Географлар илмий ҳамкорлиги

Илм-фан ва техника бугунги ахборотлашган жамиятда янада жадал суръатларда ривожланмоқда.

ГеогСоли

Бугунги кунда деярли барча технологиялар инновация асосида яратилаётгани кўриниб турибди. Илм-фан соҳаларида турли давлатлар билан халқаро ҳамкорликлар, ўзаро тажриба алмашиш кенг йўлга қўйилмоқда. Яқинда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Геология ва география факультети профессори, география фанлар доктори, Ўзбекистон география жамияти раиси Абдусами Солиев Россия География жамиятининг 170 йиллигига бағишланган II фестивалида иштирок этди. Таниқли ўзбек олимини Россия География жамияти президенти Сергей Шойгу шахсан таклиф этганди.

Фестивалнинг очилиш маросими Москва шаҳрининг Марказий рассомлар саройида бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан Абдусами Солиев соҳага оид муаммоларни ҳал этишда дунё олимлари мунтазам ҳамкорлик қилиши мақсадга мувофиқ эканлиги, бу борада Ўзбекистон Миллий университетида қатор лойиҳалар амалга оширилаётгани ҳақида атрофлича маълумот берди.

– Бу фестивалда мен Ўзбекистон Республикаси География жамияти раиси сифатида қатнашдим,– дейди Абдусами Солиев.– Унда Жанубий Африка Республикаси, Ҳиндистон, Эрон ва Словакия давлатлари география жамиятларининг раҳбарлари ҳам иштирок этдилар. Фестивал очилиш маросимида Россия Федерацияси Президенти Виладимир Путиннинг анжуман иштирокчиларига йўлланган мактуби ўқиб эшиттирилди. Сўнгра Россия География жамияти Президенти Сергей Шойгунинг маърузаси анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Шу куни Москва Марказий рассомлар саройида катта миқиёсда ташкил этилган Россия География жамиятининг 85 та ҳудудий бўлимлари кўргазмали, шунингдек, жамиятнинг Арктикани ўрганиш бўйича ўтказилаётган илмий экспедициялари натижалари, макет ва фотосуратлари ажойиб қизиқиш уйғотди.

Ўзбек олимининг бу фестивалда иштирок этишидан асосий мақсадларидан бири – Ўзбекистон Республикаси ва Россия География жамиятлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалариин янада ривожлантириш эди. Бу борада тегишли шартномалар имзоланди.

Тадбир доирасида Россия Фанлар Академияси қошидаги География институтида ҳам илмий анжуман ўтказилди. Унда Абдусами Солиевнинг Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида эришган ютуқлари асослаб берилган илмий маърузаси анжуман иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, Ломоносов номидаги Москва Давлат университети География факультетида ўтказилган давра суҳбатида профессор Абдусами Солиевнинг “Ўзбекистон Республикасининг янги иқтисодий географияси” мавзуидага маърузаси айниқса талабалар ва илмий тадқиқотчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Сафар мобайнида ўзбек олими Москва Давлат университети География факультети кафедралари фаолияти билан танишди. Мезбонлар таниқли ўзбек олимига алоҳида эҳтиром кўрсатишиб, ўзларининг янги ўқув адабиётлари, уларнинг электрон нусхалари, харита ва атласларидан инъом этдилар.

– Бу илмий ҳамкорлик натижасида факультетимизнинг магистр ва илмий тадқиқотчиларининг мақолалари Россияда бўладиган илмий конференциялар тўпламларида чоп этилиши янада кенгроқ йўлга қўйилади,– дейди Абдусами Солиев.– Энг муҳими, иқтидорли талабаларни грант асосида Москва Давлат университети География факультетига малака оширишга юбориш имкониятлари кенгайди.

 

Суннатилла Увраимов,

ЎзМУ Геология ва география фекультети

Геодезия, картография ва кадастр йўналиши 3-босқич талабаси

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *