз лавозимини Бош вазир ўринбосари Сухроб Холмуродовга топшириб вазирликка ўтди. Шерматов эса Халқ таълими вазирлигига келгунга қадар Инновацион ривожланиш вазирлиги раҳбарига ўринбосар бўлди. Аммо, Шавкат Мирзиёев АТКР вазирининг фаолиятидан ҳам қониқиш ҳис этмади. 2018 йил февралда Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимига тайинланган Азим Ахмедхўжаев август ойи бошида лавозимдан олинди.
«Йил бошида ушбу муҳим соҳани ривожлантириш бўйича белгилаб берилган кўплаб вазифалар ижроси тўлиқ таъминланмади. Тармоққа инвестиция жалб этиш, хизматлар ва тайёр дастурий маҳсулотларни экспорт қилиш аҳволи бизни умуман қониқтирмайди. Шунинг учун вазирликнинг раҳбариятини ўзгартиришга мажбур бўлдик», — дейди президент.
Унинг ўрнида «Ўзбектелеком» компаниясининг собиқ директори, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги раҳбари сифатида фаолият юритган Шуҳрат Содиқов иш бошлади. Ахмедхўжаев эса Содиқов ишлаган агентликда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш масалаларига масъул этиб тайинланди.
Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирликлари — 2018 йил февралдан мос равишда Баҳодир Юсупов ва Шавкат Ҳамроев
2018 йил февралда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги икки мустақил идорага ажратилди. Тез орада иккига ажратилган Қишлоқ хўжалиги ҳамда Сув хўжалиги вазирликларига раҳбарлар ҳам тайинланди. Унга кўра, Ўзбекистон фермерлари Кенгаши раиси лавозимида ишлаган Баҳодир Юсупов Қишлоқ хўжалиги вазири, аввалги вазирликда сув хўжалиги масалалари бўйича вазир ўринбосари бўлган Шавкат Ҳамроев эса Сув хўжалиги вазири этиб тайинланди.
2016 йилнинг кузидан буён шу кунгача Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири сифатида ишлаган Зойир Мирзаев вазирлик структураси қайта кўриб чиқилгач, Бош вазир ўринбосари сифатида бир муддат лавозимини сақлаб турди. Кейин, у ҳам Оққўрғонда юз берган ҳодисалар машмашаси туфайли ишдан бўшатилди.
Қурилиш вазири — 2018 йил апрелдан буён Абдуқаҳҳор Тўхтаев
Олмазор тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаев 2018 йил апрелда янги ташкил этилган Қурилиш вазирлигига раҳбар этиб тайинланди. 2005—2011 йилларда Тошкент ҳокими бўлган Абдуқаҳҳор Тўхтаев 2013—2016 йилларда «ЎзЛИТИнефтгаз» компанияси раҳбари ўринбосари сифатида фаолият олиб борган. 2016 йил кузида Шавкат Мирзиёев уни Жиззах шаҳри ҳокими этиб тайинлаганди, 2017 йил апрелида эса Абдуқаҳҳор Тўхтаев Тошкентнинг Олмазор туманига ҳоким этиб тайинланди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазири — 2018 йил июлдан буён Дилмурод Набиев
2017 йил июндан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Дилмурод Набиев бир йилдан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига раҳбар этиб тайинланди. Йил давомида нафақат вазирлик раҳбариятида, балки структуравий ўзгариш ҳам кузатилган. Масалан, 2018 шу йилнинг февралида Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Рустам Қурбонов лавозимни тарк этиб, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтининг собиқ ректори, ЎФФнинг собиқ вице-президенти Шоакрам Исроилов унинг ўрнини эгаллаганди.
Март ойи бошида қўмита негизида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташкил этилди ва унга Исроилов вазирликнинг биринчи раҳбари бўлганди. Набиев эса айнан Исроиловнинг ўрнини эгаллади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири — 2018 йил апрелдан буён Шерзод Кудбиев
Фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган, 2007-2010 йилларда Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги тузилмаларида мутахассис, бошқарма бошлиғи ўринбосари сифатида ишлаган Шерзод Кудбиев, аввал, 2016 йил сентябрда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманига ҳоким этиб тайинланганди. Кудбиев 2018 йилнинг апрель ойида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг янги вазири этиб тайинланди.
Унга қадар вазирликка раҳбар бўлган Актам Ҳайитов эса Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси лавозимига сайланган. Ҳайитов Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги («Ўзстандарт») бош директори лавозимида 6 ой фаолият юритиб, сўнгра Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ўтказилганди. Ўша пайтгача вазирликни ҳозирда Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаётган Азиз Абдуҳакимов бошқарган.
2018 йилда бошқа вазирлик раҳбарлари ўзгармади
Лавозимини энг узоқ пайт сақлаб қолаётган вазир — Абдулазиз Комилов
Ўзбекистон Республикаси Президент Шавкат Мирзиёев деярли барча вазирлик раҳбарини ўзгартирди, аммо Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 2012 йилдан буён белгиланган вазифасини уддалаб келмоқда. 1994 йили ҳам Ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган Комилов кейинроқ, Ўзбекистоннинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси, 2010 йилдан Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган. У 1992-1994 йилларда МХХ раиси ўринбосари сифатида ишлаган, шунингдек, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори ҳам бўлган.
2017 йилда вазирликларда юз берган лавозимий ўзгаришлар
Соғлиқни сақлаш вазири — 2017 йил февралдан Алишер Шодмонов
2017 йил февралда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари этиб Алишер Шодмонов тайинланганди. У 2 ой муқаддам, 2016 йилнинг 13 декабрида шу лавозимга тайинланган Адҳам Икромов ўрнини эгаллаган. Шу вақтга қадар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси («Адолат» партияси вакили) сифатида фаолият юритган Шодмонов депутатликка қадар Андижон тиббиёт институти ректори бўлган.
Халқ қабулхоналари ва Президентнинг Виртуал қабулхонасига келиб тушаётган кўплаб ариза ва шикоятлардан кўринадики, ўша пайтда Соғлиқ сақлаш вазирлиги белгиланган вазифаларни ижро этиш, тиббиёт соҳасидаги вазиятни ўзгартириш ишларига талаб даражасида қарамаган. Президент раислигида ўтган йиғилишдан сўнг, Бош вазир ўринбосари — Соғлиқни сақлаш вазири сифатида ишлаган Адҳам Икромов Ўзбекистон Президентининг ташкилий-кадрлар масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси биринчи ўринбосари ҳамда Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори этиб тайинланди. У 2009−2012 йилларда ҳам соғлиқни сақлаш вазири лавозимида ишлаганди. Энг сўнгги манзилда эса Икромов Савдо-саноат палатаси раиси лавозимини эгаллади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири — 2017 йил июндан Ином Мажидов
Олий таълим муассасалари бош бошқармаси бошлиғи, 2016 йил сентябрдан олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган Ином Мажидов 2017 йил июндан Олий ва ўрта махсус таълим вазири этиб тайинланди.
Собиқ вазир Рустам Собирович Қосимов Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси биринчи ўринбосари – Ташкилий-кадр хизмати раҳбари – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори лавозимида ишлаган Адҳам Икромов ўрнини эгаллади. Кейинроқ, Қосимов Рустам Комилов ўрнига Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимига ўтказилган, у шунингдек Давлат бошқаруви академияси ректори лавозимини сақлаб қолди.
Рустам Қосимов 2004 йил майидан 2008 йилгача Олий ва ўрта махсус таълим вазири бўлган, 2004 йил октябридан бир вақтнинг ўзида Бош вазир ўринбосари сифатида фаолият юритган. 2009-2011 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ректорлик қилган Қосимов фаолиятида бир муддат танаффус юзага келди. У 2016 йилнинг сентябрида яна Ўзбекистон Республикаси бош вазирига ўринбосар бўлган, Алишер Ваҳобов ўрнига Олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимига тайинланганди.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири — 2017 йил июлдан Музаффар Солиев
Мудофаа вазирининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган Музаффар Солиев 2017 йил ташкил этилган вазирликнинг иккинчи раҳбари бўлди. 4 июль куни Президент томонидан ўтказилган йиғилишда вазирлик раҳбарияти томонидан йўл қўйилган «жиддий камчиликлар» тўғрисида сўз борган эди. Шундан сўнг, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг биринчи вазири Эркин Искандаров бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилган. Искандаров аввал қайси лавозимда ишлаган, ҳозир қаерда, бу ҳақда маълумот йўқ.
Маданият вазири — 2017 йил августдан Бахтиёр Сайфуллаев
Икки йил аввал, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори Бахтиёр Сайфуллаевни Ўзбекистон Маданият вазири этиб тайинлаганди. 2017 йилнинг февралидан буён Маданият вазирлигига раҳбарлик қилиб келган Маҳмуд Муратов эса Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрига директор этиб тайинлангани маълум бўлганди. Янги вазирга Озодбек Назарбеков, Минҳожиддин Ҳожиматов ўрнида ўринбосар бўлди.
Сайфуллаев институт ректори этиб тайинлангунга қадар — 2005 йилдан — Маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари эди. Президент қарорига кўра, Маданият вазири бир вақтнинг ўзида Давлат консерваторияси ректори ҳам ҳисобланади.
Адлия вазири — 2017 йил августдан Русланбек Давлетов
Адлия вазирлигига 2017 йил августдан буён Русланбек Давлетов раҳбарлик қилиб келмоқда. У бу лавозимда 2015 йил бошидан буён ишлаб келган Музраф Икромов ўрниниэгаллади. Икромов эса Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига раҳбар бўлган.
Тўртта олий таълим муассасасини тамомлаган Давлетов 2017 йил январида Ўзбекистон Президенти Давлат маслаҳатчисининг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланганди. Ундан аввал, 2016 сентябрдан Адлия вазирининг биринчи ўринбосари эди.
Мудофаа вазири — 2017 йил сентябрдан Абдусалом Азизов
2006-2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири, 2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг ўринбосари — Жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, 2008 йил 17 августда Ислом Каримов томонидан мудофаа вазири этиб тайинланган Қобул Бердиев ўрнини 2017 йил сентябрдан Ички ишлар вазири лавозимида ишлаган Абдусалом Азизов эгаллади. Қобул Бердиев энди Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари академиясига раҳбарлик қилиши айтилганди.
Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 10 январь куни президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида нутқ сўзлаб, Қобул Бердиевни қаттиқ танқид остига олди ва у Қуролли кучлар академияси раҳбарлигидан бўшатилганини маълум қилди. Унинг янги иш жойи Ўзбекистон Республикаси Фуқаро муҳофазаси институтида бўлди.
Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи сифатида фаолият кўрсатиб келган Азизов Абдусалом Ички ишлар вазирлигидан кетиб, айни пайтда Мудофаа вазири сифатида муваффақиятли ишлаб келмоқда.
Ички ишлар вазири — 2017 йил сентябрдан Пўлат Бобожонов
2013 йилнинг декабрида Ўзбекистон ИИВ раҳбарлигида Баҳодир Матлубовнинг ўрнини эгаллаган Адҳамжон Аҳмадбоев 2017 йил январда президентнинг ҳуқуқ-тартибот органлари бўйича давлат маслаҳатчиси сифатида иш бошлаганди. Бироқ, Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатномаси вақтида собиқ Ички ишлар вазири Аҳмаджон Аҳмедбоевни хиёнатда айблади.
«Аҳмедбаевнинг ҳамма генераллари қаерда юрганини биламизми? Уни хиёнат қилгани учун олиб ташладим», — деди президент.
Шундай қилиб, 2017 йилдан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги 2006-2008 йилларда «Ўзнефтмаҳсулот» бош директори, 2008-2009 йилларда Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, 2009-2016 йилларда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Абдусалом Азизовга ишониб топширилди.
