Воҳа узра тонг отар оппоқ
ёхуд ватан ичра саёҳат – саодатдур…
Табаррук тупроғи ҳидини туйиб яшаётганим, тиниқ ҳавосидан баҳраманд бўлаётганим, нону-намагидан татиётганим, ташвишу-қувончларига эса ўзимни бир фарзанд сифатида дахлдор деб билганим, “Ватан ичра Ватан” саналмиш кўҳна Насафим − навқирон шаҳрим Қарши хусусида сўз юритмоқчиман.
Аммо, бунга кучим етармикан?! Қувваи-қаламим ожизлик қилмасмикан?
Боиси, томири мозийга туташ, бугуни эса ҳар соат, ҳар сониясида турфа ўзгаришлар рўй бераётган шаҳрим хусусида билганимдан кўра, билмаганим кўпроқ. Ўқиганимдан кўра, ўқимаганларим бисёр…
Қолаверса, юрт ҳақида сўз юритиш, туғилган тупроқни мадҳ айлаш масъулиятичи?! Бу ҳақда ўйлашнинг ўзиёқ оддий қаламкаш учун нечоғлик залворли эканини ҳис қиларкансан, беихтиёр вужудингни ҳаяжон босаркан. Боиси, улкан шоиримиз Эркин Воҳидов айтмоқчи: “Тарихинг битмакка халқим мингта Фирдавсий керак!”.
Яна бир олиймақом сўз заргари Абдулла Орипов таъкидича эса: “Ватан ҳақида ёзганда, унинг ўтмиши, бугуни ва истиқболи хусусида поэтик тасаввур бера олиш зарур”.
Айни пайтда, қайсидир китоб ёки журналда ўқиганим, яна бир нозик дид, тафаккур соҳибининг айтган сабоғи туйқусдан ёдга келади: “Ватан хусусида, Она ҳақида сўз юритишдан олдин, энг янги ва чиройли куйлагингни ва худди шундай, оҳори тўкилмаган сўзларни битишга шайлан!”.
Оҳори тўкилмаган сўзлар… Фикр инжулари…Ҳаёт қатидан сизларни қай йўсинда топгум?! Илҳом арғумоғига қандай тарзда сиртмоқ солгум?!
Шундай илинжда теграмда сочилиб ётган, воҳа тарихидан сўзловчи китобларга кўз ташлайман ва илк нигоҳим “Бобурнома”га тушади: “Яна Қарши вилоятидиркум, Насаф ва Нахшаб ҳам дерлар. Кам оброқ ердур, баҳори хўб бўлур, экини ва қовуни яхши бўлур. Самарқандтин жануб саридур, бир нима ғарбқа мойил, ўн саккиз йиғоч йўлдур. Бағри қора йўсунлиқ қушқина бўлурким, қилқуйруқ дерлар. Қарши вилоятида беҳад ва бениҳоят бўлур учун ул навоҳида “Мурғаки Қарши” дерлар…”
Бу шоҳ ва шоир бобомиз Бобур мирзонинг тавсифи. Ул зот замон кажрофторлигидан сарсон-саргонликда юрган кезларида бир муддат “Ул навоҳида” бўлган ҳамда ушбу битикларни битган. Яна бир қомусий олим Маҳмуд ибн Валийнинг мозий саҳифаларида қолдирган фикрлари ҳам Бобур Мирзо тавсифига мос. “Қарши шаҳрининг ён-теграси гиёҳсиз биёбон, лекин баҳор фаслида бу ерлар фусункор ҳолатга киради, бутун борлиқ жонланади…”
Қадим замон муаррихлари Массон, Бортольд, Кабановдан тортиб Нахшаб-Қаршини ўрганиш борасида тадқиқот ишларини олиб боришган Р.Сулаймонов, М.Исомиддинов, Э.В.Ртвеладзе, шунингдек, ушбу соҳа билимдонлари П.Равшанов, У.Уватов, А.Эркаев ва бошқаларнинг илмий, бадиий китоблари, монографияларида ҳам қизиқарли ва қимматбаҳо фикр-мулоҳазалар ўрин олган. Улар берган “маълумотнома”ларга таянилса “Қарши” номини XIII асрда шаҳарга мўғуллар қўйган. Азалда эса Нахшаб деб аталган. VII асрдан буён шаҳар Насаф деб юритилган.
Тарих саҳнида бу шаҳарнинг, албатта, гуллаб-яшнаган, ривожланган, айни кезда, босқин-у-қирғинлардан завол топган пайтлари ҳам кўп бўлган. Хусусан, Искандардан сўнг Чингизхон томонидан, учинчи бор эса араб босқини вақтида шаҳар қирғин қилинган. Аммо, ҳар қандай истибдод исканжаси “оташи”дан бу шаҳар Қақнус қуш мисол, қайтадан қанот ёзаверган…
Шак-шубҳасиз, шаҳарнинг ўтмиш тарихи, қайта равнақ топиши Соҳибқирон Амир Темурнинг муборак номлари билан чамбарчас боғлиқ. Айтиш мумкинки, жаҳонгир бобомизнинг юрт озодлиги йўлидаги жангу-жадаллари тарихида Қарши алоҳида ўрин тутган. Хусусан, муғул ёғийлари қўлидан қутқарилган воҳадаги биринчи шаҳар ҳам Қарши бўлган. Ана шундан сўнг Соҳибқироннинг кўрсатмаси билан қисқа фурсатда шаҳар қўрғонида қурилиш-таъмирланиш ишлари амалга оширилган. Истеҳком девори мустаҳкамланган, масжид-мадрасалар, работ-карвонсаройлар қурилган. Қалъа ичига оқар сув келиши яхшиланган.
Кези келганда эътироф этмоқ жоиз. Қадимда Қарши шундай катта нуфузга эга бўлганки, юртнинг подшоҳлари, хонлари кўпинча шу шаҳардан тахтга кўтарилганлар; тож соҳиблигига сипориш этилганлар. Узоқ йиллар мобайнида Бухоро амирлиги салтанатини бошқариб келган қаршилик манғитлар сулоласи бу борада фикримизнинг яққол далилидир.
Ана шу даврда, аниқроғи 1863-64 йилларда Ўрта Осиёга саёҳат қилган шарқшунос можор олими Арминий Вамбери Хива, Бухоро, Самарқанд шаҳарлари қатори Қаршида ҳам (уч кун) бўлади ва эсдаликларида қуйидагиларни қайд этади: “Қарши мавқеи жиҳатидан Бухоро хонлигида иккинчи шаҳардур. Аҳолиси асосан ўзбеклар бўлиб 25000 атрофида. Улардан ташқари тожиклар, афғонлар, ҳиндилар, яҳудий миллатига мансуб кишилар ҳам бор. Бухоро хонлиги армиясининг асосий таркибини ҳам қаршиликлар ташкил этади. Қаршида 10 дан ошиқ карвонсарой, масжид, мадрасалар, сардоба…ни кўрдим. Ҳунармандчилик тараққий топган. Айниқса, қаршилик моҳир усталар қўлида жило топган пичоқлар жуда харидоргир. Бу маҳсулотлар бутун Ўрта Осиё бўйлаб тарқатилади. Бундан ташқари Маккага ҳаж сафарини адо этувчилар Эрон, Туркия, Арабистон мамлакатларидаги бозорларда “Қарши пичоғи”ни 3-4 баробар юқори нархда сотишади. Шуни англадимки, агар сиёсий ихтилофлар ва қарама-қаршиликлар бўлмаганда Қарши шаҳри Бухоро, Афғонистон ҳамда Ҳиндистон ўртасида ўта муҳим савдо йўлини ўтаган бўларди”.
