Ватанпарварлик, фидойилик ва садоқат
Бугун талабалик – олтин даврини сураётган ёшлар эртага мамлакатимизнинг
суянган тоғлари, Ватан қалқонлари, жамият тараққиётини зиммасига олишга масъул бўлган етук кадрлар бўлиб камолга етишлари зарур. Бунинг учун улар том маънода ватанпарвар, элу юртига фидойи ва садоқатли инсон бўлиб улғайишлари зарур. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ёшлар иттифоқи Маданият саройида ўтказган “Ёшларда ватанпарварлик, фидойилик ва садоқат туйғуларини кучайтириш давр талаби” мавзуидаги маънавий-маърифий тадбирда шу ҳақда сўз юритилди.
– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Жаҳолатга қарши – маърифат” деган ғоя фақат диний тарбия билан боғлиқ ишларда эмас, балки ҳаётимизнинг барча соҳаларида ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидладилар,– деди ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов.– Бизнинг томирларимизда улуғ аждодларимизнинг қони оқмоқда. Буюк боболаримизнинг муносиб издошлари ва давомчилари бўлиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Ўз Ватанини, она халқини равнақ топтириш учун ўзини аямасдан меҳнат қилиш: бу – жасорат ва мардлик, бу – она юртга муҳаббат ва садоқат, бу – тўғри тарбия ва амалий намуна демакдир.
Олмазор туманидаги Тўлқин Акром ўғли жоме масжиди имом-хатиби Саҳобиддин Сотимов миллий қадриятларимиз, муқаддас китобларимиз замирида ватанпарварлик туйғулари қанчалик устувор эканлиги, бу туйғулар инсонни камолотга элтувчи нурафшон йўл экани ҳақида сўз юритди. Дарҳақиқат, бугунги кунда камолга етаётган ёшларимизнинг Ватан туйғуси билан камолга етишлари, ўз салоҳияти билан, миллий ғоямизга садоқат руҳида камол топишлари учун барчамиз масъулмиз.
Равшан ОМОН,
ЎзМУ Ахборот хизмати мухбири
Сўнгги фикрлар