2017 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ, шу вақтгача Хоразм вилоятига ҳокимлик қилиб келган Пўлат Бобожонов Ички ишлар вазири этиб тайинланди. Шу кундан бошлаб, Ички ишлар вазири сифатида ишлаган Абдусалом Азизов Мудофаа вазирлигига ўтказилди. Бобожонов 2000—2005 йилларда эса Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари, 2005—2006 йилларда Бош прокуратуранинг Солиқ ва валюта жиноятларига қарши курашиш департаменти бошлиғи бўлган. У 2011 йилгача Жиззах вилоятида прокурор сифатида ишлаган. Шунингдек, Бухоро вилояти прокурори ҳам бўлган Бобожонов Хоразм вилояти ҳокими эди.
Мактабгача таълим вазири — 2017 йил октябрдан Агриппина Шин
Янги вазирлик Президентнинг 30 сентябрдаги «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан ташкил этилди. Унинг биринчи вазири этиб, Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи директори, сенатор Агриппина Шин тайинланди.
2016 йил февраль ойи ўрталарида валюта жиноятларида айбланиб ҳибсга олиниб, 2017 йил апрель ойида озодликка чиқарилган «Асака» банки бошқаруви собиқ раиси Қаҳрамон Арипов, Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаган Собитхон Турғунов ҳамда Гулчеҳра Йўлдошева вазир ўринбосарлари эса этиб тайинланганди. Жўраеванинг бошқа ишга ўтказилгани муносабати билан Абдулла Авлоний номидаги Халқ таълими тизимида ходимлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ректори бўлган, 2017 йилдан 2018 йилнинг 6 мартигача Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонида фаолият олиб борган Мақсуджон Йўлдошев вазир ўринбосари бўлди.
Арипов ҳам кейинчалик бошқа ишга ўтказилди. У 2018 йил майга қадар, Тошкент шаҳри ҳокимига ўринбосар сифатида фаолият юритди.
Иқтисодиёт вазири — 2017 йил ноябрдан Ботир Хўжаев
2011 йил июлгача Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлигини бошқарган Галина Саидова Иқтисодиёт вазири сифатида ишлаб келган Равшан Ғуломов билан ўрин алмашиб, Иқтисодиёт вазири бўлганди. 2017 йил ноябрь ойида унинг лавозимига Молия вазири Ботир Хўжаев киришди.
Хўжаев 2006—2009 йилларда — Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири сифатида ишлаган. 2005–2006 йилларда Ўзбекистон Президентининг ижтимоий-иқтисодий сиёсат масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси, 2009—2011 йилларда — Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси, 2011 йил ноябрда Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланганди. У 2016 йил декабрда Рустам Азимов ўрнига Молия вазирлигига раҳбар этиб ўтказилганди.
Иқтисодиёт вазири лавозимидан кетган Галина Саидова эса президент девонига ўтиб, давлат маслаҳатчиси ўринбосари этиб тайинланганди. У айни пайтда Президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг ўринбосари лавозимида фаолиятини давом эттирмоқда.
Молия вазири — 2017 йил ноябрдан Жамшид Қўчқоров
У 1998-2000 йилларда биринчи марта Ўзбекистон Республикаси Молия вазири бўлган Рустам Азимов лавозимидан четлаштирилиб, ўрнига Ботир Хўжаев тайинлангач, собиқ вазир ҳукуматдаги ўрнини сақлаб қолаётганди. 6 ой ўтиши билан, Бош вазир ўринбосари, Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш комплекси раҳбари Рустам Азимов лавозимни тарк этди. Унинг ўрнини Молия вазирининг биринчи ўринбосари Жамшид Қўчқоров эгаллади.
2000-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Макроиқтисодиёт ва статистика вазири бўлиб ишлаган Азимов 2003-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазири, 2005-2008 йилларда ҳам Ўзбекистон Республикаси Молия вазири бўлганди.
Ботир Хўжаев Иқтисодиёт вазирлигига ўтказилгач, Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров ҳукуматдаги лавозимини сақлаб қолган ҳолда, Молия вазири этиб тайинланди.
Марказий банк раиси ўринбосари, 2005 йилдан Молия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган, айни пайтда Жамшид Қўчқоров Молия вазири сифатида фаолиятини давом эттирмоқда.
Ташқи савдо вазири — 2017 йил ноябрдан Жамшид Хўжаев
2012 йил январидан буён Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги раҳбари сифатида фаолият юритган Элёр Ғаниев ўрнига Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Жамшид Хўжаев 2017 йил ноябрда вазирликка раҳбар этиб тайинланди.
Элёр Ғаниев 1997-2002 йилларда Ташқи Иқтисодий алоқалар вазири, 2002-2005 йилларда Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги раиси (бош вазир ўринбосари), 2005-2006 йилларда Ташқи ишлар вазири (бош вазир ўринбосари), 2006-2010 йилларда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири бўлиб ишлаган. У 2010-2012 йилларда яна Ташқи ишлар вазири (Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари) ҳам бўлиб, лавозимини Абдулазиз Комиловга топширганди. Айни пайтда Ғаниев Президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида фаолиятини давом эттирмоқда. Ғаниевга қадар, Иқтисодиёт вазирлигига ўтиб кетган Галина Саидова, кейинроқ, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси раҳбарлигига кетган Равшан Ғуломов вазирликни бошқарган.
Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Ташқи савдо вазирлиги сифати қайта ташкил этилди. Янги вазирлик раҳбари Жамшид Хўжаев 14 йил Марказий банк тизимида, шунингдек, «Миллий» ташқи иқтисодий фаолият банкида ишлаган.
Инновацион ривожланиш вазири — 2017 йил 29 ноябрдан Иброҳим Абдураҳмонов
2017 йилда Ўзбекистонда янги вазирлик — Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилди. Унинг илк вазири этиб Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти лавозимида ишлаган Иброҳим Абдураҳмонов тайинланди. Вазирлик жамоаси кучли мутахассислардан ташкил топган. Масалан, 26 ёшли вазир ўринбосари Олимжон Тўйчиев робототехника йўналишида салмоқли ишларни амалга оширган ёш кадр бўлса, материалшунослик ва инновацияларни бошқариш соҳасида мутахассис саналган «Буюк келажак» аъзоси Йўлбарсхон Мансуров вазирнинг бошқа ўринбосари саналади.
Германиядаги энергетик соҳа, хусусан, энергия манбаларининг янги турлари билан шуғулланувчи илмий муассасаларни мувофиқлаштириш, мазкур соҳадаги кластерлар устидан назорат борасида тажрибага эга Германия фуқароси Карстен Хайнцни Инновацион ривожланиш вазирининг яна бошқа ўринбосари ҳисобланади. Шунингдек, вазир ўринбосари лавозимида ишлаган Шерзод Шерматов айни пайтда Халқ таълими вазири, бошқа ўринбосар Отабек Назиров эса Шерматов жамоасига ўтказилган.
Фавқулодда вазиятлар вазири лавозими ҳозирча вакант бўлиб турибди.
Бу ерда вазир йўқ, ҳозирча. 2017 йил март ойида Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолиятини олиб борган Жўраев Рустам Мирзаевич Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири лавозими ўтказилганди. Аввалги вазир Турсунхон Худайбергенов Ўзбекистон Республикаси Президенти девони тузилмасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш устидан назорат ўрнатиш ва уни мувофиқлаштириш хизматига раҳбар этиб тайинланганди.
Кейинроқ, Жўраев Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. У 2015 йилда – Наманган вилояти ИИБ бошлиғи ҳам бўлганди. Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари полковник Комилжон Мирсаидович Арипов ҳам 2018 йил апрелда лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига 2005−2007 йилларда Ички ишлар вазири ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти бошлиғи бўлган Абдулла Қўлдошев тайинланди.
Айни чоғда вазир вазифалари Президентнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Турсинхон Худайбергенов зиммасига юклатилган. У 2010-2016 йилларда айнан шу вазирликни бошқарган. Унга қадар, 2006-2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида собиқ Мудофаа вазири Қобул Бердиев ишлаган.
https://kun.uz/news/2019/01/05/songgi-2-yil-ichida-kimlar-vazir-boldi
Сўнгги фикрлар