Арминий Қаршида бўлганида кўрган яна бир “манзараси” унда кучли таассурот қолдиради: “Мен бу шаҳарда омма учун оромгоҳ – дам олиш масканини кўриб ҳайратландим. Чунки, бундай манзилгоҳни Бухоро ёки Самарқандда у ёқда турсин, ҳатто, Эронда ҳам учратиш мумкин эмас. Бу дарё соҳили бўйлаб чўзилган катта боғ бўлиб, “Қаландархона” деб юритиларкан…”
Демак, Мирзо Бобур тавсиф этганидек, бу воҳанинг миришкор деҳқонлари “кам оброқ ер”да етиштирган “экини ва қовуни яхши бўлган”. Дашту-далаларида мўл ҳосил етилиши баробарида, “Мурғаки Қарши” номли ноёб қушлар ва бошқа тур паррандалари “сайри-хиромон” айлашган.
Арминий Вамбер таъкид этганидек, “Кешкруд” Қашқадарё наҳри тўлиб-тошиб оққан, теграсида эса боғлар шовуллаган…
Аммо, таассуф бўлсинким, шўро салтанати даврида чўлни “ўзлаштириш” баҳонасида Қашқа воҳаси собиқ иттифоқнинг “пахта етиштириб” бериладиган асосий ҳудудига айлантирилган. Натижада, боғ-роғлар, яйловлар…ўз ўрнини “пахтазорлар”га бўшатиб берган. Қарияларнинг тасдиғига кўра 70 йилларга қадар Қаршининг “Эски шаҳар” қисмигача пахта етиштирилган. Шаҳарнинг марказидаги митти туманининг номи “Пахтазор” деб аталганлиги ҳам эҳтимол шу боисдандир…
Шаҳар тегарасидан оқиб ўтувчи Қашқадарё шаҳрининг суви ҳам тўлалигича ана шу “қимматбаҳо экин”га сарф қилинганлиги оқибатида (чўлдаги 30 дан ошиқ хўжалик далаларига ана шу дарёдан “оби ҳаёт” тараларди) саёзланиб, жилдираган ариқ қиёфасига кириб қолганди.
Пахса деворлик ҳовлилар, бетон плиталик уйлар, ёзда чанг ютиб, қишда лой кечиладиган йўллар…кишида ёқимсиз таассурот уйғотади. Авжи саратонда ҳар йили икки-уч маротаба “Афғон шамоли” ёпирилиб келар, кўтарилган гирдоб туфайли ҳаммаёқни зулмат қоплаб, уст-бошларни қурум қопларди… Ичимлик суви, транспорт қатнови, умумий овқатланиш (бор-йўғи 2-3 та ошхона мавжуд бўлиб, улар ҳам тушликдан сўнг ёпиларди), маиший хизмат ва маданий ҳордиқ чиқариш борасида катта муаммолар мавжуд эди.
Ана шундами нозик таъб сўз санъаткори, академик шоир Ойбек домла ҳам узоқ йиллар муқаддам Қарши шаҳрига келганида қаламидан ушбу мисралар тўкилган экан:
Зерикишдан зерикдим жуда,
Жулдур Қарши − дилгирлик кони.
Зерикаман ҳатто, уйқуда,
Бу ернинг бир кундузи − шони…
Вақт эса югурик… Шундай буён қанча шамоллар эсиб ўтди. Истиқлолимиз шарофати туфайли, бутун мамлакатимизда бўлгани сингари, Қашқа воҳаси, унинг бош кенти − Қарши шаҳри ҳам янгидан оёққа турди, қайта чирой очди, тамомила ўзгача қиёфа касб этди.
Қаршида бугун йил эмас, ой эмас, бор-йўғи бир неча кун бўлмаган киши, бу маскани-руинда содир этилаётган ажиб ўзгаришларни кўриб ҳайрати ошади. Сабаби аён: таъкид этганимиздек, бу қадимий кент, гўё узоқ йиллик мудроқликдан уйғониб, навқиронликка юз тутгандек; шаҳарнинг ҳар гўшаси, маҳалла, кўчасида қурилиш, ободонлаштириш, яратиш-яшартириш авжида…
Бу эврилишлар эпкинини ҳис қилмоқ учун шаҳар айланаман. Мен одимлаётган, теграсида гул ҳиди уфурган йўлаклар, кўркам хиёбонлар, турли рангда ҳавога сув пуркайдиган фавворалар…зеб бериб турган бу кўчанинг номи ҳусни-тароватига мос − “Ўзбекистон” шоҳ кўчаси деб аталади. “Пахса деворлари тевалар сингари чўкиб” қолган (Ойбек домла таърифи) кўчаларда бугун бутунлай бошқача манзара кенг ва равон йўлнинг икки томонида бир-биридан салобатли ва ҳашамдор бинолар қад ростлаган. Қуёш нури жилоланаётган қора тасмадек асфальт кўчани эса машиналар оқими тўлдирган. Юракни ғурурга тўлдирадигани барчаси “Ўзимизники!”− “Нексия”, “Дамас”, “Спарк”, “Ласетти”, “Орланда”…бошқача изоҳ берилса Ўзбекистонимизда тайёрланаётган замонавий автоуловлар!
Шу аснода хаёлим бўлинди. Кимнингдир чақириғидан ҳушёр тортиб ўгирилдим. Йўл теграсида соқоли кўксини безаган отахон, афтидан набирасининг қўлидан тутганча менга қараб турарди. Салом-аликдан сўнг қария оғиз жуфтлади.
− Узр, ўғлим! Шу тобда тўғри Тошкентдан келаётибман. Асли шу шаҳарданман-у, аммо пойтахтда ишлайдиган ўғлим мен билан онасини ўша ёққа кўчириб олиб кетган. Қаршида эса манови неварам туради. Кенжа қизимнинг боласида! Шу десангиз, қишки каникулда неварам биз билан эди. Энди эса уйига олиб келаётгандим…
− Муаммо нимада?! – сўрайман отахондан.
− Муаммо шундаки, − қария набирасининг қўлидан тутганча ён-атрофга қаради, − куёвим шу атрофда турарди. Лекин, ҳамма томон бутунлай ўзгариб кетибди! Ўшанга…
− Ҳа, тўғримиздаги кўча, − кўмакка шошиламан.− “Бештерак!”. Мен ҳам шу кўчада тураман. Куёвингиз нима иш қилади!. Исми-шарифичи!
Қариянинг юзи ёришади.
− Куёвим катта дўхтир! Шониев деб эшитганмисиз?!
− Бўлмасамчи!− бош силкийман кулиб. Карим Шониевични айтаябсизда?! Биздан тўрт ҳовли нарида туради… Мана шу жойдан тўғрига бориб, ўнгга бурилсангиз бўлди!
− Ростданми?! − Отахон кафтини манглайига қўйиб, синчиклаб атрофга тикилди.− Ҳақиқатдан, шу кўчага ўхшайдику-я… Аммо, ҳув анови жойда пахсаси нураган хароба уй бўларди?! Энди ўрнига “Супермаркет” тушибди! Экилган дарахтлар, гулларни қаранг! Шундай бўлгач, ҳар қандай киши ҳам адашади-да! Раҳмат, ўғлим… Бу ёғини энди топиб оламан!
Яна шаҳарни сайр қилишда давом этаман. Қашқадарё дарёсига яқинлашганимда ногаҳоний шоқин-сурондан сергак тортдим. Баландликдан туриб пастга қарадим: Дарё бўйи ва соҳилда кенг қамровли қурилиш ишлари борарди. Бульдозерлар, скрипер, грейдер…каби ҳайбатли, техника даврининг “девлари” наъра тортишганча тупроқ ишларини адо этишарди. Махсус жамокор кийиб олишган ишчилар, ҳашарчилар сони ҳам беҳисоб. Кимдир бетон ишлари, кимдир текислаш, бошқаси эса кўчат экиш билан банд. Улар томон оҳиста одимлайман. Асосий юмушидан чалғитмаслик учун, фурсатини топиб, “Теодолет” асбоби билан ишлаётган, бошида каска, эгнида махсус коржомали кишига яқинлашаман.
− Мен, − дея ўзини таништирди қурувчи. − “Ўзавтонурэкспресс” МЧЖ раҳбари Рифат Шароповман. − Бизга ўхшаш субпудратчилар сони бу ерда кўпчиликни ташкил этади. Масалан, “Шўртангаз кимё” мажмуасига қарашли “Монтаж-таъмирлаш бошқармаси” асосий ишларни зиммасига олган бўлса, биз эса соҳил бўйи ободонлаштириш юмушлари билан машғулмиз. Бу қурилиш ҳудудида, ҳозирда юздан ошиқ махсус техник машиналари, 600 нафарга яқин қурувчилар бунёдкорлик ишларини олиб боришмоқда.
Бошқа қурувчилар ва уларнинг сардорлари билан суҳбат пировардида қуйидагича манзара кўз олдимда жилоланади:
…Дарёнинг тўлиб оқишини таъминлаш мақсадида 3 та тўғон қад ростлайди. Ҳар бир тўғоннинг ўз “вазифаси” бўлади; бири сувни тўпласа, бошқаси эса фильтрлайди. Дарё тўлиб оқадиган бўлгач, оқим узра 2 та кема қатнайди. Соҳил ва унинг теграсидаги 51 та жой кўкаламзорлаштириб 26 минг дона каштан, дуб, пихта дарахтлари, 60 турдаги магнолия, жасмин ва яна 6 минг туп бошқа манзара берувчи кўчатлар экилади.
Қадимий Кешкруд − Қашқадарё соҳилларини боғ-роғлар қуршайди, бир неча юлдузли меҳмонхоналар қад ростлайди. Соҳил бўйидаги пляж ва ана шу истироҳат гўшасида чойхона, ошхона, кафе-барлар қурилиб, 8 та атракцион, “Ойдин парк”… болажонлар ва уларнинг ота-оналари хизматида бўлади.
* * *
Мен сизларга завқ-шавқ билан сўзлаётганларим − албатта, денгиздан бир томчи, холос. Аслини олганда, ва тан олмоқ лозим, амалга оширилаётган кенг қамровли ишларни таърифлашга қалам ожиз, сўз бойлиги эса етмас…
Аммо, алоҳида эътироф этиш жоиз. Мустақил диёримизда Мустақиллик шарофати туфайли янгиланаётган ва яшараётган бундай шаҳар-у-қишлоқларнинг кўрки-жамоли-ю, ҳамда уларда умргузаронлик қилаётганларнинг бугунги дориломон, тинч-осуда, фараҳбахш ҳаётини муҳтарам Юртбошимиз фаолиятидан асло айро тасаввур этиб бўлмайди.
Мустақиллигимиз асосчиси, давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг Ватан истиқлоли учун олиб борган курашлари солномасида Қашқадарё ва унинг бош шаҳри Қарши ҳам таянч манзили сифатида беназир аҳамиятга эга. Негаки, Ислом Каримов энг таҳликали давр − “қизил салтанат” қаҳри зўрайган, иқтисодий таназзул ҳукм сурган оғир бир вазиятда бу юртга биринчи раҳбар бўлиб келганди. Энг даҳшатлиси, воҳада “Пахта иши” бўйича минглаб бегуноҳ кишиларга жиноятчи тамғаси босилган, қатағон, қама-қамалар авжига чиққан, одамлар “Марказ” зўравонлигидан қўрқиб саросимага тушган, чорасизлик гирдобига ботган дамлар эди.
Вилоятнинг янги раҳбари, шу боис, асосий эътиборни, аввало инсон қадр-қимматини жойига қўйиш, ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан уларни ҳимоя қилишга қаратди. Қашқадарёликлар ҳам ўз навбатида танти, олижаноб, ҳар қандай вазиятда уларни ҳимоя қила оладиган, эзгу ишларга бошлайдиган бу раҳбардан қийинчиликлар олдида бўйин эгмасликни, курашишни ўргандилар ва ўз бурчларини сидқидилдан бажаришга астойдил бел боғладилар.
Билим ва таҳлил, аниқ ва пухта режа асосида узоқни кўзлаб, эл манфаати учун амалга оширилган ишлар тезда ўз ижобий натижасини берди. Юртда дориломонлик даври бошланди. Бир сўз билан айтганда халқни туҳмат ва маломат балосидан қутқариш ҳамда тинчлик ва хотиржамликни қайтариб бериш, эртанги ёруғ кунга бўлган умид ва ишончни уйғотишдек хайрли ишлар шу тариқа Қашқадарёдан бошланиб, Қарши шаҳридан туриб бошқарилганди.
Ислом Каримов Қашқадарё вилояти биринчи раҳбари бўлиб ишлаган (1986-1989) йилларда Қарши шаҳри ҳар томонлама ривожланишга, равнақ топишга юз берганди. Айниқса, Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 29 сентябрдаги “Қарши шаҳрининг 2700 йиллигини нишонлашга таёргарлик кўриш тўғрисида”ги қарори, Президентимизнинг 2005 йил 26 июлдаги “Қарши шаҳрининг 2700 йиллигини нишонлашга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор, шунингдек, ЮНЕСКО бош конфренциясининг 32 сессиясида қабул қилинган қарорлари ва бошқа муҳим ҳужжатлар барчаси Муҳтарам Юртбошимизнинг беқиёс хизматлари билан боғлиқ, негаки, Қарши шаҳрининг қарийб 3 минг йилни қамрайдиган тарихи бундай ғамхўрликни кўрмаганди. Бу саъй-ҳаракатлар, таъбир жоиз бўлса Қарши шаҳрининг дунё тамаддуни ва маданиятида тутган ўрнини нафақат Қашқадарёда, Ўзбекистонда, балки бутун жаҳонда намойиш қилиш имконини берди.
Ҳа, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бугунги Қарши мустақиллик шарофати билан, Муҳтарам Президентимиз раҳномолигида қайта кашф этилган шаҳар, чинакам мўъжизага айланиб бормоқда.
Энг асосийси, бу ўзгаришлар, янгиликлар одамлар онги-шуурида ҳам ўз акс-садосини бермоқда. “Мен мустақил диёрда, тинч-осуда мамлакатда яшаяпман! Эртамиз бугунги кунимиздан ҳам нурли, нурафшонроқ бўлади. Бахтли ҳаётга мушарраф бўлмоқдамиз!” деган фараҳбахш ўйлар, истиқлолга нисбатан шукроналик туйғуси улар қалбида қайта-қайта мавжланаверади.
* * *
Дилни ҳаприқтирувчи ана шундай некбин туйғулар талошида шу тариқа “Ватан ичра кичик ватан” бўйлаб сайрни давом эттирар эканман, “Мустақиллик” шоҳ кўчасида бир гуруҳ хорижлик меҳмонларга рўбарў келдим. Сураб-суриштирсам, аксарияти Япониядан ташриф буюришган экан. Шунда кўнглимдан бир истак ўтди: “Ўз шаҳринг ҳақида соатлаб сўзлашинг, саноқсиз саҳифаларни ёзиб тўлдиришинг мумкин. Бу-ку, яхши, аммо, ноқулай жиҳати, сени тинглаганлар ёки ёзганларингни ўқиганлар, “Ҳа энди, ҳар кимники ўзига, ой кўринар кўзига” дейишлари эҳтимолдан холи эмас. Шу сабаб мана бу меҳмонлардан шаҳрим ҳақидаги таассуротини сўрасам-чи?!”
Тилмоч қиз – Қарши Давлат университети хорижий тиллар факультети магистранти Нодирахон менинг бу истагимга розилик билдирди. Кўп ўтмасдан делегация раҳбари Тобита Хирототока ўз дил сўзларини шундай изҳор этди:
– Мен Жапан транс портатион консултантис, инс компанияси вакили сифатида “Мароканд-Қарши”, “Қарши-Термиз” темир йўллари ҳудудида электрлаштириш ишларида қатнашганман. Асосий манзилгоҳимиз Қаршида бўлгани учун, бу шаҳарни ёқтириб қолганман. Одамлари барча ўзбеклар сари сахий, меҳмондўст, бағри кенг. Айниқса, шаҳрингизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги, маҳобатли бунёдкорлик ишлари четдан келган ҳар қандай кишини ҳайратга солади. Миллий андоза, услубга замонавий гўзаллик ва нафислик муштараклик касб этмоқда. Шаҳар юраги − “Мустақиллик майдони”да қад ростлаган “Эл-юрт таянчи” монументи, айниқса бизда кучли таассурот қолдирди. Бу манзилгоҳ эл сайлгоҳига айланибди. Тунда шаҳрингизни сайр қилиш эса кишига лаззат ва фароғат бағишлайди. Мен жаҳоннинг жуда кўплаб номдор шаҳарларида бўлганман. Аммо, Қаршининг бугунги жамоли улардан асло қолишмайди. Тўкинлик-сочинлик, дориломонлик, энг муҳими ҳамма ёқ тинч-осуда, чароғон… Бундай юртда яшашнинг ўзи бахтдан, бахтиёрликдан далолат беради…”
Меҳмоннинг рост гапираётганлиги унинг юз-кўзидан, ҳаяжонидан яққол сезилиб турарди. Шу боис, ич-ичимдан ғурурланганча, ёзаётганларимга унинг дил сўзлари билан хотима қўйишни лозим топдим.
Муҳаммад Очил
Тулкин ака. Маколани укиб маза килдим. илтимос шунака маколалар купайсин
Rahmat To’lqin aka. shunaqa maqolalar ko’paysin.
Ҳа, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бугунги Қарши мустақиллик шарофати билан, Муҳтарам Президентимиз раҳномолигида қайта кашф этилган шаҳар, чинакам мўъжизага айланиб бормоқда. Prizdentimiz rahnomolgida bitta Qarshi emas, yurtimizning barcha viloyat va tumanlari gullab yashnamoqda…
….Искандардан сўнг Чингизхон томонидан, учинчи бор эса араб босқини вақтида шаҳар қирғин қилинган. Аммо, ҳар қандай истибдод исканжаси “оташи”дан бу шаҳар Қақнус қуш мисол, қайтадан қанот ёзаверган…
Ajoyib ocherk. Faqat ustoz, bilasizmi, shu janrlar qorishuvining bo’lgani ham tuzukimikin? Negaki, ba’zi janrlarning talabi biroz odamni cheklab qo’yadi, yoki «qalamni yo’lga solib yuboradi»…
Vodiyi kelindek nozlangan yurt bu,
Vohasi kuyovdek otlangan yurt bu.
Manglayiga zardan zarhallar solib,
O’zbekka Xudodan xatlangan yurt bu.
So’lim Farg’onaga salomlar bo’lsin,
Namanganga dilbar kalomlar bo’lsin.
Manglayi Quyoshdek Qashqadaryoga,
Sohibqiron ruhi madadkor bo’lsin.
Rost, mamlakatimiz rahbarining tashabbuslari bilan ko’hna va qadimiy, hamisha boqiy Qarshi shahri misli ko’rilmagan darajada chiroy ochib bormoqda. Qarshiga tashrif buyurgan inson uning ko’rk-tarovati, fusunkor tabiati, mehmondo’st xalqi, zamonaviy binolari, qad ko’tarayotgan yangi-yangi inshootlarini ko’rib lol qolishi tabiiy, sababi, oz fursat ichida shahar o’z sayyohlariga ega bo’ldi. Gapning indallosi shuki, bugun Qarshi shahri chindan ham kutilmagan ajoyibotlarga, o’zgarishlarga boy bo’lib bormoqda. Alaloqibat, bu islohotlar natijasini yaqin kunlarda albatta ko’rishimizga ishonamiz. Obod Qarshi shahri kun sayin gurkirab-yashnayversin.
Ahli Gulobod men Qarshi farzandiman.
Yaqindagina Qarshida bo`lib qaytdim. Shaharda juda keng hajmda qurilishlar ketmoqda. Ayniqsa,Qashqadaryo bo`yidagi bunyodkorlik ishlari yodimda qoldi.