Ватан ичра Ватан – Уйим!
Отамнинг бир ўгити қалбимга муҳрланган; бойлик ортидан қувлама, унинг ўзи меҳнатинг ортидан келсин!
Болалигимдан физика-математика илмига жуда қизиққанман. Орзулар қанот бахш этиб, илмга интилдим. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида бошлаган тадқиқотимни Бразилия Баия Федерал университети ҳузуридаги математика институти CAPES гранти – PostDoctoral дастури доирасида давом эттириш имконига ҳам эга бўлдим. Ниҳоят, физика-математика фанлари номзоди илмий даражасига эришганимдан бахтиёрман.
Ўтган йили 24 май куни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев университетимизга ташриф буюриб, бир гуруҳ олимлар ва талабалар билан суҳбатлари асносида Талабалар шаҳарчаси ҳудудида профессор-ўқитувчилар, ёш тадқиқотчилар учун 6 та кўп қаватли уй қуриш бўйича ҳам топшириқ берганларида бошимизга қанчалик бахт қуши қўнаётганини ҳис этган эдик. Очиғи, Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидан келиб, 11 йилдан бери ижарада турардик. Икки нафар фарзандимиз билан ижарада яшаб, илм билан шуғулланиш машаққати ҳақида гапирмаса ҳам бўлади…
Мана, ниҳоят бу катта орзулар ҳам ушалди. Ўзим фаолият кўрсатаётган Миллий университетимиз биноларига туташ майдонда қад ростлаган замонавий уйлардан бизга ҳам насиб этди!
Бизни Ватан ичра Ватан ҳисобланмиш – уйлик бўлишдек беқиёс бахтга мушарраф этган азиз Юртбошимиздан то абад миннатдормиз.
Абдумажид Бегматов,
ЎзМУ “Эҳтимоллар назарияси ва математик
статистика” кафедраси доценти
Сўнгги фикрлар