Ўзбек халқи маърифатли халқ.
Биз азалдан тарихий хотирага ҳурмат ва эъзоз билан қараймиз. Лекин тарихни хотирлаш, биз учун муқаддас саналган мустақилликни камситиш, унинг қадр-қимматини обрўсизлантиришга айланадиган бўлса, кимдир бундан фойдаланиб, ёш авлод онгини заҳарлашга, уларда Ўзбекистон истиқболига, ислоҳотлар натижасига ишончсизлик туйғуларини уйғотишга ҳаракат қиладиган бўлса, бундай ҳолат билан муроса қилиб бўлмайди.
Афсуски, бугун бот-бот автомашиналарига георгий ленталарини тақиб олган, кийимига СССР гербини, умуман мустабид тузумнинг рамзларини тарғиб қилишга уринаётган кимсалар пайдо бўлиб қолмоқда. Албатта, ҳеч бир нарса ўз-ўзидан содир бўлмайди. Унинг ҳайбаракаллачилари бўлади.
Муқаддас Ватанимиз мустақилликка эришганига бу йил ўттиз йил тўлади. Давлат байроғи ҳар қандай мамлакат суверенитетининг рамзи ҳисобланади. Ўттиз йилки, дунё харитасида Ўзбекистон деган давлат ўзини мағрур намоён этиб турибди. БМТ қаршисида бутун дунё мамлакатлари байроғи билан бир қаторда Ўзбекистон байроғи хилпираб турибди.
Ўтган ўттиз йил ичида не-не таҳдидлар, хуруж ва фитналарнинг гувоҳи бўлдик. Мустақиллик, юксак тараққиёт йўлида илдамлаб бораётган карвонимиз ортидан хурган “кўппак”лар, йўлини тўсмоққа уринган “қашқир”лар кўп бўлди. Минг шукрларки, асосий мақсад йўлида карвонимиз собит бораётир. Мамлакатимиздаги янгиланиш нафаси, Янги Ўзбекистонни бунёд этиш, учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасидаги ислоҳотлар мустақиллик миллий тараққиётимиз учун қанчалар улуғ неъмат ва тенгсиз имконият эканлигини яққол кўрсатиб турибди.
Аммо шу кунларда пойтахтимизнинг муҳташам «Халқлар дўстлиги» саройи олдидаги майдондаги тадбирда истибдод рамзи бўлган — собиқ СССР қонли байроғининг кўтарилиши, миллий давлатчилигимиз, мустақиллигимизга нисбатан беписандлик ва кечириб бўлмайдиган, ҳеч қандай важ билан оқлаб бўлмайдиган ҳақоратдир.
Бу воқеа ниманинг белгиси? Демак, орамизда Туркистонни, унинг мухториятини қонга ботирган, 100 мингдан ортиқ зиёлилар, миллат гулларини қатағон қилган, дину диёнатимиз, азиз авлиёларимиз қабрларини оёқ ости қилган, ер ости ва ер усти бойликларимизни талаган, “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” деб миллатни таҳқирлаб, юзини қора қилишга уринган, бизни ўзлигимиз, тилимиздан айиришни мақсад қилган СССР деган давлатни соғинаётганлар, унинг байроғини қалбининг тўрида асраб юрганлар, пана-пастқам жойларда тўпланиб мамлакатимиздаги ҳамжиҳатликка раҳна солиш мақсадида юрганлар бор экан-да! Бу воқеа шунинг исботи! Бу асл ватанпарварларни огоҳликка ундаши, ҳушёр ва огоҳ қилиши керак!
Келинг, азиз ватандош. Бир ўйлаб кўрайлик, бугун Ҳиндистон давлатининг пойтахти марказида Буюк Британия мустамлакачилигини шарафлаб, унинг байроғини кўтаришларини ҳинд халқи беэътибор қолдирадими?
Бизни ажаблантирган жиҳати, ким бу тадбирни ўтказишга рухсат берди? Нима учун бу тадбирнинг мақсади, дастури билан ҳеч ким қизиқмади? Ахир мамлакатимизда бу борада ўрнатилган тартиб борку?! Шаҳар бедарвозами? Бугун бош майдонлардан бирида қизил байроқ кўтарганларнинг кўнгли эртага яна нималарни қўмсайди?
Юнесконинг “Бағрикенглик декларацияси”да “Бағрикенглик бу -турли туманликдаги бирликдир” дейилади. Мамлакатимиздаги 130 дан ортиқ миллат ва элатлар Ватанимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб, тинч-аҳил яшаб келяпти. Улар учун энг муқаддас рамз — бу Ўзбекистон байроғи!
Мустабид тузумни қўмсаётганлар, уларга шу байроқни кўтаришни ўргатаётганлар бу байроқни ўз юртига бориб кўтараверсин. Фақат Ўзбекистонда эмас!
Негаки, биз энди ҳеч қачон СССРнинг қонли байроғи Ўзбекистонда кўтарилишини ҳоҳламаймиз. Бунга йўл ҳам қўймаймиз!
Ўзбек халқи 130 йил қарамликка, таҳқирлаш ва камситишларга, зулму истибдод тазйиқларига чидаб келди. Ер куррасида ягона бўлган муқаддас Ватанимизда фақат битта байроқ юксакка кўтарилади. Бу Ўзбекистон давлат байроғи!
Ҳар қандай мамлакатда унинг суверенитетига дахл қиладиган, бузғунчи мафкура асосида жамият бирлиги ва мамлакат хавфсизлигига раҳна соладиган ташкилотнинг фаолият юритиши қонун билан тақиқланади. Шу жиҳатдан бу ҳолатга ҳам сиёсий ҳам ҳуқуқий баҳо берилиши лозим. Биз Ватанимиз билан фахрланамиз. Тарихимиз ҳам, тақдиримиз ҳам шу замин билан боғланган.
Фақат Ўзбекистондагина фарзандларимиз эмин-эркин, бахтли-саодатли яшашига ишонамиз!
Минҳожиддин Мирзо
Сўнгги фикрлар