Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати

Дунёда шарафли вазифалар жуда кўп, аммо улар ичида киндик қонинг

томган Ватанингни ҳимоя қилиш шарафлилар ичра шарафлисидир. Негаки, Ватан – бу инсонга ато этилган энг қутлуғ неъмат, аждодларимиз уйғоқ, руҳи кезиб юрган табаррук гўша, уларнинг нафаси уфуриб турган муқаддас тупроқдир!

Ватан асл ватанпарварлар кўксида жон қадар эъзоз ва ҳимоя топади.

Жалолиддин Мангуберди шижоати, Амир Темур жасорати… Булар кўксида Ватан деган қуёшни кўтариб яшаган улуғ аждодларимиз. Шу боис улар қалбларимиз тўрида. Ватан тарихини нима безаб туради, деб сўрасалар, мен ҳеч иккиланмай шижоату жасорат, маърифату адолат, садоқату ҳимоят, деган бўлар эдим.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2019 йил 13 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора тадбирлари тўғрисида”ги Ф-5529 сон фармойиши имзоланди.

Мазкур фармойишда 14-январ Ватан ҳимоячилари кунининг кенг нишонланишини таъминлаш давлат ва жамоат ташкилотларининг биринчи навбатдаги вазифаларидан бири ҳамда ҳар бир Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг шарафли бурчи эканлиги кўрсатиб ўтилди.

Бугун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг талаба-ёшлари ўртасида “ШУНҚОРЛАР” ҳарбий-спорт ўйинлари мусобақаси ташкил этилди.

Унда университетнинг барча факультетларидан кундузги бакалавриат таълим йўналишларида таҳсил олувчи 1-2-курс талабаларидан тузилган жамоалар иштирок этишди.

Мусобақа Низомига кўра жамолар:

1. Жамоаларнинг сафда қўшиқ айтиб юриш тайёргарлиги;

2. Жамоа номи, вимпели ва жамоанинг рамзий логотипи кўриги;

3. Ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий тайёргарлиги;

4. АКМ автоматини қисмларга ажратиш;

5. АКМ автоматини йиғиш;

6. Ҳарбий спорт эстафетаси;

7. Турникда тортилиш каби шартларни бажариши белгиланди.

Унда факультетларнинг

1.        Иқтисодиёт – “Қалқон 1”;

2.        Ижтимоий фанлар – “Ифтихор”;

3.        Кимё – “Қалқон 2”;

4.        Биология – “Сарбозлар”;

5.        Таэквандо ва спорт фаолияти – “Олимпия”;

6.        Тарих – “Темур авангардлари”;

7.        География – “Ватанимиз йигитлари”;

8.        Геология – “Олмос қалқон”;

9.        Журналистика – “Онлайн журналист”;

10.    Физика — “Қалқон 3”;

11.    Математика – “Буюк Жалолиддин ворислари” жамоалари юқоридаги шартлар бўйича муносиб беллашишди.

Ҳар бир шартни Ўзбекистон Миллий университети Ҳарбий кафедрасининг малакали офицерлари синчковлик билан баҳолаб боришди.

Талаба-ёшлари ўртасида ўтказилган “ШУНҚОРЛАР” ҳарбий-спорт ўйинлари мусобақасининг якуни бўйича Математика факультетининг  “Буюк Жалолиддин ворислари” жамоаси 83 балл билан мутлоқ ғолибликни қўлга киритишди.

Шунингдек, Таэквандо ва спорт фаолияти факультетининг “Олимпия” ҳамда Тарих факультетининг “Темур авангардлари” жамоалари ҳам ғолиб жамоадан 3 балл фарқи билан муносиб иштирокини кўрсата олишди.

Доно халқимизнинг “Билаги зўр бирни енгади, билими зўр-мингни” деган мақоли бежиз айтилмаган. Ватанпарвалик фақат ҳарбий хизматчида эмас, балки хар бир юртдошимиз юрагида ҳох у ҳорижда бўлсин, ҳох қийин шароитда бўлсин, Ватан нелигини ҳис этмоғи, у учун жонини фидо айламоғи даркор. Ана шу аслида ватанпарварлик.

Бугун Ўзбекистон Миллий университетининг  белаашувда университетимизнинг ҳар бир факультетларидан иштирок этган жамоаларни “14-январь Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан чин қалбимиздан табриклаб, уларга фақат омадлар тилаб қоламиз!

Шуни унутманг! Ҳар бир фуқаро, айниқса, ёшлар қалбида “бу дунёнинг жаннати”, дея шарафланган ЎЗБЕКИСТОНИ ҳимоясига ақли, кучи билан шай турса, ташқи ва ички таҳдидлар ожиз нуқтага айланиши шубҳасиз.

 

КАМОЛИДДИН  МИРЗААХМЕДОВ,

Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор

https://nuu.uz/uzc/press/news/events/ev-cultural/1078

 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *