Газ ускуналарини интернет орқали тузатиш мумкин!
Интернет орқали ёнади олов, Интернет орқали пишади палов! Фақат яхшиликка бўлсин қадамлар, Дониш домла фикри бўлмасин талов…
Ягона интерактив давлат хизматлари порталида масофадан туриб «Ўзтрансгаз» компаниясининг ҳудудий ва туман бўлинмаларига табиий газнинг сизиб чиқишини бартараф этиш ва газ ускуналарини таъмирлаш учун ариза бериш имконияти пайдо бўлди. Бу ҳақда Ягона порталда ахборот берилган.
«Табиий газнинг сизиб чиқиш ҳолати юзага келганда, табиий газ таъминоти муассаси мутахассиси уни бартараф этиш сўрови тушгандан сўнг, зудлик билан тегишли ишларни амалга ошириш учун воқеа жойига ташриф буюради. Газ ускуналарини таъмирлаш ишларини ўтказиш учун мутахассиснинг ташрифи бир иш кунида амалга оширилади», — дейилади Ягона портал ахборотида.
Қайд этишларича, газ ускуналарини мутахассис томонидан таъмирланиши тўлов асосида келишилган нархда ёки тасдиқланган прейскурантга мувофиқ амалга оширилади. Ўз навбатида, табиий газнинг сизиб чиқишини бартараф этиш мутахассис томонидан бепул амалга оширилади.
«Ягона портал фойдаланувчиларидан электрон ариза жўнатиш вақтида қўшимча ҳужжатлар талаб этилмайди», — дейилади портал ахборотида.
Сўнгги фикрлар