Географ мураббий ибрати

Мирали Миракмалов – Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси!

 Геог

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети геология ва география факультетининг жонкуяр, фидоий, талабчан, меҳнатсевар ва шу билан биргаликда моҳир педагогларидан бири Мирали Миракмаловдир. Устоз нафақат фидоий олим, балки комиллик фазилатлари мужассам бўлган самимий инсон ҳамдир. Табиатан оғир-босиқ, оккўнгил, география илмини беҳад севувчи педагог 1970 йилда Тошкент вилоятининг Паркент туманида туғилган. 1988 йилда ўрта мактабни «аъло» баҳоларга тугатиб, Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг география факультетига ўз ҳужжатларини топширади. Қабул комиссиясининг якуний хулосаларидан сўнг у мазкур факультет талабасига айланади.

Мирали Миракмалов «менинг географ бўлишимга қайсидир бир маънода раҳматли олим, доцент Асомутдин Зайнутдинов (охиратлари обод бўлсин) сабабчилар, чунки кўринишидан қаттиққўл ва талабчан, аммо жуда самимий ва меҳрибон (буни кейин билдим) бу инсон мен ҳақимда илиқ фикр билдириб, «шу йигитни талабалар сафига қабул қилиш керак» деган эдилар», деб эслайди. 1992 йилда университетни имтиёзли диплом билан тугатган Мирали Миракмалов 1995 йилга кадар аспирантурада ўқишини давом эттирди.

Устоз 1996 йилда ЎзМУ табиий география кафедраси катта лаборанти, 1996-1998 йилларда эса география ўқитиш методикаси кафедраси ўқитувчиси лавозимларида ишлаган. 1998 йилда «Табиий географик терминларнинг шаклланишида халқ атамаларининг ўрни» мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, география фанлари номзоди илмий даражасини олди. Мирали Миракмалов 1998-2003 йилларда факультет ўқув ишлари бўйича декан муовини, 2003-2004 йилларда география ўқитиш методикаси кафедраси катта ўқитувчиси, 2004-2005 йилларда табиий география ва география таълими методикаси кафедраси доценти, 2005-2014 йилларда шу кафедра мудири лавозимларида меҳнат қилди. Устоз 2014 йилдан ҳозирги кунга кадар география кафедрасининг катта илмий ходим-изланувчиси сифатида докторлик диссертациясини тайёрлаш борасида илмий изланишлар олиб бормоқда.

Мирали Миракмалов талабаларга «Умумий Ер билими», «Топонимика», «Географик ўлкашунослик» фанларидан маърузалар ўқийди ва амалий машғулотларни ўтказади. Шунингдек, талабаларнинг умумий табиий географик ўқув-дала амалиётига раҳбарлик қилиш билан бирга кафедранинг ўқув-услубий, илмий-тадқикот ва ташкилий ишларида фаол иштирок этади. Устоз фаолият юритаётган кафедра аъзолари иккита умумий мавзу – «Умумий таълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий таълим муассасалари учун дастурлар, дарсликлар ва ўкув қўлланмалар яратиш» хамда «Инсон ва табиат муносабатларининг географик асослари» номли мавзуларда илмий-тадқиқот ишлари олиб борадилар. Мирали Миракмалов талабаларга география фанидан билим берибгина қолмай, умумтаълим мактабларининг 2-, 5- ва 7-синф ўқувчилари учун Халқ таълими вазирлиги томонидан нашрга тайёрланиб, чоп этиб келинаётган «Табиатшунослик» ва «География» дарсликларига ҳамда улар учун тайёрланган ўқув атласларига ўзининг теран фикрлари билан илмий ёндошиб, тақриз ва хулосалар бериб келмоқда.

Устоз олим Мирали Миракмаловнинг илмий фаолияти асосан географик
терминология, топонимика, географик лингвистика йуналишлари билан боғлиқ. Домланинг жами 100 га яқин илмий ишлари эълон қилинган бўлиб, шулардан 1 та дарслик, 1 та монография, 5 та ўқув қўлланма, 2 та услубий қўлланма, 1 та тажрибавий дастур таълим жараёнида кенг фойдаланилмокда. Улар орасида «Табиий географик ўқув-дала амалиёти» (2003, муаллифлар гуруҳи), «Geografiya (umumta’lim maktablarining 6-sinfi uchun darslik)» (2013, ҳаммуаллифлар Абдурасул Соатов, Абдулла Абдулқосимов), «Geografiya (umumta’lim maktablarining 6-sinf o‘qituvchilari uchun metodik qo‘llanma)» (2014, ҳаммуаллифлар Абдурасул Соатов, Равшан Қурбонниёзов, Эсонгул Назаралиева), «Yulduzlar, Quyosh, Oy» (2005), «Toponimika va geografik terminshunoslik» (2005, ҳаммуаллиф Паттоҳкамол Ғуломов), «Geografiyada toponimika» (2008), «Халқ табиий географик терминлари» (2009), «Tabiiy geografiyadan amaliy mashg‘ulotlar» (2015, ҳаммуаллифлар Мухтор Авезов, Эсонгул Назаралиева) кабилар алоҳида аҳамиятга эга.

Устознинг 2014 йилда қайта нашр этилган Абдурасул Соатов ва Абдулла Абдулқосимовлар билан ҳаммуаллифликдаги 6-синф ўқувчилари учун тайёрланган «Geografiya» дарслиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган «Йилнинг энг яхши дарслиги ва ўқув адабиёти муаллифи» кўрик-танловида рағбатлантирувчи мукофот билан тақдирланди.

Мирали Миракмалов Республика Таълим маркази ҳузуридаги география фани буйича илмий методик Кенгаш аъзоси. Домла университетда дарс бериш билан бирга 2003 йилдан Тошкент вилояти педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти табиий ва аниқ фанлар кафедрасида доцент лавозимида ишлаб келмоқда.

Геогрф

Устоз талабаларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида кафедра қошида «Географ-ўлкашунос» тўгарагини ташкил килганлар. Мазкур тўгаракда, фан фидоийлари ва олимлар, экспедициялар иштирокчилари билан учрашувлар, «мутахассис ташрифи», турли мавзулардаги баҳс-мунозарали суҳбатлар, саёҳатлар уюштирилади. Шунингдек, моҳир педагог умумтаълим мактабларида ўтказиб келинаётган «География фани ойлиги» тадбирларида факультетга ташриф буюрган ўқувчиларга дунёдаги энг йирик глобуслардан бири – Тошкент глобуси (бу глобусни Ҳамидулла Ҳасанов глобуси деб ҳам аташади) тўғрисида маълумотлар бериш билан бирга уларни қизиқтирган саволларга жавоб бериб, ўкувчиларда ўз ўлкасига бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш ҳамда уларнинг фанга бўлган қизиқишларини янада оширишда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Мирали Миракмалов 2015 йилда Халқ таълими вазирлигининг тармоқ мукофоти – «Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони билан мукофотланди. Бу шубҳасиз устознинг фан соҳасидаги хизматлари ва доимий изланишлари натижасидир. Биз ҳам домлани мазкур мукофот билан қутлаб, уларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, илмий ишларида эса улкан муваффақиятлар тилаймиз.

Раъно ИБРОҲИМОВА,

ЎзМУ география кафедраси катта ўқитувчиси, география фанлари номзоди,

Муҳриддин АВЕЗОВ,

ЎзМУ география кафедраси қошида ташкил этилган «Географ-ўлкашунос» тўгараги сардори.

Вам может также понравиться...

1 комментарий

  1. Устозларимизнинг ибратли ҳаёт йўли ва қўлга киритган ютуқлари биз шогирдалрга ҳамиша илҳом бағишлаб келган. Сиздек устозларимизнинг борига шукр!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *