Гўзал айём шукуҳи
Аёлларини эъзозлаган элнинг эртаси буюк, келажаги фаровон бўлади.
Бутун дунёда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни сифатида нишонланиши замирида оламча маъно мужассам.
Ана шу байрам шукуҳи Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида кезиб юрибди.
Байрам тароналари барчани Физика факультети томон чорлади. Шинамгина аудитория дид билан безатилган, ҳамманинг нигоҳида қувонч шодлик барқ уриб турибди. Тадбирга таклиф этилган хотин қизлар орасида физика факультетида бир неча йиллар муқаддам ишлаб, ҳаётининг бир қисмини шу факультетга бахшида этган олима устозлар, лаборант ходимлар ҳам бор. Гўзал айёмни қадрдон факультет жамоаси билан бирга нишонлаш уларга бир олам қувонч бахш этган бўлса ажаб эмас.
– Аёл борки, ҳаёт гўзал,– дея табрик сўзини бошлади факультет декани Хожиакбар Далиев.– Бу дунёни тутиб турган ҳам ушбу хилқатнинг нозик қўллари бўлади. Уларни ҳар қанча эъзозласак ҳам кам. Бугун биз ташкиллаштирган байрам тадбирини арзимас бўлса-да кичик бир совға сифатида қабул қилишингизни хоҳлардик.
Декан ўз табрик сўзи давомида факультетда аъло баҳоларга ўқиши, хулқи ва одоби билан ҳурмат қозонган талаба қизларни тақдирлаб ўтди. Илғор илмий ходимлар ҳам мукофотланди.
Шундан сўнг факультет талаба йигит қизлари томонидан тайёрланган тадбир дастури томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. 1 босқич талабаси Маъмура Халилова ижро этган «Мажнунтол» қўшиғи ва қизлар рақси тадбир бадиий қисмини бошлаб берди. Факультет илмий фаолиятида олима устоз ва лаборант ходимларнинг ўрнини акс эттирувчи видео ролик барчага манзур бўлди. Тадбир давомида электрок СМС табрик хизмати томошабинлар хизматига шай бўлди.
Аёлнинг мўътабарлиги ва муқаддаслиги талаба йигитлар шеърида ўз аксини топди. Лобар қизларнинг «Бухоро парилари», «Мустаҳзод» ва «Марғилон» рақслари барчага манзур бўлди. Аёлларнинг жамиятдаги ўрнини акс эттирувчи касблар ҳақидаги шеър томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди.
Факультетнинг шўх шодон йигитлари ҚВЗ жамоаси «220 Вольт» томонидан ижро этилган саҳна чиқишлари томошабинлар кайфиятини янада юқорилатди.
Тадбир сўнгида талабалар томонидан куйланган физика факультети ҳақидаги қўшиқ барчага кўтаринки кайфият бағишлади.
Фазилат Расулова,
ЎзМУ Физика факультети талабаси
Dunyoda faqat «Ayol» ta’rifga muhtoj bo’lmagan va tariflashga til ojiz bo’lgan so’z! Go’zallikda tengi yo’q O’zbegim ayollarini «Xalqaro xotin-qizlar» bayrami bilan muborakbod etamiz. Hamisha bahoriy go’zallik hamrohingiz bo’lsin aziz ayollar!