Видеодарс-у видеокўрсатувлар ҳаёт воқелигига айланмоқда

Шогирдларга (уйда ўғил-қизларимизга) тан берамиз; улар масофавий

таълимда, модул яратишда замонавий коммуникация технологияларидан фойдаланиш сирларини бизга – Устозу Ота-оналарига қойиллатиб ўргатмоқдалар. (Ҳамма жойда, ҳар бир оилада бўлмаса-да, ҳарқалай анча-мунчасида шу ҳолни кузатиш мумкин!)

Натижа-ю самараси анча яхши. ЎзМУ профессор-ўқитувчилари бугунги Карантин шароитида ЗООМ дастури воситасида талабаларга масофавий дарсларни давом эттирмоқдалар.

ТвУзб080420

Худди шундай Ўзбекистон телевидениеси ижодкорлари ҳам мобиль телефонлари воситасида хонадонлардан телекўрсатувлар тайёрлаётганлари таҳсинга сазовордир. Сўнгги бир ой орасида бир неча бор ойнаи жаҳон орқали Устоз Аҳмаджон Мелибоевнинг сермазмун, долзарб мавзудаги суҳбатларидан баҳраманд бўлдик.

Шу йил 8 май куни соат 22.45 да “Ўзбекистон” телеканали орқали намойиш этилган “Ойдин ҳаёт” кўрсатувини мароқ билан томоша қилиб, тележурналист ҳамкасбларим ҳамда соҳа мутасаддилари, режессёр ва бошқа техник ходимлар маҳоратига қойил қолдим. Каминага ҳам Иккинчи жаҳон урушида эришилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган лавҳа юборишимни таклиф этган эдилар.

Уй шароитида қўлимдан келганча тасвирга олиб юборган интервьюм чиройли ёритилганини кўриб енгил тордим. Улкан телестудияларда тайёрланадиган кўрсатувлардан асло кам жойи йўқ! Демак, келгусида ҳамкасбларимиз шу усулда телекўрсатувлар тайёрлашни давом эттираверишса яхши бўлар экан, деган хулосага келдим.

Шу тариқа виртуал олам илму ижодимиз намуналари билан бойиб бораётгани қувончли ҳолдир. ЎзМУ профессор-ўқитувчилари электрон дарсликлар, масофавий таълим дастурлари, модуллар яратмоқдалар. Шу билан бир қаторда ЗООМ дастури орқали (худди селектор йиғилишидек) дарслар ўтилмоқда. Республика ва ҳатто халқаро миқёсда видеоконференциялар ўтказиш тобора оммалашиб бормоқда.

Ойнаи жаҳонда ҳам худди шундай мобиль телефонлари орқали тасвирга олинган лавҳалардан самарали фойдаланган ҳолда телекўрсатувлар намойиш этилаётгани миллионлаб телетомошабинларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Замон билан басма-басига қадам ташлаётган заҳматкаш ҳамкасбларимизга бу масъулиятли ишларда омад тилаб қоламиз.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети кафедра мудири,

“Маънавият” тарғиботчилар жамияти аъзоси

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *